
Минг йилларга бориб тақалувчи ўзбек давлатчилиги тарихида охирги бир аср жуда муҳим давр бўлди. Бу вақт ичида жумҳурият шаклидаги ягона Ўзбекистон давлати ташкил топди ва «қизил империя»нинг кучли босими остида яшади. 1991 йилда эса бурилиш нуқтаси содир бўлди ва ўзбек халқи ўз эркинлигини қайтариб олди. Охирги бир аср давомида Ўзбекистонни бошқарган инсонларнинг аксарияти оғир даврларда ҳам миллати манфаати учун ҳаракат қилди, баъзилари эса, афсуски, бунга тескари бўлган ишларни амалга оширди.
Ўзбекистон жумҳурияти!
Айнан бир аср олдин, 1925 йилда жумҳурият (республика) шаклидаги илк ўзбек давлатлари: Бухоро ва Хива халқ шўро жумҳуриятлари, шунингдек Туркистон мухтор совет социалистик республикаси ягона – Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳуриятига бирлашганди.
Ушбу жумҳуриятнинг илк раҳбари – унинг асосчиларидан бири, Ўзбекистон давлатини тузиш бўйича Инқилобий қўмита раиси бўлган Файзулла Хўжаев эди.
Файзулла Хўжаев янги республиканинг Халқ комиссарлари кенгаши (ҳозирги Вазирлар маҳкамаси) раиси, яъни бош вазири лавозимини эгаллайди.
Шу ерда ЎзССР ва бутун СССР бошқарув тизими ҳақида. 1917 йил октабрда большевиклар ҳокимиятга келгач, инқилоб етакчиси бўлган Владимир Ленин янги давлатнинг раҳбарига айланади. У мамлакатни Халқ комиссарлари кенгаши раиси, яъни бош вазир лавозимида бошқара бошлайди. Ленин ушбу лавозимда давлатни бошқаргач, СССР таъсиридаги бошқа республикаларда ҳам ушбу лавозим бош мансабга айланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.
Айнан шунинг учун, Ленин аллақачон вафот этган бўлсада, Файзулла Хўжаев Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раиси лавозимини эгаллайди ва шу мансабда янги давлатни бошқаради.
Бироқ Ленин вафотидан сўнг, унинг ворислиги борасида кураш бошланади ва бу курашда Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Иосиф Сталин ғолиб чиқади. У 1920 йиллар охири ва 1930 йиллар бошида ҳокимиятни тўлиқ ўз қўлида тўплайди. Натижада энди СССР республикаларидаги энг олий лавозим Сталинники каби, Компартия МҚ Бош котибига айланади.
Файзулла Хўжаевнинг Ўзбекистон раҳбари сифатидаги фаолиятини 1924-1933 йиллар дея белгилаш мумкин. Чунки 1929 йилда Сталин томонидан ЎзССР Компартияси МҚ Биринчи котиби этиб, маҳаллий аҳоли вакили – Акмал Икромов тайинланади. Ундан олдинги биринчи котиблардан фарқли ўлароқ Акмал Икромов Хўжаев каби маҳаллий аҳоли вакили эди ва маҳаллий кадрлар қўлловидан фойдаланарди.
Файзулла Хўжаев (биринчи қатор, ўнгдан иккинчи) Москвадаги Компартия йиғилишида. 1928 йил
1929-1933 йилларда ЎзССРда раҳбарлик кураши бўлиб ўтади. Унда Акмал Икромов Сталин вакили ва партия етакчиси сифатида устунликка эришади. 1937 йилда эса Икромов ҳам, Хўжаев ҳам қатағон қилинади.
Файзулла Хўжаев раҳбарлиги даврида Ўзбекистон ССРда катта ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар рўй беради. У республика тузилиши ва миллий-ҳудудий чегараланишларда иштирок этади, собиқ ўзбек хонликларининг асосий ҳудудлари Ўзбекистон таркибида қолишини таъминлайди.
Унинг даврида ер-сув ислоҳоти ўтказилиб, ерсиз ва камбағал аҳолига собиқ амалдорлар ва бойлар ерлари тақсимлаб берилади. Хўжаев Ленининг НEП (янги иқтисодий режа) лойиҳасини қўллайди ҳамда шу сабаб Сталин билан низога боради.
