Президентлар, артистлар ва ОАВ фойдаланадиган медиа тактикалар – Сиз нега уларга ишонасиз? 1-мақола


Сақлаш
16:32 / 09.07.2025 20 0

“Қандай бахтли бўлиш мумкин” асари муаллифи нега ўзини ўлдирган? “Ижтимоий маъқулланган” гиёҳванд модда борми? Нима учун коронавируснинг келиб чиқишини шифокор эмас, такси ҳайдовчиси яхшироқ “билади”? Шу ва шу каби саволлар қизиқтирса – ахборотнинг инсон онги, ҳис-туйғуларига таъсири, сўз, тасвир ва талқин орқали омма фикрини бошқаришга уринишлар, жамиятда сунъий равишда салбий ёки ижобий инфомуҳит яратишдан кўзланган мақсадлар, муайян маҳсулот ёки хизматни “едиришга” қаратилган виждонсиз реклама-маркетинг юришлари, медиа-манипуляцион технологиялар, назария ва концепцияларни тушунтирувчи айни мақола айнан сиз учун.

 

Нарко-дисфункция назарияси

 

Йўқ, гап гиёҳвандлик ёки унга мубтало бўлишнинг гўристонга яқинлаштириши ҳақида эмас. Бу назария – одамларнинг кети кўринмайдиган улкан ва ранг-баранг ахборот оқими/ахлатига дуч келиши оқибатида уларда муайян мавзуга нисбатан мутлақо бефарқлик, лоқайдлик кайфияти пайдо бўлишини англатади. Ушбу концепция асосчилари – Пол Лазарсфельд ва Роберт Мертоннинг қайд этишича, катта ҳажмдаги маълумотлар “одамларда муҳим ижтимоий масалаларга эътиборни сусайтиради, уларга юзаки қаралади, натижада жамиятда оммавий апатия, яъни ҳафсаласизлик муҳити пайдо бўлади”.

 

Умуман, назариянинг икки хил талқини бор.

Биринчиси: хабарлар тўлқини ўқувчи ёки тингловчининг фаоллигини ошириш ёки амалий ҳаракатга ундашдан кўра кўпроқ мудроққа солади, гиёҳванд модда қабул қилгандек гандираклатиб қўяди. Тўғри, фойдаланувчилар турли муаммолар ҳақида ўқийди, ўзининг юқори даражадаги бу қизиқиши ва хабардорлигидан мамнун ҳам бўлади, бироқ ўз навбатида улар қарор қабул қилиш ва амалий ҳаракатлардан узилиб қолганини сезмайди. Қисқаси, одамлар ўқиш, тинглаш, фикр юритишни гўё ҳақиқий ҳаракатнинг ўрнини босувчи нарса сифатида қабул қилади.

 

 

Масалан, сайлов кампанияси даврида кишилар жуда кўп ахборотга эга бўлади, тармоқларда муҳокамалар кўпаяди, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам сўз айтади, у ёки бу партия танқид остида қолади, “дивандаги экспертлар” платформалардаги сиёсий блогларни эгаллаб олади, ҳамма гўё фаол, аммо юзаки, чунки энг муҳим нуқта – сайлов участкасига бориб муносиб номзодга овоз беришга кўпчилик ҳафсала қилмайди, ҳатто эринади.

 

Иккинчиси: Нейл Постман илгари сурган талқин. Олим оммавий коммуникациялардан тарқалаётган информацион оқим, айниқса кўнгилочар хабарларнинг аудиторияга таъсирини Олдос Хакслининг “Ажиб янги дунё” антиутопик асаридаги “ижтимоий маъқулланган” гиёҳванд модда – “сома”га қиёслайди. Унинг бир томчиси одамларни тинчлантиради, қувноқ кайфият бағишлайди, муаммоларини унуттиради, реалликдан дам олдиради.

 

Кўнгилочар ахборотда ҳам айни хусусият бор: улар кишиларни аслида муҳим ва долзарб масалалардан чалғитади, масалан фалончининг эрсиз беш бола кўргани, пистончининг ички кийим киймагани ва ҳоказо инфо-мағзавалардан маст одам дейлик, глобал иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши ҳақидаги гапларга мутлақо парво қилмайди.

