
Сўнгги бир неча йилда сунъий интеллект (AI) технологияларининг таълим соҳасига кириб келиши замонавий мактаб ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Эндиликда дарсларда AI ёрдамида иншо ёзиш, мураккаб масалаларни ечиш ва ҳатто ўқитувчининг дарс режаларини автоматлаштириш ҳам одатий ҳолга айланди. Аммо бу технологик юксалиш фақат қулайлик ёки замонавийлик масаласи эмас — у мактаб ўқувчиларининг психологик ривожланиши, таълимни қабул қилиш услуби ва инсоний кўникмалари билан чамбарчас боғлиқ. Бугун AI таълимдаги энг долзарб саволлардан бирига айланган: технология бола онги ва шахсиятини қандай шакллантирмоқда?
Психологик таъсирлар
Сўнгги йилларда сунъий интеллект воситалари ўқувчилар ҳаётига кириб келиб, уларнинг психологик ҳолатига ҳам кучли таъсир кўрсата бошлади. Бу таъсир бир томондан янги имкониятлар яратса, иккинчи томондан айрим хавотирли ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Ижобий жиҳатдан, AI ўқувчиларнинг мустақил ишлашига, дарсда фаолроқ бўлишига ва ўзига ишончини оширишга ёрдам беради. Айрим тадқиқотларда унинг ўқувчиларда билимни яхшироқ ўзлаштиришига, муаммоларни енгилроқ ҳал қилишига ва стресс даражасини камайтиришга хизмат қилгани аниқланган. Масалан, Гарвард тадқиқотчиси Йинг Ху айтишича, агар AI тўғри методларга асосланган бўлса, бола бу технологияни инсон билан суҳбатлашгандек қабул қилади ва дарсга жиддийроқ ёндашади.
Шу билан бирга, AIʼдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш муаммоларни ҳам юзага келтириши мумкин. Болалар унга керагидан ортиқ таяниб қолса, уларда мустақил фикрлаш, диққатни жамлаш ва эслаб қолиш кўникмалари заифлашади. MIT ва Пенсильвания университетлари тадқиқотларига кўра, AIʼдан мунтазам фойдаланувчи ўқувчиларда танқидий фикрлаш пасайиб, фикрни чуқур таҳлил қилиш одати камаймоқда. Қолаверса, AIʼнинг нотўғри ишлатилиши маълумотлар хавфсизлиги, онлайн зўравонлик ва ахлоқий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Педагогик ёндашувлар ва методлар. AI тюторлар ва адаптив таълим тизимлари
AI педагогик методларда туб бурилиш ясади. Хусусан, AI тюторлар ёрдамида таълимнинг индивидуаллаштирилган модели пайдо бўлди. Хитойда ишлаб чиқилган Squirrel AI тизими 10000 дан ортиқ когнитив блоклар орқали ҳар бир ўқувчининг билим даражасини таҳлил қилади ва унга индивидуал топшириқлар таклиф этади. Бу ёндашув академик натижаларни сезиларли даражада оширгани кузатилган.
Шунингдек, UniDistance Suisse’да олиб борилган тажриба шуни кўрсатдики, LLM-тютор ёрдамида ўқиган талабаларнинг имтиҳон баҳолари ўртача 15 фоизга ошган. Бу шуни англатадики, сунъий интеллект ўқувчиларга нафақат билим беради, балки уларнинг ўқув стратегияларини ҳам оптималлаштиради.
AI ва ўқитувчи ҳамкорлиги
AI ўқитувчини алмаштирмайди, аксинча, у билан самарали ҳамкорлик қилади. Сан Диегoдаги Sage Creek High School’да ўқитувчи Жефф Симон алгебра дарсларида AIʼни қўллаб, ўқувчиларга масалаларни босқичма-босқич ечишни ўргатмоқда. Ўқувчилар AI ёрдамида ечим йўлини тушуниб, кейин уни таҳлил қилиш орқали билимни чуқурроқ ўзлаштиришмоқда.
Нью-Йоркдаги мактабларда эса 6-синф ўқитувчилари ChatGPT ёрдамида дарс режалари тузмоқда. AI уларнинг мавзуга доир саволлар, ўйинлар, муҳокама мавзулари ва гуруҳли ишларга мос ғоялар топишига ёрдам бермоқда. Натижада, дарслар янада қизиқарли, жонли ва ўқувчилар фаол иштирок этадиган шаклга кирган. Бу эса ўқитувчиларга кўпроқ вақт тежаш, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш имконини бермоқда.
AIʼни ўқитувчи ёрдамчиси сифатида ишлатиш
Бугун AI нафақат қўшимча восита, балки баъзи мактабларда дарс жараёнининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Ўқитувчилар уни ўзларига шерик сифатида қабул қилиб, кундалик ишларида ундан самарали фойдаланмоқда.
AP News’нинг хабарига кўра, АҚШдаги бошланғич ва ўрта мактабларнинг (К–12) 60 фоизи аллақачон AIʼдан фойдаланмоқда. Ўқитувчиларнинг фикрича, бу технология дарс мавзуларини тузиш, савол-жавоблар тайёрлаш, ўқувчиларга изоҳ бериш каби ишларда катта ёрдам беради. Натижада улар ҳафтасига ўртача 6 соат вақт тежайди. Бу ҳам ўз ўрнида ўқувчилар билан кўпроқ шуғулланиш имконини беради.
AI амалда қандай ишлатилмоқда?
Alpha School (Техас, АҚШ) – бу мактаб ҳар куни ўқувчиларга икки соат AI тютор билан ишлаш имкониятини беради. Қолган вақт эса ҳаётий кўникмаларни ривожлантиришга бағишланади. Мактаб маъмурияти AI ёрдамида ўқувчиларнинг университет тестларида юқори натижаларга эришганини билдирган, бироқ мустақил баҳолашлар ҳали етарли эмас.
Repton School (Буюк Британия) — бу мактабда 9-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини кузатиш учун сунъий интеллект асосидаги мониторинг тизими жорий этилган. Тизим ўқувчиларнинг кундалик фаолияти, сўзлашув услуби ва ижтимоий хатти-ҳаракатларидаги майда ўзгаришларни таҳлил қилади. Масалан, ўқувчининг ёзма топшириқларида ёки онлайн мулоқотларида тушкунлик, хавотир ёки тажовузкорлик аломатлари пайдо бўлса, тизим бу ