Ўпка сўзининг иккинчи номи ғазаб бўлганми? – тарих


Сақлаш
17:53 / 05.01.2022 1336 0

Нега “ўпкангни бос”, “ўпка-гина” деймиз? “Ўпка”нинг асл луғавий маъноси нима?

 

Яқинда “Девону луғотит-турк”дан бир шеърни атоқли олим Солиҳ Муталлибов табдили билан саҳифамда эълон қилган эдим. Изоҳларда табдилга нисбатан билдирилган фикрлар ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлди. Чунки муайян сўзнинг минг йил олдинги маъно товланишлари бизгача тўлиқ етиб келмаган ёки ўзгарган бўлиши мумкин. Шу боис кўҳна битиклар табдил этилади. Мана ўша шеър:

 

Öпкäм кӭliб оғрадїм,

Арсланлаjу кöкрäдiм,

Алплар башїн тоғрадїм

Эмдi мӭнi кiм тутар.

 

С.Муталлибов табдили: “Аччиғим келиб (душманга қарши) хезландим, арслон каби бўкирдим, алпларнинг бошларини кесдим, (қани) энди мени ким тута олади?”.

 

Биринчи мисрадаги “ўпкам келиб” ибораси бугунги ўқувчини чалғитади, чунки ҳозирги ўзбек тилида “ўпкам келиб” дейилмайди, аммо бизга таниш “ўпкам тўлиб” ибораси “ҳурлигим келиб” маъносига эга бўлиб, бу эса шеърдаги руҳият, маънога зиддир. Ҳозирда “ўпка қилди”, “ўпкалади” деганда: “гина қилди, хафа бўлди, аразлади” маънолари тушунилади. “Ўпкам тўлиб йиғладим”, дейиш мумкин, аммо “ўпкам тўлиб душманга ташландим” деб бўлмайди.

 

Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да “öпкä” сўзига иккита изоҳ келтиради: биринчиси: “öпкä – ўпка, оқ жигар”; иккинчиси: “öпкä – ғазаб; унинг шундай айтилишига сабаб ғазабнинг ўпкада пайдо бўлишидир. Бу сўзнинг шу маънода қўлланиши сўзнинг пайдо бўлиш ўрнига кўра келиб чиққандир. Чунончи, ёмғирни “осмон” дейилгани каби” (ДЛТ. I том. Т.: 1960. 148-бет). Демак, “öпкä”нинг иккинчи маъноси ўтмишда “ғазаб” бўлган экан.

 

“Öпкä” сўзи Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам кўп учрайди ва у барча ўринларда: “ғазаб, қаҳр, дарғазаблик, зулм, адоват” каби маъноларда қўлланилган (“Уқушлуғ кәḋ эр ӨḂКӘ өздин йырат” – “(Эй) заковатли яхши киши, ҒАЗАБни ўзингдан йироқ тут” (ҚБ.Т.: 1971.108-бет); “Йана бир тили йэл тушы ӨḂКӘЛИГ” – “Яна бири – тили ёмонлик, ДАРҒАЗАБЛИК” (110-бет); “Түшәр эрсә ӨḂКӘ булардын көр-ә” – “АДОВАТ содир бўладиган бўлса, булардан кўргин” (436-бет)).

 
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат – инсоннинг турли ҳис-туйғулари, эмоцияларини юрак, жигар, ўпка каби ички аъзолари билан боғлаб ифодалаш ҳолати туркий тилларда нисбатан кўпроқ учрайди. Айтайлик, юрак (қалб, кўнгил, дил) – ишқ, меҳр, муҳаббат, нафрат каби туйғуларга, жигар – қариндошлик, ўпка – ғазаб, зулм, гина, хафа бўлиш, аразлаш каби ҳисларга алоқадор аъзо деб қаралади. Бошқачароқ айтганда, ишқ – юракда туғилади, ғазаб – ўпкада. Қўрқмаслик, шижоат юрак билан боғлиқ бўлса, дарғазаблик, адоват ўпкага тегишли. Хўш, нима сабабдан бундай нисбатлар пайдо бўлган?

