
Учинчи шахс эффекти: Медиа ҳаммани зомбилаштиряпти, мендан ташқари... Табиатан шундай: одам боласининг ўзига баҳоси қанча баланд бўлса, бошқаларга шунча қуйи назардан қарайди. Бу ахборот муҳитида ҳам кўринади. Кишилар ўзини ҳар қандай манипуляциядан ҳимояланган – бошқаларни эса ожиз ва мўрт, ўзини реклама, фишинг ёки пропагандани “ҳиди”дан биладиган даҳо – ўзгаларни эса лаққага ем бўладиган “чувалчанг” деб ўйлайди. Натижада ўзлари ўлжага айланганини сезмай қолади.
Бу ҳодиса психологияда “Учинчи шахс эффекти“ деб аталади ва уни илк бор америкалик олим Филип Дэвидсон 1983 йилда фанга киритган. Унинг ушбу феномен устидаги изланишларига Иккинчи жаҳон уруши пайтида японларнинг Узоқ Шарқдаги оролларнинг биридан америкалик ҳарбийларни биронта ўқни исроф қилмасдан ҳайдаб солгани сабаб бўлган. Уруш йилларида японлар Тинч океанидаги кўплаб кичик, аммо стратегик муҳим ороллар учун курашарди. Улардан бирини америкалик ҳарбийлар контингенти ҳимоя қилар, аскарларнинг аксариятини қора танлилар ташкил этар, фақат кам сонли офицерлар “оқлар”дан танланган эди.
Осиёликлар жанг майдонида улар билан юзма-юз олишиш ҳалокатли эканини тушунади ва пухта ўйланган манипуляцион режа тузади – уларнинг устига учоқлардан варақалар ёғдиради. Қоғозларда тахминан шундай ёзилган эди: “Аскарлар, сиз бу ерда нима қиляпсиз? Жонингиз азиз эмасми? Ахир бу сизнинг эмас, бизнинг, оқларнинг уруши-ку!”. Режа иш беради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай АҚШ ҳарбийлари оролни тарк этади. Қизиғи шундаки, варақа ва ундаги эҳтиросли сўзларга оддий афроамерикалик жангчилар парво ҳам қилмайди. Аммо, бу офицерларни жиддий қўрқитади, қўл остидаги ҳарбийлар бунт кўтаришидан қаттиқ хавотирга тушади ва оролни японларга бўшатиб беради. Ваҳоланки, қоғозга туширилган сўзлар офицерларга эмас, айнан аскарларга таъсир қилиши кутилган эди.
Дэвидсоннинг фикрича, “Учинчи шахс эффекти”да одамлар оммавий коммуникацияларнинг бошқалар хулқ-атворига таъсирини ортиқча, керагидан кўп чамалайди, аксинча, ўзига келганда етарлича баҳолай олмайди. Бошқача айтганда, манипуляция ёки пропаганда йўналтирилган шахслар гуруҳи: “бошқалар биздан кўра кўпроқ таъсирланади” деган ёлғон кутилма, хомхаёлда юради.
Кўп кашандалар “бошқалардан фарқли равишда ўзимни назорат қила оламан, истаган вақтимда чекишни ташлайман” деб ишонч билан гапириб, аслида секин ўлаётганини пайқамайди. Бу эффектда ҳам шундай: бир яҳудийнинг терисини сесканмай шилган фашист газандаси ўша қилиғидан беш-олти йил аввал ҳам “фюрернинг гаплари менга чикора” деб юрган бўлиши ҳам мумкин, масалан.
