“Беш китоб тавсияси” лойиҳасининг навбатдаги сони орқали ёш таржимон Мирзоҳид Музаффарнинг тавсиялари ҳақида ўқишингиз мумкин. Мирзоҳид ҳозирда Туркиянинг Aнқара университети, Тил-тарих ва жўғрофия факультетида тaҳсил олмоқда. Бугунги тақдим этилаётган сара китоблар эса ёшларнинг мутолаага қизиқиш даражаси ва дунёқараши ҳақида билишингизга ёрдам беради.
1. Зарифа Саидносирова, “Ойбегим менинг”
Аввалига бу асарни болалигимда ўқидим. Сўнгра ўсмирликка кирганимда қаердадир қўлимга тушди. Мана, бугун ҳам йигитлик чоғига бу китоб билан кирдим. Ҳаётнинг ҳар бир даври бу китобдаги хотираларни янада тиниқлаштириб бораверарди. Ойбек шахси мисолида ўша давр сиёсати, адабий муҳит ва ҳаёт тарзини ўзига хос, ўзбекчанинг бетакрор қирраларидан фойдаланган ҳолда ёритган мазкур мемуар доимо китоб тавсияларимнинг олд қаторларидан жой олади. Биз Саидносировани фақат яхши олима, рассом ёки Ойбек ҳазратларининг рафиқаси бўлгани учун эмас, балки оддийгина аёл ҳолатида ҳам шундай буюк асар ёза олиш мумкинлигини исботлагани сабаб ҳам яхши кўришимиз мумкин.
2. Ҳаролд Блум, “Ғарб Қомуси” – “Western Canon”
Америкалик адабий танқидчи ва дунёда ягона бўлган Шеърият профессори унвонига эга Ҳаролд Блумнинг ушбу қомусий асари ҳамон ўзбекчага таржима қилинишини кутиб турган минглаб асарлардан бири ҳисобланади. Блум ушбу асарида Ғарб адабиётини бугунгача олиб келган турли адабий мактаблар ва уларнинг ўзаро таъсирлашуви, танқид услублари ва Ғарбни Ғарб қилиб турувчи кўплаб омиллар билан бир қаторда Евросентрик маданиятни ҳам муфассал тушунтиришга ҳаракат қилган. Китобни ўқигач, Шекспир ва Беккетнинг айнан нима учун буюклиги ва бу буюкликдан кимга нима фойда эканлигини билиб олишингиз, Кафка ва Пессоа, Толстой ва Диккенс орасидаги услубий қарама-қаршиликлар фонида ўзбек адабиётида кузатилаётган баъзи бебурдликларни тўғри баҳолай олишни ўрганишингиз мумкин.
3. Эҳсон Ўқтой Анор, “Рутубатли Қитъалар Атласи” – “Puslu Kıtalar Atlası”
Ўн еттинчи аср Усмонли салтанатидан то Бағдодга, Басрадан Венецияга қадар узанган йўлда ёзувчи бизга тирикликнинг унутилган мазмунини, инсон ичидаги зулмат ва қадим Шарқ файласуфларининг фалсафасини ўз кўҳна лисони билан ҳикоя қилиб беришга уринади.
4. Раҳмат Файзий, “Ҳазрати Инсон”
Мустақилликдан сўнг кўплаб ёзувчилар қаторида Раҳмат Файзий ҳам унутилгандек, назаримда. Биз унинг асарларида бугун адабиётимиздан анчагина чекинган Тошкент руҳи билан биргаликда ўзбек халқининг бугунгидек майда масалалар ўрнига, бир замонлар чиндан инсоний муаммоларни ечишга уринганига гувоҳ бўламиз.
5. Ушбу қисмда баъзи психоаналитик ва фалсафий мақолаларни тавсия қилгим келди:
5.1. Зигмунд Фрейд, “Остоевский ва ота қотиллиги”
5.2. Альбер Камю, “Сизиф афсонаси”
5.3. Эрих Ауербах, “Одиссейнинг чандиғи”. Бундан ташқари ёзувчининг “Мимезис: Ғарб адабиётида реаллик тасвирлари” китобини ҳам ўқишингиз мумкин.
5.4. Сюзан Сонтаг, “Одатий заҳматкаш ўлароқ санъаткор”
5.5. Мартин Ҳайдеггер, “Шеъриятнинг моҳияти” – “Essence of Poetry”
5.6. Карл Гюстав Юнг, “Тўрт Архиетип” – “Four Archetypes”
Анча пайтга қадар Фрейднинг таъсирида юргач, унинг ҳам анчагина хатолари борлигини тушуниб етдим. Кейин эса Юнгнинг архиетипларига қизиқдим ва бугун ушбу китоб ҳар бир мутолаамда менга йўлдошлик қилади. Фақат, бундан аввал архиетип нима эканини тушуниб олиш керак, назаримда.
Сўнгги уч китобга изоҳ шарт эмас, деб ўйладим.
Фридрих Ницше, “Зардушт таваллоси”
Назар Эшонқул, “Мендан Менгача” 1-2 жилдлари
Лев Толстой, “Иқрорнома”
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