Ширин оғу, ширин ўлдирар – маддоҳлик иллатининг илдизи қаерда?


Сақлаш
12:07 / 11.08.2025 7 0

Бахтимизни кўрингки, сизу биз бу мамлакатнинг Учинчи Уйғониш даври фуқароларимиз. Қай биримиз ўзимизни ва бошқаларни уйғотиш илинжида заҳмат чекяпмиз, қай биримиз эса айни жараённи серҳафсала бир тарзда кузатиб турибмиз. Ёнгинамизда нуфуси номаълум ғофиллар жамоаси ҳам умргузаронлик қилмоқда. Зиёни йўқ, Чўлпон ҳазратлари айтганидек, уйғотмоқ – уйғонганларнинг бурчи. Аммо уйғониш ва уйғотиш азоби камдек, ҳалқуми йўлида ҳаммани “алла”ламакка чоғланган тоифа аждодлар замонидан буён бизга ҳамқадам. Ортда қолса етиб олади, ўзиб кетса кутиб туради. Улар шунчалар яшовчанки, тан бермай иложингиз йўқ. Эслатиш фойдали деган ақидага биноан “алла”чиларнинг феъл-хўйидан гурунг очдик, умидки собир бўлиб ўқигайсиз!

 

Маддоҳ муҳаббати

Маддоҳлар психологияси очилмаган қўриқ деса ҳам бўлаверади. Хатти-ҳаракатларини, мақсад ва интилишларини таҳлил этаркансиз, росмана жумбоқ билан юзлашасиз. Дейлик, бир пайтда улар онгида ўзаро қарама-қарши истаклар бош кўтариши мумкин. Исбот этилганки, дарди бедавога йўлиққанларнинг аксарият қисми касаллигини бошқаларга юқтириш пайида бўлишади. Бахтсизлик исканжасида ёлғиз ўзим ўлиб кетавераманми қабилида. Маддоҳларнинг бошқалар нега ўзидек ўйламаётгани, нега у алқаётган шахснинг “фазилат”ларини пайқамаётгани, қўшилишиб мақтамаётгани, билъакс танқид қилаётганидан жиғибийронлигини кўрамиз. Аммо аллақачон маддоҳлик синдромига чалинган бирови у нишонга олган “объект”ни ўзидан яхшироқ мақтаса, рашк алангасида куяди. Ҳатто, душманона рақобатга киришади. Кимўзар шундай босқичга етадики, беихтиёр Абдулла Ориповнинг “Икки хушомадгўй” шеъри ёдга тушади. Четдан кузатиб, “Шармандалар конкурсига марҳабо!” дейсиз.

 

Кичикроқдан каттароқ

Бир университетга таклиф қилиндим, ректорни ҳокимиятдаги мажлисдан келгунича кутишим керак бўлди. Зерикиб қолмасин ёки илтифотсизликка йўймасин дедими, проректор хонасига чорлаб, бир гулзордан, бир чимзордан гап бериб, чалғитиб туришга уринди. Бироқ камина қолиб, ўзи тез-тез чалғирди, деразага олазарак боқарди. Ахийри бўлмади, ёрдамчисини чақириб, қараб туринг, ректорнинг машинаси кўринса, хабар қиласиз, деб тайинлади.

– Ака, хижолат бўлманг, домла ҳам келиб қолар, гаплашиб ўтирибмиз-да, – дедим проректорга малолланмаётганимни билдириш учун. Унинг жавоби эса ҳайрон қолдирди:

– Тўғри... Фақат домла келганида чиқиб кутиб олишим керак-да...

– Ие, нега кутиб оласиз?

– Ўзи шундай, домла келганда ҳамма проректорлар олдига чиқишимиз керак. Кабинетига киргунча йўл-йўлакай топшириқлар беради...

