Қўлёзмалар билан ишлашда матн ва талқин муаммолари


Сақлаш
13:08 / 05.08.2025 172 0

Мумтоз адабиётимиз асрлар мобайнида араб ёзувида яратилди, халқимиз адабий эҳтиёжини қондирди ва кенг ҳудуд бўйлаб тарқалди. Бироқ ХХ асрга келиб ушбу меросни янги ўсиб-униб келаётган авлодга бутунлай бегона алифбода етказиш зарурати долзарб масалага айланди. Чунки маълум сиёсий-ижтимоий сабабларга кўра, ёш авлод боболар меросидан бир қадар узила бошлаганди. Бошқа тарафдан эса, адабий асар мунтазам кўчирилиш жараёнида деформацияга (ўзгаришларга) учрайди ва унинг хатолардан холи саҳиҳ матнини яратиб, замонавий китобхонлар оммасига етказиш муҳим вазифага айланди. Аввало шуни айтиш жоизки, аксарият қўлёзма манбалар бизгача муаллиф дастхати орқали эмас, балки турли савиядаги котиблар меҳнати туфайли етиб келган. Бундан ташқари, ўша даврларда “муаллиф ҳуқуқи” тушунчасининг ҳозиргидан ўзгача идрок этилиши матнга “эркин” ёндашув учун сабаб бўлган. Бу эса, ўз навбатида, адабий меросга доир ўта муҳим масалани – илмий-танқидий матн тузишни тақозо этарди. Тузилган танқидий матн эса барча йўналишдаги тадқиқотлар – адабиётшунослик ёхуд тилшунослик учун мустаҳкам илмий пойдевор ҳисобланади.

 

Қисқаси, аввало, танқидий матн тузилиб, илмий тадқиқотлар унга асосланган ҳолда олиб борилиши, муайян ижодкор асари эса яратилган танқидий матндан келиб чиқиб китобхонлар оммасига тақдим қилиниши шарт. Ҳамонки сўзимиз танқидий матн хусусида борар экан, таниқли навоийшунос Ҳамид Сулаймонов “Навоий асарларининг манбалари ва нашри ҳақида” мақоласида ниҳоятда муҳим мулоҳазани илгари сурганини эслаш жоиз: “Навоий асарларининг оммавий нашри қандай ҳажмда бўлишидан қатъи назар ҳамма вақт энг қадимий ва мўътабар қўлёзмалар асосида тузилган танқидий текстларга мос бўлиши лозим”[1], дея таъкидлаган эди олим. Бироқ амалиётда ҳар доим ҳам, бундай бўлавермаган ва бунинг бир неча ўзига хос сабаблари бор: ўзбек алифбосининг сурункали ўзгаришларга учраши (1921, 1929, 1940 йиллар), имло қоидаларининг мунтазам ислоҳ қилиниши мумтоз адабиёт намуналарини, жумладан, улуғ шоир асарларини ҳар гал янги алифбода нашр этишни кун тартибига қўйган. Биринчидан, меросни янги замонда китобхонларга тезроқ тақдим этиш устувор вазифа сифатида кўрилган бўлса, иккинчидан, ёш авлодни мумтоз адабиёт уларнинг мактаб ҳамда олий ўқув юрти дарсликларидан жой олиши долзарб масалага айланди. Шунингдек, илмий-танқидий матн тузиш аввал амалиётда бўлмаган, унинг илмий принциплари ишлаб чиқилмаган эди. Бироқ шунга қарамай, бизнинг мадраса кўрган зиёли боболаримиз ўтган асрда замонавий китобхонларни мумтоз асарлар билан таништиришда улкан ишларни амалга оширдилар.

 

Юқорида бизгача муаллиф дастхати орқали етиб келмаган мумтоз асарларнинг, биринчи навбатда, илмий-танқидий матнини тузиш, сўнгра эса шу асосда тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидлаб, лекин амалиётда ҳар доим ҳам бундай бўлавермаганини қайд этдик. Таниқли навоийшунос устоз А.Ҳайитметов матншуносликка доир муаммолар таҳлилига оид мақоласида бунинг сабаблари хусусида атрофлича тўхталган: “Адабий меросга бўлган қизиқиш... бизнинг мамлакатимизда тобора ортиб бормоқда. Бу вазиятда илмий-танқидий текст тузилиши зарур деб топилган асарларнинг текстлари бевосита бирон қўлёзма манбадан ҳозирги замон ўзбек алфавитига кўчирилади. Буни транслитерация (табдил – А.Э.) дейилади. Биз кўпчилик ҳолларда шундай текстларга эгамиз. Бундай текстлар илмий мукаммаликдан узоқ бўлса ҳам, омманинг биринчи эҳтиёжини қондириш жиҳатидан керак. Шу йўсинда биз ҳозирги кунда кўп классиклар ва уларга замондош авторлар асарларининг нашр этилган нусхаларига (танқидий матнларига эмас – А.Э.) эгамиз”[2].