 

Қўрқитиш ва таҳлика эффекти

 

Яқинда таниқли девелоперлардан бири – кўп қаватли уй қуриб сотадиган бизнесмен ўзининг инстаграм саҳифасида: “Мен биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда янги тураржойларни энг паст нархларда сотишни йўлга қўйдим, одамларга фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятини яратдим, бозорни “нотинч” қилганим учун тўсқинликлар, ҳаётимга бир неча бор таҳдидлар бўлди, лекин тўхтамадим. Ҳаммани навбатдаги вебинаримга таклиф этаман“ деган мазмунда (ваҳимали нотада) видеочиқиш қилди.

 

Бу эса ахборот маконида резонанс бўлди, катта аудиторияли канал ва саҳифалар “Палончи артистнинг қурувчи эри барча ҳақиқатни айтиб ташлади”, “Рақобатчилар девелопер ҳаётига зомин бўлмоқчи” мазмунида шок-хабарлар тарқатди, видео тагида ўн беш мингдан зиёд муносабат билдирилди, изоҳларда “сизга ишонамиз”, “Ўзи асрасин”, “Иншаоллоҳ сиздан уй оламиз” каби тасаллилар ёғдирилди.

 

 

Дарҳақиқат, кимдир девелоперга “ўпкангни босвол, ука” деб ҳазиллашгандир, яна худо билади. Лекин, унинг бу видеоси каминага ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборини жалб этишдан кўра, истеъмолчиларда ачиниш, ваҳима ҳиссини уйғотиш, шунингдек рақобатчиларни ҳар қандай ёвузликка тайёр “кошшей” қиёфасида тасвирлаб, харидорларни ўзига оғдиришга қаратилган манипуляцион технология бўлиб кўринди.

 

Халқаро тажрибада реклама бозоридаги бу тахлит (виждонсиз) юриш – “Қўрқитиш ва таҳлика эффекти” ёки “Қўрқув аппеляцияси” дейилади. У одатда одамларда қўрқув пайдо қилиш орқали маълум бир ҳаракатни бажаришга, муайян сиёсатни қўллаб-қувватлашга ёки маълум бир маҳсулотни сотиб олишга ундаш стратегиясини ифодалайди.

 

ХХ асрнинг 60-йилларида Prestone антифризи рекламасида айни манипуляцион технологиядан фойдаланилган: автомобил бошқараётган одам ва ғира-ширада турган нотаниш шахслар (йўловчилар) фонида “Ҳеч қачон бегоналарни миндирманг, Prestone антифризни олиб кетинг” деган жингл янграган. Бунда “агар улар машинага ўтирса зарар етказиши мумкинлиги” назарда тутилган. Яъни, реклама Prestone антифризининг ижобий хусусиятларини кўрсатишга эмас, балки “нотаниш” бренд автомобилга шикаст етказиш эҳтимолидан қўрқув шакллантиришга қаратилган эди. Хулоса шуки, уй-жой олмоқчимисиз, ҳисларга эмас – ҳужжатларга таянинг.

 

Даннинг-Крюгер эффекти

 

“Билганлар гапирмайди, гапираётганлар – билмайди” деган иборани эшитгансиз, албатта. Хитойлик Лао-Цзи бундан уч йил олдин ёзиб қолдирган уни. Кейинроқ, бу ибора замонавий илм-фанда “Даннинг-Крюгер эффекти” ҳамда “Фирибгарлик синдроми” деб аталадиган феноменлар орқали ўз илмий исботини ҳам топган. Яъни, “Даннинг-Крюгер эффекти” га кўра: ақлий ва интеллектуал салоҳияти ҳаминқадар бўлган кишилар одатда ҳамма нарсада “асман” деб ўйлашга мойил бўлади. Жайдарича айтганда, илмли шифокор ковиднинг қандай пайдо бўлгани ҳақида аниқ хулоса беришга шошилмайди, аммо, масалан таксига чиқсангиз “шессекундда” саволингизга жавоб топасиз.

 

Чунки, ҳақиқий талант, истеъдодли кишилар “Фирибгарлик синдроми”га чалинган бўлади. Бу шундай синдромки, одам муайян қобилиятга, иқтидорга эга бўла туриб ҳам “билганларим шундоқ ҳам ҳаммага маълум, бировга қизиғи йўқ ва қандайдир эътирофга, олқишларга лойиқ эмас” деб ишонади, бошқаларнинг кўзига фирибгар бўлиб кўринишдан қўрқади.