Хўжаев ўзининг атрофига тўпланган жадидлар орқали катта маориф ислоҳотини ўтказади. Ўзбекистондаги мактаб ва боғчалар сони каррасига кўпаяди. Уларда совет мафкураси билан бирга, миллий тарих ҳам ўқитилади. Бутунтуркий жадидлар таклифи асосида араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилади. Аммо 1940 йилда, Хўжаев ва жадидлар қатағон қилингач, бу ислоҳот бекор қилиниб, лотин алифбоси кирилл алифбоси билан алмаштирилади.
Файзулла Хўжаевнинг энг катта хизматларидан бири – миллий кадрларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйгани эди. У Бухоро жумҳуриятини бошқараётган пайтда ҳам ўзбек ёшларини Туркия, Германия ва Россия олийгоҳларига ўқишга жўнатади. Ўзбекистон ССР раҳбарлиги даврида эса ёшларни Россияга юбориб, улардан советча таълим олган, бироқ маҳаллий кадрлар захирасини яратади. Афсуски, бу ёшларнинг аксарияти 1938-1939 йиллардаги катта террорда отиб ташланади.
Файзулла Хўжаев Ўзбекистон тарихида муҳим из қолдирган раҳбарларидан бири эди. У миллий йўналишда ривожланишни тарғиб қилгани учун бир неча бор Сталин билан зиддиятга боради ва натижада 1937 йилги қатағонлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллайди. Афсуски, унинг вафотидан сўнг, унинг ислоҳотлари ҳам якун топади.
Мунавварқорининг шогирди
Акмал Икромов Ўзбекистонни 1929-1937 йилларда бошқаради. Унинг бошқарув даври пойтахтнинг Самарқанддан Тошкентга кўчирилиши, деҳқон хўжаликлари тугатилиб, колхозлаштириш олиб борилгани, жадидлар таъқиби кучайгани билан ажралиб туради.
Икромов Тошкентдаги Мунавварқори мактабида таҳсил олган ва жадид руҳида тарбияланган. Кейинроқ аксарият тараққийпарварлар каби большевиклар ғоясига ишониб, уларга қўшилган. Истиқлолчилар ҳаракатига қарши курашларда иштирок этган.
Москвага борган Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияси. Иккинчи қатор ўнгдан иккинчи Акмал Икромов, тўртинчи Файзулла Хўжаев, ундан сўнг Йўлдош Охунбобоев
1922 йилда Икромов Москвадаги Коммунистик университетга ўқишга кирган ва бу унинг келажакда партияда муҳим лавозимларни эгаллашида катта роль ўйнаган.
1929 йилда ЎзССР Компартияси Биринчи котиби лавозимига тайинлангач, Акмал Икромов республикадаги энг таъсири кучли одамлардан бирига айланади. Тарихчилар, унинг Сталинга содиқ кадр бўлганини таъкидлайди. Икромовнинг ҳаракатлари ҳам буни тасдиқлайди. У Сталиннинг колхозлаштириш ва саноатлаштириш кампаниясини Ўзбекистонда қаттиққўллик билан олиб боради.
Икромов даврида ўзбек жадидларини таъқиб қилиш кучаяди. Унинг ўзи ҳам сиёсий ва маданий тадбирларда ўзбек миллатчилиги кучайиб бораётганини бир неча бор танқид қилади.
Унинг бошқаруви вақтида асосий эътибор республика қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилади. Айниқса, пахта монополияси мустаҳкамланиб боради. Ўзбекистоннинг «пахта колониясига» айланиши тезлашади.
Сталин шахси ва сиёсатига содиқ бўлишига қарамай, 1938 йилда Икромов ҳам «катта террор» қурбонига айланади. У ҳам Файзулла Хўжаев каби «Ўрта Осиё республикаларини иттифоқдан ажратиб олиш, давлат тузумини ағдариш, капитализмни ҳамда буржуазия ҳокимиятини тиклашга уринишда» айбланиб, отиб ташланади.
Ўзбекистон – пахтакор ўлка!
Акмал Икромов «катта террор» қурбони бўлгач, МҚ Биринчи котиби лавозими бўш қолади. Унинг ўрнини марказга содиқ бошқа бир кадр – Усмон Юсупов эгаллайди.
Юсупов Ўзбекистонда минглаб инсонларга ўлим ва сургун қарорларини чиқарган НКВДнинг «махсус учлик» гуруҳи аъзоси бўлади. Унинг имзоси билан кўплаб ўзбекистонликлар қатағон қилинади.
