Асфандиёр сиёсати, Исломхўжанинг ўлими – Хотира асарларида Хоразм тарихи


Сақлаш
14:58 / 22.07.2025 194 0

Тарихни ўрганишда архив ҳужжатлари, расмий манбалар, матбуот, фото-фоно материалларидан ташқари хотиралар, мемуарлар, оғзаки тарих маълумотлари ҳам ўта аҳамиятли. Хусусан, Хоразм тарихини яратишда бундай беназир манбалар сифатида Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг “Ёш хиваликлар тарихи (хотиралар)” китоби, Абдулла Болтаев “Хоразм тарихига оид материаллар”, Бобожон Сафаров “Хоразм тарихи”, Маткарим Отажонов “Хоразмни ўрганиш учун материаллар”, Жуманиёз ҳожи Бобониёзовнинг “Хива инқилобий ҳаракати тарихига оид материаллар” қўлёзмаларини келтириш мумкин. “Ёш хиваликлар” партияси етакчиларидан Бобоохун Салимов ҳам ўз фаолиятини қоғозга тушириб борган. Мазкур эсдаликлар бутун ҳолда топилмаган бўлса-да, Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг “Ёш хиваликлар тарихи” китобида Бобоохун Салимов хотираларига каттагина ўрин ажратилган[1]. Албатта, юқоридаги манбалар тарихчи олимлар томонидан ўрганилган ва аллақачон илмий муомалага киритилган. Бироқ уларда акс этган ҳақиқатлар ҳамон ўз баҳосини топган эмас. Ваҳоланки, бу асарлар яқин ўтмишимизда кечган тарихий воқеликларни ҳаққоний ёритишда ўта муҳим ахборотлардир. Бугунги мақоламизда Жуманиёз ҳожи Бобониёзовнинг “Хива инқилобий ҳаракати тарихига оид материаллар” қўлёзмасининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

 

 

Жуманиёз ҳожи қўлёзмасида Асфандиёрхоннинг ҳокимиятга келиши ҳақида: “Муҳаммад Раҳим II ўлмасидан бир ҳафта бурун арз ва дод ишларини валиаҳди, ўғли Асфандиёрға топшуруб, Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғлини Исфандиёрға йўлбошчи қилиб таъйинлади. Муҳаммад Раҳим ўлгач хонни сақлаб ўлтурғон хос маҳрамларидин Давлатмурод маҳрам ва Кичик Мамат маҳрамлар Исломхўжаға тезлик билан боруб муни хабар қиладирлар. Амударё музофоти ҳокими Ғлушонувский ёнида икки юз отлиқ Руссия аскари билан Исломхўжанинг кейинидин келиб Эски арк ичкарисиға кирадилар... Буларнинг буюрдиқларини ўрунға келтуриб туруш учун икки юз нафар Руссия аскари қўюлди. Аскар ва сипоҳийларнинг бу тариқа от чопушмоқларини кўпдан кўрмаган Хива халқи орасида хейлиғина қўрқуш ва чўқ ҳаяжонлар туғулуб кўчаларга чиқмаган киши қолмади дейиш мумкиндир. Эски арк ичкарисига киратурғон ҳар ким бўлса-да буларнинг рухсатини олмасдан кирмак қатағон қилинди...

 

Хон кўтариш йўсиниға кўра кераклик амалдорлар келиб саф бўлғоч эски анъанаға мувофиқ оқ кигиз билан кўтариб тахтға чиқориб хонлиғ махсус бош кийими бўлғон (жиғони) бошиға кийдириб, дастлаб Ғулушановский, сўнгра Исломхўжа, қозикалон ва бошқа вазирлар Асфандиёрға байъат (қасамёд) қилдилар...” дейди.

 