 

Шундай ҳам бўлди. Ректор жаноблари келганида, акамиз қўлтиғига дафтарини қистирганча, эшикка отилди. Мени эса нохуш бир кайфият қуршаб олганди. Наҳотки, наҳотки!.. Буни ким одат тусига киритди? Минбарларда маърифий нутқлари билан тилга тушган ректорми ёки лаганбардор проректорлар? Ректор ростдан маърифатпарвар бўлса, бунга қандай йўл қўйиб берди, қандай кўникди экан-а? Ректорнинг ҳолики бу, проректорлар ўзидан қуйи лавозимдагилардан бундан ҳам ортиқроқ тавозе кутишмасмикан?

 

Иллатдан фазилат излаб

Беш-олти йил аввал бир ёш шоир маддоҳона “шиғир”лари билан тилга тушганди. Айниқса, “Онамнинг айтишича, туғилганимда “инга”нинг ўрнига Ватан деб йиғлаганман. Юрагим дук-дук эмас, юрт-юрт деб ураётгандай туюлади”, деган мазмундаги сатрлари бор шеърини видеоролик қилиб тарқатгач, умумкулгига қолганди. Кейинчалик бу йигитнинг қофиябанд нарсаларини кўрмадим, ҳозир “Файзбоғ”даги саҳифасида катта-кичик матнлар ёзиб, алқовчилик билан шуғулланяпти. Яқинда вилояти ҳокимининг ўринбосарини мақтаб, кўп “дуойи хайр” қилибди. Бизни у амалдорнинг олижаноблигига ишонтириш учун, оғир касал бўлган яқин танишини шифохона қабул қилмаганда, шу ҳоким ўринбосари муаммони ҳал қилиб, шифохонага жойлаштирганини ёзибди. Ўйлаб қолдим, шу ватанпарвар одамнинг гапими? У ватанини таниш-билишсиз иш битмайдиган жой қилиб кўрсатмоқчими? Агар ростдан ҳам у айтгандай бўлса, мақташ эмас, тенглик тамойилини бузаётганларни танқид қилиши, қонун асосида яшаш ҳақида бонг уриши керак-ку!

 

“Қирол ўлди! Яшасин қирол!”

Вафоси ҳам кам бўларкан бу маддоҳ қавмининг. Озгина насибаси борлари эски хожамиз ҳам ёмон эмасди, аммо бунисининг тенги йўқ, таниш, тан олиш, таъзим қилиш керак, дейди. Садоқатнинг соясидан ҳам бехабарлари эса собиқнинг даврида эзилганидан шикоят қилади.

Учинчи Ренессанс пойдеворини ташлаётганимизда, жамиятимизда алҳол ижтимоий тармоқларга, асосан “Файзбоғ” аталмиш қўриққа омматан кўчиш бошланди. Эсласангиз, бу ихтиёрий-мажбурий тарзда рўй берди. Раҳбарлар ўзларига расмий-норасмий сўзчилар ёллаб, ходимлари зиммасига ўшаларнинг тарғибот материаллари остига ҳайбаракалла изоҳлар ёзишни, билъакс танқид қилганларни “савалаш”ни бурч қилиб қўйди. Шу тариқа “боғ”дан ҳам “файз” кетди. Начора, ренессанслар демократик муҳитда юз берар эмиш, пиар эса демократиянинг асосий унсури, қудратли кучи.

 