Девиант хулқ-атворни бўрттириб кўрсатиш спирали
Шу яқин орада интернет тармоғининг ўзбек сегментида Хитой мавзуси “портлади”. Қаерга қарама, қайси ижтимоий тармоққа кирма шунинг муҳокамаси: “ўзбекнинг ери чинларга кўтарасига сотиб юбориляпти, ҳамма жойни хитой ёзуви босиб кетди, хитойликлар маҳаллий аҳолини менсимаяпти” каби гаплар. Аслида вазият умуман бошқача экани, давлат мулки сотилмаслиги, глобаллашув шароитида хорижий, жумладан, хитойлик инвесторлар кириб келиши мутлақо табиий экани, бошқа ривожланган давлатларда юз минглаб хитойликлар яшаб/фаолият юритадиган бутун бошли Чайна-таунлар (хитойча кварталлар) мавжудлигини фикри бор, дунё кўрган одам яхши билади. Аммо кўпчиликда, масалан ёши катталар, кўп ҳам танқидий фикрлашга ҳуши йўқ кимсаларда ёлғон таассурот ва ўринсиз саросима уйғоняпти.
Девиант хулқ-атворни бўрттириб кўрсатиш спирали айнан оммавий ахборот воситаларида бирор бир салбий ижтимоий ҳодиса ёки бошқа нохуш – жамиятнинг ахлоқий меъёрларига мос келмайдиган ҳолатлар тўғрисидаги хабарлар сони кескин ортиши, натижада аудиторияда муаммонинг реал кўлами ҳақида янглиш тасаввур пайдо бўлиши ва оммавий ваҳима юзага келишини ифодалайди.
Бўрттирилган овозалар ва кореяликлар қирғини. 1972 йилда америкалик социолог Стенли Коэн “Халқ ёвузлари ва ахлоқий ваҳималар” номли китобида ушбу феноменнинг пайдо бўлиши, хусусиятлари, таъсири ва босқичлари ҳақида тўлиқ ёзиб қолдирган. Олимнинг фикрича, айрим шахслар гуруҳи маълум даврда халқ назарида “душман” тимсолига айланиши мумкин. Ижтимоий онгда улар “халқ ёвузлари”га айланади: “...баъзи гуруҳлар ижтимоий қадриятлар ва манфаатларга таҳдид сифатида қабул қилиниши мумкин. Ваҳима объекти нисбатан янги ёки аллақачон мавжуд бўлган ва тўсатдан эътибор марказига тушган ҳодиса бўлиши ҳам мумкин. Ижтимоий муаммолар тасвирини шакллантиришда медианинг ўрни беқиёс. ОАВ ўзи сезмаган ҳолда ахлоқий ғазаб (маънавий норозилик) қўзғатувчиси вазифасини бажаради. Уларнинг маълум фактларни тақдим этиш усули нафрат, ташвиш ёки ваҳима уйғотиш учун кифоя қилиши мумкин”.
Тарихда бу фикрларни тасдиқлайдиган мисоллар кўп. Энг оғриқлиси 1923 йилга корейслар қирғини бўлса керак. ХХ аср I-чорагида Японияда юз мингдан зиёд кореялик меҳнат муҳожири ишларди. 1923 йили энг йирик вилоятлардан бири Кантода чиқадиган илк нашр-варақаларда “корейс гуруҳлари қўзғолон бошламоқчи” деган асоссиз миш-мишлар тарқалади. Кейинги тўлқин “кореяликлар уйларга ўт қўяётгани” ҳақидаги хабарлар билан давом этади. Натижада кунчиқар юртда оммавий ваҳима пайдо бўлади, биргина Кантода уч мингдан кўпроқ кореялик ўлдирилади. Ва бу фақат расмий рақамлар...
Бу феномен шунингдек, муайян номақбул, умумахлоқий меъёрларга зид хатти-ҳаракатни бўрттириб кўрсатиш/тасвирлаш уни қандай қилиб янада кучайтириши мумкинлиги ҳам тушунтиради:
1. Бирор девиант хулқ-атвор, жамият ахлоқан қабул қилмайдиган ёқимсиз ҳодиса, дейлик Тик-токда “ҳаракатланаётган машинага сакраб чиқиш” челленжи пайдо бўлади.