Шунингдек, муаллиф хотира дафтарида икки хонни шундай таққослайди: “... Муҳаммад Раҳимхон ўқумоқ, ёзмоқни билса-да, жаҳон сиёсати, маданияти ва тараққиёти ишлариндан тамоман жоҳил киши бўлиб, 47 йил Хоразм муқаддоротини қўлида тутиб, маданий ва тараққий ишларига ҳомийлик ҳам қиларди... Муҳаммад Раҳимхон Хивани истило қилғонидин сўнг ўлганигача ўрусларни сўкиб кетди. Муҳаммад Раҳимнинг фикринча ҳар бир янгилиқ урусларнинг тартиботидин келиб чиқар эди... Хоразмнинг ҳозирғи усули идорасини йўқ қилиб ислоҳ қилинмоқи зарурийдур деб юрган кишиларни Муҳаммад Раҳим II қувватламағони каби аларға бир турли жазолар ҳам бергани кўрулмағондур. Аммо русларға сиёсий бир душман бўлиб, рус подшолиғи мустамлака қуллиқидин қутулиш йўлларини излаш учун интилган эмасдир. Кўтара қилиб айтқонимизда Муҳаммад Раҳим II замона сиёсатидин бегона, йўнақой (содда) катта каллалик бир киши эди. Муҳаммад Раҳимхонни хоразмликлар “қаррихон” деб атайдилар. Лекин унинг ўғли Асфандиёр бутунлай бошқа бўлуб, тараққийпарвар Исломхўжанинг йўлбошчилиғи ва тарбияси орқасида фикрий ёқдан хейлигина уйғонғон мунда бир шуурли мустабиднинг мужассам тимсоли бўлуб етушкон эди. Исломхўжанинг кўрсаткани бўйинча у замона сиёсатларининг бориши ва хон девонхонасининг тилмочи тотор Аҳмаджон Акайефдан русча ва туркча ўқуб, 1904 йилдан бошлаб бутун русча ва тоторча, туркча, озарбойжонча газет ва журналларға обуна бўлуб, жуғрофия, тарих ва адабиётға оид китобларни Истанбул ва Озарбойжондин махсус келтуртуриб ўқур эрди. Мундан бошқа газетлар бўлса Рамазон Сайдашевға ўқуттурур эрди. Мазкур тотор Аҳмаджон Акайефнинг Асфандиёрға ўқитувчилиқ қилиб, уни сиёсий фикрларга ошно қилиб юрганлиги Ниқолай ҳукуматига маълум бўлғоч йўқ баҳоналар билан бўшатилиб, унинг ўрниға чўқунғон Карнилуф юборилган эди. Асфандиёр юзаки тараққийпарвар бўлуб ҳақиқатда руҳонийлар қадар мутаассиб, Ниқолайлар қадар мустабид эди. Петрбурхға саёҳатлари Асфандиёрдоғи қонхўрлиқ фикрининг мустаҳкамланишига ёрдам қилди. Асфандиёр ҳар бир кишининг ҳар бир маъмур ва сипоҳиға ўзига ёроша муомала қилиб, хонлиқ рутбаси даражотини ва муомилотини яхшиғина билур эди. Асфандиёр отаси каби жоҳиллиқидан келган бир мутаассиб эмас, балки онгли ва шуурли мустабиддир”.

 

Жуманиёз ҳожи Бобониёзов Асфандиёрхон ҳукмронлигининг илк йилини қаламга олар экан, “... Зулҳижжа ойининг иккиланчи, жумаъ куни соат 5 ларда бирдан ҳаво ўзгариб, кучли тўфоланлар туро бошлоғони, шуни билан бирга кучлик совуқ тутти. Совуқнинг қаттиғлиғи шу даражага етушдиким, шул куни Амударё Орол кўлидин бошлаб Чоҳоржўйға борғунча тункаб (музлаб) қолди. Бу вақтларда одатда ҳаво мулойим бўлуб келгани сабабли кўпчилик халқ қиш ҳозирлиқларини тамом қилғони йўқ эди. Кўп йиллардан бери Хоразм ўлкасида бу тариқа шиддатлик совуқ бўлғони кўрилмағон бир нарсадир. Ўтин, кўмир келтириш учун қумға кетган кишиларнинг кўпчилиги музлаб қумларда, йўлларда ўлиб қолганларидек, мол ва ҳайвонлари-да тўкилиб ўлдилар. Совуқ тақрибан уч ойғача чўзилиб кўпчилик ёғочларни совуқ уруб кетди. Мундан кун кўришга иқтидори бўлмағонлар ўзларини Тажанга қароб отғон эдилар. Хоразм халқининг очлиқ балосидин қутулишиға Тажаннинг ғалласи катта кўмакчи бўлғони ҳамда хейли кишилар Тажанга кетиб вафот қилғонлари учун шу йилни “Тажан йили” деб атайдурлар” дейди.

