“Тақиқ қўймас, аммо кези келса қаттиққўл эди” – Абдували Қутбиддин ҳақида қизи хотиралари


Сақлаш
09:39 / 23.07.2025 55 0

Чувидим, узримни айтдим боламга,

Мен кириб чиқувчи қайси оламдан...

 

Абдували Қутбиддиннинг шеърларини ўқиб, илоҳиёт сари интилаётган руҳнинг овозини эшитгандай бўлади одам. Ичида инжа бир ҳислар туяди, шоирнинг қалб туйғулари билан эш бўлиб кетади. “Шеър одам руҳининг сўзлаш услубидир”, деган эди шоирнинг ўзи. Айни шу услуби ўқувчини унинг оламига етаклайди. Гўёки у бошқа оламдан... Биздан анча олислардан...

 

“Мен ернинг одами эмасман, бошқа оламданман. Ҳаётимнинг ҳар лаҳзаси курашлардан иборат”, дерди отам, – эслайди Шаъвона Абдували қизи. “Отам ёнимизда юрган фаришта эди”, дейди кенжа қизи Насима. Шоирнинг қизлари билан суҳбатлашиб, Абдували Қутбиддин ҳақиқатан ўзга оламдан эканига амин бўласиз.

 

Болалигимда йўлдан ўтар чоғ отам кучли қўллари билан қўлимни маҳкам қисиб олар, нариги тарафга ўтиб олмагунимизча асло қўйиб юбормасди. Қўлларим шу қадар оғрирдики, йўлнинг тезроқ тугашини истардим. Лекин у кишининг қаттиқ хавотир олаётганини билиб турганман. Бугун отам ёнимизда эмас, мен эса тез-тез яна ўша болаликка қайтиб, отамнинг йўлдан ўтказиб қўйишини хоҳлайман, дея отаси ҳақидаги хотираларини бошлади Шаъвона опа.

 

– Отам кўп айтарди “Москвада ўқишни давом эттиргим бор эди, бобонгдан рухсат тегмаган-да” деб.

 

Ўқишга кетолмагач уйланган, кейин мен туғилган эканман. Туғилишим биланоқ отамни армияга чақиришган. “Уч ойлик эдинг, уйдан хат келди, расмингни ҳам қўшиб жўнатишибди. Бир пасда Абдувалининг қизи дея бутун полкда суратинг қўлма-қўл бўлиб кетди. Анча машҳур эдинг”, деб армияда менинг суратимга қараб ўтказган кунларини ҳикоя қилиб берарди. Мен эса мароқ билан эшитардим. Оилада биринчи фарзанд, биринчи набира бўлганим учун ҳамманинг эътибори менга қаратилган экан. Бувимнинг опичлаб, эркалаб кўтариб юрганини ҳалиям эслайман. Яна отамнинг фотоаппарати ҳам бўлган. Айтишларича тоғаси совға қилган. Болалигимни фотоларга муҳрлаб қўйган. Эмаклаганим, юрганим, завқланиб кулаётганим... Ҳатто бир суратда отам мен билан бирга эмаклагани тушиб қолган. Ким олган билмайман, балки ўзи туширадиган тугмасини босиб туширгандир. Хуллас, менга бу суратлар жуда қадрли. У киши техникага жуда қизиқарди. Нима янгилик бўлса, магнитофон дейсизми, видео қўядиган дейсизми, ҳаммасидан бизнинг уйимизда бўларди. Пул йиғиб бўлса-да, албатта сотиб оларди.

 

Пойтахтга кўчиб келганимизда уч ёш эдим. Унгача қишлоқда турганмиз, отам ойда бир борарди. Ўнга киргунимча эскишаҳарнинг Олча кўчасида, Қутбиддинхон бобомнинг уйида яшаганмиз. Ўйинқароқ эмасманми, баъзида уйдагиларга айтмасдан, индамайгина дугоналарим билан Ҳастимом тарафларга кетиб қолардим. Онамдан роса дакки эшитардим, лекин отам билмаган.

 

Ҳовлимиз мевали дарахтларга тўла эди. Ҳар баҳор дарахтлар гулласа, отам узоқ томоша қилиб ўтирарди. Биз эса меваси пишишини кутардик, пишиқчилик бошланиши билан дарахтдан тушмасдик, гилосу ўрикларни териб еб қўярдик.

