
Ушбу мақола ўзбек миллатига мансуб бўлмаган Нина, Таисия, Владислав ва Айнисанинг ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўрганиш тажрибалари ҳақида ҳикоя қилади. Ҳикоямиз қаҳрамонлари 1980-1990 йилларда Тошкент шаҳри ва унинг атрофида туғилиб, рус тилли муҳитда улғайган. Уларнинг ўзбек тилини ўрганиш саргузаштлари оила, кенгроқ муҳит, мактаб ва университет ҳамда норасмий/хусусий ўрганиш каби тартибда кўриб чиқилади.
Илк сабоқ – оила
Нина ва Владиславнинг ота-онаси ўзбек тилида сўзлашмайди, шунинг учун улар болаларида ушбу тил кўникмасини ривожлантира олмаган. Таисиянинг ва Айнисанинг ота-онаси эса ўзбекча гаплашади, лекин улар уйда болалари билан ҳеч қачон ўзбекча суҳбатлашмаган.
Фақатгина Айнисанинг отаси қизи ўзбекчани тушуниши ва ушбу тилда гапириши шарт деб ҳисоблаган. Бироқ Айниса ўзбек тилини фақат бозор ва жамоат транспортида ишлатиш учун етарли даражада ўзлаштирган.
Ўзбек тилини тушуниш ҳам Айниса учун нисбатан осонроқ бўлган, чунки у бувиси билан ўзбек тилига яқин бўлган татар тилида гаплашган. Нина ва Владиславнинг ота-онаси, эҳтимол ўзлари ўзбекча билмагани учун, фарзандларини ўзбекча гаплашмасликда айбламаган.
Аксинча, ўзбек тили фанидан уй вазифасини бажаришда отасидан ёрдам сўраган Таисия ўзбекчани акцент билан гапиргани учун отасининг кулгисига сабаб бўлган ва ушбу тилни ўрганиш истагини йўқотган.
Тадқиқотларга кўра, оила аъзолари томонидан кўрсатилувчи лингвистик кўмак ва ҳаётий вазиятларнинг йўқлиги болаларни муайян тилда мулоқот қилишга ундамайди.
Тўртта қаҳрамонимизнинг атрофидаги муҳит ҳам уларга ўзбек тилини ўрганишга дастак бермаган.
«Барча дўстларим ва ҳамкасбларим русийзабон. Шунинг учун ўзбек тилини ўрганиш менинг тил билиш даражамни ҳисобга олган ҳолда вақтни беҳуда сарфлаш дегани.
Аммо маҳаллий ўзбеклар орасида ҳам дарҳол рус тилига ўтиш ҳолати кенг тарқалган. Улар буни ҳурмат деб атайди, лекин мен бунинг нимаси ҳурмат эканини тушунмайман. Улар сўзлашишга қийналаётган, жуда секин гапираётган одамни кўрганларида, дарров рус тилига ўтади. Улар ҳатто рус тилини билишимиз ёки машқ қилишимиз керак деб, «мен билан ўзбекча гаплашманг, уни уйда машқ қила қолинг» деб айтади. Натижада ўзбек тилини ҳаётий ҳолатларда ишлатиб бўлмайди», дейди Владислав.
Демак, ташқи муҳит ҳам ўзбек тилини ўрганаётган инсонларда «ўзи ўзбек тилини билиш керакми?» деган савол туғдирмоқда бу уларнинг мотивациясини ўлдиряпти. Натижада, бундай инсонларнинг ҳаракатлари асосан муваффақиятсиз тугаяпти. Уларнинг ўзбекча гаплашишга уринишлари кўпинча ўзбекзабон одамларнинг табассумларига, баъзида қўполлигига сабаб бўлади.
«Менинг бир ҳамкасбим бор. Бир куни у кечқурун соат олтида ишга келди. Дўстларимдан бири унга оддийгина ‘Ассалому алайкумʼ деди, мен эса ‘Хайрли оқшомʼ деб ҳам айтиш мумкинлигини қўшимча қилдим. Шунда у, гарчи қоронғи тушган бўлсада, ъҳали оқшом эмасʼ дея қўпол жавоб берди», дейди Таисия.
«Ўзбекча сўзлашадиган руслар ўзбекзабон ўзбекларда юмшоқ қилиб айтганда кулги пайдо қилади... Улар дарҳол рус тилига ўтади» дея Таисиянинг гапини тасдиқлаган Владислав.
Бундан ташқари, Владиславнинг таъкидлашича, мактаб ва университетда ўқитиладиган ўзбек адабий тили Тошкент кўчаларида ишлатиладиган тилдан шунчалик фарқ қиладики, дарсликдаги билимлар билан ҳақиқий мулоқотда зарур бўлган билимлар ўртасида ўхшашлик топиш жуда қийин.
«Агар сиз адабий тилда гаплашсангиз, Тошкентда бу – фойдасиз. Тошкент шевасида гапириш жуда қийин, чунки сиз жонли тили хусусиятларини ўта яхши билишингиз керак. Она тили ўзбек тили бўлмаган одам, ўқитувчилари қанча ҳаракат қилмасин, ўзбек тилли муҳитда яшамаса, тилни ўргана олмайди», дея қўшимча қилади Владислав.