 

Аввало Россия мустамлакаси Хива хонлиги билан иқтисодий муносабатларнинг ўсишидан манфаатдор эди. Шу сабабдан ҳам Туркистон генерал-губернаторлиги Кенгаши қарорига кўра Хиванинг янги хони Асфандиёрга мамлакатда ислоҳот ўтказиш вазифаси топширилган. Бу ислоҳотларга раҳбарлик Асфандиёрхон томонидан Вазири акбар Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғлига юклатилади. Исломхўжанинг 1911 йил 23 январда Девонлар Кенгаши тасдиғига берган ислоҳот дастурида хонлик ҳаёти учун муҳим бўлган 10 та тадбир белгиланади. Унда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиётига йўналтирилган тадбирлар, жумладан, хон хизматидаги мансабдорларга хазинадан иш ҳақи тайинлаш, ердан олинадиган солиқ тартиби, сувдан фойдаланишни тартибга солиш, алоқа йўлларини яхшилаш, хонликдаги барча шаҳар ва ноибликларда замонавий касалхона, амбулаториялар барпо этиш, вақф ерларидан келадиган даромаднинг бир қисмини маориф-маданият ишларига жалб этиш, мактаб-мадрасаларда ўқитиш усулини яхшилаш, янги усулдаги мактаблар очиш, таълим тизимига дунёвий фанларни киритиш, хазинага тушадиган даромадни ҳисоб-китоб қилиш каби долзарб масалалар илгари сурилган эди.

 

Абдулла Болтаев. Хоразм тарихига материаллар қўлёзмаси.

 

Исломхўжа 11 моддадан иборат ҳокимларга кўрсатмалар ва 10 моддадан иборат ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқади. Бу: 1. Хонликдаги мансабдорларга лавозимига қараб маош белгилаш; 2. Деҳқонлардан солиқ олишни тартибга келтириш; 3. Закот, бож, хирож кабиларни тартибга солиш; 4. Аҳолидан савдо-сотиқ учун солиқларни тартибга солиш; 5. Ерларни суғориш ишларини тартибга солиш; 6. Йўллар, темир кўприклар қуриш ва почта-телеграф хизматини ташкил қилиш; 7. Шаҳарларда касалхоналар қуриш, қишлоқларда фельдшерлик хизматини очиш, тиббий хизматчиларни таклиф этиш; 8. Барча вақф ерларини марказлаштириш ва даромадларини маориф ишларига сарфлаш; 9. Барча мактабларда янгича ўқитиш усулига ўтиш, мактублар дастурига рус тили, география, тарих фанларини мажбурий қилиб киритиш; 10. Хон хазинаси ҳисобини юритиш, кирим-чиқим китобларини олиб бориш.

 

Хотира дафтарида шундай маълумотлар бор: “Ҳамма замонларда ҳам янгилик осонлик билан қабул қилинган эмас. Аркдағи ўттиз икки амалдор орасиға тозадан амалдорлар орттуриш масъаласи Абулғозидин бери кўрулмаган бир ҳодиса бўлуб, Вазири акбарлик мансабиға 32 амалдордан орттуруб Исломхўжанинг тайин қилиниши ҳамда аъёнларнинг хоҳишлариға мувофиқ бўлиб топилмади. Бу аҳвол эски вузаро ва умаролар, уламо ва эшонларнинг ғурурлариға тегиб, улар ислоҳотға қарши ёшурун равишда бир туркум шаклида бирлашдилар...”. Асфандиёрхон қатағони отаси Муҳаммад Раҳимхон II нинг яқин маҳрамларидан Давлаткелди дўғма ҳамда Давлатмурод маҳрамларнинг уйида тинтув ўтказишдан бошланади. Исломхўжа раҳбарлигида уларнинг уйидан жуда катта бойликлар ҳукумат хазинасига олинади. Асосий сабаб Асфандиёрхоннинг оғаси Абдулла тўрани кучсизлантириш ва Петербург сафари учун маблағ тўплаш зарурияти эди. Асфандиёрхоннинг Петербург сафари тайёргарлиги тахминан уч ойга чўзилиб, бу вақтда Хоразмнинг барча санъаткор заргарлари хоннинг машҳур Тозабоғ ҳовлисида тўпланиб, ўн саккизта олтин қилич, ўн саккизта дастаси олмос ва асл тошлар билан ҳалланган олтин пичоқ, тўққизта тож, қирқ дона ёвмут гиламлари, ўн саккизта зотдор ёвмут отлари, эгар-жабдуқлар ва бошқа кўплаб қимматбаҳо совғалар тайёрлаганлар. Шунингдек, сафарда Асфандиёрхонга Вазир акбар Исломхўжа, Девонбеги Ҳусайинбек Муҳаммад Мурод ўғли, Карвонбоши – Муҳаммад Вафобой Баққолуф, жами ўттиз киши ҳамроҳ бўлганини ёзади.

