
Элбек – Машриқ Юнусов (1898–1939) шеърият, достон, ҳикоя ва таржима соҳаларида жадид адабиётининг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Айниқса, болалар адабиётини шакллантириш ва ривожлантириш йўлидаги хизматлари алоҳида эътиборга лойиқдир. Унинг педагогик фаолияти ва ёзган дарсликлари номоддий маданий мерос доирасида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Элбек томонидан бошланғич мактаб ўқувчилари учун тузилган “Ёзув йўллари”, “Ўрнак” (I, II, III синфлар учун), “Бошланғич мактаб она тили”, “Билим” (I, II, III синфлар учун), “Гўзал ёзғичлар” дарсликлари замонавий педагогиканинг илғор тамойилларига мос келган. Бу дарсликларда фақатгина грамматик қоидалар эмас, балки болалар онгига таъсир этувчи бадиий асарлар, халқ оғзаки ижоди намуналарига ҳам кенг ўрин берилган. Уларда келтирилган шеърлар, ҳикоялар ва масаллар орқали болаларга меҳнатсеварлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар сингдирилган.
Номоддий маданий мерос халқнинг маънавий бойлиги, қадимий урф-одатлари, оғзаки ижоди, ахлоқий-меъёрий тушунчаларини ўз ичига олади. Элбекнинг педагогик фаолияти ва асарларини ҳам ана шу бой мероснинг узвий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Унинг дарсликларида халқ эртаклари, мақол ва маталлар, халқ қўшиқлари ҳамда миллий қадриятлар ўз аксини топган. Хусусан, “Билим” дарслигидаги масаллар ва ҳикоялар орқали болаларга халқ оғзаки ижодининг энг яхши намуналарини етказиш мақсад қилинган.
Элбекнинг бошланғич мактабларнинг 1, 2 ва 3-синфлари учун тузган “Ўрнак” ўқиш китоблари 1925 йилда чоп этилган бўлиб, улар ўз даврининг илғор педагогик ва методик ёндашувлари асосида ёзилган. Ушбу дарсликлар ўзбек тилида, араб алифбосида ёзилган бўлиб, ҳар бири алоҳида дидактик ва визуал концепцияда ишлаб чиқилган. Хусусан, I “Ўрнак” китоби муқовасида қизил (олов ранг), II “Ўрнак”да сариқ, III “Ўрнак”да эса яшил ранг акс эттирилган бўлиб, бу ранглар боланинг идроки ва эътиборини жалб этиш, ўқув жараёнини руҳан ва эстетик жиҳатдан уйғунлаштиришга хизмат қилган.
Элбек дарсликнинг сўз бошида қуйидагиларни таъкидлайди: “Ўзбекистон маъориф комиссарлиги қошида тузилган “Ўзбекистон билим кенгаши”нинг менга топшириши бўйича, бошланғич мактабларимизнинг I, II, III бўлимлари учун ушбу қўлингиздаги “Ўрнак” отли асарни туздим. Буни тузишда Ўзбекистон билим кенгашининг “Таълим ва тарбия” комиссиясининг кўрсатган йўли билан ҳаракат этишга тиришдим”.
Илмий нуқтаи назардан, Элбекнинг педагогик мероси ХХ аср бошидаги ўзбек таълим тизимининг ривожланиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Унинг болалар психологиясини инобатга олиб ишлаган дидактик тамойиллари бугун ҳам таълим жараёнини модернизация қилишда аҳамиятли бўлиши мумкин. Шу сабабли, Элбекнинг дарсликлари ва педагогик қарашларини ўрганиш, уларнинг замонавий таълим жараёнига татбиқ этиш масаласи нафақат илмий, балки маданий меросни асраш томонидан ҳам долзарб ҳисобланади.
Элбек томонидан бошланғич мактабларнинг I ўқув йили учун тузилган “Ўрнак” ўқиш китоби 98 саҳифадан (шундан 12 саҳифаси бўш) иборат бўлиб, 1925 йили ўзбекча, араб алифбосида 25000 нусхада чоп этилган. Китоб мустаҳкам, қаттиқ муқовада нашр қилинган бўлиб, муқовада табиат қўйнида китоб мутолааси билан банд бўлган икки нафар ўқувчи тасвири ва турли безак элементлари жойлаштирилган. Ушбу бадиий безаклар китобнинг нафақат дидактик, балки эстетик ва маданий қийматини ҳам оширган.