2. ОАВ бу ҳодисани катта шов-шув билан ёритади – “Шок”, “Тезкор”, “Ҳушёр бўлинг, бу хавфли!” каби қизил ундовли рукнларда ҳаддан ташқари кўп хабарлар тарқалади.
3. Жамоатчилик хавотирга тушади, одамлар бундай хулқ-атворга қарши жиддий чоралар кўришни талаб қилади.
4. Ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари реакция билдиради, бошқа давлат идоралари саросимани бартараф этиш учун қаттиқроқ қоидалар жорий қилади.
5. Бироқ бу девиант хулқ-атвор янада кўпроқ содир бўлишига олиб келади, чунки айни ҳодисага қизиқиш ошади, баъзилар ўзини “янги тренд”нинг бир қисми деб ҳис қила бошлайди. Спирал давом этади – оммавий ахборот воситалари яна кўпроқ ёритади, жамоатчилик яна хавотирга тушади, ҳукумат яна қаттиқроқ чоралар кўради.
Девиант хулқ-атворни бўрттириб кўрсатиш спирали кичик бир муаммо медиа ва жамоатчилик эътибори таъсирида сунъий равишда жуда катта, глобал муаммога айланади. Яъни бу – муайян салбий ҳолат ёки тенденцияга ахборот муҳитида сохта резонанс қўзғатиш, шу орқали омма ва ҳукумат эътиборини жалб этиш ечим эмас, балки эҳтимолий қўшимча хавф, дегани. Шунинг учун оммавий медианинг ҳар қандай воқеани ёритишда мувозанатни унутмаслиги, аввало эҳтиросга эмас, фактларга таяниши жуда муҳим.
“Буюк ёлғон“ пропаганда технологияси
Жуда улкан, шок эффект берувчи ва жамоатчиликни ҳайратда қолдирувчи ёлғон маълумот тарқатишга асосланган ташвиқот технологияси. Бу усулга кўра, одамлар катта ва жиддий даъволарга ишонади, чунки улар “бундай ёлғон гапиришга ҳеч ким журъат этолмайди”, деб ўйлайди. Асосчиси – Гитлер. “Тараққиёт чўққиси”га эса Геббельс етаклаган. Адольф ўзининг “Менинг курашим” асарида шундай ёзган: “Қанчалик даҳшатли ёлғон гапирилса, шунчалик тез ишонч қозонилади. Оддий одамлар кичик ёлғондан кўра катта ёлғонга ишонишга кўпроқ мойил. Бу уларнинг содда табиатига мос.
Буюк ёлғон уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Шунинг учун ҳам омма бошқаларнинг ўта даҳшатли ёлғон гапиришга, фактларни виждонсизларча бузиб кўрсатишга қодир эканини тасаввур қила олмайди. Ҳатто уларга гап жуда катта уйдирма ҳақида кетаётганини тушунтиришса ҳам, улар шубҳаланишда давом этади, бу ерда ҳақиқатнинг бир қисми бор, деб ўйлайди”.
Қандай ишлайди?
1. Улкан ва ишонтирадиган даъво – гап шундай ёлғон ҳақида борадики, у жамоатчилик учун ёқимли ёки ғазаблантирадиган бўлади.
2. Такрорлаш ва тарқатиш – бу ёлғон турли ОАВ, ижтимоий тармоқлар, расмий шахслар орқали узлуксиз такрорланади.
3. Эмоционал таъсир – ёлғон шунчалик кучли бўладики, одамлар унга шубҳа қилиш ўрнига, ҳиссиётларга берилади.
4. Далиллар рад этилади – ёлғон фош қилинса ҳам, унинг тарафдорлари қарши фактларни сафсата деб атайди ёки мавзуни ўзгартиришга ҳаракат қилади.