 

Шундай экан, интернетда ким нима деса эргашиб кетавермаслик керак, том маънодаги истеъдодли одамнинг сизга қандайдир маслаҳат бериб ўтиришга вақти ҳам, энди билдикки, “журъати” ҳам йўқ. Хулоса сиздан.

 

Ёлғон эквивалентлик 

 

Икки ҳолат ёки тушунчадан ўхшашлик қидириб, улар ўртасида ахлоқий ёки бошқа турдаги тенгликни ўрнатишга уриниш фанда “Ёлғон эквивалентлик” дейилади. Тадқиқотларда бу манипуляцион технология “итларда ҳам, мушукларда ҳам дум бор, демак улар бир-бирининг ўрнини босади” мазмунидаги нотўғри мантиқий мисоллар ёрдамида тушунтирилади. Ушбу усулдан кўпинча аудиторияни чалғитиш, асоссиз хулосалар чиқаришга ундаш ва улар диққатини бошқа мавзуга қаратиш мақсадида фойдаланилади.

 

Мисол учун, яқинда фахрий журналист ва адиб ўз интервьюсида блогерларни бошини бирлаштирадиган нодавлат ташкилотга эҳтиёж бор, давлат идораси фақат жазолайди, лекин уларни аввало йўналтириш, ўқитиш, тарбиялаш керак, деди. “Эксперт”лардан бири эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасига “бу худди “1984” антиутопик асаридаги Хақиқат вазирлигини тузиш таклифи билан бир хил” деб пост қўйди.

 

Биринчидан, Жорж Оруэлл асарида назарда тутилган “вазирлик” одамларни тотал назоратда ушлаб туради, ўйлаш, фикр айтишни тақиқлайди, тарихни қайта ёзади, умуман қип-қизил цензура билан шуғулланади. Юқоридаги интервьюда эса домла – нодавлат идора бўлсин ва давлатнинг жазосига йўлиқмасин, демоқчи.

 

Иккинчидан, айрим ривожланган мамлакатларда ҳам блогер-инфлюенсерларни ҳимоя қиладиган, айни пайтда улар ахборот қонунчилигини бузганда туртиб қўядиган нодавлат уюшмалар бор, яъни медиаги оид муносабатларда ўзаро ички аудит ишлайди ва бунга давлат мутлақо аралашмайди.

 

Бошқача айтганда, домла назарда тутган “Блогерларни ўқитадиган нодавлат ташкилот” олма бўлса, Оруэлл асаридаги “Ҳақиқат вазирлиги” – лимон. Ҳа, шаклан ўхшаш (думалоқ), иккиси ҳам мева, лекин таъми хар ҳил ва улар ҳеч қачон бир-бирига тенг (эквивалент) бўла олмайди.

 

Ахборот танқислиги назарияси

Чўнтагимдаги тўртбурчак қурилма ахборот кўплигидан портлай деяпти, Тейлор Свифт аллигатор терисидан янги шим тиктирганидан тортиб, Дональд Трампнинг миграция бўйича навбатдаги фармони ҳақида ҳар сонияда хабар бериб туради, танқисликка бало борми?

 

Гап шундаки, ушбу назария одамларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи тўла қондирилмаётганини эмас, балки аксинча, уларнинг чексиз маълумотлар оқимидаги танлови ҳамда ахборотни турлича идрок этиши ортидан юзага келадиган хавфли тенденция – тафаккурлар ўртасидаги бўлинишни тушунтиради. Бу бир неча босқичда юз беради:

1. Зиёли, таълими нисбатан баландроқ кишилар кўпроқ илмий, дунёқарашни оширадиган контентни (ОАВ, блог ва ҳ.к.) танлайди, мияни чархлайдиган лонгридлар ўқийди, газета варақлайди, масалан улар учун АҚШдаги миграцион ҳужжат моҳиятини тушуниш аҳамиятлироқ. Аксинча, таълим даражаси ҳаминқадар бўлганлар одатда юки оғир материалларни қабул қилишга тайёр бўлмайди, уларга тимсоҳ терисидан тикилган шим ёки унинг эгаси ҳақидаги хабарлар қизиқ.