 

 

Император саройидаги тантанали маросимларда Асфандиёрға генерал, Ҳусайнбек девонбегига полковник, Вазири акбар Исломхўжа ва карвонбоши Муҳаммад Вафоларга катта юлдуз нишони ва ленталар берилади. Хотирадаги энг муҳим воқеликлардан бири бу Асфандиёрхоннинг Бухоро амири Олимхон билан учраштирилишидир. Жуманиёз ҳожининг ёзишича, “Асфандиёрнинг Фитирбурхға борғонида Бухоронинг тоза амири ҳам Фитирбурхда бўладир. Шул аснода ҳар икки мусулмон хонларининг бир-бирлари билан кўрушмакларини Ниқолай амр қилғонини Асфандиёрға билдурилгандур. Бу амрни келтурган хорижия министри Асфандиёрға қараб Бухоро амрининг қошиға Сиз борасизми ёки Бухоро амири сизнинг қўшинингизга келсунму, деб сўроғоч Асфандиёр онинг жавобида Бухоро амири менинг қўшимға келсун, дейдир. Хорижия министри Асфандиёрнинг истагини билгандин сўнгра, ондоғ бўлса Бухоро амирининг ёниға Асфандиёр дарҳол Сардорбой, яъни Омонкелдини чоқириб буюродурким: Сан Бухоро амирининг ёниға боруб оқ подшо ҳазратлари икки мусулмон хонларининг мулоқи бўлмоқларини амр қилғонлари сабабли сизни хон ҳазрат чоқирурлар дегил. Бу ишни бажаришингда сенга 6 нарсани шарт қилиб бўйнингға юклайман: 1. Амир ёниға берухсат кирурсан. 2. Кўришмакчи бўлса қўлун ўпмагайсан. 3. Ўлтурмоқға рухсат қилса ошоқда ўлтурмай курсида ўлтурғойсан. 4. Сўз сўрағонида қаттиғ ҳавойи билан жавоб берғойсан. 5. Ярим соатдан кечга қолмай қайтиб келғойсан. 6. Инъом берса қабул қилмағойсан, деб Сардорбойни Бухоро амири ёниға юборадир. Сардорбой кетмасидан бурун шуни ҳам қўшиб таъкид қиладирким, агар менинг биргина шартимға ҳам хилоф қилсанг, албатта сани ўлтирурман. Чунки менинг давлатим онинг давлатидин кам эрмасдур, балким зиёдадур. Онинг юртининг улуғ бўлғони бирлан давлати улуғ эрмасдур, дегондур.

 

Сардорбой кетгач, онинг изидин Муҳаммад Солиҳбой, Муҳаммад Вафо карвонбоши ўғилларини ондужи қилиб юборса-да, Сардорбойнинг қилғон ишларидин ҳеч бир маълумот ололмайдур (Негадир амирнинг олдига Сардорбой эмас, унинг акаси Ҳусайнбек Муҳаммад Мурод девонбеги ўғли борган – муаллиф). Ҳусайн Муҳаммадбой амирнинг ёниға кириб таъзим қилиб салом беродур ҳамда оёқда тик турғондур. Амир кўришмоқчи бўлуб қўлини узотқондур.

 

Ҳусайн Муҳаммадбой амир бирлан кўришуб, амирнинг қўлин ўфкондир. Амир ўлтурмоқға курси кўрсаткондир. Ҳусайн Муҳаммадбой амирға ҳурмат қилуб курсида ўлтурмай ошоқда ўлтурғондур (жосус, ишфиюн).

 

... нима тўғрида келгонин сўройдур.

 

... жаноб оқ подшоҳ ҳазратлари икки мусулмон хонларининг йўлуқишмоқларини меҳрибон бўлғон эрконлар деб жавоб бергондур.

 

... андоғ бўлса жаноб хонингизнинг хизматлариға бир соатдан кейин ўзимиз борурмиз, деб Асфандиёрға бир дона бирлиёнтли олтун соат ва Ҳусайн Муҳаммадбойға зарбоф камарли чекман ҳадя қилуб рухсат бергондур.