Шунингдек, тўртала қаҳрамонимиз ҳам мактабда ўзбек тилини ўрганиш бўйича салбий тажрибага эга эканлигини айтди.
Мотивациясиз (мотивацияни ўлдирувчи) ўқитувчилар, уларнинг зерикарли дарслари, ишига масъулиятсиз муносабат (дарсга кечикиши ёки умуман келмаслиги), бемаъни топшириқлар (масалан, «ж ҳарфи билан бошланадиган 20 та сўз ёзиш»), нутқ кўникмаларини ривожлантириш ўрнига грамматик машқларни бажаришга урғу берувчи амалдаги ўқув дастури ва баҳолашдаги ғалати ёндашувлар шундай тажрибалар жумласидандир.
Тўртовлоннинг университетда ўзбек тилини ўрганиш тажрибалари ҳам салбий эди.
«Университетда ўзбек тилини ўрганиш даражаси нолга тушди, чунки у бизга умуман ўргатилмаган. Бизнинг ўқитувчимиз дарсга доимо кечикиб келарди ёки умуман келмасди» дейди Айниса.
«Университетда мен кундалик ҳаётда керак бўлмайдиган жуда мураккаб ибораларни ёдлашга мажбур бўлганман. Уларни ҳам билишим керакдир, лекин бу бошқа даража. Чет тили ўқитилганда ҳамма нарса аста-секин ўргатилиши керак. Менимча, ўзбек тилини ўқитишда соддаликдан мураккабликка қараб бориш каби мантиқий ёндашув йўқ» дея Нина ҳам Айнисанинг фикрини тасдиқлаган.
«Мен университетда асосан грамматикани ўргандим, аммо бу менга кундалик ҳаётда асқотмади», деган Таисия.
Дарҳақиқат, ўқитувчининг ножўя хатти-ҳаракати, грамматика ва ёдлашга катта эътибор қаратиши – тил ўрганишда кучли демотивацион омиллардир.
Юқорида санаб ўтилган қийинчиликларга қарамай Нина, Владислав, Таисия ва Айнисаларнинг ўзбек тилини ўрганишида яхши хотиралар ҳам бор эди. Айниса ўзбек тили фанидан бутун мактаб курсини битта ўқитувчи ўтганини афзаллик деб билади.
Владислав эса ўзининг ўрта мактабдаги ўзбек тили ўқитувчисини «кўп йиллик қийинчиликлардан сўнг ўзбек тилини яхшироқ тушунишимга ва ўзимни муваффақиятли ҳис қилишимга ёрдам берган» инсон деб атаган.
Нина ҳам унда ўзбек тилига қизиқиш уйғотган, ўзбек маданиятини севиб, ўз ютуқлари билан фахрланишига сабабчи бўлган биринчи ўзбек тили устозига миннатдорлик билдирган.
Афсуски, бу илиқ хотиралар ҳикоя қаҳрамонларининг ўзбек тилини мукаммал ўрганишига жиддий туртки бўлишга камлик қиларди.
Қизиғи шундаки, ўзбек тилини иш ва хусусий таълим орқали ўрганиш Нина, Владислав, Таисия ва Айниса учун анча самаралироқ бўлди.
Нина «Макромолекуляр бирикмалар кимёси» мутахассислиги бўйича магистратурга кирган ва бу ерда барча фан ўзбек тилида ўқитилган. Нинага «кимё бўйича чуқур билимлар, мактабдан ўзлаштирган ўзбекча сўзлар, баъзи бир халқаро сўзлар ҳамда интуиция» маърузаларнинг маъносини тушунишга ёрдам берган. Нина ўзбек тили билан боғлиқ кўплаб стрессларни бошдан кечирганига қарамай ўқишни муваффақиятли тугатган.
Афсуски, уч йиллик туғруқ таътилидан сўнг, уйда ўзбек тилига муҳтож бўлмагани сабабли Нина ўзбекчани яна унутиб қўйган.
Шунга ўхшаш воқеа Айниса билан ҳам содир бўлади. У ишлаган мактабда мутахассислар етишмаслиги туфайли Айниса ўзбекзабон гуруҳларга инглиз тилидан дарс беришга мажбур бўлади. Яхшиямки, Айнисанинг ўзбекзабонлар учун дарслиги бор эди, бу унга дарсларини режалаштиришга ва муваффақиятли ўтишга ёрдам берган.
Эҳтимол, ўша йилларда унга Россия телеканаллари Ўзбекистонда кўрсатилмаганлиги учун телекўрсатув ва фильмларни фақат ўзбек тилида кўргани ҳам унга ёрдам бергандир. У жонли тилда гапирувчи телевидение томоша қилганда кўп ўзбекча сўзларни ўрганиб олган. Бундан ташқари, у мактабда ўзбек тилида бўлиб ўтган кўплаб маданий тадбирларда қатнашган. Бироқ, Нина сингари, Айнисанинг ҳам ўзбек тилини билиш даражаси халқаро мактабга ишга ўтганидан бери анча ёмонлашиб кетган, чунки у ерда ўзбек тили камдан-кам ишлатилади.
