“Муҳокаматул-луғатайн” ёзилиши тарихи


Сақлаш
15:20 / 24.07.2025 37 0

Сўз дур бўлса, дарёси – кўнгилдир

 

Туркий тилнинг жаҳон миқёсига чиқишида Алишер Навоийнинг беқиёс хизмати бор. Унинг тил, нутқ, сўз, лафз ҳақида шу қадар ранг-баранг фикру мулоҳазалари борки, улар она тилини ҳурмат қиладиган бирон китобхонни бефарқ қолдирмайди.

 

У “Муҳокаматул-луғатайн” асарида туркий тилнинг ғамхўри ва ҳимоячиси ўлароқ бу тилнинг ўзига хос лисоний хусусиятларини, форс тилини камситмаган ҳолда, ундан афзал жиҳатларини кўрсатиб, айни пайтда туркларни ўз она тилларида ижод қилишга қаттиқ ундади. Мазкур асар 1499 йили, шоирнинг ёши бир жойга борган, ҳаётий ва илмий тажрибалари, хулосалари пишиб етилган пайтда ёзилган.

 

Алишер Навоий чоғиштирма (контрастив) лингвистиканинг ёрқин намуналаридан бири “Муҳокаматул-луғатайн”нинг ибтидосида инсонни тил ва нутқ билан шарафлаган ва барча жонзотлардан мумтоз айлаган Аллоҳга ҳамду сано айтади. “Мен фасоҳатлироқ, яъни чиройлироқ ва аниқроқ гапираман” деган ҳазрат Пайғамбаримизга салоту салом йўллайди.

 

Улуғ шоир таъбирича, сўз дур бўлса, унинг дарёси кўнгилдир. Кўнгил барча катта-кичик маъноларни жамловчи хазинадир. Сўз дури кўнгилда “соҳиби ихтисос”, яъни сўз санъаткори воситасида чиройли нутқ шарафига эришади, унинг қиймати “фаҳм мартабаси нисбатида” шуҳрат тутади. Аммо сўз дурининг қадри гавҳардан баландроқ ҳам адоқсизроқдир. Чунки ўлган баданга яхши сўздан руҳ киради, ёмонидан эса тирик баданга заҳар ёйилади.

 

Дунёда тиллар кўп бўлса-да, Навоий араб тилини мўъжизакор ва улуғ тил деб билади. Бошқалар ҳам унинг бу фикрига қўшилишига ишонади. Чунки Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар шу тилда яратилган. Навоий ёзадики, Нуҳ алайҳиссалом тўфонидан кейин унинг Ёфас, Сом ва Ҳом номли уч ўғлидан барча асл тилларнинг манбаи: туркий, форсий ва ҳинд тиллари тарқалган. Нуҳ тўфонидан кейин дунё юзида башар жинсидан асар ва инсон зотидан намуна қолмагани учун ҳазрати Нуҳ Ёфасни – уни тарихчилар Абуттурк деб ёзганлар – Хитой мамлакатига юборди. Сомни, яъни Абулфурсни Эрон ва Турон мамлакатларининг ўртасига ҳоким қилди. Ҳом – Абулҳиндни Ҳиндистон мамлакатига узатди.

 

Тилшунос олим Қосимжон Содиқовнинг ёзишича, “Муҳокаматул-луғатайн” Навоийнинг илмдаги улуғ кашфиётидир. Асар тилшуносликда янгидан-янги соҳаларга асос солгани, тилни ўрганишнинг янги йўл ва усулларини очиб бергани билан ҳам аҳамиятли. Навоий ушбу асари билан дунё тилшунослигида биринчи бўлиб тилларни типологик ўрганиш соҳасини, уларни чоғиштириб ўрганиш ишини бошлаб берди. Яъни, туркий ва форсий тилни чоғиштириш натижасида фонетикада туркий тилнинг бошқа тилларда, хусусан, форсчада учрамайдиган ўзига яраша товушлари, семантикада нозик маъноли ҳаракат-ҳолатларни билдирувчи феъллар ва уларнинг мазмунга таъсири, синонимларнинг поэтикадаги ўрни, стилистик хусусиятлари, сўзларнинг кўпмаънолилиги, шунингдек туркий атамалар тизимининг ўта бойлиги сингари муҳим жиҳатларга эътибор қаратди.