 

Кўриниб турибдики, адабий меросни замонавий китобхонга етказишда “омманинг биринчи эҳтиёжини қондириш” бош принципга айланганди. Биз бунга ҳар бир фан тарихидаги табиий босқич, деб қараймиз ва шу билан бирга, бу борада йўл қўйилган камчиликлар ёхуд эътибор қаратилмаган нуқталарга диққатини жалб қиламиз. Мана шундай нуқталардан бири танқидий матн тузиш билан бевосита алоқадор ҳисобланади. Одатда, танқидий матн тузишда муайян асарнинг тўрт-беш қадимий нусхаси ишга жалб этилиб, биттаси асос сифатида олинади ва матндаги ўзгаришлар тагхатда қайд қилиб борилади. Шу зайлда танқидий матн тузилиши билан матнчи иши ҳам тугайди. Юқорида айтиб ўтилганидек, муаллиф нусхаси мавжуд бўлмаган тақдирда илмий-танқидий матн тузиш заруратдир. Шу билан бирга, матндаги ўзгаришлар агар улар мазмун билан боғлиқ бўлса, тушунтирилиши, изоҳланиши шарт. Чунки имло қоидалари унификация қилинмаган, адабий меъёр белгиланмаган шароитда иш кўрган котиб, табиийки, баъзи имловий хатоларга йўл қўяди, анча илгари битилган асарни қайта кўчиришда ўзи учун тушунарсиз айрим архаик сўзларни ўзгартириши ҳам мумкин. Бироқ маъно-мазмунга доир ўзгариш ёхуд “парча” (матншуносликда бу интерполяция дейилади) ортида муаллиф матнига муносабат ётади, албатта.

 

Хуллас адабиётшуносликда матндаги ўзгаришлар таҳлили, яъни матн тарихи тадқиқдан ташқарида қолди. Ҳолбуки, “матн тарихи” матншуносликнинг асосий – таянч тушунчаси бўлиб, уни ўрганиш муаллиф асарига турли даврдаги муносабатни ойдинлаштириб бериши мумкин. Масалан, Алишер Навоий асарлари асрлар мобайнида кўплаб нусхаларда кўчирилиб, жуда катта ҳудуд бўйлаб тарқалган. Бироқ шоир ҳаётлик давридан тартиб берила бошланган ва мутлақо бир-бирини такрорламаган терма девонлар, уларнинг мазмун-мундарижаси, матндаги мазмунга доир ўзгаришлар тадқиқот объекти бўлганича йўқ. Бундан ташқари, шоир терма девонларидан жой олган Шарқ шеъриятининг етакчи жанри – ғазал ва унинг мавзу-мундарижаси (ирфоний ёхуд ишқий), қандай эстетик принципга кўра саралаб олинганга ўхшаш масалалар ҳозирча тадқиқотчилар назаридан четда қолаётир. Ушбу муаммоларни ўрганиш матн яратувчиси бўлмиш инсон (кенг маънода – котиб, муҳаррир, музаҳҳиб, мусанниф) онгли фаолиятини бутун мураккаблиги билан кузатиш имкониятини тақдим этади. Эслатиб ўтамиз, муаллиф асарига муносабат ўзгармас (статик) ҳодиса эмас, аксинча, муттасил ўзгарувчан (динамик) ҳодиса бўлиб, айнан шу сабаб ҳам ҳар бир давр ўз адабий эҳтиёжидан келиб чиқиб ижодкор меросига ёндашади, уни талқин этади.

 

Қисқаси, шундай муаммоларни изчил ўрганиш даврлар оша ижодкор адабий меросига муносабатни ойдинлаштириб, янги илмий ёндашув шаклланишига ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, мумтоз асарни тўлиқ тушуниш ҳамда англашга имконият яратади.

 

Адабиёт тарихининг яна бир муҳим муаммосидан – мумтоз меросни бугунги китобхонга қай тарзда тақдим қилишдир. Муайян давр меваси, маҳсули бўлмиш бадиий асарни китобхон кейинги даврларда қабул қилиши, идрок этиши доимо бир хилда кечмайди. Чунки вақт ўтиши билан эстетик қарашлар, бадиий дид ўзгаради, айни чоғда, сўз санъати намунаси билан орадаги масофа уни тушунишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Юқорида Алишер Навоий меросини ХХ аср ўқувчиларига етказишда талай ибратли ишлар амалга оширилгани ҳақида тўхталдик. Шоир асарлари зарур шарҳ, изоҳ ва луғатлар билан қайта-қайта нашр этилди, “Хамса” достонларининг насрий баёнлари яратилди. Албатта, мазкур нашрлар китобхонлар оммаси ва соҳа мутахассисларининг шоир асарлари билан танишиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар олиб борилишида катта аҳамиятга эгалигини тан олмай, илож йўқ. Айни чоғда, назмий асарни насрий баён этишида бадиият билан боғлиқ қатор йўқотишлар бўлганини ҳам қайд этмоқ зарур. Зеро, назмий асар китобхонга ўз ритмик экспрессив ва бошқа хусусиятлари билан кучли таъсир кўрсатади, унда бир қанча ассоциацияларни уйғотади ва буларнинг барчаси поэтик матнни англашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ўрта асрлар адабиётидаги бадиий сўзга айрича эътибор, унинг бутун маъно қатламларини кўрсатишга интилиш, афсуски, насрий баёнда барҳам топади. Шунинг учун бўлса керак, айрим навоийшунослар насрий баёнга шубҳа билан қараганлар.[3]