Ўзим туғилиб ўсган вилоятда ҳам мазкур жараён авж паллага чиққан пайтлар. Кайфиятини баён этиш илинжидан мосуво ғофиллар ҳам сурув-сурув бўлиб “Файзбоғ” кезинарди. Ташаббусни қўлга олган, гапга чечан маддоҳлар вилоят бузругининг нақадар олижаноблигидан лоф урар, сурув эса унинг ортидан шон-шараф ўқишга тушарди. Нафсиламрини айтганда, бузрук ҳам ҳам чакана одам эмасди, кўп яхши ишлар қилди. Вақти замони етиб, бузрук ўрнини бошқаси эгаллади. Ана ундан кейин илон пўстини янгилагани каби бизнинг сўзсотарлар ҳам ниқобларини алмаштириб олишди. Бир гуруҳи эски бузрукни тилга олмай янгиси шаънига мадҳ айта бошлади. Яна бир гуруҳи, эски бузрук яхши эди, лекин мана бу кишининг шиддатидан сезиб турибмиз, вилоятимиз “жаннатмакон” бўлиб кетади, деди. Буларда мисқол қадар вафо бормиди ёки касаллик синдроми ҳали қуйи босқичларда намоён бўлаётганмиди... хулласи, шашти паст келди. Аммо ашаддийларимиз қутургандан қутурди, собиқни у гўрдан олиб, бу гўрга солди. Кўнгли тўлмай, устидан бир карсон мағзава ағдарди. Сўнг гўрни текислаб, тепасига тахтиравон ўрнатди. Қўлларига елпиғич олиб, янги бузрукни елпий бошлади. Елпиғич ел ўрнига ширин ёлғонлар, мақтов сўзлар ҳайдарди... алламисан алла! Бузруки соний донг қотиб ухлади.

 

Кечирасиз, ўзимни ровийи даврон санаб, ҳикоячиликка берилиб кетибман. Маълумот учун айтиб қўяй, янги бузрукимиз аввалгисига қиёслаганда ношуду нотавон эди. Маддоҳлар қурган “тахтиравон”да бир йилгина ўтириб беришга ҳам ярамади.

Энди жафоли маддоҳларни тушунишга уриниб кўрайлик. Улар собиқ даврида ҳимматидан баҳраманд бўлиб яшади, оғзидан бол томиб мақтади. Камчиликларини айтганларга уяту андишани йиғиштириб қўйиб, бетийиқ ташланди. Сўнг бир юмалади-да, янги раҳбарга олқишлар ёғдира бошлади, шу аснода эскини барча кўргиликларда айблаб лаънатлашда ҳам байроқдорлик қилди. Атрофдагилар лол, нега кеча кўкка кўтарган одамини бугун ерга уряпти? Ўша кезларда унинг айбини билмасмиди? Билса, нега йиллаб мақтади, танқид қилмаса ҳам мақтамасдан жим турса бўларди-ку? Ёки кўзлари зумда очилиб қолдими? Очилдими ўзи? Янгимиз шаънига айтаётган олқишлари ҳам сўқир кўзлар маҳсули эмасмикан? Эртага бу ҳам кетса, энди уйғондим, демайдими? Лол-у ҳайронларга жавобимиз шуки, албатта дейди! Янги ҳайдалиш куйини чалиб, эскига айланган заҳоти, булар яна кўҳна ашуласини бошлайди. Хонаси келганда, Бобур бобога ўхшатма қилсак:

Қайси раҳбар кўрибдур аҳли маддоҳдан яхшилиғ?

Ақли ноқис бўлмасанг, кўз тутма ондин яхшилиғ!

 

Бўйсундирилган кўзгулар

Ёзув-чизувни бошлаган кезларимда, мен ҳеч қачон газета мухбири бўлолмасам керак, деб ўйлардим. Барча газеталарда хабару мақолалар кўтаринки, мураккаб ва жимжимадор матнлардан иборат бўларди, бундай ёзиш қўлимдан келмаслиги хавотирлантирарди. Рост, айни шаклдаги мақолаларни ёзиш учун юксак ақл-зако, бемисл бир салоҳият зарурлигига ишонардим. Иш бошлаганимда тушундимки, ҳечам ўйлаганимдек эмас экан. Бу жумлалар, бу иборалар соҳа сарустунлари томонидан аллақачон “ижод” қилинган ва республика газетчилари (бўлажаклари ҳам) уларни ўз ўрнида истифода қилса, олам гулистон экан. Қайси жабҳа ҳақида сўз бормасин, пировардида бир кишининг ташаббуси билан тараққий этаётганига урғу бериларди. Ўша жабҳада ишлаётган киши эса бу мақолани ўқиса – ночор аҳволи, етишмовчилик, туганмас ҳаётий муаммолари туфайли ёзмай қўлинг сингурларни бир нима қилиб қўйгиси келарди. Эҳтимолки, шунинг учун ҳам у газета ўқимасди. Шу зайлда деярли ҳамма газетага ҳам, газетачиларга ҳам ғашланиб қарайдиган бўлди.

