Туркий битикларда учрамайдиган курка сўзи тарихи ва ундаги чалкашликлар


Сақлаш
17:18 / 06.01.2022 1244 0

25 декабрь кўпчилик ғарбликлар курка ейдиган кун. Инглизларда бу кун – кристмас, французларда – ноел, яъни Исо пайғамбарнинг туғилган куни сифатида нишонланади. Курка ейиш удуми дин билан боғлиқ эмас, Америка қитъаси очилгач, яқин ўтмишда пайдо бўлган, унгача оврўпаликлар куркани билишмаган. Шу боис бу қуш номида чалкашликлар бор.

 

Французлар уни – “дайнд” (“dinde”) дейишади, француз тили изоҳли луғати (“Le petit Robert”)да ёзилишича, бу номнинг дастлабки кўриниши: “ҳинд хўрози” (“coq d’inde”), “ҳинд товуғи” (“poule d’inde”) шаклида бўлган, кейинчалик қисқариб, курканинг урғочиси – “dinde”, эркаги – “dindon” деб атала бошланган. Лекин бу ном дастлаб куркага нисбатан эмас, мазкур луғатда ёзилишича, асосан Ҳабашистонда тарқалган куркасимон бошқа бир қуш – бек товуғига (русча: цесарка) нисбатан ишлатилган. Курканинг асл ватани эса – Америка, Мексика ҳисобланади. Курка илк бора Америкадан Оврўпага испанлар томонидан келтирилган ва француз тилида унга нисбатан ҳам “dinde”, яъни “ҳинд товуғи” номи қўлланилган (Аммо бу номланишда Колумбнинг Америка қитъасини ҳинд ороллари деб ўйлаши ёки Америка ҳиндулари номининг алоқаси йўқ, чунки француз тилида “dinde” сўзи сал олдинроқ пайдо бўлган).

 

Туркча маълумотларга кўра, Ҳабашистонда тарқалган мазкур куркасимон қуш ўша пайтларда усмонлиларга ҳам маълум бўлиб, турклар уни “бек товуғи” деб билишган, эҳтимол, ўша даврларда ҳинд ва ҳабашларни кишилар у қадар фарқлай билмаганлигидандир, бу қуш шунингдек, “ҳинди қуш”, “ҳинд қуши” деб ҳам аталган. Француз тилига ҳам унинг “ҳинд товуғи” (“poule d’inde”) бўлиб ўтишида, эҳтимол, туркча “ҳинд қуши” номининг таъсири бўлган бўлиши мумкин. Инглиз тилида бу қушнинг дастлаб “туркия қуши” (“turkey bird”), кейинчалик қисқача “turkey” деб номланиши ўша даврларда Ўрта Ер денгизида туркларнинг ҳукмронлиги ва денгиз йўлидан келган кўпгина маҳсулотларни инглизлар турклар воситасида келган деб ўйлагани таъсирида бўлган.

 

Французлар куркани “ҳинд товуғи” (“poule d’inde”) деб турган бир пайтда ҳиндларнинг ўзлари бу қушни, Америкадан келтирилгани сабабли, дастлаб “Перу товуғи” деб аташган. Кейинчалик ҳинд тилига ҳам инглизча “turkey” – “тарка” бўлиб ўзлашган.

        

Курка Оврўпага келтирилмасдан бурун унинг Америкадаги аждодлари ёввойи ҳолатда яшаган ва бу қушнинг барча хонакилашган ҳозирги насллари Оврўпада чатиштириш йўллари билан яратилган. Кейинчалик курка Оврўпа бўйлаб ва ундан хорижга тарқалар экан, аксарият тилларга испан, француз ва инглизча номларнинг бошқа тилларга ўгирилган шаклларида кўчган. Жумладан, рус тилига ҳам бу қуш номи дастлаб “индейский петух”, “индейская птица/курица” бўлиб ўтган, кейинчалик эса қисқача “индейка” деб аталиб кетган.

 

Хўш, ўзбек тилида “курка” номи қандай ва қачон пайдо бўлган? Илгари куркасимонлар оиласига мансуб бирор қуш шундай аталганми? Афсуски, бу каби саволларга аниқ жавоб йўқ. “Курка” ва унга яқин сўз қадимги туркий битиклар, “Девону луғотит-турк” ёки Навоий асарларида учрамайди. Бобур ҳам “Бобурнома”да ўнлаб қушлар номини келтирган, аммо “курка” номи ёки шунга ўхшаш қуш таърифи “Бобурнома”да ҳам мавжуд эмас. Бизнингча, “курка” сўзи ўзбек тилига ғарбий славян тилларидан татар тили орқали ўтган бўлиши мумкин. Хусусан, русча “курица” (“товуқ”)нинг украин тилидаги шакли: “курка”, Шарқий Оврўпадаги баъзи славян халқлари тилларида бу қушнинг номи “курка”га яқин талаффуз этиларкан. “Курка” инглизча “turkey”нинг бизгача бузилиб етиб келган шакли бўлиши ҳам мумкин.   

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//