2. ОАВ ҳам асосий аудитория – сифатли ахборотни ҳазм қилишга қийналадиган доиранинг талабига мослашишга, уларни йўқотиб қўймасликка ҳаракат қилади, яъни примитив контентга кўпроқ урғу беради, чунки таҳлилга, илмга асосланган инфомаҳсулотдан фойда кам. Оммабоп онлайн платформаларни-ку айтмаса ҳам бўлади, улар ўзи қисқа вирусли контент билан “тирик”.

3. Бугун исталган соҳа ҳақидаги маълумотлар одамлар учун очиқ. Лекин ҳамма ҳам бундан фойдаланмайди, тўғрироғи таълим даражаси нисбатан юқорироқ қатлам ўқишда, қолганлар эса вайн кўришда давом этади.

 

 

Бошқача айтганда, биринчи манбага асосланган тўғри ва холис информацияга фақат тор доирадаги элита эгалик қилади, аксарият кўпчиликнинг фикри эса турли олди-қочди каналлар, медиа-манипуляторлар тақдим этаётган тўлиқсиз (тийиқсиз) ахборот орқали “шаклланади”. Натижада тафаккурлар ўртасидаги бўлиниш чуқурлашиб бораверади.

 

Бу назариядан битта хулоса чиқариш мумкин, ахборот асрида миллат сифатида яшаб қолиш, бўлиниб кетмаслик ва медиамаконни тартибга солишнинг ягона шарти – умумий таълим сифатини кучайтириш, ошириш, яхшилаш, бошқаси бекор.

 

Медиа-душманлик эффекти

 

1982 йилда Стэнфорд университети тадқиқотчилари – Роберт Валлоне, Ли Росс ва Марк Леппер Исроил сиёсати тарафдорлари ва аксинча Фаластинга хайрихоҳ бўлган бир гуруҳ талабалар иштирокида эксперимент ўтказади. Яъни уларга “Сабра ва Шатиладаги қирғин” номли ҳужжатли фильм қўйиб берилади. Картина ливанлик насронийларнинг Бейрутдаги Сабра ва Шатила лагерларига ўрнашган фаластинлик қочқинларга қилган ҳужуми тафсилотлари ҳақида эди. Қизиғи шундаги, фильм мутлақо ахборот мазмунда, шунчаки воқеалар баёнидан иборат бўлса-да, ҳар икки гуруҳ уни ўзларига қарши қаратилган, деб ҳисоблаган. Яъни, исроилпарастлар фикрича унда “фаластинликлар қўллаб-қувватланган”, нариги томон эса тамоман аксини айтган: “фильм фақат Исроил манфаатларига хизмат қилади”.

 

Натижада тадқиқотчилар қуйидаги хулосага келишган: репортёрнинг мақсади ёки умумий мазмун аҳамиятга эга эмас, ҳар қандай нейтрал контентни душманона деб қабул қилишни энг аввало истеъмолчиларнинг ўзи белгилайди. Қўпол қилиб айтганда: бу ҳолатда “ким биз билан эмас, улар бизга қарши”, “учинчи, бетараф йўл йўқ” ёки “чала ҳомиладорлик бўлмайди” деган қарашлар асосий планга чиқади.

 

Медиа-душманлик эффекти (Hostile media effect) келиб чиқиши шундан. Назария бирор бир масалада ўзининг қатъий позициясига эга индивидга (фойдаланувчига) ОАВнинг айни мавзудаги нейтрал ахбороти ҳам нохолис ва унинг қарашларига терс фикрни қўллаб-қувватлаётгандек туюлиши, ўша ресурс кўзига ғанимдек кўринишини англатади.

 

 

Бир гуруҳ тадқиқотчилар Медиа-душманлик эффектини шахс феъл-атворига хос қуйидаги асосий факторлар билан тушунтиради:

 

1.Танлаб эслаб қолиш. Тадқиқотларга кўра, томонлар одатда хабарларни уларнинг қараши рад этилган (унинг учун негатив) қисмини эслаб қолишга мойил бўлади. Дейлик сиз украин тарафсиз, мақола ҳам кўпроқ ушбу давлатнинг “жабрдийда” эканига қаратилган (сиз учун позитив), аммо қаердадир “Расмий Киев ҳам манави ўринда нотўғри йўл тутди” деган жумлани ўқидингиз, тамом, шу бир оғиз гап сизда ўша ОАВга нисбатан “душманлик” кайфияти уйғотиши мумкин.