 

Газеталар инқирози туфайли майдонни бошқа турдоши эгаллади – Телевидение ривожланиб, телеканаллар сони ортаркан, матбуот билан овунган омма экран қаршисига михланди. Аммо юқоридаги тадриж такрорланди, ижтимоий-сиёсий ҳаётга тааллуқли ахборотларни узатишдаги бир ёқламалик, мақтовга асосланган ракурсдан жилмаслик давлат тасарруфидаги телевидениени эътибордан қолдирди. Энди у на халққа ёқарди, на ҳукуматга. Халқ наздида ёлғончи маддоҳ, ҳукумат наздида эса умумманфаат учун қилинаётган яхши ишларни халққа етказолмайдиган нўноқлар жамоаси. Ўртага тушганнинг шўри қурсин!

 

“Бу майдонда мен қул, сен – эга”

“ХХ асрнинг энг кучли эҳтироси – малайликдир”, деб ёзганди фаранг адиби Альбер Камю. Қайдам, малайликнинг кучайиши фақат ўтган асрга дохилмиди, ундан олдинги даврларчи, бугунчи? ХХ аср дунё тартиботини ўзгартирган, томири ёлғондан сув ичадиган тузумлар ҳокимиятга келган давр бўлди. Ўша тузумларнинг меросхўрлари ўртасида бугун ҳам малайлик қадрланади. Малайлар азиз жойда эса ақл ва истеъдод соҳибларига ўрин йўқ. Боиси, улар табиатан малай бўлолмайди. Натижада, ҳақиқатгўй тил ва мағрур бош салоҳияти билан мамлакат фаровонлигига қанчалик даражада ҳисса қўшиши мумкин бўлмасин, тузум ундан воз кечишига тўғри келади. Усмон Азим бир гурунгида, “Ҳозирги дунёга даҳолар эмас, бозорга чиқиб нархини айтиб ўтирадиган ўртача одамлар керак”, деганди. Шоир ҳақлигига авторитар тузумларни-ку қўйиб туринг, демократияни байроқ қилган айрим мамлакатларда кузатилаётган воқеалар, шахслар тақдири мисолида ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бунинг оқибатида эса бизга сусамбилдек кўринган жамиятлар кўз ўнгимизда таназзул томон кетмоқда.

 

Бош малайлар ва ёш малайлар

Малайликнинг “кучли эҳтироси” маддоҳликда намоён бўлади. Уни санъат даражасига кўтаролганлари бош малайларга айланади. Сўнгра улар бошқаларига раҳбарлик қилиш асносида, ёш малайларни тарбиялаб, камолга етказади. Бу қандай амалга ошади, яъни малайлар қандай етиштирилади? Саволга жавобни бирга излаймиз.

 

Совет мактабида ўқиган авлоднинг “кўзи очиқлари” эътироф этади, таълим бериш мобайнида улар ҳам миллий, ҳам диний қадриятлардан узоқлаштирилган. Ўрнак олишга, сиғинишга ягона зот сифатида Ленин сиймоси, унинг “барҳаёт” ғоялари тақдим қилинган. Фақатгина у, унинг ғоялари мадҳ этилган асарларгина адабиёт ва санъат намуналари ўлароқ қабул қилинишга ва тарғиб этилишга лойиқ кўрилган. Неки ютуқ, неки ёруғлик бўлса доҳийга боғланган. Яқинда “Совет халқлари эртаклари” деб номланган китобда Ленин ва Сталиннинг Худони қандай мағлуб этгани ҳақидаги тутуриқсиз воқеалар ҳикоя қилинган эртакни кўриб, сал қолса эсхонамдан айрилай дедим. Шахсга сиғиниш даражаси тарихимизда бошқа ҳеч қачон бу миқёсда бўй кўрсатмаса керак, назаримда. Тузумнинг тарғибот машинаси шунчалик қаттиқ ишлаганки, кейинчалик бу иллюзиялардан халос бўлишган эса-да, вақтида унга қаттиқ ишонган истеъдодли ва салоҳиятли ёшлар етиштирилган. “Алданган авлод”нинг ҳозир кексаликни яшаётган аксар вакиллари эса ҳали ҳам Ленин ғоялари ва совет замони қайтишига умидвор бўлиб умргузаронлик қиляпти.