Таисиянинг ўзбек тилини ўрганишида ҳам қизиқарли воқеа содир бўлади. У ўзбекзабон тенгдошлари билан геодезия экспедициясига жўнайди. Таисия уч ҳафта давомида ўзбекона муҳитда яшайди. Сафардан кейин Таисия ўзбекча нутқни яхшироқ тушуна бошлайди, чунки тил муҳитининг қисқа муддатли таъсири кўпроқ гапириш эмас, балки тинглаш кўникмаларини ривожлантиради.
Таисия ўзбекзабон тенгдошлари билан тўлиқ мулоқот қила олмаганидан хижолат бўлади ва тил ўрганиш истагини кучайтиради. У CОВИД-19 пандемияси пайтида онлайн ўзбек тили курсида ўқийди. Аммо дарсларда ўргатилган нарсалар ва мустақил бажаришга мўлжалланган вазифалар ўртасидаги фарқдан Таисиянинг ҳафсаласи пир бўлади. Бир мунча вақт ўтгач, у яхшироқ бир хусусий ўқув марказини топади. Таисиянинг ўзбек тили кўникмалари анча яхшиланади.
У ўзбек тилини ўрганишда ва ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Таисия сингари Владислав ҳам ўзбек тилини ўрганиш учун бир неча мустақил уринишларни амалга оширган ва катта муваффақиятга эришган. Айниқса, унинг устозларидан бири унга ўзбек алифбосидан тортиб, мураккаб жумлаларгача бўлган ҳамма нарсани ўргатган. Владислав яхши ўқитувчи бўлса, ўзбек тили қийин тил эмаслигини пайқаган.
Бироқ, тез орада у ўрганаётган тили кундалик ҳаётда ишлатилган тил эмаслигини тушунади. Бундан ташқари, ўзбек тилини амалда қўллаш имкониятининг етишмаслиги натижасида деярли ҳамма нарсани унутиб қўяди.
Ҳозир у ўзбек тилини ўрта босқичда ўрганишда давом этмоқда.
Владиславнинг айтишича, унинг ўзбек тилини яхши ўрганишига яна бир туртки бўлган.
«Ҳозир атрофда ўзбекча сўзлашадиган одамлар сони йилдан йилга кўпайиб, рус тили қамрови торайиб боряпти. Демак мен Ўзбекистонда қолишни истасам, кундалик ҳаётда қўлланилувчи ўзбек тилини билишим шарт», дейди Владислав.
Таисия ҳам бой ўзбек маданиятидан баҳраманд бўлишга, яъни ўзбек қўшиқлари ва китобларини асл тилда ўқишга, эшитишга интилади.
Шундай қилиб, Владислав ва Таисия ўзбек тилига қизиқиш билдиради ҳамда уни қадрлайд. Ва бу уларни доимий равишда тил ўрганишни давом эттиришга ундайди.
Нина эса ўзбек тилини шахсий такомиллаштириш воситаси ёки янги уфқларни очиб берадиган нарса деб билмайди. Гарчи Айниса буни айтмаган бўлсада, у маҳаллий мактабдан халқаро мактабга ўтгани ва яқинда Буюк Британия университетида магистрлик даражасини олганини ҳисобга олсак, унда ҳам ўзбек тилига эҳтиёж кам. Шундай қилиб, Нина ҳам, Айниса ҳам ўзбек тилини билиш даражасини яхшилаш учун ҳеч қандай мотивацияга эга эмасга ўхшайди.
Нина, Владислав, Таисия ва Айниса тажрибаларини умумлаштирсак, улардан ҳеч бири мактаб ва университетдаги ўзбек тили дарсларидан фойда олмаган. Уларнинг ўзбек тилини ўрганиш тажрибалари рағбатлантирувчи эмас, кўпроқ тушкунликка солувчи эди. Уларнинг оиласи ҳам, ташқи муҳити ҳам ўзбек тили кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам бермаган.
Аммо уларнинг касбий ўрганиш тажрибаси муваффақиятлироқ бўлган. Афсуски, уларнинг ҳеч бири ўзбек тилини мукаммал билмайди, лекин бу фақат уларнинг хатоси эмас. Эҳтимол, қулайроқ шароитларда улар ўзларини айбдор ҳис қилиб ёхуд мулоқот эҳтиёжи туфайли иккинчи тилни ўрганарди.
Кўплаб муваффақиятсизликларга қарамай, Владислав ва Таисия ҳали ҳам ўзбек тилини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Нина ва Айниса бир қатор омиллар сабаб ўзбек тилини ўрганиш истагини қайтариб бўлмайдиган даражада йўқотганга ўхшайди. Улар ўзбек тилидан анча узоқлашган.
Шундай қилиб, ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўрганиш жараёнидаги тўртта қаҳрамонимизнинг тажрибаси расмий ва норасмий ўргатиш усули, иш фаолияти ва ташқи муҳит тил ўрганишда асосий факторлар эканини кўрсатди.
Камил Тилябаев
Буюк Британиянинг Ланкастер Университети PhD’си
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