Мазкур дарслик “Мактаб”, “Уй”, “Уй ичи” (оила), “Жониворлар”, “Қушлар”, “Киши”, “Соғлиқни сақлаш йўллари”, “Қурт-қумурсқалар”, “Фасллар”, “Ўсимликлар”, “Маъданлар”, “Кашшофлар” каби 12 та боби орқали болаларга ҳаётий ва илмий тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилган. Ушбу бўлимларда умумий ҳисобда 85 та матн, жумладан, эртаклар, ҳикоялар, масаллар ва шеърлар жамланган бўлиб, улар ўқувчиларнинг нафақат саводхонлигини ошириш, балки ахлоқий ва эстетик тарбиялашга йўналтирилган.
Бошланғич мактабларнинг 2-ўқув йили учун мўлжалланган “Ўрнак” ўқиш китоби 1925 йилда 5000 нусхада чоп этилган, бу ўз даври учун салмоқли адабий-педагогик ҳодиса ҳисобланади. Дарслик 98 саҳифадан иборат бўлиб, шундан 12 саҳифаси бўш қолдирилган. Китоб мазмунан “Илм ва эл тирикчилиги”, “Жониворлар ва уларнинг тирикчиликлари”, “Фасллар”, “Маъданлар” ҳамда “Сув ва ҳаво” каби беш бобга бўлинган, ҳар бир бўлимда табиий-мавжудотшунослик, атроф-муҳитни англаш ва инсоний қадриятларни шакллантиришга қаратилган материаллар жамланган. Ушбу манбада боблар I–VI тарзида рим рақамлари билан белгиланган бўлса-да, тартиблашда III боб рақами тушиб қолган. Бу ҳолат илмий изланиш олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
Дарслик таркибида 86 та матн келтирилган бўлиб, улар шеърлар, ҳикоялар, масаллар ва эртаклар асосида шакллантирилган. Ушбу асарлар нафақат болаларнинг саводхонлигини ошириш, балки уларни ахлоқий ва маънавий жиҳатдан тарбиялашга хизмат қилган. Хусусан, Элбекнинг “Ола қарға билан қурбақа”, “Икки тулки”, “Қурбақа ила сичқон” каби масаллари орқали болалар онгида ахлоқий тушунчалар шакллантирилган, кишилар орасида учрайдиган турли салбий одатларга нисбатан танқидий муносабат уйғотилган. Муаллиф ушбу масаллар орқали ёш авлодни ростгўйлик, ҳалоллик, тўғрилик ва одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиш каби фазилатларга даъват этган.
Элбек томонидан бошланғич мактабларнинг III ўқув йили учун тузилган “Ўрнак” ўқиш китоби 1925 йилда 12 000 нусхада чоп этилган бўлиб, ўз даврида ўқув жараёнини илмий-методик асосда ташкил этишга хизмат қилган муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Китоб 98 саҳифадан иборат, шундан 5 бети бўш қолдирилган. Дарслик ўзбек тилида, араб алифбосида ёзилган, ўша давр таълим тизими ва саводхонлик ривожланишининг муҳим кўриниши сифатида баҳоланади.
Мазкур дарслик қуйидаги 7 бобдан иборат: “Мактаб ва кишилик турмуши” – жамият, таълим ва маданият масалаларини ўқувчилар онгида шакллантириш; “Фасллар” – табиатнинг мавсумий ўзгаришлари ва уларнинг инсон ҳаётига таъсири; “Жониворлар” – ҳайвонот олами, уларнинг хусусиятлари ва ҳаёт тарзи; “Ўсимликлар турмишидан” – ўсимликларнинг ривожланиши ва табиат экотизимидаги ўрни; “Пахта ва ундан ясалатурғон нарсалар” – пахта саноати, унинг иқтисодий ҳамда ижтимоий аҳамияти; “Инқилобий байрамлар” – ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳодисалар ва уларнинг аҳамияти; “Фанний маълумотлар” – табиий ва техник фанларга оид илмий тушунчалар.
Дарслик таркибида жами 66 та матн келтирилган бўлиб, улар масаллар, ҳикоялар, эртаклар ва шеърлар асосида шакллантирилган. Ушбу асарлар орқали ўқувчиларга нафақат савод ўргатилган, балки уларнинг мантиқий тафаккурини шакллантириш, эстетик дидини ривожлантириш ва ахлоқий тарбия бериш мақсад қилинган.
Элбек ўқиш китобларига киритилган шеърлари орқали болаларнинг истаклари, қизиқишлари, уларнинг ҳаёти, турмушида содир бўлаётган воқеалар, янгиликлар ва ҳис-ҳаяжонларини акс эттириб уларни миллий қадриятлар, ватанпарварлик, табиат ва илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш руҳида тарбиялаган.
