Ўйинчоқ васвасаси: Нега дунё Лабубу сабаб ақлдан озмоқда?


Сақлаш
10:38 / 08.08.2025 38 0

Дунё миқёсида катта-ю кичикни ўзига маҳлиё қилган Лабубу ўзи нима? Нима учун одамлар бу ўткир тишли, йирик бош ва кичик танага эга ёввойи ўйинчоқ учун миллионлаб пул сарфлашга рози бўляпти?

 

Бу тенденцияни баъзи иқтисодий нашрлар “Лабубу учун дунё ақлдан озмоқда” дея ифодаласа, бошқалари “ўйинчоқ васвасаси” деб баҳоламоқда. Бунга сабаблардан бири эса 2024 йилда Лабубу савдоси 419 миллион долларни ташкил этган. Ҳолат шу даражага етганки, Буюк Британия йирик навбатлар ва дўконлардаги гавжумлик туфайли хавфсизлик юзасидан ўйинчоқларнинг офлайн савдосига вақтинчалик чек қўйган. Худди шундай хавфли навбат, жанжал ва полиция аралашуви ортидан компаниянинг Жанубий Корея ва АҚШдаги дўконида ҳам офлайн савдо тўхтатилган. “Ўйинчоқ”ни ишлаб чиқарувчи мамлакат – Хитойнинг ўзида эса аёл уни харид қилиш учун шаклланган навбатда ўйинчоққа эришолмай ўз жонига қасд қилган.

 

 

Лабубу ўзи нима?

 

Аслида, гонконглик рассом Касинг Лунг Лабубуни 2015 йилда ўйлаб топган – бу унинг “The Monsters” иллюстратив китобидаги қаҳрамонлардан бири бўлган. Унга Лабубу номини рассомнинг қизи беради. Комиксда шунингдек, бошқа – Зиммомо, Тайкоко, Спуки ва Пато каби ғайриоддий персонажлар ҳам бўлган. Бироқ Лабубу омма орасида ўзгача шуҳрат қозонади.

 

Мушукча катталигидаги Лабубу ўзида ўткир қиррали қулоқлари ва тишли табассуми билан ажралиб турувчи эльфларни акс эттиради. Уларнинг барчаси сирли ўрмонда яшайдиган ва совринли ўйинлар ташкиллаштиришни яхши кўрадиган қизлар бўлади. Муаллифга кўра, ўйинчоқлар дизайни шимолий табиат эстетикаси ҳамда Скандинавиянинг афсона ва ҳикояларидан илҳомланиб яратилган.

 

 

“Гарчи унинг ярамас кўриниши хавфли туюлиб, яхши нияти турли тартибсизликларга сабаб бўлса-да, у меҳрибон ва ҳамиша ёрдамга ҳозир қаҳрамон. Унинг ёрқин, қувноқ табассуми энг қийин вақтларда ҳам озгина позитив кайфиятимизни кўтариши мумкинлигини эслатади” – дейди ишлаб чиқарувчилар персонажнинг ташқи кўриниши ва характерини ифодаларкан.

 

Лабубу қандай машҳур бўлди?

 

Лабубу энди шунчаки қўғирчоқ эмас, ичидаги товар дизайнини яширувчи бир хил ёпиқ қутиларда сотиладиган гача-ўйинчоқ, фигура ҳамда брелок ҳамдир. У аввалига асосан Осиёда машҳур бўлди, кейинроқ эса дунёнинг кўплаб мамлакатларида узундан узоқ навбатлар шакллантирди.