 

Ҳусайн Муҳаммад бой Асфандиёр ёниға қайтиб келиб, соатни Асфандиёр ёниға чиқориб қўёдир.

 

Асфандиёр соатға қарамасдан туруб, дарҳол шартларимни ўруниға келтурдингму, деб сўройдир.

 

“... тақсир, сиз менинг валинеъматим бўлсангиз, амир эса Бухоро тожикларидин бўлса, Сизнинг амрингизни қилмай ҳаддим борму?” дегондир.

 

Асфандиёр меҳмондорларни чоқуруб Бухоро амири бирлан йўлуқушмоқ учун айрим жой тайёрламоқни буюродур. Ниқолайға махсус уйлардан бирини тайёрлонғонидан кейин ҳар иккиси шул жойина боруб, ҳеч гафлашмасдан бир истикон чой ичиб, ўз қўшлариға қойтиб кетодирлар”. Икки хоннинг бундай муваффақиятсиз учрашуви махсус ташкил этилган эди.

 

Бобожон Сафаров. “Хоразм тарихи” асари қўлёзмаси.

 

Хотирада ёзилишича, Исломхўжа ислоҳотларининг дастлабки икки йилидаёқ улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан:

 

“1 – Тоза Хива ташкил қилиш. Урганч дарвозасининг орқасидағи кема кўфрук атрофида ўтурғон майда косиблар бўёқчи ва темирчиларнинг дўконлари олиниб йиқдурмоқға буюрилди. Аваз Муҳаммад тўранинг еридин ўтган дарёнинг ёфини кўмдириб фуқароларға жой солишға берилди. Оз замон ичида кўҳна терс масжидга борғунча фуқаролар томонидан дўконлар, ҳовли бинолар солиниб, Чорсу бозор қурулди.

 

2 – Хива хонлиғиға қарағон бутун ерларни ўлчаш. Руссиядан махсус чоқирилғон, тахминан ўттиз қадар инжирил (инженер)ларнинг ёнлариға хиваликлардан бир нафар девон ҳамда бир нафар хизматчи қўшилиб Дорғондан Қўнғротғача таноб урмоқни буюрулуб, Исломхўжанинг ғайрати била Руссиядан чоқирилғон инжирилларга ясотилғон тоза Хиванинг фулони (режа) буюрулди.

 

3 – Хастахона ва телеграфхона биноси. Асфандиёр Фитирбурх борганида Ниқолайнинг ўғлиға икки юз минг манат ҳадя қилиб, шул оқчаға мазкур шаҳзоданинг отиға Хивада хастахона солишнинг рухсатини олғон эди. Урганч дарвозасининг ёқинида Паҳловон ёфининг жануб томонида Аллоҳберган Қаро девон деганнинг боғини олиниб, қирқ кишилик ётоқхонали бир хастахона қурулди. Хастахонанинг кунботар девори ўртасидағи пештоқда Ниқолай ўғли Алексейнинг оди ёзилғон эди. 1919 инчи йилида хон Жунайднинг замонида шул ёзувнинг усти оқ ганч била суволиб бекитилди.

 

4 – Асфандиёр даҳмаси. Паҳловон ёфининг орқасида даҳма биноси бошлатди. Даҳма икки бўлимдан иборат бўлиб, кун ботар тарафи даҳма ва кун чиқар томонидоғи бўлими мадрасадир. Дахма бўлими бир дарсхона била олти гумбаздан иборат бўлиб, мадраса бўлими қирқ ҳужра ва бир катта масжиддан муташаккил эди. Мадраса биносиға кўп аҳамият берилиб Раҳимберган маҳрамни соҳибкор таъйин қилинди...

 

5 – Зиндон хона биноси. Мундин бурун Хивада гунаҳкорларни ҳибс қилиш учун махсус бир жой йўқ эди, бўлғонлари ҳам ғоят кичик ўтирмоқ, ётмоқ мумкин бўлмағон хароб жойлардан иборат бўлуб, тўрт-беш кишидан ортуқни сиғдирмағони каби берк жойлар эмас эди. Шунинг учун Урганч дарвозасининг ёқинидоғи Отажон Фозочи деганнинг ҳовлиси ўрнидан зиндонхона солунмоқға бошланди.