 

Шоир достонларининг насрий баёнлари хусусида сўз юритар эканмиз, улар китобхонлар оммаси ва мутахассисларни доҳо шоир асари билан яқиндан танишувида, унинг сюжет чизиғини билишида ижобий роль ўйнаганини ҳам инкор эта олишимиз, айни чоғда, ҳар қандай асар шакл ва мазмун уйғунлигида тўлақонли идрок этилишини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.

 

Мумтоз мероснинг замонавий адабий жараёндаги ўрни ҳақида сўз борганда, унинг бугунги аҳамияти, китобхонлар томонидан қандай қабул қилиниши, баҳоланиши каби қатор омилларни инобатга олиш зарур. Мулоҳазаларимиз мумтоз асарлар ва давр борасида борар экан. Машҳур адабиётшунос Г.М.Фридлендернинг (1915–1995) Л.Толстой ижоди ва унинг янги талқинлари юзасидан айтган фикри ёдга тушади: “Агар мумтоз асарнинг замонавий талқини бугуннинг эҳтиёж ва талабларини инобатга олмаса, у ҳолатда бундай талқин музей экспонатига айланиб қолади. Мумтоз асарни фақат яратилган давр чегараларига қамаб ўрганиш, уни ёлғиз ўтмишнинг ижтимоий ва бадиий тасаввурлари доирасида талқин қилиш, бизнинг иродамизга боғлиқ бўлмаган ҳолда асарни замонадан узоқлаштириб ўтмиш билан бугун ўртасидаги тарихий объектив алоқани йўққа чиқаради”.[4] Эътибор қилсак, адабиётшунос ўтмиш ва “бугун ўртасидаги тарихий объектив” робита ҳақида фикр юритмоқда. Бинобарин, мумтоз асар талқини “бу қандай содир бўлган эди” каби саволлар атрофида ўралашиб қолса, унинг бугунги аҳамияти “парда” ортида қолиб, натижа тўлақонли бўлмайди. Шу ўринда йигирманчи асрнинг машҳур файласуфи ва филологи М.Бахтиннинг қуйидаги сўзларини ёдга олиш фойдадан ҳоли эмас. “Буюк асарларнинг ўзи яратилган даврдан узоқ – келгуси даврлардаги ҳаёти, айтиб ўтганимиздек, парадокс бўлиб туюлади. Ўз иккинчи умри жараёнида улар янги маъно, янги мазмун билан бойийдилар; бу асарлар гўё ўзи яратилган давридаги қобиқларига сиғмай қолади, уни ёриб чиқади. Айтиш мумкинки, Шекспирнинг ўзи ҳам, унинг замондошлари ҳам ҳозир биз билган “буюк Шескпир”ни билмаган. Биз билган Шекспирни Елизавета даврига (адиб яшаган замонга – А.Э.) занжирбанд қилиб қўйиш асло мумкин эмас”[5].

 

Кўриниб турибдики, вақт синовидан ўтган бадиият намуналари бағрида маъно заҳиралари имконият шаклида мавжуд. Бу маъно заҳиралари ҳар бир даврда ўзгача порлаб, ўз борлиғини намоён этади. Адабиёт тарихчиси эса айни имкониятлар, яъни маъно заҳираларини қидириб топиб воқеликка айлантира олиши, бошқача қилиб айтганда, ўз даври маънавий, маданий, адабий эҳтиёжлари билан боғлай билиши зарурки, ана шундагина мумтоз асарнинг иккинчи умри собит, бардавом бўлади.