Юсупов Иккинчи жаҳон уруши даврида республикани бошқаради ва ғарбий ҳудудлардан эвакуация қилинган саноат корхоналарини Ўзбекистонга жойлаштиришда катта жонбозлик кўрсатади. Шу билан бирга Биринчи котиб, Сталин олдида «юзини ёруғ қилиш» учун фронтга тўхтовсиз таъминот юборишга ҳаракат қилади, бу эса республиканинг ўзидаги муаммолар ўткирлашишига сабаб бўлади.
Усмон Юсупов (марказда ўнгда) СССР қаҳрамони Клемент Ворошилов билан Янгийўл туманида
Усмон Юсупов даврида Ўзбекистон буткул «пахта колонияси»га айланади. Пахта етиштиришни кўпайтириш учун ҳукумат сув масаласини ҳал қилишга жиддий киришади. 1937-1950 йилларда Ўзбекистонда Бўка, Катта Фарғона, Аму-Бухоро каналлари ҳамда Чорвоқ сув омборлари қурилади. Мирзачўлда ҳам янги пахта далаларини яратиш доирасида ўнлаб кичик каналлари барпо этилади. Бу эса Сирдарё сувининг Оролга қуйилиш даражаси кескин камайишига олиб келади.
Ўзбекистоннинг марказга пахта топшириш даражаси Юсупов даврида жадал ўсиб борган. Чунончи 1940 йилда республикада қарийб 1,4 млн тонна пахта етиштирилган (бутуниттифоқда етиштирилган пахтанинг 62 фоизи) бўлса, 1950 йилга келиб бу миқдор 2, 2 тоннага етган.
Бундай катта «хизматлари» учун Усмон Юсупов СССР Пахтачилик вазири лавозимига ўтказилади ва Ўзбекистон ССР Биринчи котиби лавозимидан озод этилади.
Марказ ҳар доим ҳақ!
1950 йилнинг апрель ойида Ўзбекистоннинг янги раҳбари этиб Амин Ниёзов тайинланади. Ниёзов сиёсий ва мафкуравий қарашлар борасида Юсуповдан узоқ бўлмаган кадрлардан эди.
Бир пайтлар ВЧК (Чека) ходими бўлган Ниёзов мамлакатда ўз ўтмишдоши сиёсатини давом эттиради. Пахта далалари ва уни суғориш тизимини кенгайтириш ишлари жадал олиб борилади. Хусусан, Каттақўрғон, Қайроққум ва Қуйимозор сув омборлари ҳамда Жанубий Мирзачўл магистраль канали каби ирригацион иншоотлар қурилади.
Сталинга ёқишга интилган Ниёзов зўр бериб пахтачилик ва оғир саноатни ривожлантиришга уринади. Бу эса бошқа соҳаларининг оқсашига сабаб бўлади.
Амин Ниёзов (ўнгдан биринчи) СССР раҳбари Никита Хрушчёв билан
Амин Ниёзов бошқарув даврининг муҳим қисми 1950 йиллардаги янги қатағон сиёсатидир. Шу йилларда бир қатор ўзбек ёзувчи ва шоирлари, жумладан, Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Шуҳрат ва бошқалар «миллатчилик», «аксилсовет ҳаракати олиб боргани» учун қамоққа олинади ва узоқ муддатларга кесилади.
Ниёзов, 1953 йилда Сталин вафот этганидан сўнг ҳам унга содиқликни тўхтатмайди. Масалан, у Москванинг ЎзССРъда Сталин портретларини камайтириш ҳақидаги буйруғини бажаришдан бош тортади.
Сталиннинг «ягона совет миллати» ғояси тарафдори бўлган Ниёзов ЎзССРда бошланган миллий уйғониш ҳаракатига қарши чиқишда давом этади, бутун иттифоқда бошланган кадрларни маҳаллийлаштириш сиёсатига қўшилмайди.
Охир-оқибат мамлакатни десталинизация қилиш кампанияси доирасида Ниёзов ҳам Ўзбекистон раҳбарлигидан олиб ташланади.
Миллий ўзликнинг илиқ шамоли
1955 йилнинг декабрида Амин Ниёзов Компартия МҚ Биринчи котиблигидан бўшатилгач, унинг ўрнини Нуриддин Муҳитдинов эгаллайди. Уруш қаҳрамони бўлган Муҳитдинов бунга қадар Вазирлар кенгаши раиси сифатида миллий қарашлари ва марказ олдида республика манфаатларини ҳимоя қила олиши билан танилганди.