 

2019 йилда дизайнер Лунг Хитойнинг таниқли дунё брендлари билан ҳамкорликда машҳур ўйинчоқлар ишлаб чиқарадиган, шунингдек, “Сюрприз-бокс” концепцияси билан ишлайдиган Pop-Mart компанияси билан шартнома имзолайди. Сюрприз бокс ғоясига кўра, харидор коллекциядан ўзи хоҳлаган Лабубуга эришиш учун ёпиқ қутилар учун пул ва вақт сарфлашига тўғри келади. Бу эса сотув миқдорига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

 

Гарчи Pop-Mart маҳсулотлари бозорда ўзини яхши намоён қилиб келаётган бўлса-да, тренднинг зумерлар орасида вирус каби оммалашиши инфлюенсерлар билан боғлиқ:

 

2025 йилнинг баҳор ойларида сумкасида Лабубу билан кўриниш берганлар машҳурлардан бири – Жанубий Кореялик Black Pink гуруҳи аъзоси Лиса бўлган.

 

 

Лиса ижтимоий тармоқларида унинг қимматбаҳо Hermes сумкалари ва уйидаги жавонларини безаб турган турли рангдаги Лабубуларни доимий жойлаб боради. Кейин Рианна, Дуа Липа ва ҳатто, Ким Кардашьян ҳам Лабубу билан кўриниш беради. Бу эса ўйинчоқ-аксессуарларнинг мода оламида янада оммалашишига туртки бўлади.

 

Ҳозирда оригинал Pop-Mart Лабубуларининг бир донаси ~125 доллар, сет-бокси ~692 доллар қийматда сотилмоқда. Яндекс аналитик маълумотларига кўра, май ойи бошидан буён Лабубу калит сўзи миллион мартадан ортиқ қидирувга берилган. Ой охирида эса қидирувлар сони кунига 100 мингтага етган. Сўровларнинг ярмидан кўпроғи “Лабубу” “Лабубу ўйинчоғи” шаклида бўлган. Тахминан чорак қисми ўйинчоқ хариди билан боғлиқ: фойдаланувчилар уни қаердан сотиб олиш мумкинлиги ва нархини ўрганган.

 

Таҳлилчилар фикрига кўра, бу қизиқиш спиннер, поп-ит ўйинчоқларининг машҳурлигини эслатади: аввалига болаларнинг хоҳиш объекти бўлган ўйинчоқ кейинчалик ота-оналар, психолог ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ташвишга солади.

 

Аввалги “домовой”, Баба Яга, ўлмас Кошей ва руҳлар ҳозир монстр кўринишида

 

Ҳаётга татбиқ қилинган комикс қаҳрамони ортидан тадбиркорлар қайсидир маънода молиявий мақсадига етди: Дизайнер билан ҳамкорликни йўлга қўйган асосий тадбиркор, Pop-mart асосчиси ўйинчоқ савдоси ортидан Хитойнинг энг бой одамлари рўйхатига кирди. Pop-mart акциялари йил бошидан бери уч бараварга кўтарилиб, 270 Гонконг долларидан ошди. Лабубуга бўлган талаб сабабли уларнинг нархи иккиламчи бозорда 450 долларгача етмоқда. Компания капитализацияси эса бир кун ичида 1,6 миллиард долларга ўсди.

 

Бироқ уни ўйнаб улғаядиган болалар руҳияти психологларни ташвишга солмоқда.

 

Оила ва болалар амалиётчи психологи Марго Малых фикрича, бу ўйинчоқ болаларга ҳеч қандай наф келтирмайди, аксинча, зарар бериши мумкин.

 

“Ўйинчоқ нафақат болаларнинг кундалик буюми, балки онгини ривожлантиришга ёрдам берувчи восита ҳам бўлиши керак. У орқали бола атрофдагилар билан муносабатга киришишни, турли касбларда ўзини синаб кўришни, атрофни ўрганади. Лабубунинг эса бу кабиларга хизмат қилиши қийин масала. Бола руҳияти атрофидаги барча нарсани жонлантиришга ўрганган. Лабубудек ёввойи шаклдаги тишли ўйинчоқ билан бола нимани тасаввур қилиши мумкин?”, дейди у.

 

Мутахассис фикрига кўра, у ҳам бошқа замонавий ўйинчоқлар каби коллекция қилиш учун яратилган.