“Ўрнак” ўқиш китоблари болалар руҳияти, уларнинг билим савияси ва қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда яратилган бўлиб, ўзбек болалар адабиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Элбек ушбу китобларни тузишда болаларбоп шеър, ҳикоя ва хабарларни жамлаган, шунингдек, халқ оғзаки ижоди намуналаридан, бошқа халқларнинг адабиётидан таржималар қилиб киритган. Бу эса дарсликнинг маданиятлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг бадиий тафаккурини ривожлантириш ва эстетик дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилган.
Муаллифнинг қуйидаги фикрлари унинг дарслик яратиш жараёнидаги ёндашувларини яққол акс эттиради: “Мундарижасига олинғон материаллар туб равишда уч турли йўл билан тўпланмишдир. Биринчисига, рус адабиёти ва ўқиш китобидан таржималар; иккинчига, туркий тиллардаги турли ўқиш китобларидан ўзгартмалар; учинчисига миллатлар орасида ўртоқлиқ бўлиб юритилган ҳикоя ва масал каби нарсалар. Мен бу китобдаги ҳикоя ва масалларни шарқ адабиётидан (арабча, форсча) кўрганим каби, рус адабиётидан ҳам кўп учратдим”. Бу ёндашув болалар адабиётида миллий ва умумбашарий қадриятларнинг уйғунлашуви жараёнини кўрсатиб турибди. Таржималар ва халқ оғзаки ижодининг интеграцияси болалар учун нафақат маълумот берувчи, балки уларнинг бадиий диди ва маданий онгини шакллантиришга хизмат қилувчи манба яратган.
Шуниси диққатга сазоворки, “Ўрнак” ўқиш китобларида болалар учун танланган матнлар фаслларга бўлинган ҳолда тузилган. Бу ёндашув ўқувчиларнинг атроф-муҳитни англашини осонлаштириш, табиат ва унинг қонуниятларини чуқурроқ тушунишларига хизмат қилади. Баҳор, ёз, куз ва қиш фасллари табиатдаги ўзгаришларни акс эттириш билан бирга, болаларнинг реал ҳаётий тажрибаси билан боғланган ҳолда тушунтирилган. Бу мавсумий жараёнларни кузатиш, таққослаш ва сабаб-оқибат муносабатларини англаш кўникмасини ривожлантирган.
Дарсликлар ҳозир ҳам шу шаклда ёзилаётгани Элбекнинг методик ёндашуви замонавий таълим стандартлари билан уйғун эканини кўрсатади. Демак, муаллиф педагогика ва психология фанлари талабларини яхши билган ва дарсликни илмий асосда яратган.
Бугунги кунда ҳам Элбекнинг дарсликлари ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Улар таълим тизимининг тарихий асосларини ўрганишда ва замонавий дарсликлар яратишда бебаҳо илмий манба бўлиб хизмат қилади. Шу боис, унинг педагогик меросини чуқур таҳлил қилиш, замонавий таълим тизимига мослаштириш ва номоддий маданий мерос сифатида илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш муҳим илмий вазифалардан бири ҳисобланади.
Машҳурахон ДАРМОНОВА,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
1. Ўрнак II [Матн] / Элбек (Машриқ Юнусов); Тузувчи ва масъул муҳаррирлар: М.Дармонова, Б.Муродов. Тошкент. 2025. – 164-б.
2. Элбек. I Ўрнак (Бошланғич мактабларнинг биринчи йили учун тузилган ўқуш китобидир. Ўзбекистон билим кенгаши қарамоғиндан ўтган. Биринчи босмаси). Тошкант: Ўзбекистон давлат нашриёти. 1925. 98 саҳифа.
3. Элбек. II Ўрнак (Бошланғич мактабларнинг 2 нчи йили учун тузилган ўқуш китобидир. Ўзбекистон билим кенгаши қарамоғиндан ўтган. Биринчи босмаси). Тошкант: Ўзбекистон давлат нашриёти. 1925. 3-б.
4. Элбек. III Ўрнак (Бошланғич мактабларнинг 3 нчи йили учун тузилган ўқуш китобидир. Ўзбекистон билим кенгаши қарамоғиндан ўтган. Биринчи босмаси). Тошкант: Ўзбекистон давлат нашриёти. 1925. 98 саҳифа.
5. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти. Сақлов рақами – 20961, 20962, 2551.
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Жараён
Адабиёт
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