 

6 – Йўлларни тузатиш. Тошқори қалъадағи Тошкўфрикдан тутуб кема куфрикга келгунча йўлнинг ҳар икки тамонида ўтурғон бутун косиблар кўчирилиб дўконларни йиқдирулди. Йўлни 12 газ ўлчоғида кенгайтирилиб, то Фулод султон қишлоғина борғунча тегиз қилинди ҳамда Урганч дарвозасини йиқдириб икки дарвоза қилиб солунмоқға бошланди. Бу дарбозаларнинг бири шаҳар ичкарисидин чиқишға ва иккиланчиси шаҳарга киришига махсус эди. Урганч дарвозасига Қўша дарвоза деб от берулди.

 

7 – Арналарға темур кўфруклар қуриш. Ғозиобод ва Шоҳиободға ўхшаш арналарнинг йиғоч кўфрукларини қолдурулиб ўрниға темир кўфруклар қуруш учун Руссиянинг фабрикларига беш дона темир кўфрук буюрулди. Инқилобдан 3 йил кейин – 1923 инчи йилда Ғозиобод ва Шоҳи Ободға қурулғон нотамом қолғон кўфруклар биткарилиб эди...”.

 

Исломхўжанинг ислоҳот дастури.

 

1912 йил ислоҳотлар авжига чиққан пайтда Асфандиёрхон ножоиз харажатларни авж олдира бошлайди. Жуманиёз ҳожининг ёзишича: “... Паҳловон ёфининг орқосидоғи Абдулқодир тўранинг ўттиз таноб, Асғар Маҳмуд тўранинг ўн таноб ер ва боғлари олиниб, эллик таноб кенглигида бир боғ қилиш ҳам шунинг ичида кошинлик бир кўшк солиш Отаниёз девон Маҳмуд девон ўғлиға буюрулиб, оз замон ичинда биткарилди. Боғнинг исми Тоза Тозабоғ деб аталди”. Шунингдек, “... Асфандиёр илк бошида Исломхўжанинг Кенгаши билан иш қилиб келган бўлса-да, хонлиғини Ниқолайға тасдиқ қилдириб барча муомалот йўл-йўруқлариға ошно бўлғондин кейин Исломхўжанинг истагига қоршу ҳаракатлар ҳам қила бошлади. Шу жумладан: Исломхўжа ислоҳот ишларини бекор қилиш учун турлик тадбирларга мурожаат қилиб, темир кўфруклар солиш, Хива шаҳрига телегром келтириш, хастахона майдонға чиқориш, йўлларни тузатиш каби энг муҳим ишларга кераклик оқчаларни топишда қийин бир ҳолға тушкон бир чоғларида Исломхўжанинг қаршулиғиға қарамасдан Нуруллобой ҳовли кўринишхонасининг орқа томонида Шарқ ва Оврупо меъморининг усулида бир кўшк солишни буюради. Исломхўжа Асфандиёрнинг ўринсиз бўлғон шу ҳаракатига бутун борлиғи билан қаршу бўлса-да, Асфандиёрнинг бу хусусдағи осрорлиқ ва қаттиқ вазиятидин шубҳаланиб ниҳоят шу кўшкни солиб биткаришни Раҳимберган маҳрам Раҳмонберган ўғлиға буюрди. Шу йили қиш ўрталарида кўшк биткарилди. Кўшк харажотлариға тахминан етмиш минг тилло ёки бир юз йигирма олти минг сўм чиқғондур...”.

 

Жуманиёз ҳожи, умуман барча “Ёш хиваликлар” хонликдаги кечаётган воқеликларда, хусусан туркман сардорлари билан зиддиятларда империянинг қўли борлигини сезиб турар эди. Хотирадаги “Маҳмудхон воқеасида Ниқолай маъмурларининг ҳам қатнашиғи бор” деб номланган бобда, “...Ниқолайлар ҳукумати Хива хонлиғини ўз ҳимоясида бўлиб турғониға ҳам қаноат қилмасдан тўғридан тўғри бошқа мустамлакалари қаториға қўшиши ва Хива хонлиғини бутунлай йўқ қилиш учун ҳар турли воситалар била заминлар тайёрламоқда экани маълум бир нарсадур. Мана шунинг учун Ниқолай маъмурлари Хива тўғрисида шундай тадбирларни қилишға киришдилар: бир томондан халқ орасида тинчсизлиқ туғдириш, иккинчидан халқни ёшурун равишда ўзларига тортиш, учинчи томондан бўлса Хива хонлиғи билан ҳам расмий муоммалаларни узмасдан ўртаға келиб чиққон қийинчилиқларда мужмал кенгашлар бериб, ёмон вазиятларга қолдиришдан иборат эди” дейди.