 

Маркетолог Николай Валерьев фикрича, Лабубунинг машҳурликка эришаётгани омадли маркетинг иши. У нафақат ўйинчоқ, балки ҳиссиётлар маркери бўлиб ҳам хизмат қилмоқда:

 

“Биз жамият инфантилизациясини кузатяпмиз: баъзи одамлар катта бўлиб ҳам болаларнинг хулқ-атворини ўзида узоқроқ сақлаб қолади. Бу эса Лабубу каби ўйинчоқларни 20+ ёшдагилар орасида ҳам оммалашишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, молиявий имконияти юқорироқ бўлганлар ўйинчоқни болаликка қайтиш учун стресс ва ностабил замонавий ҳаётининг ўрнини тўлдирувчиси сифатида сотиб оляпти. Юқори нарх бўлса Лабубуни янада “статуси”ли қилади. Катта эҳтимол, Лабубу яна бир йил оммавийликнинг чўққисида бўлади. Ундан кейин бўлса коллекционер учун шунчаки ўзига хос маҳсулотлигича қолади”.

 

Комсомольская правда нашри “дунё болалари Лабубу учун нега ақлдан озмоқда, болалар учун ўйинчоқнинг қандай жозибадорлиги бор?” деган савол билан оила психологига мурожаат қилиб, қуйидагича жавоб олган:

 

“Қўрқинчли қаҳрамонларга, умуман, монстр-ўйинчоқларга бўлган қизиқиш – фақат замонавийлик феномени эмас. Ёшлигимизда дўстлар билан бир-биримизга қўрқинчли воқеаларни айтиб беришни ёқтирардик. Бу бизни безовта қиладиган хавотирли тасаввурларимиз билан хавфсиз курашишга ёрдам берарди. Албатта, у вақтлар монстр бўлмаган, лекин ўлмас Кошей, руҳ, баба Яга ва домовойлар бор эди” – дейди психолог. Яъни ҳар бир даврнинг маълум даражада оммалашган қаҳрамони бўлади. Ҳозир эса бу роль – Лабубуда.

 

Хитойнинг Ғарбдаги “юмшоқ кучи” рамзи

 

Америкалик шарҳловчи Марк Маргнир South China Morning Post нашрига тайёрлаган мақоласида Лабубу Хитойнинг Ғарбдаги “юмшоқ кучи” вазифасини ўтаётганини айтади.

 

Мақола муаллифига кўра, Хитой ҳукумати узоқ йиллар давомида АҚШ ва Европага юмшоқ куч билан таъсир кўрсатишга бир неча марта уринган. Бироқ бу уринишлар формал ва қаттиқ характерга эга бўлиб, муваффақиятсиз кечган.

 

Лабубу бўлса дунё миқёсида, жумладан АҚШда ҳам оммалашди. Қолаверса, кўплаб америкаликлар уни Хитой билан ассоциация қилмаган ҳолда ўйинчоққа ишқибоз бўлган. Қайд этилишича, АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда бу оммалашув муҳим аҳамият касб этади.

 

“АҚШ Пекинга нисбатан инсон ҳуқуқлари ва савдо борасида ишончсизлик билдираётган бир вақтда мегамашҳур Лабубу ўйинчоғи Хитойга уникал имкон – ўз имижини юмшатиш имконини берди”, дейилади мақолада.

 

Комиксда ҳақиқатан ҳам ёрдам қўлини чўзишни яхши кўрадиган, бироқ кутилмаганда ёмон одатлар ҳам қилиб турадиган меҳрибон персонаж бугун ўзида сиёсат, мода ва иқтисод масалаларини жамлаб, Лабубу васвасасини шакллантирди. Бу васваса қачон босилиши очиқ масала. Бироқ юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, болаларнинг ўйинчоққа кўр-кўрона эргашишига, унинг ортидан сохта навбатлар-у муаммоли ҳолатлар шаклланишига катталар асосий сабабчилардан бўлиб қолмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

16:08 / 05.08.2025 0 312
Сиз билмаган Қултегин. 1-мақола





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19989
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//