Муҳитдинов қисқа вақт ичида Ўзбекистон учун катта ишларни қилишга улгуради.
У Никита Хрушчёв бошлаган «илиқлик даври»дан фойдаланиб, Ўзбекистонда жиддий ўзгаришларни амалга оширади. Жумладан, 1956 йилда Тошкентда Ўзбекистон зиёлиларининг 1-қурултойи бўлиб ўтади. Муҳитдинов унда сўзга чиқиб, СССРда биринчи марта Сталин даврида қатағон қилинганларнинг оммавий реабилитация қилинишини очиқча эълон қилади. 40 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари номи оқланади.
Нуриддин Муҳитдинов (олд қатор, чапдан биринчи) Ўзбекистонга келган Ҳиндистон раҳбари Жаваҳарлал Неру ва унинг қизи Индра Ганди билан. 1955 йил
Муҳитдинов, шунингдек, Ниёзов даврида репрессияга учраган ёзувчи ва шоирларни ҳам ортга қайтаради. Уларга миллий тарихни тиклаш, шу пайтгача гапирилмаган мавзулар – русларнинг ХИХ асрда Марказий Осиёни эгаллашидаги мустамлакачилик характерини очиш вазифаси топширилади.
Нуриддин Муҳитдинов ҳомийлиги остида Тошкентда СССР Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти очилади. Андижонда эса тиббиёт олийгоҳи ташкил қилинади.
Муҳитдиновнинг миллий руҳдаги ҳаракатлари марказга ва марказнинг Ўзбекистондаги вакилларига, табиийки, ёқмайди. Хрушчёв томонидан «истиқболли кадр» дея аталган Муҳитдинов 1957 йилда бутуниттифоқ КПСС Марказий қўмитаси Президиуми аъзоси ва КПСС МҚ котиби этиб сайланади ҳамда Москвага жўнайди. Шу орқали у республикадан узоқлаштирилади.
Қисқа – аммо самарали ва ёрқин
Нуриддин Муҳитдинов 1957 йилнинг декабрида Ўзбекистон раҳбарлигини тарк этгач, унинг ўрнини республика Вазирлар кенгаши раиси (бош вазир) Собир Камолов эгаллайди. Камолов сиёсий қарашлари жиҳатдан Муҳитдиновга яқин эди.
У Биринчи котибга айланиши билан кадрларни кенг миқёсда маҳаллийлаштиришни бошлайди. Асосий раҳбарлик лавозимларига ўзбеклар тайинлана бошланади.
Собир Камолов
Камоловда даврида республикада аста-секин мусулмон анъаналари тиклана боради. Миллий адабиёт ва тарих соҳасида силжишлар кузатилади. Чунончи, Тошкентда Осиё ва Африка шоирларининг 1-халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Собир Камоловнинг «миллий» сиёсати Москва манфаатларига зид эди. Камолов ва марказнинг Ўзбекистондаги вакиллари орасида келишмовчиликлар кучаяди. Натижада Собир Камолов бир ярим йилга ҳам бормай Ўзбекистон раҳбарлигидан кетказилади.
Рашидов эпохаси
1959 йилнинг март ойида Ўзбекистон ССР Компартияси МҚ Биринчи котиблигига Шароф Рашидов сайланади. Бу пайтда 42 ёшда бўлган Рашидов келажакда Ўзбекистонда бутун бир ҳокимият тизими ва эпоха яратади.
Рашидовнинг 24 йиллик бошқаруви вақтида ЎзССР ҳар томонлама ривожланади. Тошкент кучли зилзилани бошдан кечиради ва шаҳарда улкан қурилиши ишлари олиб борилади. Жумладан, метро ва телеминора барпо этилади.
Рашидов ҳам миллий маданият ва тарихни қўллашда давом этади. Айниқса, тарих соҳасида жуда катта ишлар қилинади. 1959-1983 йилларда Ўзбекистон тарихига оид ўнлаб фильмлар сурат олинади, ўнлаб асарлар яратилади. Амир Темур шахси тикланиб, Темурийлар даврига аталган халқаро симпозиум ўтказилади. Самарқандда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Археология институти очилади. 4 жилдлик «Ўзбекистон тарихи» китоб тайёрланиб, нашр қилинади. Албатта, бу ишларда Рашидовнинг қудаси, атоқли тарихчи Иброҳим Мўминовнинг ҳам ҳиссаси катта эди.