2. Содда реализм. Когнитив (билиш жараёнлари билан боғлиқ) бузилишлардан бири. Бунда одам дунё ва ундаги воқеликлар ҳақида фақат ўзининг шахсий тажрибаси ва сезги аъзоларига таяниб хулоса чиқаради ҳамда ўз нуқтаи-назарини мутлақ ҳақиқат (объектив) деб ҳисоблайди, ундан ташқаридаги ҳар қандай фикр нохолис ва аҳмоқона.

3. Селекцион идрок. Эътибор берсангиз, баъзи ёши катта авлодга чор пошшолари одамларни қиличдан ўтказгани, собиқ тузум миллат ойдинларини қатағон қилгани, ўша сиёсат оролни қуритгани ва ҳ. ҳақида аниқ фактлар билан гапирсангиз ҳам сиртига сув юқтирмайди, ўша пайтда гўшт уч тийин эди” деб тураверади. Одамлар феълидаги бу нуқсонга психологлар – селекцион идрок ёки янглиш иқрорлик (confirmation bias) деб диагноз қўйган. Унга кўра, кишилар маълум ахборотнинг уларда аллақачон шаклланган, бошқача айтганда миясида “қотиб қолган” стандартларга мос келадиган қисмини қабул қилиб (танлаб), бошқаларини инкор этади.

 

Жамият аъзоларининг турли қутбларга бўлиниши ва холис ахборот манбаларига бўлган ишонч пасайиб кетишига олиб келади. Яъни, кишилар фақат ўзларининг ҳақиқатини тасдиқлаб берадиган, улар тутган позицияни қўллаб-қувватлайдиган бирёқлама медиа таъсирига тушиб қолади. Бошқа, нейтрал ахборот тарқатадиган ОАВга душман кўзи билан қарайди. Бу ҳолат бевосита дезинформациянинг яшовчанлигига ҳам хизмат қилиши мумкин.

 

Сеҳрли ўқ назарияси

 

АҚШ шимоли-шарқи. 1938 йил 30 октябр оқшоми. Аҳоли ишдан қайтиб, айни дам олишга чоғланган пайт. Оёқни узатиб, ўша даврдаги асосий ахборот манбаи – CBS радиоси тўлқинларига созланган аксарият одамлар кутилмаган хабардан шокка тушади: “Марсда портлаш юз берди, номаълум жисм шу атрофдаги фермалардан бирига қулаган, тўқнашувдан омон қолган марсликлар ерликларга ҳужум қиляпти. Воқеа жойидан репортажни...

 

Тўполон бошланади. Полиция фуқароларнинг чақирув қўнғироқларига жавоб беришга улгурмайди. Оломон кўч-кўронини йиғиштиришга, нима қилиб бўлса-да жонини сақлаб қолишга тушади. Саросима ва хаос ҳукм суради бир муддат. Сал ўтиб, юқоридаги хабар шунчаки Герберт Уэллснинг “Оламлар жанги” асари асосида саҳналаштирилган – ўқиб эшиттирилган радиоспектакль экани маълум бўлади.

 

Мазкур воқеа ХХ асрнинг 30-йиллари охирида америкалик политолог Гарольд Лассуэлл томонидан илгари сурилган Сеҳрли ўқ назариясини англашга ёрдам беради. Сиёсатшуноснинг фикрича, ОАВ орқали тарқатиладиган ва аудитория орасида дарҳол акс-садо берадиган ахборот қурол – “сеҳрли ўқ” хусусиятига эга, бу ўқ одамлар онгига тўғридан-тўғри таъсир қилади, уларнинг фикрлари, ҳис-туйғуларини тезда ўзгартиради, муайян хатти-ҳаракатларни бажаришига кучли рағбат, туртки ёки мотивация уйғотади.