 

Мумтоз меросни бугунги ўқувчига қандай тақдим қилиш билан боғлиқ муаммолар матбуотда бот-бот тилга олинаётган бўлса-да, масаланинг назарий томонлари, унинг ечими мубоҳаса, мунозара объекти бўлганича йўқ. Ҳолбуки, шиддат билан ўзгараётган ахборот асрида мумтоз адабий мерос ўзининг қайси жиҳатлари билан бугунги китобхонни қизиқтириб, унда эстетик завқ уйғота олади, онгу шууридан мустаҳкам жой олади, деган савол кун тартибида долзарб бўлиб турибди. Таниқли тасаввуфшунос И.Ҳаққул адабиётшунос Ш.Назарова билан суҳбатида Алишер Навоий ижодини бугунги ёшлар тушунишининг мураккаблиги ва унинг сабаблари хусусида сўз юрита туриб бундай дейди: “Навоийдай шоирларнинг ижодига йўл топишнинг биринчи шарти уларнинг Руҳ ва Ҳол оламига эркин кириб боришдир. Бу, албатта, соф моҳият ва изтиробни теран мушоҳада қилиш орқали амалга ошади. Зеро, жаҳон адабиётининг энг виждонли, энг ҳақгўй санъаткорлари кундалик турмуш ташвиши ва моддий манфаатлардан йироқ моҳият, ақл ва ироданинг қўшилувидан туғилган изтироб атрофида бирлашишган. Шахс сифатида шаклланмаган ҳеч бир киши бу ҳақиқатни чуқур тушунмайди”[6]. Бизнингча, аввало, И.Ҳаққул талабини фақат идеал талаб сифатидагина қабул қилиш мумкин. Ижодкор ижодини англаш, тушуниш эса, бу – энди бутунлай бошқа масала. Қолаверса, ижодкор ҳеч бир вақт реал воқеликдан узилмайди, ижоди эса шунчаки “кўнгил изҳори” эмас, балки яшаган даври билан у ёки бу даражада чамбарчас боғлиқдир.

 

Мумтоз мероснинг замонавий талқинлари ҳақида сўз юритар экан, яна айрим нуқталарга ҳам эътибор бериш зарур деб ҳисоблаймиз, янги талқинлар замонавий эҳтиёжларни инобатга олиши зарур бўлса-да, аммо бунда бадиий асарни замонанинг ўткинчи йўриқлари асосида баҳолаш, йўқ нарсани унинг матнидан “қидириб топиш”, сиёсий конъюнктура талабидан келиб чиқиб модернизация қилиш ҳеч қачон ўзини оқламайди[7]. Бадиий асар муайян давр маҳсули экан, у, биринчи навбатда, ўз даври ўқувчисига қаратилади ва, табиийки, замонлар ўтиб ундаги айрим бадиият унсурлари, илгари сурилган ғоявий “юк” бир қадар ўз актуаллигини йўқотиши мумкин. Масалан, шоир “Хамса”сидан жой олган Хадичабегим ёки айрим темурий шаҳзодалар мадҳи бугуннинг нуқтаи назаридан, бирмунча эскирган ёхуд орқа режага ўтган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу асар умуминсоний ва миллий қадриятлар юксак бадиият билан тараннум этилган нуқталар ҳам борки, адабиёт тарихчиси уларни инкишоф этиб, кенг миқёсда кўрсата олиши даркор. Бундай ёндашув эса, ўз навбатида, улуғ шоир ижодини жаҳон адабиётида тутган ўрнини аниқлаштиришга имкон яратади.

 

Хуллас, адабий меросни тарихийлик ва замонавийликнинг диалектик алоқадорлигида чуқур талқин эта билиш асарнинг иккинчи умрини бардавом этади ва замонавий китобхонни унга ошно қилади.

 

Абдурасул ЭШОНБОБОЕВ,

Алишер Навоий номидаги Давлат

адабиёт музейи илмий ходими

 

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2025 йил 6-сон.

Матн ва талқин” мақоласи



[1]1 Бу ҳақда қаранг: Алишер Навоий. Асарлар ўн беш томлик. 1-том. 1963. Тошкент. Ҳ. Сулаймоннинг “Навоий асарларининг манбалари ва нашри ҳақида” номли кириш мақоласи. 27-бет.

[2] Ҳайитметов А. Матншунослик муаммолари // “Шарқ юлдузи” журнали. 1982, 3-сон.

[3] Бу ҳақда қаранг: Абдуғафуров А. Буюк бешлик сабоқлари. Т., 1995. 58-бет.

[4] Класфе наследие и современность. М., 1981, стр. 30.

[5] Бахтин М. “Новый мир” таҳририяти саволига жавоб. // Филология масалалари. 2003 йил, 1-сон 87-бет. 

[6] Бу ҳақда қаранг: “Жаҳон адабиёти” журнали. 2018. 2-сон. 140–146-бетлар. 

[7] Шоир асарларини жорий сиёсат йўриғидан келиб чиқиб модернизация қилишлар ҳам бўлган. Бу ҳақда қаранг: Тўйчиев У. Алишер Навоий ичкилик ва ичкиликбозликнинг зарари ҳақида. Т., 1989. “Фан” нашриёти. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20178
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//