 

Шу ўринда “ўпка” сўзининг келиб чиқишига эътибор қаратсак, қадимги туркийда “ичга тортмоқ” маъносидаги “öп” ўзаги мавжуд бўлган (бу ҳақда қаранг: “Этимологический словарь тюркских языков”. I том. 540-бет). Нафас олганда ҳаво ҳам ичга тортилади, шу боис нафас олиш органи номи бўлмиш “ўпка” ҳам мазкур “öп” ўзагига от ясовчи “ка” қўшимчасини қўшиш йўли билан ясалган. Бизнингча, “ўпқон” сўзи ҳам “öп” ўзагидан, шунингдек, “Девону луғотит-турк”да икки ўринда “öпдi” феъли келтирилади, биринчиси: “öпдi – ўпди”; иккинчиси: “öпдi – ичди”, деб изоҳланган (ДЛТ. I. 176-бет). Бизнингча, бу иккала “öпдi” феъли ҳам “ичга тортмоқ” маъносидаги мазкур “öп” ўзагига бориб тақалади. “Ўпмоқ” сўзи ҳозир ҳам тилимизда фаол, “ичмоқ” маъносидаги “öпдi” феълини эса ҳозирда “ҳўпламоқ” (“ўпламоқ”) шаклида қўллаймиз. Инсон ғазабланганда ҳам нафас ичга тортилади, шу боис аждодларимиз ғазаб, қаҳр, адоват каби туйғулар ўпкада туғилади, деб ўйлаганлар. Ҳозир ҳам “ўпка”нинг бу қадимий маъноси “ўпкангни бос” (яъни, “ғазабингни бос”) иборасида сақланиб қолган.

 

Ҳозирда “ўпка” деганда – “гина-кудурат”ни тушунамиз, “ўпкаламоқ” эса – “ўпка-гина қилмоқ, хафа бўлмоқ, аразламоқ” каби маъноларни билдиради, аммо Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да унга бошқача изоҳ беради: “öпкäläдi – ўпкасига урди” (ДЛТ. I. 308-бет), демак, кимнингдир ўпкасига уришга нисбатан ўтмишда “ўпкаламоқ” сўзи ишлатилган. Ҳозирги тилимиздаги “ўпкаламоқ” маъносида эса “Девон”да бошқа сўз келтирилади: “öпкiläдi – ўпкалади, хафаланди, аразлади” (ДЛТ. I. 308-бет). Бизнингча, бу феъл ҳам “ичга тортмоқ” маъносидаги “öп” ўзагидан, аммо айнан “ғазаб” маъносидаги “öпкä”га боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Алқисса, ўтмишда “öпкä” сўзи орқали ифодаланган қаҳр, ғазаб, аччиқланиш туйғулари кучли, кескин ҳиссиётлардир, “öпкiläдi” феъли билан боғлиқ “ўпка-гина қилмоқ”, "ўпкачи", “хафа бўлмоқ”, “аразламоқ”, “ўпкаси тўлмоқ” каби иборалар эса нисбатан кучсиз руҳий ҳолатни ифодалайди. Келинг, сўзимиз сўнггида яна бир бор юқорида “Девон”дан келтирилган шеър ва табдилни ўқиб кўрайлик (“Ғазаб” арабча сўз, шу боис С.Муталлибов, бизнингча, табдилда “öпкäм кӭliб” сўзларини соф ўзбекча: “аччиғим келиб” шаклида ўгирган):

 

“Öпкäм кӭliб оғрадїм,

Арсланлаjу кöкрäдiм,

Алплар башїн тоғрадїм

Эмдi мӭнi кiм тутар”.

 

“Аччиғим келиб (душманга қарши) хезландим, арслон каби бўкирдим, алпларнинг бошларини кесдим, (қани) энди мени ким тута олади?”

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//