Бугунги кунда ҳам бу технология ижтимоий тармоқлар ва интернетда фаол ишлатиляпти. Дарвоқе, ҳозир жуда кўп гувоҳ бўладиганимиз, баъзан Фейсбукдан шахсийга юбориладиган ёки телеграм-гуруҳларда айлантириладиган – “нигериялик қариндошинг сенга фалон минг доллар васият қилган”, “Роман Абрамович ишсиз ўзбекларга пул тарқатяпти, шошилиб қолинг” мазмунидаги хабарлар киберфирибгарлар ҳам “Катта ёлғон” технологиясини жуда пухта ўзлаштирганини кўрсатиб турибди.
Фрейминг эффекти
2020 йил 6 мартда маҳаллий интернет нашрларнинг бирида “Ногиронлиги яққол кўриниб турган одам қайта тиббий кўрикдан ўтиши шартми?” сарлавҳали материал жойлаштирилади. Унда – Олий Мажлис Сенатида ногиронлик масалаларидаги муаммолар муҳокама этилгани, Сенат раиси: “тиббий кўрикдан ўтиш тартиби мураккаблашиб кетгани, ногиронлар сарсон бўлаётгани, яъни “қўли йўқ бўлган фуқаро ҳар йили 2-3 мартадан шифохонада ётиб, ногиронлигини тасдиқлашга мажбур қолаётгани” ҳақида гапиргани хабар қилинган.
Бироз вақтдан кейин худди шу маълумот айрим хорижий, айниқса Ўзбекистондаги нарса-ҳодисаларни одатда “чап кўзда” кўрадиган оммавий ахборот воситаларида: “Танзила Норбоева: “Қўли йўқ фуқаро йилига 2-3 марта шифохонада ётиб ногиронлигини исботлаши керак” кўринишида оммага тақдим этилади.
Фарқни сезяпсизми? Биринчи сарлавҳа мазмунидан мамлакатда ижтимоий соҳанинг маълум йўналишида муаммолар борлиги дарҳол сезилади, иккинчисида эса асл мазмунга мутлақо тескари, Сенат раиси бир қарашда ногиронларни “овора қилиш тарафдори” сифатида таассурот уйғотадиган жумла ясалганини кўриш мумкин.
Бир хил ахборотни муайян “фрейм”, яъни рамкага солиб талқин/тақдим этиш, шу орқали одамлар онги ва идрокига таъсир кўрсатиш, уларни манипулятор манфаати учун қарор қабул қилишга ундашни ифодалайдиган психологик концепция – Фрейминг эффекти (framing effect, инглизча “frame” — рамка, ҳошия) дейилади.
Бу борадаги илк амалий экспериментларни 1981 йилда АҚШ ва исроиллик олимлар Амос Тверски ва Даниел Канеман бошлаган. Улар оғир дардга чалинган кўнгиллилар ўртасида сўровнома ўтказган: “Сизда иккита даво чораси бор. Биринчисида, юздан тўқсон киши шифо топади. Иккинчисида, юздан ўн одам вафот этади”. Аслида, ҳар икки ҳолатда ҳам оқибат ўзгаришсиз, бир хил бўлса-да, натижалар 72 фоиз иштирокчи дастлабки вариантни танлаганини кўрсатган.
Фрейминг эффекти – маркетологлар, сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари фойдаланадиган кучли воситадир. Инфосферада бу концепция ўзининг оддийлиги билан айниқса хатарли. Яъни, сизнинг миянгизга қуйишмоқчи бўлган фикр моҳиятан нотўғри бўлмаган ахборотга асосланиши мумкин, аммо, унга қўйилган урғу (рамка, фрейм) натижасида маълумот қандай тақдим этилса, шундай талқин қила бошлайсиз. Масалан, 2022 йилда “Russia Today” нашрида “Швеция ва Финляндия ўзларида ядро қуроли жойлаштирилиши мумкинлигини тасдиқлади” деган сарлавҳа билан мақола эълон қилинган, интервьюсида бу таъкид мустаҳкамланган: “Швеция ва Финляндия бош вазирлари НАТОга қўшилиш учун ўз мамлакатлари ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришга қарши эмас”.
