Қурбонликни ифодаловчи рамзлар – суратлардаги гуллар нималарни ифодалайди?


Сақлаш
18:09 / 01.08.2025 113 0

Тасвирий санъатда кўз илғамас, бироқ ҳис этиладиган рамзлар мавжуд. Шулардан бири – гуллар. Аввалига у фонни тўлдирувчи безакдек кўринади: бир четда ғунчалаб турган ёки поясидан узилган бир гул. Аммо диққат билан қарасангиз, у оддий тасвир эмас, балки мазмунга тўла рамз, сўзлаётган образ тимсолида намоён бўлади.

 

Гуллар – санъатдаги энг гўзал, лекин энг кам гапирувчи образлардан бири. Рассомлар уларнинг рангини, шаклини, ҳолатини ва атрофидаги тафсилотларни синчиклаб танлайди. Маълум бир ҳолатда сўлиган атиргул, бошқа саҳнада эса оқ лиля (пиёзгул ёки замбак) – бу тасодифий чизмалар эмас, балки ҳар бири ўзига хос иконографик тилга эга. Санъат асарларида тасвирланган гулларни шунчаки “безак” деб қараш: уларнинг асл нутқини эшитмасликдир. Гул – сукунат ҳикоясидир – ҳеч нима демайди, аммо ҳаммасини билдириб туради. Мақоламиз шу ҳақда.

 

Тасвирий санъатда атиргул образига севги, гўзаллик ва шаҳвоний истакларни ифодалаш учун мурожаат этилади. Шунингдек, атиргул рангларига қараб, маъноси ҳам ўзгариб боради. Юқоридаги белгилар қизил атиргулга хос бўлса, оқ атиргул – садоқатни, пуштиси – самимийликни, сариғи эса рашкни ифодалайди.

 

 

Нилуфар гули тасаввуримизда кўзларини юмиб, чордона қуриб ўтирган Буддани эслатади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки нилуфар гули азал-азалдан тасвирий санъатда хотиржамлик, руҳий уйғониш, маънавий баркамоллик рамзини ифодалайди.

 

 

Барча замонлар учун ўзида илоҳий сирларни яширган лилия бокиралик, бегуноҳлик, оналик рамзини ифодалаши билан Биби Марям образига боғланади. Бокира Марям акс этган аксарият тасвирларга эътибор берсангиз, суратнинг бир четида, ё Жаброил фаришта қўлида, ё Марям қўлида Лилия гулини кўришингиз мумкин. Бундай тасвирларда лилия Марямнинг бокиралигини, она бўлиш арафасида эканини англатиб туради.

 

 

Гулсафсар тасвирига одатда кам дуч келганмиз. Шекспирнинг машҳур трагедияларидан бири бўлмиш “Ҳамлет” қаҳрамони, “Офелиянинг ўлими” номли барча суратларда гўзал Офелия жасади атрофида сузиб юрган гулсафсарлар ёшлик, муҳаббат, умр ёки ғам-ғусса ўткинчилигини айтмоқчи бўлгандек тасаввур уйғотади гўё.

 

 

Ҳамиша қуёшдан кўзини узмайдиган кунгабоқар гули эса ўзи ҳам қуёшга ўхшаши билан бизга умид ва ёруғликни эслатиб туради. Ван Гогнинг энг севимли гули бўлмиш кунгабоқар унинг ижодида, балки, ижодкор умидини ҳам ифодалагандир.

 

 

Менинг энг севимли гулим – наргис юнон афсонасига кўра, гўзал Нарcиссус ўз аксини сувда кўриб унга ошиқ бўлади, натижада ўзига бўлган ҳаддан ташқари севгиси туфайли вафот этади ва гулга айланади. Шунга асосланиб, бу гул руҳшунослик фанида ўзини севиш, тасаввуф адабиётида кўз шаклини эслатгани учун яратганнинг рамзига айланган. Тасвирий санъатда эса жавобсиз севги ёки бир тарафлама муҳаббат тимсолидир.

 

 

Мойчечаклар ҳамиша инсонга табассум улашгани каби тасвирий санъатда ҳам ёшлик, масъумлик рамзини ифодалаб келади. Рим мифологиясига кўра, Белидес исмли нимфа ўзига тикилган ёввойи эхтиросли кўзлардан қочиб, тангрилардан уни яширишини сўраган. Сўнг тангрилар уни мойчечакка айлантириб қўйган экан.

 

 

Анемона гули (Анемоне юнонча “anémōnē” – “шамол қизи” деган маънони англатади, яъни шамолда титрайдиган чиройли гул) қадим замонлардан буён турли маданиятларда кенг рамзий маъноларга эга бўлиб келган.

 

Юнон афсонасига кўра, Адонис ўлимидан қайғуга ботган Афродите йиғлайди ва унинг кўз ёшларидан анемона гуллари униб чиқади – шунга кўра бу гул севги, йўқотиш ва қайғу рамзидир.