 

Луғатшунос олим Эргаш Умаровнинг таъкидлашича, Навоий ўз асарида турк ва форс тилларидаги унли товушларни лексика ва морфология доирасида қиёслайди. Форс тилида унлилар сони чеклангани, ўзбек тилида эса унлилар маъно фарқловчи вариантларга эга экани ва улар ўзаро узун-қисқалиги билан фарқ қилишини далиллар орқали кўрсатиб берган.

 

Алишер Навоий ўзбек ва форс тиллари лексикасини қиёслаш учун табиат манзаралари, рўзғор буюмлари, ов жараёни, ҳайвон ва қушларнинг турлари каби жуда кўп соҳага оид юзлаб сўзларни келтириб, уларнинг муқобили форсчада йўқлигини, форслар кўпинча ўша ўзбекча сўзларнинг ўзини ишлатишларини таъкидлаган. Масалан, у “…хўбларнинг кўз ва қошлари орасинки, қабоғ дерлар, форсийда бу узвнинг оти йўқтур...” деб кўрсатади.

 

Навоий сўзларнинг кўп маънолилиги, синонимлар жиҳатидан ҳам ўзбек тилининг имконияти кенглигини, уларнинг шеъриятда турли нозик маъноларни ифодалашдаги аҳамиятини (от, ит, туш, ён, ёқ, бор, соғин, туз, кўк каби сўзлар талқинида) кўрсатади. Грамматик жиҳатдан ҳам ўзбек тили форс тилига нисбатан баъзи имкониятларга эга эканлигини таҳлил этади.

 

Маълумки, қайси тил маънони қисқа йўл билан ифодалай олса, ривожланган тил ҳисобланади. Масалан, ўзбек тилида биргалик нисбат қисқагина -ш аффикси орқали ясалади: “ва масдарға бир шин ҳарфи илҳақ қилмоқ била ул мақсудни топибдурлар. Андоқки чопишмоқ ва топишмоқ ва қучушмоқ ва ўпушмоқ ва бу шое лафздур”. Форслар бу маънони сўз бирикмаси орқали ифодалайдилар.

 

Навоий шахс оти ясовчи қўшимчанинг хусусиятини ўттизга яқин сўз мисолида исботлаб (қўрчи, сувчи, найзачи, юртчи, қушчи, барсчи, қўйчи, турначи, кийикчи ва ҳ.), ўзбек тилининг сўз ясаш ва фикр ифодалаш жиҳатидан ҳам ўзига хос имконияти мавжудлигини кўрсатган.

 

У ўзбек тилининг бойлиги ва қудратини, ифодавий имкониятини асосли таҳлил этиб, қуйидаги хулосага келади: ўзбек тилида бу хилдаги нозик маъноли сўз ва иборалар кўп, аммо “бу кунга дегинча ҳеч киши ҳақиқатиға мулоҳаза қилмоғон жиҳатидан бу яшурун қолибдур… ҳунарсиз туркнинг ситам зариф йигитлари осонлиққа бўла форсий алфоз била назм айтурға машғул бўлубтурлар”. Шунинг учун Навоий ўзбек шоирларини ўз тилида ижод қилишга даъват этади (Эргаш Умаров. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. М ҳарфи. “Муҳкоматул-луғатайн”).

 

Шоир фақат турк тилига хос, туркий шеъриятда нозик маъно қирраларига эга бўлган қувормоқ, қуруқшамоқ, ушармак каби 100 та феълни мисол қилиб келтиради. Навоий туркийдаги бу сўзларнинг форс тилида муқобили йўқлигини алоҳида таъкидлаб айтадики: “Бу юз лафздурки, ғариб мақосид адосида таъйин қилибдурларки, ҳеч қайси учун сорт тилида лафз ясамайдурларки, барчаси муҳтожун илайҳ­дурки, такаллум чоғида киши анга муҳтож бўлур”. Навоий сўзининг исботи сифатида 100 та феълдан бир нечтасининг маъноларини шарҳлаб, “токи даъвогар қаршилик кўрсатганида уялиб қолсин ва бошқаларини ҳам бунга солиштирсин” деб шеърий мисоллар билан фикрларини далиллайди. Биргина мисол келтирмоқчимиз:

 

“Шоирларнинг катталаридан баъзилари “май” таърифида муболаға қилибдурлар. Форсигўйлар “май хўрдан” ва “май нўшидан” иборалари билан май ичишни назарда тутадилар. Лекин туркларда сипқармоқ деган сўз бор:

 

Соқиё, тут бодаким, бир лаҳза ўзумдин борай,

Шарт буким, ҳар неча тутсанг лабо-лаб сипқарай.

