
Тошкентлик Иброҳим Ориф ўғли (ёки Иброҳим Ёрқин) ҳақидаги дастлабки тадқиқотлар 1970 йилларда Туркиядаги Анқара университети олимлари томонидан амалга оширилган. 1988 йил унинг юбилейи муносабати билан ташкил этилган конференция маърузаларида олим ҳаёти ва фаолиятининг кўплаб қирралари очиб берилган ва кейинроқ алоҳида тўплам ҳолида нашр этилган. Аммо бу тадқиқотларнинг аксарияти унинг Туркиядаги фаолиятинигина қамраб олган, холос.
Ўзбекистонда эса Иброҳим Ориф ўғли ҳақидаги илк тадқиқотлар ўтган асрнинг 90 йилларидан бошланди. Шерали Турдиев «Улар Германияда ўқиган эдилар» номли китобида Иброҳимбек ҳақидаги маълумотларни биринчилардан бўлиб тақдим этди. «Жаҳон адабиёти» журналининг 2002 йил июнь ойидаги сонида эса Иброҳим Ориф ўғли хотиралари илк бор ўзбек тилида нашр қилинди. Сўнгги йилларда хорижда ўқиган талабалар мавзусини атрофлича ўрганган А. Йўлдошев тадқиқотларида ҳам унинг хориждаги фаолиятига бирмунча тўхтаб ўтилган.
Шундай бўлсада, бошқа кўплаб жадидчи ёшлар каби Иброҳим Ориф ўғли шахсини ҳам тўлиқ ўрганилган деб бўлмайди. Сабаби шу пайтгача унинг ҳаёт ва фаолияти алоҳида тадқиқот объекти сифатида тадқиқ этилмаган. Шундан келиб чиқиб, ушбу мақолада мавжуд тадқиқотлар ҳамда айрим янги манбалар асосида Иброҳим Ориф ўғли портретига чизгилар берилиб, унга оид маълумотларни бойитиш мақсад қилинган.
Иброҳим Ориф ўғли 1902 йил 23-октабрда Тошкент шаҳрининг Себзор даҳаси Кўҳота маҳалласида туғилган. Отаси Орифхон эски усул мактаб ва мадрасада таҳсил кўрган, илмга хайрихоҳ инсон эди. Онаси эса Қосимхўжанинг қизи Кароматхон бўлган. Оила моддий жиҳатдан ўзига тўқ эди. Хусусан, Орифхоннинг сулолавий тарзда мерос қолган мулки ва савдо дўконлари бўлиб, моддий жиҳатдан яхши таъминланганлик оила аъзоларини илм-маърифатли бўлишида ўзига хос ўрин тутган.
Иброҳим Ориф ўғли ўз хотираларида отаси Қуръон ва унинг тафсири билан бирга Яссавийнинг «Девон»и, Навоий ва Сўфи Оллоёр каби шоирларнинг асарларини севиб мутолаа қилишини алоҳида қайд қилган.
Оиладаги 5 фарзанд (Обидхон, Абдулқодирхон, Иброҳим, Исмоил ва Фароғатхон) ичида тўнғич Обидхон укаларининг таълим-тарбиясида қатнашган. У мадрасада таълим олишдан ташқари, Туркия, Озарбойжон, Қрим ва Қозондан келтирилган газеталарни ўқиб, ўз-ўзини тараққий эттирган зиёли инсон бўлган. Иброҳим Ориф ўғли айнан унинг ташаббуси ва қўллови билан жадид мактабида таълим олишга йўналтирилган.
«Катта акам Обидхон мени ва маҳалламиздаги 8 болани биздан тўрт километрча узоқликда жойлашган Қуйи Девонбеги маҳалласидаги Эшонхўжа Хонийнинг янги усулдаги бошланғич мактабига ёздирди. Болаларнинг кўпчилиги кейинчалик бу мактабга қатнай олмай қолди, мен эса у ерда ўқишни битирдим», дея ёзади Иброҳимбек.
1925 йили Берлинга келган Заки Валидий ва туркистонлик талабалар учрашуви (орқада ўртада турган Иброҳим Ориф ўғли).