 

Отам қанча меҳрибон бўлса, шунча қаттиққўл ҳам эди. Тошкентга энди кўчиб келган пайтларимиз мен ва укам бор эдик, бошқа укаларим ҳали туғилмаган. Иккаламиз ҳам ерга урса осмонга сапчийдиганлардан эмасмизми, кўп тортишиб, уришиб қоламиз. Шу ҳол такрорланавергач, бир куни отам иккаламизни дарахтга боғлаб қўйди. “Қани, уришиб кўринглар-чи” деди. Арқон бўшроқ боғланган бўлса-да, ечолмадик. Ўзи ҳам ухламасдан, тонггача ёнимизда ўтириб чиққан. Дарахтнинг бу четида мен, бир четида укам, на йиғлай оламиз ва на кулоламиз.  Ноодатий жазолаш эди. Хатомни тушунишим учун етарли бўлган. Ҳатто катта бўлгач, укамдан кечирим ҳам сўраганман.

 

Отам қизларини “Қизгинам қирмизгинам, энг ёруғ юлдузгинам” деб суярди, чақирарди. Кейинчалик келинларига ҳам шундай мурожаат қилган. У киши ҳақида қанча гапирсам, шунча кам. Орзу қилишдан тўхтамайдиган, гўзалликни севувчи, боладай беғубор, меҳрибон, оқкўнгил инсоннинг фарзанди эканимдан ҳар дам фахрланаман, ғурур туяман. Мен у кишидай одамни бошқа учратмадим десам ҳам бўлади. Ўзи айтмоқчи ерлик эмасди.

 

Отам билан ўтган охирги ёз... Ўшанда мазза қилиб суҳбатлашдик. Болалигидан сўйлади. Бобоси, бувиси ҳақида... Бобомиз катта олим, шайх бўлган. Бувимиз эса Фузулийни, Навоийни ёддан билар, эртагу ривоятлар, масалу маталлар айтиб берар экан отамга. Мен ҳам болалигимни эсладим. Бобомнинг ўта камгап, камсуқум одам, бувимнинг эса мулойим, меҳрибон аёл эканини гапирдим. Қишлоққа борсак, ҳаммамизни атрофига ўтирғизиб, эртагу масаллар айтиб беришини хотирладим. Отам менга болалигини тўлқинланиб гапираркан, “Ёзиб олмаган эканман ўшанда, кўпи ёдимдан кўтарилибди” деди афсусланиб. Мен ҳам бир фарзанд сифатида отамнинг кўпдан-кўп орзуларини амалга оширолмаганимдан афсус чекдим. Бу отам билан суҳбатларимизнинг охиргиси эди.

 

Қиш... Умрининг охирги кунлари... Келдим, отамнинг ёнига чўкдим, қўлимни ҳув ўша болаликдаги каби қаттиқ сиқиб қўйди. Билдимки, отам учун янги бир йўл бошланаяпти...

 

* * *

– Отам ёнимизда яшаб, секингина ўтиб кетган фариштасифат бир одам эди, – дейди Насима опа. – Болалигимиз отам сабабли саргузаштларга бой ўтган. Балки кичик бўлганим, балки кўп бетобланганим учундир, отам ишдан келибоқ мени опичлаб оларди. Кўтариб юриб, кўнглимга қарарди. Опам билан акамнинг қилмаган шўхлиги йўқ эди. Бир куни улар дарахт учига чиқиб, мева териб еди. Мен, табиийки, чиқолмасдим, уларга ҳавасланиб, термулиб ўтирганимни кўрган отам “юқорига чиққинг келаяптими?” деди. Ва мени даст кўтарди-да томга олиб чиқди. Кўрпача тўшаб, осмонга қараб хаёл суриб ётдик. Ҳавога нималарнидир чизиб кўрсатди. Шундан кейин тез-тез отам билан томга чиқадиган бўлдик. “Осмонга, ойга, юлдузларга қара, қандай гўзал” дерди. Бирга юлдуз санардик. Ой билан суҳбат қилардик. Отам осмонга қараб хаёл оғушида қолса, менам худди у кишидай осмонга термулиб ётардим. Лекин ҳеч нарсани ўйламаганман, болаликда ўй қаёқда дейсиз. Ўша-ўша мен осмонни, юлдузларни, ойни яхши кўраман. Ҳалиям бўш қолдим дегунча осмонга қараб хаёл сураман.