 

Бу сипқарай сўзининг мазмуниға етганда, форсий шеърда не илож қилғайлар? Ва яна томшимоқ лафзики, ғояти завқдан тез-тез ичмас лаззат топиб-топиб, оз-оз ичар. Бу ғаройиб маъно адосида туркчада шундай матлаъ бор:

 

Соқий чу ичиб, манга тутар қўш:

Томший-томший ани қилай нўш.

 

Ва бўхсамоқ лафзи адосида турк бу матлаъни айтибдурки:

 

Ҳажри андуҳида бўхсабмен, била олмон нетай,

Май иложимдур қўпуб, дайри фаноға азм этай.

 

Форсигўй турк беклар ва мирзодалар бўхсамоқни форсий тил билан ифодалашни истасалар (бундай сўз йўқлиги учун) нима қиладилар?!

 

Шунингдек, туз, кўк, ит, от, соғин, туш, ён, кўк, ўт ва ҳоказо сўзларнинг бир нечта маънолари борлигини, форсийда битта сўз билан ифодаланадиган баъзи ҳайвонлар ва қушларнинг туркчада эркаги алоҳида, урғочиси алоҳида номланиши. Масалан, “...ва келдук қушқаки, анда муқаррар ва машҳур илбосун ўрдакдур. Ва сорт ул илбосунни худ билмас. Дағи турк ўрдакнинг эркагин сўна ва тишисин бўрчин дер. Ва сорт мунга ҳам от қўймайдур. Ва нар ва мода иккаласин мурғоби дер. Ва ўрдакнинг анвои билур қушчилар қошида, масалан, жўрка ва эрка, суқсур ва олмабош ва чоқирқанот ва темирқанот ва алдалдаға ва алапука ва боғчол ва бу йўсунлуқ дерларки, етмиш навъ бўлурким, сорт борисин мурғоби-ўқ дер. Ва агар бир-биридин мутамайяз қилса, туркча от била-ўқ айтур.

 

Ва жониворларнинг унидин бир от кишнамаганига шийҳа от қўюбдурлар, тева бўзламоғиға ва ўй мунграмагига ва эшак ҳанграмағиға ва ит тигишмағи ва улумағиға лафз йўқтур.

 

Яна от анвоидаки, тубучоқ ва арғумоқ ва яка ва ёбу ва тоту йўсунлуқ – борини туркча-ўқ айтурлар.

 

Юртимизда “Муҳокаматул-луғатайн” алоҳида ҳолда ҳам, Навоийнинг тўла асарлари таркибида ҳам чоп этилган. Яқинда Юсуф Турсунов томонидан асарнинг илмий-танқидий матни ҳам нашр қилинди.

 

Ушбу фазилатли асар турли йилларда хорижда ҳам нашр бўлган. Жумладан, француз олими Катрмарнинг саъй-ҳаракати туфайли 1841 йили “Тарихи мулуки ажам” асари билан бир муқовада Парижда, можор олими А.Вамбери томонидан асарнинг Будапешт қўлёзмаси можорча таржимаси билан 1862 йили босилиб чиққан. 1897 йили Валад Чалабий “Муҳокаматул-луғатайн” матни ҳамда туркча таржимасини Истанбулда нашр этди. Таниқли эронлик олим Турхон Ганжавий эса уни Катрмар нашри асосида форсчага таржима қилиб, муқаддима ёзади, асардаги 100 феълни форсча таржимаси билан 1910 йилда Теҳронда нашр эттиради.

 

Шунингдек, афғонистонлик олим Ҳалимжон Ёрқиннинг хабар беришича, “Муҳокаматул-луғатайн”нинг туркча таржимаси лотин ёзувида (Исҳоқ Рифъат Ишитмон. 1941), туркман тилида (Абдулҳаким Гулмуҳаммадов, Ашхобод, 1925), уйғурчаси (Ҳамид Темур, Урумчи, 1988), усмонли туркчада тўрт нусха асосида чуқур ишланган танқидий матни ҳамда кенг илмий тадқиқоти (Само Борутчу Ўзандар, Анқара, 1996), икки вариантдаги русча таржимаси (О.Усмонов, 1948, Н.А.Мелехова, 1968), ниҳоят, Лондонда инглизча таржимаси (Роберт Деврикс, 1966) ҳам босилган.