Шароф Рашидов (олд қатор ўнгда) Афғонистон етакчиси Бабрак Кармал билан
Шу билан бирга, Рашидов даврида Ўзбекистоннинг пахта плани юки кескин ошиб боради. Марказ Ўзбекистонга жуда катта вазифалар қўяди. Натижада аграр саноатда асосий диққат пахтага қаратилади. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилишига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар Рашидов бошқаруви пайтида Ўзбекистонда қариндош-уруғчилик, коррупция кучайганини таъкидлайди. Рашидов халқаро даражадаги сиёсатчи бўлгани учун Москвада ҳам, ундан ташқарида ҳам обрўли танишларга эга эди. У 1962 йилда, Кариб инқирози пайтида СССРнинг Кубидаги делегациясига бошчилик қилади.
Ўзбекистоннинг бир неча раҳбари бир расмда. Чапдан ўнгга: СССР етакчиси Никита Хрушчёв, Амин Ниёзов (орқада), СССР Мудофаа вазири Николай Булганин, Нуриддин Муҳитдинов ва Шароф Рашидов
1983 йилда Рашидовнинг ҳомийси бўлган КПСС МҚ Бош котиби Леонид Брежнев вафот этгач, унинг ўрнига келган Юрий Андропов эски гиналар сабаб Рашидовни таъқиб қилишни бошлайди. Ўзбекистонга «пахта иши» бўйича терговчилар юборилади. Шу пайтда, 1983 йилнинг 31-октабр куни Шароф Рашидов юрак хуружидан вафот этади.
Бўрондан кучсиз
Рашидов тўсатдан вафот этгач, унинг вориси этиб Ўзбекистон Олий совети (парламенти) раиси Иномжон Усмонхўжаев тайинланади.
Усмонхўжаев республикани жуда оғир, сиёсий силкинишларга бой даврда бошқаради. Унинг 5 йиллик бошқаруви вақтида СССРда учта ҳокимият (Андропов, Черненко ва Горбачёв) алмашади.
Унинг даври Ўзбекистонда «пахта иши» доирасида минглаб инсонлар қамоққа олиниши, республика устидан яна марказ назорати кучайиши, жумҳуриятга нисбатан камситувчи сиёсат юритилиши ва аҳолида миллий руҳ уйғона бошлаши билан ажралиб туради.
Иномжон Усмонхўжаев
Усмонхўжаев ўзи содиқ бўлган Шароф Рашидовнинг хоки Тошкент марказидан Чиғатой қабристонига қайта дафн қилинишига бош-қош бўлади. Марказдан мустақил қарор қабул қила олмайди.
Шу билан бирга, у Горбачёв бошлаган «қайта қуриш» ва «ошкоралик» сиёсатига ҳам қўшилмайди. Бу унинг мамлакат ичида ҳам, ташқарисида салбий баҳоланишига сабаб бўлади.
1988 йилда Ўзбекистонда вазият оғирлашади ва Усмонхўжаев вазиятни ўнглай олмаслиги аниқ бўлади. Бош котиб Горбачёв Ўзбекистонга раҳбар этиб ўзига яқин одамини тайинлашга қарор қилади.
Катта одамнинг кичик даври
1988 йил 12 январда Ўзбекистон МҚ Биринчи котиблигига тажрибали дипломат, Горбачёвга яқин доирадан бўлган Рафиқ Нишонов сайланади. Унинг бу лавозимни эгаллаши шошилинч ва марказ томонидан республика шароити ўрганилмай туриб қабул қилинган қарор бўлиб, у маҳаллий давраларда қўллаб-қувватланмаган.
Ташқи сиёсатда муҳим фигура бўлган Нишонов бутун СССРдаги каби Ўзбекистонда ҳам кучайиб бораётган миллий уйғониш ҳаракатини тўхтата олмайди. Мухолифат ҳукуматдан ўзбек тилига давлати тили мақомини бериш, Ўзбекистон тарихи ва миллий анъаналарни тиклашни талаб қилади.
Рафиқ Нишонов
Иқтисодий аҳвол ҳам тобора оғирлашиб боради. Бирламчи маҳсулотлар тақчиллиги аҳолининг давлатдан норозилигини кескин оширади.
