Сирли, сеҳрли ва тарихий маъно ташиётган тўй маросимлари


Сақлаш
13:00 / 17.03.2026 11 0

Тўй – ота-боболаримиздан қолган бебаҳо маданий ва маънавий қадрият бўлиб, тириклик шукронаси, орзиқиб кутилган эзгу тилаклар ва шод-хуррамликнинг рамзий ифодаси. Шу сабабли, «тўй» атамаси барча тарихий даврларда ўз моҳиятини сақлаб қолган. Ҳар бир давр кишиларининг маънавий ва маданий ҳаёт тарзини уларнинг тўй маросимларига бўлган муносабати орқали билиш мумкин. Шу боис, маълум ҳудуддаги тўй маросимларини даврий ва ҳудудий контекстда ўрганиш фольклоршунослик учун муҳим. Тарихий манбалар кўрсатадики, қадимги аждодларимизнинг тўйлари ритуал, магик (сеҳр-жоду) ва инициятив (сирли воқеа) маросимларидан ташкил топган. Кейинчалик ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ривожланиш натижасида элат ва миллатларнинг шаклланиши билан тўйларнинг маҳаллий ва миллий шакллари пайдо бўлган. Шу билан бирга, тўй ўзининг генетик-семантик моҳиятини сақлаб қолган.

 

«Тўй» атамаси аслида бир нечта кичик маросим ва расм-русумларни қамраб олади. Профессор Баҳодир Саримсоқовнинг ёзишича, «тўймоқ», «эл-юртга зиёфат бермоқ», «дўстлар дийдорига тўймоқ» каби иборалар орқали ифодаланган маросимлар – бешик тўйи, хатна (суннат), мучал ва никоҳ тўйларидан иборат. Янги инсон дунёга келиши ота-она ва жамият учун улкан қувонч бўлиб, бешик тўйлари билан нишонланади. Болаликдан ўсмирликка ўтишни белгиловчи хатна тўйи ва мучал тўйи ҳам ҳудудий анъаналарга кўра ўтказилади.

 

Тўй эгаси маросимни ўтказишдан олдин қариндош-уруғлар, қишлоқ ёки маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашади. Улар меҳмонлар сони, таомлар, хизмат кўрсатувчилар ва бошқа харажатлар масаласини аниқлайди. Эркак тўй эгаси эркак меҳмонлар билан, аёл тўй эгаси аёл меҳмонлар билан банд бўлади. Халқимизда яхши анъана сифатида сақланган «тўй қарзи» ҳам шундан келиб чиқади. Яъни, тўй эгасининг харажатини яқинлари турлича кўтаради – бири ун ёки гуруч, бири қўй ёки ичимлик, бошқалари эса пул ёки кийимлик мато билан ёрдам беради. Шу йўл билан қарзлар тўй маросимида ўз ўрнини топади ва халқимизнинг одатларидан бири сифатида сақланади.

 

Никоҳ тўйи – оила қуриш маросими энг қадимий удум бўлиб, унда олов атрофида айланиш, ун ва ширинлик билан боғлиқ расм-русумлар мавжуд. Бу маросим ёшлар ҳаётини бир умрга боғлаб, уларни жамият олдида масъулиятли қилади. Совчилик, унаштириш, келинни уйга олиб кириш, остона салом, нон синдириш каби удумлар орқали янги оила қурилиши тантанали тарзда эътироф этилади.

 

Зарафшон, Самарқанд ва Зомин воҳаларида бу удумлар ҳудудий хусусиятларига кўра турлича кечади: келин остонага эгилиб салом беради, нон синдирилади, куёв синовлардан ўтади, олов атрофида айлантирилади. Пойандоз, узук, соат каби рамзий белгилар орқали келин-куёвга серфарзандлик, сердавлатлик ва тинч турмуш ният қилинади. Барча маросимларда фольклор элементлари – карнай, сурнай, ноғора, рақс – иштирок этиб, эстетик ва ахборот вазифасини бажаради.

Ўзбек никоҳ тўйлари энг аввало «Совчилик» ва «Унаштириш» маросимларидан бошланади. Совчилар йигитнинг оиласи томонидан қизникига, бўлажак келинникига элчилик қилиб, унинг қўлини сўраб боришади. Умр савдосининг пишиш-пишмаслиги, аввало куёв бўлмишнинг ўзи, ота-онаси, қариндош-уруғи, қолаверса, совчиларнинг маҳоратию тажрибасига, қуда бўлмишлар кўнгил қулфига калит сола олишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Айни пайтда ўз вазифаларининг бутун масъулиятини бўйнига олган бундай кишилар, ҳар икки оилани ва уларнинг фарзандларини яхши билганлар. Совчилар, «Қизи борнинг нози бор» деган нақлга амал қилиб, вақт ўтказиб, келин бўлмишникига уч-тўрт марта боради. Одатда, совчиликдан қайтган мутасаддиларни «Бўрими ёки тулкими» деб қарши олади. Агар улар ишни пишириб, хушхабар билан қайтишган бўлса тулки дейишади.