 

Ҳалимжон Ёрқиннинг яна гувоҳлик беришича, Афғонистонда “Муҳокаматул-луғатайн” уч марта нашр бўлган. Бундан ташқари таниқли олим доктор Ҳусайн Муҳаммадзода Сиддиқнинг муқаддима, тасҳиҳ ва таҳшияси (ҳошиялари) билан Табриз шаҳрида ҳам чоп этилган.

 

Бу асар Туркияда ҳам махсус ўрганилган. Турк олими Юсуф Четиндоғга кўра, Навоий туркий тилнинг форсчадан афзал жиҳатларини кўрсатишда беш асосий нуқтага эътибор қаратган:

 

туркчада мавжуд ва (унинг) маънодоши форсчада бўлмаган сўзлар;

 

туркча сўзларнинг маъно бойлиги;

 

туркчада унлиларнинг кўплиги;

 

ҳар бир борлиқ, ҳар бир яратиқ учун алоҳида бир сўзнинг мавжудлиги;

 

туркчанинг грамматик жиҳатдан бойлиги.

 

“Осон томон”га майл этма

 

Айтиш керакки, Навоий мазкур асарни ёзишдан бир қатор мақсадларни кўзлаган бўлса-да, асосий истакларидан бири туркий тилнинг лисоний ва бадиий имкониятлари ниҳоятда кенг эканини кўрсатиш ва шу орқали турк миллатига мансуб шоирларни ўз она тилида ёзишга тарғиб қилиш эди. “Муҳокаматул-луғатайн”да турк ва форс миллатларига хос бўлган донолик, закийлик ва соддалик жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтади. Жумладан “...турк сартдан кўра тезфаҳмроқ, тушунчаси юқорироқ, яратилиш жиҳатдан софроқ ва тозароқ яратилган. Сарт туркка қараганда фикрлашда ва илмда нозик нуқталарга эришувчан, фазл ва етукликда чуқурроқ тушунчали бўлиб етишган. Бироқ тилларида ортиқлик ва камчилик жиҳатидан катта фарқлар борки, турклар сўз тузишда сартлардан устун келганлар...”.

 

Навоий бу икки миллатнинг бир-бирига аралашиб кетгани, ўртада борди-келдилар, яқин муомала ва муносабатлар ташкил этилгани ҳақида сўз юритиб, айтадики, туркнинг каттадан-кичигигача, хизматкоридан бегигача сарт тилидан баҳраманд, эҳтиёжлари даражасида гаплашади, баъзилари адабий тарзда гўзал сўзлашади, ҳаттоки турк шоирлари форсий тилда рангоранг шеърлар ва ширин ҳикоятлар ёза олади. Аммо сарт халқининг қуйи табақасидан юқори табақаларигача, саводсизидан билимдонигача ҳеч қайсиси турк тилида сўзлаша олмайди. Ва бу тилда сўзлаганнинг сўзини ҳам тушуна олмайди.

 

Навоий турк тилининг шунча кенг лисоний ва адабий имкониятлари бўла туриб, турк халқининг форс тилида ижод қилишларини афсус билан таъкидлаб, бунинг сабабларини ҳам кўрсатиб беради. Унингча, турк тилининг тўлиқлиги шунча далиллар билан исбот қилингач, бу халқ орасидан етишиб чиққан истеъдодли кишилар ўз тиллари турганда, бошқа тилда ижод қилмасалар яхши бўларди.

 

Турклар “...агар ҳар икки тилда айтишга қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ва яна бир тилда озроқ айтсалар бўлар эди. Агар орттириб юбормоқчи бўлсалар, ҳар икки тилда тенг айтсалар эди”. Чунки “...турк тилининг барча ўткир зеҳнли (шеър битувчи)лари сарт тилида шеър айтиб, турк тилида бутунлай айтмай, кўплари айтсалар ҳам сартнинг турк тилида шеър айтганидек нозик фаҳм турклар қошида ўқий ва ўткаролмай ўқисалар, ҳар сўзларида юз айб топилиб, ҳар жумлаларига юз хил эътирозлар юзага келади”.