 

 

1930 йилларда турли ахборот воситалари (радио, кино, реклама ва ҳ.к.) жуда тез оммалашаётган, уларнинг инсон онги ва хулқига салбий, айрим ҳолларда эса қўрқинчли таъсири намоён бўлаётган эди. Бу эса соҳа мутахассислари, файласуф ва сиёсатшуносларни ҳушёр торттирди, аудиториянинг медиадан келаётган хабарларни қандай қабул қилиши ва/ёки унга қай тариқа реакция кўрсатишини ўрганишга қаратилган дастлабки тадқиқотлар, жумладан Лассуэлл назарияси пайдо бўлди.

 

Унинг формуласи оддий: хабарлар кутилган натижага эришиш учун стратегик тарзда яратилади – улар тўғридан-тўғри жамиятнинг “қон айланиш тизими” ёки “бош мияси”га “инъекция” шаклида юборилади – томошабин ёки тингловчи карахт ҳолатга тушади – маълум “доза”дан кейин эса уларда инстинктив равишда бир хил реакция кузатилади. Шундай қилиб, кишилар ахборотнинг ожиз объектига айланади.

 

Назария тарафдорларига кўра, “соғлом ақл шунчаки иллюзия, чунки инсон онги кучли ва мақсадли хабарларга қаршилик кўрсата олмайди”. Ўтган асрнинг 30-40 йилларида немис жамоатчилигининг фашистик ғояларга кўр-кўрона эргашиши ва уларда айрим миллатларга бемисл нафрат уйғониши ёки собиқ иттифоқ халқининг “совет тизими дунёдаги энг адолатли тизим” эканига чин кўнгилдан ишониши ҳам сеҳрли ўқ назарияси билан тушунтирилади.

 

Айрим тадқиқотчилар Лассуэлл назарияси ХХ аср медиаси кучини тушунтириш учун ишлатилган, бугунга келиб аҳамиятини деярли йўқотган, чунки замонавий дунё кишиси аҳмоқ эмас, уларда аждодларидан фарқли ўлароқ ахборотни таҳлил қилиш, танлаш имкони бор, оқ-қорани фарқлай олади, деб ҳисоблайди. Аммо, дейлик охирги пандемия даврида айрим одамлар “вакцина қилдирганларнинг кетидан дум ўсиб чиқаётганмиш” деган хабарларга ишонгани ва вакцинадан воз кечишга қаратилган оммавий чақириқлар янграганини ҳам унутмайлик. Яъни, ҳўкиз туғибди деса, дарров суюнчи олишга шошадиганлар бор экан, Сеҳрли ўқ назарияси долзарблигини ҳали-бери йўқотмайди.

 

Икки поғонали ахборот оқими концепцияси

 

“Сеҳрли ўқ” назариясидан фарқли равишда бу концепция ОАВ ва медиада эълон қилинган ахборотнинг аудиторияга тўғридан-тўғри таъсирини қайсидир маънода рад этади, унга кўра авом хабарларни жамиятдаги “фикр етакчилари” орқали ўзлаштиради ва муайян реакция билдиради.

 

Бошқача айтганда, ахборот дастлаб фикр лидерлари орасида тарқалади (биринчи поғона), кейин эса улар хабар моҳиятини ўз “муридлари” талабига мослаб етказади/тушунтиради (иккинчи поғона).

 

Икки поғонали ахборот оқими концепцияси 1944 йилда америкалик тадқиқотчилар – Питер Лазарсфельд, Бернард Берельсон и Хейзель Годэ томонидан ишлаб чиқилган. Бунда муаллифлар 1940 йилда АҚШдаги президент сайловлари натижалари таҳлилига асосланган. Ўшанда медиа асосан Уэнделл Уилки тарғиботига урғу беради, аммо якунда унинг рақиби Теодор Рузвельт ғалаба қозонади. Лазарсфельд ва унинг жамоаси бу кутилмаганликни сайловчилар ўзларининг танловини ОАВ орқали тарқатилган хабарлар таъсирида эмас, балки атрофдаги ўзлари ишонган, нутқи ва салоҳияти билан ажралиб турган эътиборли кишиларнинг талқинига таяниб амалга оширгани билан изоҳлаган.