Аслида, материалнинг Bloomberg даги оригиналида “НАТОга аъзо бўлишга номзод шимолий давлатлар ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш имкониятини истисно этмайди” дейилган. Тўғри иборалар моҳиятан бир хил маъно англатади. Бироқ, “Russia Today”даги нисбатан ваҳимали сарлавҳа, бирламчи мақсад – ўқувчини янгиликдан хабардор этиш эмас, балки уларда керакли кайфиятни шакллантириш эканини кўрсатади.
Масаланинг ифода этилиш тарзи бизнинг тушунчаларимизга, онгимизга, руҳимизга бевосита таъсир қилиши мумкинлигини доимо ёдда тутиш лозим. Бу – онгли ва оқилона қарорлар қабул қилиш, манипуляторлар ноғорасига ўйнамасликнинг муҳим шартларидан бири.
Қабиҳ дунё синдроми ёхуд ёввойи контент оқибати
Сезасизми, кейинги пайтларда одамлар жуда агрессив, асабий. Тоқатсизлик урчиган. Йўлчироқда сал туриб қолсангиз пешанангиздан отишмайди, холос. Ё нонсизлик, ё нонкўрликданми, деб ўйлайсиз. Аслида, бу манзарага рақамли инфомуҳитни эгаллаб олган – “ўлдирди”, “сўйди”, “отиб ташлади”, “самосуд қилди”, “ҳалокатга учради”, “қамалди”, “зўрлади” ва ҳоказо янглиғ “қора” хабарлар, яна қон, уруш, зўравонлик, бахтсиз ҳодиса, коррупция, оилавий қўйди-чиқди ва бошқа маиший муаммолар акс этган ёввойи контент ҳам сабаб бўлаётгани хаёлимизга келмайди.
1970 йиллар бошида америкалик психолог, Пенсильвания университети профессори Жорж Гербнер ўзининг коммуникация билан боғлиқ тадқиқотларида одамлар қанча кўп телевизор қаршисида ўтирса, экрандаги воқеалар индивид онгида шунча кўп ва “нусхаланиши”, натижада, кишилар сохта дунёга кириб қолиб, объектив воқелик билан алоқаси узилишини асослаб берган.
Гербнерга кўра, оммавий ахборот воситалари, айниқса телевидениедаги салбий ахборот оқими – шафқатсизлик, ўлим ёки турли фожиалар тасвири/баёни кишиларнинг “хавфли ва қабиҳ дунёда яшаяпман” деган нотўғри, реалликдан узоқ фикрга боришга, хавотирланишга мажбур қилади. Масалан, медиадаги авиаҳалокатлар ҳақидаги хабарлар унинг истеъмолчиларида аэрофобияни кучайтириши ёки ҳар куни қандайдир жиноят тафсилотини ўқийдиган одам “мамлакатда жиноятчилик кўпайиб кетган” деган асл вазиятга тескари хулосага келиши мумкин.
Ёввойи контент таъсирида, улар ҳар куни ўн минглаб учоқлар йўловчиларга эсон-омон хизмат кўрсатиши, ҳуқуқбузарлик борасидаги аниқ статистика умуман бошқача бўлиши мумкинлигини унутади. Дейлик 2019 йилда ўтказилган тадқиқотлар АҚШда сўнгги беш йилда жиноятчилик даражаси пасайгани, у ҳақдаги хабарлар эса аксинча уч баробар ошганини кўрсатган.
Сабаби нимада? Ўзимиз. Инсон табиатан салбий маълумотга ошиқ. Бу иллат эҳтимол ибтидоий даврда шаклланган. Чунки, бошқа қабила ёки мамонтлар ҳужуми, сел келиши, касаллик тарқалиши ва ҳакозо хатарлардан огоҳ бўлиб туриш – яшаб қолишнинг шартларидан эди. Балки шунинг учун ҳам салбий ахборот ўқиганда/кўрганда замонавий одам мияси уни яна ва яна қўмсайверади.