 

Бундан ташқари, гулларнинг турли ҳолати: ғунча, сўлиган, узилган, чириган; гул билан боғлиқ таносуб сўзлар: барг, тикан, поя, банд, куртак, новда, гулчанбар каби тасвирлар ҳам сужетнинг бир қисми бўлиб, уларнинг ҳам ўз сўзи бор. Яхшиси, уларни бирма-бир таснифлаб чиқайлик.

 

·                   Ғунча – яширин гўзаллик ёки етилмаган туйғулар рамзи.

·                   Очилган гул – баркамоллик, етуклик рамзи.

 

Бунга мисол тариқасида “Хушхабар” мотиви акс этган расмларни яна бир бор эслаймиз. Жаброил фаришта келтирган ғунча ва очилган лилия гулли новда Марямга келтирилган илоҳий ваҳий сўзларини ифодалар эди.

 

·                   Сўлиган ёки тўкилган гул – ўлим, фожеа ёки ўткинчи туйғулар рамзи.

·                   Узилган гул – қурбонлик ёки айрилиқ рамзи.

·                   Тўкилган гул япроқлари – шаҳидлик рамзи.

 

(“Офелиянинг ўлими” мотивини эсланг.)

 

·                   Куртаклар – янги ҳаёт бошланиши рамзи.

·                   Поя, банд ёки новда – ички барқарорлик рамзи.

 

Бунинг энг яққол мисоли “The Marriage of the Virgin” (ўзбекчада: “Бокира Марямнинг никоҳи”) – ушбу мотивга бағишланган санъат асарлари бир неча буюк рассомлар томонидан яратилган, лекин уларнинг ичида энг машҳури Иккинчи ренессанс даврининг етук мусаввири Рафаел Санти ижодига тегишлидир.

 

 

Сурат марказида роҳиб (кўпинча авлиё ёки коҳин) Марям ва Юсуфнинг қўлларини бирлаштирган ҳолда турибди.

 

Юсуф қўлидаги новда куртаклаган – бу яҳудий ривоятларида: “Кимнинг новдаси гулласа, ўша Марямга уйланади” деган аҳд асосида чизилган.

 

Марям – оддий либосда, мулойим нигоҳ билан тасвирланган: итоат, қадарга розилик ҳолати рамзи.

 

Юсуф бу асарда қаҳрамон эмас – у ирода ижрочиси. Шу сабабли эътибор марказидан олиб қочишга уриниш бор, аммо бу унинг аҳамиятини камайтирмайди, балки чуқурлаштиради. Инжилда, айниқса, апокриф матнларида Юсуф катта ёшли, диндор, ҳалол, камгап одам сифатида тасвирланади. У Марямнинг бокиралигига путур етказмаган, балки тангри иродасига бўйсуниб, унга уйланган – бу унинг итоаткор ва ишончли эркак эканидан далолат. Рафаел Юсуфнинг хислатларини сукут ва тана тили орқали ифодалайди: Юсуфнинг нигоҳи ерга қадалган, юзида ҳиссий портлаш йўқ, ҳаракати жимжит – бу руҳий етуклик тимсоли. Юсуф ва Марямнинг тақдирига розилиги тасвирига контраст ҳолда бу никоҳдан норози бўлган бошқа эркаклар бири хомуш, яна бири гулламаган новдасини синдириб ташлаяпти: бу рақобат, тақдирдан норозилик ва танланмаганлик ифодасидир.

 

·                   Гулчанбар – илоҳийликка алоқадорлик рамзи.

·                   Тикан – гуноҳ ёки уят рамзи.

 

Исо Масиҳнинг ҳочга чормихланган тасвирига эътибор беринг.

 

 

Бунда Исонинг бошидаги тиканли гулчанбар қора рангда ва Масиҳнинг пешонасини қонатмоқда. Насроний ривоятларига кўра, Исо Масиҳ Одам Атодан башариятга мерос бўлиб келган илоҳий гуноҳни ювиш учун юборилган бўлиб, унинг бошидаги тиканли чамбар ана ўша гуноҳ рамзидир, унинг пешонасидан оқаётган қон эса шу гуноҳ учун бадал, деб қаралади.

 

Хулоса қилиб айтганда, бу ҳаёт саҳнасида ҳар ким ёки ҳар нарсанинг ўз моҳияти бўлгани тарзда ушбу ҳаёт инъикоси бўлмиш санъат асарларидаги ҳар бир қаҳрамон ва детал образ даражасига кўтарилгандир. Бу мақола тасвирий санъат асарларини таҳлил қилишингизда қўлланма вазифасини бажаришига умид қиламиз.

 

Зиёда ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

10:09 / 12.09.2025 0 63
Виждон овози

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 75
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 63
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21074
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//