Иброҳим Ориф ўғлининг миллий руҳдаги ислоҳотчи бўлиб етилишида, шубҳасиз, жадид мактабидаги таълимнинг ўрни беқиёс эди. Унинг устози Эшонхўжа Хоний Туркистонда илк янги усул мактабини очган, Мунавварқорининг ёнида ёрдамчи бўлиб ишлаб тажриба орттирган, Исмоил Ғаспирали китобларини мутолаа қилиб, у билан мактублар орқали фикр алмашган етакчи ойдинлардан бири эди.
Унинг хизматлари натижасида Иброҳим Ориф ўғли кўнглида ватанпарварлик туйғулари ниш уради. «Маълумоти нафия» номли тарбия дарслари орқали замонавий илм олиш заруриятлари, ота-онаси, жамият ва миллатга фойдали бўлиш лозимлиги англаб етади.
Кейинчалик у шундай ёзади: «Эшонхўжа Хоний менинг фикран ўсишимда ва менда миллий ҳиснинг уйғонишида катта роль ўйнади».
Иброҳимбек таълимни Мунавварқорининг рушдий (ўрта босқичдаги жадид) мактабида давом эттиради. У ерда умумий тарих (Фотиҳ Каримийнинг «Тарихи умумий» китоби асосида), математика, табиат ҳодисалари, тажвид, форс ва араб тили, рус тили бўйича сабоқ чиқаради. Айни пайтда, акаси Обидхон кутубхонасидаги турли давлатлардан келтирилган китобларни мутолаа қилиш орқали илмини янада сайқаллаб боради.
Хусусан, Туркиядан олиб келинган «Қомуси олам», «Маданият тарихи», «Кафказ тарихи», «Саёҳатномайи кубро» номли китоблар, Озарбойжондан келтирилган Собирнинг «Хўпхўпнома»си ва «Мулла Насриддин» номли ҳажвий журналларни тўлиқ ўқиб чиқади.
Иброҳимбекда миллатни қарамлик ва таназзулдан олиб чиқиш фикрининг мустаҳкамланишида мустамлакачилик зулмининг оқибатлари ҳам маълум даражада роль ўйнайди. Мунавварқори мактабининг рус инспекторлари томонидан мунтазам равишда текшириб турилиши, босқинчи манфаатларига зид ҳар қандай ғояни илдизи билан қўпориш ҳаракатларига гувоҳ бўлган ёш авлод қалбида озодликка интилиш туйғулари кучайиб боради.
«Мен Мунавварқорининг рушдий мактабида ўқиган йилларимда Русия идораси ўқув инспекторлари мактабимизга тўсатдан келиб, фойдаланаётган китобларимизни текширарди. Уларнинг мақсадлари бизнинг мактабда мавжуд бўлган дарслик ва бошқа ўқув китобларининг Русия идораси нуқтаи назаридан зарарлими ёки йўқми, шуларни текшириш эди» деб ёзади муаллиф ушбу давр ҳақида.
1915 йил ўрта босқичдаги жадид мактабини битирган Иброҳим Ориф ўғли кейинги таҳсилни Усмонийлар давлатида давом эттиришга қарор қилади. Лекин, Биринчи жаҳон уруши муносабати билан Россия ва Усмонийлар орасида юзага келган кескинлик Иброҳим Ориф ўғлининг Истанбулга боришига имкон бермайди. Шунда Эшонхўжа Хоний ва акаси Обидхон маслаҳатлашиб, унинг кейинги таҳсилини рус гимназиясида давом эттиришига қарор қилади.
1916 йил Иброҳим Ориф ўғли Тошкентдаги рус прогимназияси қошидаги ўрта мактаб имтиҳонларини топшириб, яхши натижа олишига қарамасдан рус тилини билмагани учун бошланғич синфга қабул қилинади. Рус мактабидаги ўқиш давомида Иброҳимбек Ивановнинг «Туркистоннинг қисқача тарихи», Лавровнинг «Туркистон географияси», Масалскийнинг «Туркистон ўлкаси», Куропаткиннинг «Шарқий Туркистон» ва қозоқ султони Кенесархоннинг ўғли Содиқ Султоннинг таржимайи ҳоли китобларини ўқиб ўлка тарихи ва унинг буюклигини янада теранроқ англаб етади.