 

Бас, ижод оламига эндигина кириб келаётган ижодкор учун бу тилда ажойиб сўзлар ва ифодалар бўлишига қарамасдан, фикрларини гўзал тарзда, жозибали қилиб кўрсатиш қийин туюлади ва натижада бу қийинчиликдан малолланади ва зафарга эришиш учун кўнгли осон томонга – форс тилида ижод қилишга майл қилади. Навоий “осон томон” деганда узоқ асрлардан бери тайёр анъаналар ва қолиплар асосида шаклланиб келган форс тили ва шеъриятини назарда тутади. Шундай иш бир неча марта такрорлангач, у нарса табиатига ўрнашади ва одатий ҳолга айланиб қолади.

 

Улуғ мутафаккирнинг ўзи ҳам ёшлигида ижодини форс тилида бошлаганини эътироф этади ва “идрок ёшига қадам қўйилганда, Тангри аслда таъбимизда ғаройиб нарсаларга майлни ва нозик ҳамда қийин нарсаларни англашга киришишни табиий қилгани учун, турк сўзлари устида мулоҳаза юритиш лозим кўрилди” дейди.

 

Навоий турк тилини турли ташбеҳлар ва сифатлашлар билан мақтаб, бу тилда ижод қилган асарларини бир-бир санаб, тавсифлаб ўтади. Шунингдек форс тилидаги асарларига ҳам тўхталади. У турк ва форс тилида минглаб байтларни ёддан билгани ва ўқимаган девони қолмаганини ҳам қайд этади.

 

Навоий форс ва турк тилини шу қадар мукаммал билганки, унинг эътирофича ўттиз йилдан ортиқ, қирқ йилга яқин Хуросон мамлакатининг барча назм аҳли, ширин сўзли шоирлари унга ўзларининг ёзган асарлари ва шеърий машқларини кўрсатиб, маслаҳат олиб турганлар. Айрим баҳсли ўринларда Навоий ўзининг фикрларини далиллар орқали исбот қилгандан кейин “инсоф юзасидан қабул қилганлар”.

 

Куннинг рақамини чоршанба қилғил

 

Навоий тил ва адабиётнинг ривожи давр султонларининг эътиборига боғлиқлигини алоҳида таъкидлаган. У араб халифалигида Ҳассон Собит, Лақитдек сўз подшоҳлари, Иброҳим Маҳдий, Маъмун халифадек шеър ёзган подшоҳ ва подшоҳзодаларни зикр қилиб ўтади.

 

Дунёнинг баъзи иқлимларида форс султонлари ҳоким бўлганларидан кейин қасидада Хоқоний, Анварий, Камол Исмоил, Заҳир ва Салмон, маснавийда Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавийлар, ғазалда Хожа Ҳофиз, Саъдий Шерозий каби машҳур шоирларнинг етишиб чиққанини таъкидлайди. Аммо мамлакат араб ва форс султонларидан кейин турк хонларига ўтгач, Ҳулогухон замонидан Амир Темур соҳибқирон давригача шоирлардан ё султонлардан бирор таърифлашга лойиқ киши чиқмади. Аммо Амир Темур давридан то хушахлоқ фарзанди Шоҳрух Султон замонининг охиригача Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Атойи, Муқимий, Яқиний, Амирий ва Гадоий каби туркигўй шоирлар етишиб чиқди. Лекин улар ҳам юқорида номлари зикр этилган форсигўй шоирлар даражасида эмас эди. Фақат ёлғиз мавлоно Лутфийгина шеърий маҳоратда форс шоирларига тенг келар эди.

 

Навоий мазкур асарида Ҳусайн Бойқаро шахсига ва ижодига юксак баҳо беради. Унинг таъкидлашича, Ҳусайн Бойқаро турк тилининг тақдирига бефарқ бўлмай, унинг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширди. “Илтифот ва ғамхўрлик юзасидан баъзи сабаблар топиб, (турк тили билан) шеър айтишга ҳукмлар ҳам жорий бўлди, сўз услубини белгилашлар ва айтилиши устида таълимлар изҳор қилинди”. Лекин беклари бўлсин, шоирлари бўлсин “билимдон подшоҳнинг” бундай тарғиб қилиш ва ундашларига қарамай, улар адашиш йўлини танлади, кўпи, балки бари форсийга мойил ва у тил билан шеър айтувчи бўлдилар. Сабаби, турк тили таърифида юқорида айтилгандек, агарчи сўзлар кўп, ибора кенг, маънолар ажойиб, айтилишда равонлик бўлса-да, кўнгилга ёқувчи (шеърий матнлар) қилиб тузишда қийинчилик бор ва дилтортар қилиб тартиб беришда табъ меҳнат ва азоб чекади.