Рейтинг ортидан югуриш. Ёмон хабарнинг шайдолари кўп бўлишини маркетологлар ҳам аллақачон пайқаган албатта. Ҳозир ким “Тезкор”, “Шок”, “Юраги чатоқлар кўрмасин”, “Даҳшат” каби ваҳимали рукнлар пойгасида илдамроқ бўлса, ўшанинг ошиғи олчи, обуначилари мўл.
Манипуляция. Масалан, бир пайтлар собиқ иттифоқ нашрларининг бош мавзуси ғарбдаги “хунрезликлар” – жиноятлар, турли ғалаёнлар, ирқчилик муаммолари, қуролли тўқнашувлар, табиий офатларни кўрсатиш бўлган, шу орқали аҳолини қўрқувда ушлаб турган, гўёки совет ҳукуматидан бошқа адолатли тузум йўқлигига ишонтирган.
Руҳшуносларнинг қайд этишича, мазкур синдром нафақат одамларни хавотир ичида яшашга маҳкум этади, балки жамиятда агрессив муҳитни кучайтиради, “биз аслида яхшимиз, аммо ҳаёт шундай” деган иллюзор мантиқ фонида деструктив ва тажовузкор хулқ-атворга мойиллик ошади. Кейин, унга чалинганларда чорасизлик, ҳаракатсизлик аломатлари намоён бўлади, руҳий тушкунлик кузатилади.
Газлайтинг. “Оловиддиннинг сеҳрли чироғи” фильми эсингиздами? Жиннинг каромати билан банди қилинган “қул” (Оловиддин) озод бўлиб, шоҳнинг қизи (Будур) билан унинг кўз олдида унаштирилади, саройда базми-жамшид уюштирилади, орада бечора шоҳ эчки соғиб ҳам қайтади, воқеалардан ақли шошаётган “олампаноҳ”ни бу ҳодисалар унинг “тушида” содир бўлаётганига ишонтиришади. Одамни кўзи билан кўрган нарсасига эмас, унга уқтирилаётган нарсага ишонтиришга қаратилган манипуляцион технология психологияда “Газлайтинг” дейилади.
Бу термин инглиз тили луғатига 1944 йилда “Газ чироқ” фильми орқали кириб келган. Фильм сюжетида ёш аёл эри қачон уйида бўлмаса хоналарда ёруғлик пасайиб қолишини пайқайди ва буни турмуш ўртоғига маълум қилади. Бироқ эр хотинига бу – галлюцинация экани, унда руҳий парокандалик бошланаётганини такрор ва такрор таъкидлайди ва оқибатда аёл ростдан ҳам ақли заифлашаётганига ишонади (бош ролни ўйнаган Ингрид Бергман “Оскар” мукофотига сазовор бўлган). Аслида, эр жиноятчи бўлиб, у хотинини руҳий касал деб эълон қилиш ва жиннихонага жўнатиб, унинг бойлигига эга чиқишни мақсад қилади. Шунинг учун у кўчага чиқиб кетаётиб чироқни пасайтириб қўяр, уйга қайтгач эса хотинининг “чироқ пасайиб қолаётгани” ҳақидаги хавотирини – руҳий касаллик аломатига йўярди.
Инглиз тили луғатининг асосий таҳририятларидан бири бўлган Merriam-Webster 2022 йилда Gaslighting атамасини “Йил сўзи” сифатида эътироф этди. Сабаби шуки, ушбу манипуляцион технология рақамли ахборот муҳитида турли гуруҳлар, дейлик – йирик брендлар, сиёсатчилар, мухолифат вакиллари, экстремистларнинг асосий қуролига айланмоқда, шу орқали улар одамларни кўзлари, фикрлари ва қулоқларига эмас, ўзларига ишонтиришга ҳаракат қилаётир.
Дилшод НУРИЛЛОҲ,
журналист
Мафкура
Санъат
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