Иброҳимбек 1921 йилда Туркистон давлат университети Техника факультетининг Маъдан муҳандислиги йўналишига ўқишга киради. Ўша пайтда ушбу олийгоҳ талабалари орасида туркистонлик ёшларнинг сони бармоқ билан саноқли даражада оз эди. 1921-1922-ўқув йилида Иброҳимбек факультетида 3 донагина маҳаллий талаба мавжуд бўлиб, улар Иброҳим Ориф, Аҳмаджон Иброҳим ва қозонлик Тинчурин эди. Университетдаги рус талабалар уларга менсимасдан истеҳзо билан қараб, гўёки, бу «маданий тараққиётдан ортда қолган ерлик»лар илм олишга қобилиятли эмас деб ҳисобларди. Иброҳим Ориф ўғли ва дўсти Аҳмаджон ўқув йили охирида аналитик геометрия фанидан муваффақиятли имтиҳон топширганидан кейингина рус талабаларининг уларга нисбатан муносабати ижобий томонга ўзгаради.
Туркистон давлат университетидаги қисқа таълимдан кейин Иброҳим Ориф ўғли ҳаётида илмий-маърифий фаолият бошланади. У рус тилининг моҳир билимдони сифатида таржима ишлари билан шуғулланиб, 1922 йили ўша вақтда бутун совет ўрта мактабларида ботаникадан дарслик вазифасини ўтаган профессор Трояновскийнинг «Ўсимликлар» китобини ўзбекчага таржима қилиб, нашр қилдирди. Ш йили Маориф комиссарлиги томонидан унинг ботаникага оид яна бир таржима рисоласи чоп этилади.
1921-1922 йиллари туркистонлик иқтидорли ёшларни чет элга ўқишга юбориш ҳаракати бошланади. Шу мақсадда Мунавварқори, Фитрат, Чўлпон каби туркистонлик йирик маърифат ва жамоат арбоблари ҳамда фаол ёшлар ташаббуси билан «Кўмак» номли ёрдам уюшмаси тузилади. Туркистондаги университет ва ўрта ўқув юрти талабалари орасида бу жамият номи анча танилиб қолади. Иброҳим Ориф ўғли ва дўстлари ҳам унинг ишида фаол қатнаша бошлайди.
Иброҳимбек «Кўмак» орқали Туркияга кетиш учун ҳозирлик кўра бошлайди. 1922 йилнинг центабр ойида у ўз ҳисобидан Туркияга етиб келади. Унинг шериклари Абдулғани Қурбон ва Ёқуб Файзий Истанбулда таҳсилни давом эттиришга қарор қилган бўлса, Иброҳим Ориф ўғли Берлинга йўл олади.
«1922чи сана нўябр ойларинда илм-маориф маркази бўлғон Олмонияга келуб бир қадар замон ерлашмакла машғул бўлдук. …Панционларга ерлашур ерлашмас тил ўрганмоқға, тўғриси бизларга мажҳул бўлған бу илм ирфон дунёсини танимоқға ва танишмоқға бошладик», дея ёзади Иброҳимбек.
1924 йили Берлиндаги Вилгелм университетининг Тил факультети курсини битирган Иброҳим Ориф ўғли Бонн зироат олий мактабига қабул қилинади ва у ерни 1927 йили муваффақият билан тамомлайди.
Хориждаги таҳсил давомида у туркистонлик ёшлар билан бирга «Туркистон талаба жамияти»ни ташкил этиб, Туркистонда қолган дўстлари билан мунтазам фикр алмашиб туради. Германияда туркистонлик талабалар асос солган бу жамиятнинг мақсад ва вазифалари илм-маорифни тарғиб қилишдан бошқа нарса эмасди.
Иброҳим Ориф ўғли Туркистонга юборган мактубларидан бирида шундай ёзади: «Жамиятимиз бутун туркистонликлар маориф ва маданияти учун барча ерли зиёлиларни бирлашуб ишламоқлари учун йўл очар. Оврўпа илм-ирфонини Туркистонга танитмоқға ва мактабларга ерлашдирмоқға чалишар». Айни пайтда, ундаги ватан соғинчи, Туркистон озодлиги учун кураш ҳисси ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Шу сабабли 1929 йилдан у Берлиндаги Мустафо Чўқай раҳбарлигида очилган, Туркистон озодлик ғоясини тарғиб қилувчи «Ёш Туркистон» журналида таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида иш бошлаган. Журнал ҳайъати таркибида ишлаётган туркистонлик дўстлари Тоҳир Шокир, Аҳмаджон Иброҳим, Афзал Абдусаид каби ёшлар билан ҳамкорликда фаолият олиб борган. Тоҳир Шокир ва Иброҳимбекнинг журнал ҳайъатидаги асосий вазифаси мақолаларни босмага тайёрлашдан иборат бўлган. Лекин, кейинчалик фикрий зиддиятлар ва моддий қийинчиликлар натижасида Иброҳимбек бу журнал нашри ишларидан чекиниб, Туркияга кетишга қарор қилган.