 

Ҳовлимизда дарахтлар кўп бўларди. Ҳар биримизнинг дарахтимиз бор эди. Опамники, акамники... Отам бўлиб берган. Меники анор эди. Анор ҳосилга кириб, пишса, отам мени чақириб, “қара, меваси пишди” дерди. Мен ўзимда йўқ қувонар, кейин мазза қилиб ердик. Баҳор келиши билан уйимизни макон тутган қалдирғочларни завқ билан томоша қилардик. Табиатнинг ҳеч бир ҳодидаси отамни бефарқ қолдирмаган.

 

Отам ҳар доим бекинмачоқ, қувлашмачоқ ўйнашни яхши кўрарди. Биз билан қувалашса, у кишининг ота эканини унутардик, худди ўртоқдай. Айниқса, бекинмачоқ жуда қизиқ бўларди. Мабодо мен тополмасам, секин овоз берарди, топағонлигимдан хурсанд бўлиб, завқланарди. Агар мени изласа борми, ҳечам тополмасди (кулади). Олдимдан ўтиб кетсаям “Насима қани, кўрмадиларингми, тополмаяпман” дерди. Алдаб-сулдаб топиб оларди. “Мана мен” деб чиқиб қўйганимни билмай қолардим.

 

Ўйинчоқ идиш-товоғим кўп бўлган. Бир куни ўйнаб ўтирсам, отам келиб қолди. “Насима, кел, икков ўйнаймиз, мен отаси, сен қизи бўласан, исминг Маша бўлади, овқат пишираман, сен ейсан” деди. Овқатимни шундай ўйнаб-ўйнаб едирганлари эсимда.

 

Уйимизда гитарадан тортиб микрофонгача бўларди. Баралла қўшиқ куйласам, завқланиб, “қизим, ашулачи бўласанми?” дерди. Яна уйдаги юмшоқ ўйинчоқлардан фойдаланиб, отам тез-тез театр қўйиб берар, бир гал Зумрад ва Қимматни ижро қилган. Эҳ-ҳе, мазза томоша.

 

Ҳеч нарсага тақиқ қўймас, ҳур фикр, эркин ўсишимизни истаган отам кези келса қаттиққўл ҳам эди. Баъзида, гапига кирмасак, аразлаб қоларди. Отамни хафа қилмаслик учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилардим. У киши қалбимизни зуғум билан эмас, муҳаббат билан эгаллаб олганди.

 

Аҳён-аҳёнда Насима деб чақирмаса, доим “қизгинам, қирмизгинам, энг ёруғ юлдузгинам” деб чақирарди.

 

Бир куни бетобланиб шифохонага тушдим. Кўргани келди. Шоколадхўрман, лекин ейиш мумкин эмас. Акс ҳолда касаллик зўраяди. Чўнтагидан икки дона сникерс олиб, онамга кўрсатмай, секин ёстиғимнинг тагига солиб, кўзини қисиб қўйди. “Онангга кўрсатмай е” деди. Хурсандлигимни айтмайсизми. Отам шундай нажот фариштаси эди мен учун.

 

У киши футбол мухлиси, мен ёнида қўшимча томошабин. Гоҳида ярим кечагача футбол кўради. Тушунсам-тушунмасам мен ҳам экран қаршисида ўтираман. Орада стол устида шеър ёзилган варақларни кўриб, нималигини сўраб ҳол-жонига қўймасдим. Отам ярим кечаси ҳамма ухлаб қолгандан кейин ижод қиларди. Биз фарзандлар унинг алоҳида ўтириб шеър ёзаётганини кўрмаганмиз. Қолаверса, у кишининг ижодхонаси бўлмаган. Қаер тўғри келса, ёзиб кетаверар, инжиқ эмасди.

 

Отам билан шу қадар яқин эдикки, ҳатто университетга имтиҳон топширгани ҳам бирга борганмиз. Борсак, кўпчилик қизлар онаси ё опаси билан борибди. Мени ичкарига кузатаётиб, отам қўлларини дуога очиб, осмонга қараб илтижо қилиб турса, бир-икки бегона қиз мени туртиб, “отангизга қаранг, сизни дуо қилаяпти” деган. Жуда таъсирланиб кетганман. Кўпчиликнинг ҳаваси келган. Шундай отам борлигидан фахр туйганман ўшанда.