Шундай вазиятда, ўлкада назоратни ўз қўлида сақлаб қолишни истаган Москва мамлакат бўйлаб этник низоларни қўзғашни бошлайди. Фарғонада ўзбек ва месхети турклар тўқнашуви бўлиб ўтади. Армия Тошкент вилоятида тинч намойишчиларга қарата ўқ узади. Буларнинг бари Нишоновнинг тизимни бошқара олмаётганини кўрсатади.
Янги давр
КПСС ниҳоят 1989 йил июнда Нишоновни Москвага чақиради ва унга иттифоқнинг обрўли лавозимларидан бирини беради. Ўзбекистонга раҳбар этиб Ислом Каримов тайинланади.
Каримов қисқа вақт ичида ўзгаришлар шамолига мослашади. У миллий мухолифатни қўллайди, ўзбек тилини давлат тилига айлантиришни маъқуллайди. Шунингдек, 1990 йилда Мустақиллик декларацияси қабул қилинади ва президент лавозими жорий этилади.
1991 йилда СССР қулагач, Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилди ва мамлакатда кўппартиявий, демократик жамият қурилишини қўллаб-қувватлади. Бозор иқтисодиётига ўтилди, колхозлар тарқатилди. Кўплаб хорижийлар давлатлар билан алоқалар ўрнатилди. Миллий ўзликни тиклаш ишлари жадал олиб борилди.
Ислом Каримов
Бироқ мустақилликнинг илк йилларидаги кескин ўсиш руҳи кейинроқ пасая бошлади. Бунга 1996 йилда валюта конвертацияси амалда ёпиб қўйилиши, бозор устидан қаттиқ назорат ўрнатилиши, хорижга чиқиш қийинлаштирилиши, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг совуқлашиши, коррупция каби омиллар сабаб бўлади.
Каримов даврида чет эл давлатлари билан ҳамкорликда бир қанча йирик корхоналар очилади. Мисол учун 1997 йилдан Жанубий Кореянинг Даэwоо компания билан қўшма корхона очилиб, енгил машиналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Жуда катта қамровда қурилиши ишлари олиб борилади, бироқ бу асосан марказлашган ҳолда, яъни пойтахт ва унинг атрофларида амалга оширилди.
Янги Ўзбекистон
2016 йил Ислом Каримов вафот этгач, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги раҳбарига айланди. Янги ҳукумат ишни ўзидан олдинги маъмуриятнинг хатоларини тўғрилашдан бошлади. Конвертация очилди, қўшни давлатлар билан муносабатлар нормаллаштирилди, чегаралар делимитация қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан алоқаларни тиклаб, фаол ташқи сиёсат юритишга ўтди. Жаслиқ каби қамоқхоналар ёпилди.
Айнан Мирзиёев даврида совет мероси бўлган, Акмал Икромов давридан бошланган Ўзбекистоннинг «пахта колонияси» замони тугади. Пахта монополияси тўхтатилиб, пахта билан бевосита боғлиқ бўлган мажбурий ва болалар меҳнатига ҳам барҳам берилди. 1937-1938 йилда қатағон қилинган, Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқи учун жон берган жадидлар номи тўлиқ оқланди. Уларнинг номи абадийлаштирилди.
Ўзбекистонда яшаётган, бироқ шу юрт фуқаролигига эга бўлмаган минглаб ўзбекистонликларга фуқаролик берилди. Таълим соҳаси ислоҳ қилиниб, олий таълим кенг омма учун «очилди». Қизлар таълимига катта эътибор қаратилди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил қилинди.
Мирзиёев даврида Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлигининг марказига айланди
Шу билан бирга ҳукумат марказдан ташқари ҳудудларга ҳам эътибор қаратишни бошлади. Ҳар бир вилоятда янги лойиҳалар ишга туширилди. Аҳоли ва давлатнинг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланди.
Албатта, Янги Ўзбекистонда ҳам коррупция асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда ва ҳокимият у билан курашга катта куч сарфлаяпти.
Шундай қилиб, бир аср ичида Ўзбекистон жумҳуриятини 11 нафар инсон бошқар(яб)ди. Уларнинг ҳар бири мамлакат тарихда ўзига хос ўринга эга.
Муҳаммадқодир Собиров
Oyina.uz
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