 

Бинобарин, араб ва форс тилларига эътибор берилиб, турк тили камситилган. Ана шундай шароитда Ҳусайн Бойқаро ёзувда турк тилини истеъмолга киритиш борасида махсус фармон берган. Бу дадил қадам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани шубҳасиз.

 

Ҳусайн Бойқаронинг ўзи асосан туркий тилда “Ҳусайний” тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Навоий “Мажолисун-нафоис”нинг саккизинчи мажлисида “...фасоҳат илмининг нукта бирла сеҳрсози ва балоғат жаҳонининг диққат била мўъжиза пардози” бўлган Ҳусайнийнинг шеърларини таҳлил қилган ва юқори баҳолаган. Бир ўринда “У ул ҳазратнинг хўб ашъори ва мapғyб абёти бағоят кўпдур ва девон ҳам мураттаб бўлубтур” деб таърифлайди.

 

Навоий Аллоҳ таолонинг “ал-мутакаллим” исмига мазҳар бўлиб, бошқаларга нисбатан имтиёз ва эътиборга эга бўлганини, халқ орасида шуҳрат топганини Ҳусайн Бойқаронинг иноят ва ҳимматларидан деб билади: “Агарчи барча нарсани ул ҳазратни шарафли исмига боғлаган ва олий лақабларига қўшган бўлсам ҳам, буларни бошқа марҳаматлари қаршисида қилиб, “Ал-мутакаллим” исмиға мазҳариятим узриға туркий ва сорт луғати кайфияти ва ҳақиқати шарҳида бу рисолани жамъ қилиб битидим. Ва анга “Муҳокаматул-луғатайн” от қўйдум”.

 

Маълумки, тил – миллий тафаккур рамзи ва тараққиёт асоси. Навоий учун ҳам тил, нутқ, сўз каби тушунчалар муҳим сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга. У тилга эътибор беришни элга эътибор бериш деб қарайди. Чунки тил миллатнинг урф-одати, руҳияти, ахлоқий қарашлари, ўтмиши ва келажаги билан боғлиқ ижтимоий ҳодисадир. Ўз тилини ҳурмат қилмаган, унинг тараққиёти учун жон куйдирмаган одам миллатга нисбатан ҳурматсиз ва виждонсиз киши бўлиб чиқади.

 

“Муҳокаматул-луғатайн” хотимасида Навоий унинг шунча меҳнат ва машаққат билан юзага чиқарган махфий илмидан хабардор бўлганлар уни дуойи фотиҳа билан ёд этишларини сўраб қолади. Асар қуйидаги рубоий билан якунланади:

 

Бу номаки, ёзди қаламим тортиб тил,

Таърихин анинг жумодиюл-аввал бил,

Куннинг рақамини чоршанба қилғил,

Тўққиз юз йилдин ўтуб эрди беш йил.

 

(Мазкур рубоийда асар ҳижрий 905 йил, жумодул-аввал ойи, чоршанба куни, мелодий 1499 йил 4 декабр куни поёнига етганига ишора қилинмоқда.)

 

Мақола сўнгида шуни айтмоқчимизки, Навоий араб ва форс тилларини яхши билган, қаттиқ ҳурмат қилган. Лекин ўз она тилининг шарафи ва иззати учун курашишни, уни тарғиб ва ташвиқ қилишни виждон амри деб билган ва шу йўлда “Муҳокаматул-луғатайн”дек беназир асарини ёзган. Зотан, барча замонларда ҳам миллат зиёлилари, шоир ва ёзувчилар аввало она тилининг фидойиси, ҳимоячи ва тарғиботчилари бўлишади.

 

Сайфиддин РАФИДДИНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.

“Тил ва эл” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

13:07 / 25.07.2025 0 30
Дунё хунук эди…





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19614
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//