 

Бобониёзов Жуманиёз ҳожи. Хива инқилобий ҳаракати тарихига оид материаллар.

 

Туркман сардорлари исёни хавф солиб турган вақтда марказ қутқуси билан йирик ер эгаларига солиқ солиниши баҳона бўлиб Саййид Исломхўжани йўқотиш режасини туза бошлайди. Матвафо-карвонбоши Баққолов, Ашур-маҳрам ва Рўзмат маҳрамлар хон атрофига тўпланиб, Исломхўжага қарши фитна уюштирадилар. Натижада тараққийпарвар Исломхўжа суиқасд қурбонига айланди. 1913 йил 9 август оқшоми Нуриллабой саройидан уйига кетаётган Исломхўжа Ропанак боғининг остида Ўғлон Азизбобо ёнида ёллаган қотил Қурбонбой бўзчи бошлиқ бир неча кишининг ҳужуми натижасида бўғизлаб ўлдирилди. Исломхўжанинг от араваси қочиб Чорсуга борганида савдогарлар уни таниб, изидан боришади ва оқибатда Исломхўжанинг майитини топишиб уйига элтадилар. Бу пайтда жиноятни содир этганлар аллақачон қочиб кетган эди. Исломхўжа уламо томонидан шаҳид деб эълон қилинди ва ўзи бунёд эттирган “Саидмуҳаммад моҳи рўйи жаҳон” қабристонига қўйилади. Исломхўжанинг ўлими билан боғлиқ воқеаларни текшириш учун Петербургдан юборилган генерал ҳеч нарсани аниқламай хондан пора олиб қайтиб кетади. Ислоҳотларни тўхтатган хон Муҳаммад Вафо Боққолов ва Ашур маҳрамлар таъсирида юртда порахўрлик, талон-тарожлар авж олиб кетди. Асфандиёрхон Маҳаммад Вафо карвонбоши ва Ашир маҳрамларга қарши чора кўриш ўрнига саройида айш-ишратда яшашда давом этади.

 

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, Жуманиёз ҳожи Бобониёз ўғлининг хотира битиги Хоразмнинг сўнгги давр тарихини ўрганишда жуда муҳим манба. Умуман бундай хотира битиклар нафақат ихтиёрий, балки совет маъмурларининг талаби билан ҳам ёзилган эди. Шунинг учун хотира битикларида имкон қадар хон ва унинг амалдорларига нисбатан танқидий фикр устивор бўлган. Жуманиёз ҳожи Бобониёз ўғлининг хотира дафтарида ҳам Муҳаммад Раҳимхон, Асфандиёрхон ва саройнинг бир қанча амалдорларига нисбатан шундай муносабат сезилса-да, ҳақиқат кўпроқ баён этилган. Хусусан, Асфандиёрхоннинг тахтга ўтириш маросими, Исломхўжа ислоҳотлари кўлами ҳамда зиддиятларнинг асл моҳияти, Асфандиёрхоннинг Олимхон билан учрашиши, хон ва туркман сардорларининг низолари шулар жумласидандир.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари музейи бош илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори



[1] Юсупов П.Ҳ. Ёш хиваликлар тарихи. (Хотиралар) // Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи М.Матниёзов. – Урганч: Хоразм, 2000 (1999). – Б. 644; Жуманиёз ҳожи Бобониёзов. Хива инқилобий ҳаракати тарихига оид материаллар. ЎзР МДА. И-125-фонд, 1-рўйхат, 609-иш, 7 – 49-варақлар; Абдулла Болтаев. Хоразм тарихига оид материаллар. Қўлёзма. ЎзРФА Шарқшунослик институти фонди. 9320-рақам; Бобожон Сафаров. Хоразм тарихи. Қўлёзма. ЎзРФА Шарқшунослик институти фонди. 10231-рақам; Маткарим Отажонов. Хоразмни ўрганиш учун материаллар. Қўлёзма. ЎзР ФА Шарқшунослик институти фонди. 11666/1-рақам.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24969
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//