 

Аёл совчилар ҳам қизнинг «остонасини чўктирадилар». Йигит билан қизникига бўзчининг мокисидай қатнайдилар, ковушларини тўзғитадилар. Аёл ва эркак совчиларнинг мақсадлари рўёбга чиққач, ўша заҳотиёқ нон синдирилади. «Нон синдириш» яъни фотиҳа билан совчилик таомили ўз вазифасини ўтаб бўлади.

Совчилик одати тўғрисида яна кўп гаплар айтиш мумкин. Айниқса, қадимги совчилар худди давлат аҳамиятига эга бўлган вазифани бажарган элчидай, махсус совчилик мактабидан ўтиб, шунга мос иборалар, мақоллар, сўз ўйинлари, ҳозиржавоблик, сир ва сукут сақлаш, олимона мантиқ эгаси бўлиб оила маданиятининг етук арбоблари даражасига кўтарилган. Шарқ мамлакатлари халқларида никоҳ тўйлари ўтказиш билан бирга, қадимий совчилик одати ҳам сақланиб қолиши керак. Чунки, янги оила совчиликдан бошланади.

 

«Нон ушатар» маросимида қиз томоннинг розилик белгиси олингач, бир жуфт нон синдирилади. Бу ишни бир никоҳли эркак киши бажаради ва даврадагиларга (келин ва куёвга ҳам) бир бурдадан тақсимлайди. Нонни ўртага қўйиб, нондай қадрлансин, эъзозли бўлсин, насибаси бутун бўлиб, қўша қарисин деб, ният қилинади. Худди шу ўринда тўй тараддудининг олди-бердиси бошланади. Шунгача тарафлар бир-бирларининг шажарасини, яшаш тарзини, касби-корини, эл орасидаги мавқейини ўрганиб чиқишгани учун нон синдирардан сўнг субутсизлик қилиб сўзидан қайтмайдилар. Кимки сўзидан қайтса, Худодан қайтган сифатида эл назаридан четда қолади. Қай томон лафзидан қайтганига қараб қиз беришмайди ёки куёв қилишмайди.

 

«Куёв синар» маросими ҳар жойда ҳар хил ўтказилади. Бир жойда куёвни чатир тўнка ёрдириб, ўзга ерда юк кўтартириб, бошқа жойда эса ўчоқ қаздириб синашади. Аммо қай йўсинда бўлмасин, синаш орқали куёвнинг ақли бутунлиги, фаҳм-фаросати, жисмоний бақувватлиги, рўзғор ишига уқуви текшириб кўрилади. Зеро, келинни отдан кўтариб тушириш, уйга кўтариб киритиш одатлари топқирликни, бақувватликни талаб қилганки, ота-она ўғлини куёв бўлгунча шу ишларга ўргатган. Бордию, куёв синов шартларини бажара олмаса, хотин-халаж, тенгқурларию, тўй иштирокчилари олдида қанчалик уятга қолиши маълум. Шунинг учун ориятли йигитлар шармандаю шармисор бўлиб қолмаслик учун синовларга пухта ҳозирлик кўришган.

 

Республикамизнинг барча ҳудудларида никоҳ тўйи куни куёв хонадонидагилар келинни кутиб олишга тайёргарлик кўради. Келин ва дугоналари куёвникига етиб келишгач, «келин тушириш» маросими бўлиб ўтади. Зарафшон воҳасининг деярли барча туманларида бу маросим гулхан ёқишдан бошланади. Кейин куёвнинг отаси ёки онаси келинчакни олиб келган укасига совға ёки пул бериб рози қилгач, келин уловдан тушади. Айрим жойларда куёв келинни кўтариб олганча оловдан айлантиради. Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги қишлоқларда келин-куёвни кексароқ аёл етаклаганча олов атрофидан уч марта айлантиради. Бунда ёшларнинг ҳаёти ёруғ бўлсин, инс-жинсларни олов йўқ қилсин, деган тушунча мавжуд.

 

Воҳанинг айрим жойларида келиннинг оёқлари остига пойандоз тўшалади, айрим жойларда қўй сўйилади. Яна шуниси қизиқки, Зоминда келиннинг янгаси куёв томон олиб чиққан косадаги сувга узук ташлайди, айрим томонларда эса куёв томон қиз янгаларига пичоқ ва соат беради. Пичоқ ва узук фарзандга ишора, соат эса умр ўлчовидир. Бу нарсалар орқали куёв ва келинга серфарзандлик, сердавлатлик ва тинч турмуш кечириш ният қилинади.

 

Сирдарё, Жиззах ва Зоминда келин оёғига ташланган пойандозни олишда кайвони аёллар томонидан сўз ўйини ўтказилади. Атлас пойандоз устига куёв томондан бир кампир думалаб ётиб олади.

 

- Вой, бу нима? — сўрайди қиз томондаги аёллар.

- Бу – ўлик, дейишади куёв томон.

- Э, бу ўликни олинглар.

- Олмаймиз.

- Тавба, бу ўзи қандай ўлик?

- Бу тиниб-тинчиган, ували-жували, невара, чеварали ўлик.

- Яна қандай сири бор?

- Олтмишдан ошган, етмишни қучган, саксондан сакраган, тўқсонни тутган, юзга етган ўлик.

- Йўғ-э...

- Боласи бир қишлоқ, невараси уч қишлоқ, чевараси беш қишлоқни эгаллаган ўлик.

 

Шундан сўнг келин тараф кампир устига бир кийимлик мато ташлайди ва сўз ўйини тугайди. Сўз ўйини орқали келинга ували-жували, уруғ-аймоғи бир қишлоқ бўлсин, деган тилак билдирилади. Шундан сўнг келинни бошидан сочқилар сочиб, ичкарига таклиф қилинади.

 

Зарафшон воҳасида истиқомат қилувчи аҳоли орасида урф бўлган анъанага кўра, келинни куёвнинг уйига олиб келишгач, янгалар ҳамроҳлигида «остона салом» (куёв остонасига эгилиб, бош уриб, тавоф қилинади) маросими ўтказилади. Бу киришга рухсат сўраш маъносида қабул қилинган. Шундан сўнг келин чимилдиқ тутиб ясатилган уйга олиб кирилади. Чимилдиққа кирган келин қайнона-қайнотаси ёки бирор ёши улуғ қариндошларидан бири кириб дуо бермагунча, ўтирмай тикка тураверади. Анъанага кўра, бундай пайтда келиннинг қайнотаси кириб, келиннинг қадами қутлуғ келиши, уларнинг фарзандлари кўп, ризқи-рўзи мўл бўлишини тилаб дуо қилади. Шундан кейин келин ўтириши мумкин ҳисобланади. Бу маросим «келин ўтирсин» деб юритилади. Фольклоршунос М. Жўраевнинг маълумот беришича, Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида бу маросим удуми «туз таёқ» дейилади. Куёвникида ҳам келин-куёвни чимилдиққа киритишиб, келинникида амалга оширилган расм-русумлар айнан такрорланади.

 

Жиззах вилоятининг Зомин тумани қишлоқларида қайд қилинган анъанага кўра, куёвнинг уйига олиб келинган келин қайинларининг ҳурматини қилиб, ўтирмай тикка тураверади. Буни кўрган қуда томон аёллари дарҳол куёвнинг отаси ёки онасини чақиртиради. Келиннинг ўтирмаётганини кўрган қайнона эса эзгу тилак истакларини билдириб, айтган-қўйган нарсаларини келинга ҳадя этади ва уни ўтиришга ундаб:

 

Ой қизим, ойдин қизим,

Кундай ўғлимни бердим,

Қўю тўқлимни бердим, ўтира қолинг!

Кенг ҳовлини бердим,

Ўчоқ бошини бердим, ўтира қолинг! - дейди.

 

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида ҳам куёвникига келган келин уй остонаси олдида хонадон аҳиллари, ўтган ота-боболари ҳурматини бажо келтириб «остона салом» қилади ва ичкарига киргач, то қайнонаси келиб, атаган нарсаларини бир-бир санаб бергунига қадар ўтирмай туради. Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Фориш, Зарбдор туманларида ҳозирги кунларда ҳам никоҳ тўйининг иккинчи куни «юз очар» маросими ўтказилганда, қуйруқ тўғратар, ун элатар, урчуқ йигиртирар, ўчоққа мой томизар каби удумлар бажарилади.

 

Тўйга хос анъанавий белгилар ранг-баранг шаклларда, барча халқлар ва миллатларда умумийлик касб этса-да, уларнинг алоҳида халқ ёки миллат доирасидаги маҳаллий (локал) шаклларини ҳам эътироф этиш лозим. Бундай маҳаллий фарқлар, асосан, ерли аҳолининг этник асослари ва маконий алоҳидалиги билан шартланган ҳолда асрлар давомида вужудга келган. Шу маънода тўй маросимлари шаклларини, уларнинг вазифаларини, кам ўрганилган расм-русумларни ўрганиш фольклоршунослик ва этнографиямизнинг бугунги кундаги муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Муқаддас КАРИМОВА

Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Адабиётлар рўйхати

1.     Шодиев Б. Театрлашган майдон томошалари драматургияси ва режиссураси. Санъатшунослик фан. док. илмий даражасини олиш учун тай. дис. – Тошкент. 2007. – Б. 75.

2.     Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки ижоди — Тошкент: Мусиқа нашриёти, 2010. — 68 б.

3.     Давлатов С. Анъана ва маросим. – Тошкент: Фан, 2009. – 5 б.

4.     Муродова М. Фольклор ва этнография — Тошкент: Алоқачи, 2008. — 39 б

5.     Жўраев М. Ўзбек халқ самовий афсоналари. – Тошкент: Фан, 1995.- 102 б

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 32161
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//