 

Кейинчалик ҳам, яъни биз ўқувчи бўлган кезларда муаллимларимиз давлат раҳбарини илоҳий образда талқин қилар, мадҳ этар, унга сиғинишга ундарди. Бизнинг у киши ҳақидаги муқаддас билгиларимизга фақат Ленинни соғинган катта ёшлиларгина гоҳ-гоҳ чанг солиб туришарди. “Kamolot” аталмиш ёшлар ҳаракати сафидагилар шахсга сиғинишда комсомол салафларидан қолишмасди. Улар бийрон тиллари билан ҳамма яхшилик, ҳатто тириклигимиз ҳам давлатимиз раҳбарига боғлиқлиги ҳақида чинқириб мадҳ айтишарди. Телевидениега берган интервьюсида фарзанди туғилишини ҳам давлат раҳбарининг ислоҳотлари самараси дея баҳолаган ёшларни кўрганман. Албатта бугунги очиқ ва эркин жамият қуриш йўлидаги уринишлар бизга у манзараларни унуттиряпти. Илдизимизга қадар етган бу иллат ҳақида ошкора сўз айта олаётганимиз айни шу ўзгаришлар туфайлидир.

 

Пуфак ёрилади

Яқинда қизиқ бир илмий далилга дуч келдим. Мақтов эшитаётган инсоннинг мияси серотонин гормонини ишлаб чиқараркан. Бу бош миянинг онгли қисмидаги 14 миллиард ҳужайрадан 10 миллиардига роҳат бағишларкан. Мунтазам мақтов эшитган инсон мияси ишлаб чиқарилаётган гормон миқдорига ўрганиб қоларкан ва банги мисол қарамликка юз тутаркан. “Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар”, деб ёзганди Рауф Парфи. Ширин ўлим қандай бўлади? Масалан, мақтовдан пуфак каби шишаверасан, наздингда борган сари улуғворлик касб этасан ва бир куни пуфакдек ёриласан. Жараённинг энг жўн тасвири шу бўлса керак.

 

Диний манбаларимизда ҳам маддоҳларнинг юзига тупроқ сочиш кераклиги, у ўзи мадҳ этаётган одамни ҳалокатга учратувчи экани қайд этилган. Демак, эси бор одам, айниқса бир мартаба эгаси муболағали мадҳларни ўзининг ақлу фаросат чиғириғидан ўтказмоғи лозим. Яхшиси, ҳар қандай мақтовга қулоқ тутмагани афзал. Яхши гап, чин эътироф – умрини эзгулик йўлига тикканлар учун рағбат, олға юришга мадор бўлади, деймиз. Аммо алқовда ҳаддан ошиладиган, манфаат кўзланадиган жамиятларда шаънига айтилган мақтовларни юракка яқин келтирмаганлар ютади.

 

Сатирик ёзувчилардан бири: “Ўзингдаги ҳайвонни отиш учун лицензия шарт эмас”, деганди. Қўшимча шуки, “бу ҳайвон”ни отиш учун қуролга ҳам эҳтиёж йўқ, виждон қўнғироғи бонг урса басдир!

 

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Фото: Беҳзод 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

16:08 / 05.08.2025 0 312
Сиз билмаган Қултегин. 1-мақола





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19989
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//