
Юртимизда кўплаб тоғ, дарё, анҳор, шаҳар ва қишлоқ номларига ранглар қўшимча тарзида қўшилган. Бироқ, Оқтов, Қоратов, Оқчайла, Оқтепа, Кўктепа, Қизилтепа, Оқсув-Кўксув каби географик жойларнинг ҳолати номларидаги рангларга мос келмайди, одатда. Масалан, туғилган қишлоғим – Сариғул номининг келиб чиқишини ҳам рангга боғловчи “Саригул”, “Сорикўл” билан боғлиқ ривоятлар бўлса-да, аслида бутунлай бошқа мазмун сабаб қўйилган.
Германиялик машҳур тарихчи, туркийшунос олим 1962 йили Венгрияда чоп этилган “Рангларнинг рамзий маънолари” китобида қадимги туркий халқлар дунё томонларини ранглар билан атаганини ёзади. Яъни, уларда Шарқ – кўк, Жануб – қизил, Ғарб – оқ, Шимол – қора ранг деб ифодаланган. Энг муҳими ва қизиқарлиси аждодларимизда марказ – сариқ ранг билан аталган. Турк олими Зиё Кўкалп Туркия атрофидаги денгизларнинг номланиши ҳам шундан келиб чиққанини таъкидлаган. Яъни, Қораденгиз – шимолдаги денгиз, Оқ денгиз – ғарбдаги денгиз, Қизилденгиз – жанубдаги денгиз бўлгани учун шундай номланган. Тарихий маълумотларга кўра, Олтин Ўрда давлатининг шарқий қисми Кўк Ўрда, ғарбий қисми Оқ Ўрда деб номланган. Олтин Ўрда эса давлатнинг маркази бўлгани сабабли сариқ-тилла рангга нисбат берилиб Олтин Ўрда дейилган.
Қадимги туркий халқлар географик теграларга тегишли рангларга жуда эътиборли бўлишган. Хитой манбаларида ёзилишича, буюк аждодимиз Метехон Хитой қўшинини қамал қилиш мақсадида барча оқ отли суворий қўшинларини Хитой қўшинининг ғарб тарафига, кўк отлиларни шарқ тарафига, қора отлиларни шимолга, қизил отли суворийларни жануб тарафига жойлаштирган ва шу тактика билан мағлуб қилган. Венгриялик тарихчи олим Андреас Альфельдининг ёзишича Метехон, доим Ғарбга оқ отлар билан, шимолга қора отлар билан шарққа кўк, жанубга қизил отлар билан юриш қилишга одатланган.
Демак, қишлоғимиз номининг бош бўғини “Сари”– бу рангни эмас, балки, “асосий, марказий ҳудуд, жой, қисм” деган маънони англатяпти. Бу мазмун қишлоғимизнинг ўтмиши, тарихий шахслари ҳақидаги фактларга жудаям яқин. Чунки қишлоқ Оқтов бағрида жойлашган бўлиб, ўтмиши жанговор полвонлар, ботирлар билан боғлиқ. Кексаларимиз бизнинг ота аждодларимиз Ойботир, Қосаботир, Саработир, Қоработир деган ботирлар эканини айтиб келишади. Айтишларича, ботирлар зарур пайтда давлатни ҳимоялашда кўмаклашган, хонлар ва амирлар жангларга ҳарбий ёрдам керак бўлганда албатта уларни чақирган.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида келтирилишича, “Ғул” сўзи, ҳарбий қанот, асосий ҳарбий қўриқчилар гуруҳи маъносини англатади. Ўрта асрларда туркий халқлар ва мўғуллар қўшинининг марказида ва қанот (фланг)лар олдида, подшоҳ, хон ҳузурида турувчи махсус ҳарбий қисм. Арабча қалб дейилган.
Марказда турувчи Ғул, улуғ Ғул, қанотлардагиси эса кичик Ғул деб аталган. Ҳарбий юриш вақтида қоровул олдига ҳам Ғул қўйилган. Катта Ғулга хоннинг ўзи ёки тажрибали амирларидан бири қўмондонлик қилган. Таниқли тарихчи олим профессор Бўрибой Аҳмедов ўзининг “Улуғбек” номли китобида “Халил Султон рақибининг ғулига кучли зарба берди”, деб ёзади. Яъни душманнинг марказий ҳарбий қўшинига ҳамла қилганини тасвирлайди.
“Сариқ” – “марказ, асосий”, “ғул” – “жанговор ҳарбий гуруҳ, асосий қўриқчилар, жангчилар корпуси”ни англатишидан келиб чиқадиган бўлсак, Сариғул бу – марказий ҳарбий гуруҳ, ишончли мудофаачилар, давлатга содиқ жанговар ботирлар яшайдиган қишлоқ маъносини билдиради дейиш мумкин.
Ҳусан ШОДИЕВ,
Тошкент амалий фанлар
университети талабаси
Адабиёт
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