 

Хўш, фикр етакчилари ўзи ким? Турли ёш, мавқе, касб ва таълим даражасига эга бўлган инсонлар. Улар, муайян тор соҳадаги муаммоларни чуқур тушунувчи мутахассис (эксперт) бўлиши шарт эмас. Профессионал тажрибанинг ўзи ҳам фикр етакчилари қаторига қўшилиш учун камлик қилади. Аксинча, фаоллик, кенг дунёқараш, ўзига жалб эта олиш қобилияти ва мулоқотга мойиллик муҳим бунда.

 

– Шахс қанчалик машҳур бўлса, унинг сўзлари шунчалик катта аҳамият касб этади. Айниқса, оммага дахлдор ва ёки эзгулик ва ёвузлик, адолат ва адолатсизлик, ўтмиш ва келажак ҳақидаги тасаввурларимизга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган муҳим ижтимоий мавзулар ҳақида гап кетганда, – дейди медиа-эксперт Ирина Сидорская. – Бундай масалаларда “мутахассис” бўлиш шарт эмас: яхшини ёмондан ажратиш учун ахлоқ фани профессори бўлиш талаб қилинмайди.

 

Оддий айтганда, фикр етакчилари – биз турли сабабларга кўра ишонч билдирадиган, обрў-эътиборга эга кишилар. Ҳали интернет, радио ёки ТВ йўқ пайтларда бу вазифада кўпроқ руҳонийлар, ёзувчилар, саркардалар, боринг ана сартарошлар намоён бўлган, ҳозир эса уларнинг ўрнини блогер, вайнер, инфлюенсер, спортчи-ю қўшиқчилар эгаллаган.

 

Улар қандай функцияларни бажаради?

 

Биринчидан, фикр лидерлари хабарлардаги кишилар пайқамаган, эътиборсиз қолдириши мумкин бўлган деталларга диққатни қаратади. Масалан, “Шум бола” фильмидаги “фикр етакчиси” – Ҳожи бобонинг “закоси” бўлмаганда сафдош-муридлари Насри Сайёр учинчи зарбада Або Муслимни елкаларигача ерга ботирганидан ғафлатда қоларди.

 

 

Иккинчидан, улар янгиликни шарҳлайди, уни контекстга жойлаштиради, сабаб ва оқибатларини кўрсатади, кейинги қадам учун тахмин ва прогнозларини билдиради. Объектив сабабларга кўра, битта материалда тўлиқ манзарани акс эттириш мумкин эмас. Буни айнан фикр етакчиларининг изоҳлари тўлдиради. Ҳожи бобонинг “агар биринчи зарбада Або Муслим белларигача кирган бўлса, иккинчи зарбада қулоқларигача ерга қоқиларди, бунга ақл ишонмайди” деган “таҳлили” ёдингиздадир.

 

Учинчидан, ахборотни муайян тенденциянинг намойиши сифатида кўрсатади, унга ва ёки унинг қатнашчиларига ижобий ёки салбий ракурсдан баҳо беради. Дейлик, фильмдаги ўша гурунгда Ҳожи бобо ахборотни шарҳлай туриб, унинг иштирокчиларидан бири – Насри Сайёрни “сакбачча” (“итвачча”) деб атайди. Шу орқали атрофидаги “аудитория”га “у салбий қаҳрамон” деган мессеж берилади.

 

Бугунги реаллик шундан иборатки, кўпчилик ахборотни эмас, балки у ҳақидаги талқинни қабул қилади. Бу – унинг эҳтимолий таъсири кўп жиҳатдан фикр етакчилари, медиаперсоналарга боғлиқ, дегани. Яъни, ахборот асрида улар инфотерапевт функциясини ҳам бажариши ёхуд аксинча медиавирус ташувчиси вазифасини ҳам ўташи мумкин. Буёғи виждон ва масъулият масаласи.

 

Шу жиҳатдан соғлом медиамуҳит вужудга келиши учун аудитория холис фикр етакчиларини танлай билиши, фақат Ҳожи бобога “ёпишмай”, уларнинг доирасини кенгайтириши, вазият ҳақида тўлиқ ва ҳар томонлама тасаввурга эга бўлиш учун фикрлар ва далилларни таққослаб хулоса чиқариши керак.

 

Дилшод НУРИЛЛОҲ,

журналист

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19228
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//