Иброҳим Ориф ўғли Анқара университети иш столида. 1948-йил
Ортга қайтган туркистонлик талабаларнинг тақдири, хусусан, совет таъқибига учраб қатағон қилинаётгани бошқа талабалар қатори Иброҳим Ориф ўғлида ҳам хорижда қолиш фикрини мустаҳкамлаган. 1928 йили Германиядаги таълимни якунлаб, Венгрияга кетган Иброҳим Ориф ўғли у ердаги зоотехника марказида саккиз ой тадқиқот ўтказиб, Венгриядаги Дебриж университетининг Табиий фанлар факультетида «Туркистондаги жуғрофий аҳвол ва чорвачилик» мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилади. У Иброҳим Ёрқин номи билан дунё илм-фанида танила бошлайди.
1930 йилнинг кузида Иброҳим Ёрқин Германиядан Туркияга кўчиб ўтади ва умрини охирига қадар илмий-педагогик фаолият билан шуғулланади. 1931 йилдан Туркияда янги ташкил этилган Зоотехника лабораториясида иш бошлади. Орадан икки йил ўтиб, энди яна бир янги ташкилотда – Олий зироат институтининг Зироат ва ветеринария факультетида ишлаб бошлаб, бу ерда ўқитувчи ва бош илмий ёрдамчи сифатида фаолият олиб боради.
Бу ерда Иброҳимбек кўплаб немис ва турк олимлари, хусусан, профессор Валтер Шпоттел, доктор Қадрий Билгемре, Салоҳиддин Боту каби олимлар ёрдамида тажрибасини янада оширади. 1937 йили бу даргоҳда раҳбарлик даражасига қадар кўтарилади. Кейинги йил «Ўрта Онадўлу минтақаси сигир турлари, уларни боқиш, озиқлантириш ва кўпайтириш йўллари» мавзусида номзодлик ишини муваффаққиятли ҳимоя қилади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг эса Зоотехника фанлари бўйича профессор унвонини олади. Машҳур олим бўлиб етишган Иброҳим Ёрқин 1951 йилдан 1972 йилга қадар, яъни нафақага чиққунча Анқара университетининг Зироат факультетида ишлайди.
Иброҳим Ёрқин илмий фаолияти давомида етук олим сифатида танилди. Унинг шогирди Ойхон Элчин таъкидлашича, олим 1953 йил Германия, Голландия ва Англиядаги зоотехника илмий муассасалари ва университетларда изланишлар олиб борган. 1956 йили АҚШдаги Небраска университети Зироат факультетида тажриба орттирган. 1966 йили эса яна бир бор Германиядаги турли тадқиқот марказларида зоотехника соҳаси билан боғлиқ янгиликларни ўрганиб, янги тадқиқот натижаларини тўплаган. Ўзбек жадидчилик мактаби битирувчиси самарали фаолияти туфайли АҚШ «Сигир сутчилиги» жамияти ва Европа Зоотехника федерацияси аъзолигига сайланган ва бир неча марта халқаро конференцияларда илмий маърузалар билан чиқиш қилган.
Иброҳим Ёрқиндан ўзи шуғулланган фан доирасида 8 та дарслик, 31 мақола, 5 та илмий ишланма, 5 та сайланма, 2 та ҳисобот-ахборот, 2 та халқаро конференция материали мерос қолдирди. Булардан ташқари олимнинг Туркистон тарихининг турли жиҳатлари – миллий ҳаракатлар, жадидчилик, шоир ва адиблар ҳаёти ҳамда иқтисодий ҳаётни акс эттирган 45 та мақоласи ҳам мавжуд.
Иброҳим Ёрқин 1993 йили узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг Анқарада вафот этган.
Асадулло Хасанов
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Тарих
Тарих
Маънавият
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