 

Олой бозори атрофига, кўп қаватли уйга кўчиб чиққач, отам кўп ишлайдиган бўлди. Деярли кўрмасдик, эрта кетиб, кеч келган. Лекин доим онам орқали назорат қилиб турарди. Ҳаммамизга китоб ҳадя қиларди, ўқидингми деб тергамаса-да, ҳамма китобларни ҳижжалаб ўқиб чиқардик. Яна чет эл сафарларига борса, қўйни-қўнжи тўлиб-тошиб совғалар билан келарди. Ҳаммамизни ёнига ўтирғизиб, сафар таассуротларидан сўйлаб берарди.

 

У киши ишдан қайтса, эшик очилишиданоқ отам эканини ҳаммамиз билардик. Чунки отам очса, эшикнинг овози бошқача чиқарди. Индамаса-да, келишидан олдин ҳамма ёйган нарсаларимизни териб қўярдик. Ва албатта отам яхши кўрган таомни тайёрлардик. Палов ва мантини хуш кўрарди. Суюқ овқатларни деярли емасди. Отам ҳамма нарсадан гўзаллик изларди. Таомни ҳам чиройли қилиб дастурхонга тортмасак, кўнгли тўлмаган. Норозилиги сезиларди.

 

Яна у киши хат ёзишни яхши кўрган. Онам билан уришиб қолса ҳам бир энлик хат ёзиб, кўрпа қатига солиб кетарди. Кейин у хатни мен олиб, ўқиб, яна қайта жойига қўйиб қўярдим. Қондан ўтган бўлса керак-да, мен ҳам хат ёзишни яхши кўраман. Ҳамма фарзандларининг ёзишга уқуви бўлса-да отам бирортамизнинг журналист бўлишимизни истамади негадир.

 

Отам ҳазилкаш, дуогўй, самимий одам эди. Ҳар куни бир телефон қилиб овозини эшитмасам, кўнглим тинчимасди. Гўшакни кўтарар экан, аввал обдон эркалаб, суйиб, кейин узундан-узоқ дуо қиларди раҳматли.

 

Ўлимидан сал олдин экан, ёз эди, Чорчинорга бориб, осмонларга қараб тўйиб-тўйиб нафас олди. Кейин тепага, бобомнинг зиёратига чиқдик. Ўша ерда ҳам қўлларимдан маҳкам тутиб мени юқорига олиб чиқди.

 

Охирги куз... Уйдан қўнғироқ бўлди. Хўжайиним Тошкентга кетамиз деди. Ҳайрон бўлдим. Келсак, отам жонлантириш бўлимида экан. Бизни ташлаб кетади деб ўйламагандим. Бувим олдига кирса, ҳаммаси зўр дея қўли билан ишора қилибди (отам ҳар доим бирор ютуққа эришсак ё нимадандир хавотирлансак, тинчлан, ҳаммаси зўр дея қўли билан ишора қилиб кўрсатарди). Бувим хурсанд бўлиб, “болам яхши экан, менга ҳаммаси зўр деди” деб чиқди ёнидан. Ичим ёришгандай бўлди. Лекин афсуски... Орадан бир ой ўтиб, қаҳратон қиш кўнгилларимизни ҳувиллатиб кетди. Отам Чорчинорни ўзига макон тутди.

 

“Ерда бўлсам-да осмондаман” деб кўп такрорларди, осмонларни ватан қилди. Отамнинг дуоларисиз қолдик. Кетишидан олдин ҳаммамизнинг қўлларимизни бир-бир сиқиб, “мен ўлмайман, мен сизларда яшайман” деди. Отам ваъдасини бажарди, энди ҳар куни тушларимда отам билан биргаман. Соғинсам, охирги ёзган шеъри “Осима”ни қайта-қайта ўқийман:

 

Кўзимдан ўпиб қўй, Осима!

Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин.

Тишласанг, тишларинг ҳаммаси тилла,

Лабларинг ёлқин…

 

Гулжаҳон НАМОЗОВА тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.

“Ўзга олам одами” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

13:07 / 25.07.2025 0 15
Дунё хунук эди…





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19599
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//