Адабиёт
Тасаввуф узоқ асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиб келмоқда. Инсонннинг руҳий-ахлоқий покланиши, илоҳий муҳаббат билан юксалиб бориши бу таълимотнинг асосий ғояларидандир.
Мусулмон оламида кароматлари саҳиҳ зоҳир бўлган, халқ томонидан авлиё деб тан олинган кишиларнинг аксари аҳли тариқат бўлганлар. Каромат эса ҳар кимга берилмайди. У Аллоҳнинг инояти бўлиб, илму амали, тақвоси, хайру эҳсони, марҳамат-шафқати, ихлос-самимияти, эътиқоди кучли бўлган кишиларгагина берилган. Авлиёлар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳнинг хос марҳаматига эришувчи кишилар ҳисобланади. Қуръони Каримда улар ҳақида шундай дейилган: “Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаётий дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир”.
Инсоннинг камолотга етишуви учун тасаввуфнинг икки асосий йўли фарқланади: инсон ўз иродасини, нафс деган борлиғини йўлга солиш учун унга мустаҳкам таълим-тарбия, ҳарбийларга хос интизом лозим… Бу интизомга “риёзат” деб айтилади. Руҳий бир риёзат, руҳий бир машқ. Гимнастиканинг қадимги номи “риёзатул бадан”, яъни бадан тарбияси. Бундан ташқари руҳнинг “риёзати” бор. Мана шу тасаввуф ҳисобланади. Яъни, тасаввуф ахлоқан мукаммал бўлишни таъминлайди. Шунингдек, иккинчи йўл – ишқ, севги ва муҳаббат йўли фарқланган.... Биринчи йўл “ҳарбий интизом” билан, машаққатли тарбиялар воситасида камолга етиштирса, иккинчи йўл инсонда севги, ишқ уйғотиб, уни муҳиб, ошиқ инсонга айлантиради. Яхши ишлар қилиш учун кучли бир ҳолатга келтиради… Бу икки асосий йўл бизнинг маданиятимизга таъсир этиб келди. Ўрта Осиё маданияти ўтмишимиз, тарихимиз билан алоқадор бўлган таълим-тарбия йўли, севги, ишқ, жўшқинлик йўлидир.
Масалан, Мавлоно Жалолиддин Румий ижодида муаззам бир руҳий жўшқинлик, Аллоҳга бўлган севги-муҳаббат мавзуи узоқ асрлардан бери кишиларни тўлқинлантириб келади. “Сенинг севгинг менинг диним-иймоним” дея севги ўтида ёниб, ўртанади шоир. Балиқ сув ичида тирикдир. Сувдан чиқса ўлади. “Мени ҳам ишқинг дарёсидан ташқарига чиқарма, ё Раббим! У дарёнинг ичида бўлайин”, деб илтижолар қилади. Тасаввуф таълимотида “Мутасаввиф қандай инсон?” деган саволга турлича жавоб берганлар. Жумладан, мутасаввиф дину диёнатли, гўзал ахлоқли, сабрли, камтар, қаноатли, ҳалим, ширинсўз, фидокор, мулоҳазали, фақат яхшилик соғинадиган, барчага яхшилик қиладиган, майда-чуйдаларга парво қилмайдиган, аммо фаол бир инсон… Ёмон хулқлардан йироқ, покиза бир шахс…
Ахлоқий гўзалликлар, ҳаётий тажрибалар туфайли Мавлоно Румий каби улуғ инсонларнинг дунёга келиши, Шарқ ва Ғарбни ўзига жалб этадиган, нозик фикрли, халқчил, инсон манфаатини кўзлаб дурдона асарлар ижод қилган кишиларнинг зариф, зийрак ва адабли эканликлари ҳаммани лол қолдиради...
Мавлоно Румий ҳазратларидан бир камбағал ёрдам сўраб келганида, Мавлоно бунга ёрдам бериш учун бир мактуб ёзиб уни вазирга юборади. Вазир мавлонога: “Сизнинг талабингиз девон қонунларига мувофиқ эмас”, деб жавоб ёзади. Мавлоно шу мактуб остига қайтадан: “Вазир ҳазратлари девоннинг соҳибидир. Девон вазирни бошқарувчи эмас”, деб жавоб ёзади. Девоннинг форсчадан икки хил маъноси бор: 1. Давлат маҳкамаси, идораси. 2. Девон “дев” сўзининг кўплик шакли, яъни девон – девлар дегани. “Дев” туркийдаги баҳайбат одам маъносида эмас, форсчадаги “шайтон” маъносида қўлланган. Шоир “девон” деганда шайтонларни, сўз ўйини қилиб ҳар иккала маънони назарда тутган. Яъни вазирга айтганки: “Вазир ҳазратлари девоннинг бошқарувчиси, эгасидир. Истаган нарсасини қилиши мумкин. Лекин шайтонлар вазирни бошқармасинлар, унга тескари нарсани, терс йўлни кўрсатмасинлар”, деб танбеҳ берган.
Камбағалнинг, мискиннинг ҳожатини чиқармаганларни шайтонга ўхшатган… Албатта бундай нуқтадонлик вазирга маъқул тушади ва камбағалнинг ҳожатини чиқаради. Зариф, оқил, дилкаш, золимдан, ўлимдан қўрқмайдиган инсонлар… Мавлоно Жалолиддин Румий ўзининг ўлимини “шаби арус”, яъни никоҳ оқшоми, келинни кўрадиган, ҳаяжонланадиган, висолга эришадиган оқшом, деб атайди… “Мен ўлганимда, менинг орқамдан йиғламанг”, “алвидо” деманг. Мен ажралишга эмас, учрашувга кетаман…” дейди. Эътиқодли, ошиқ бир инсон… Тасаввуф арбоблари шунинг учун ҳам севимлидирлар.
Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади. Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади. Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия, яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқорида баён қилинганларни ёшларимиз онги ва руҳиятига сингдириш уларни маънавий жасоратга йўллайди.
Бобир ЎРАЗОВ,
БухДУ “Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа”
кафедраси ўқитувчиси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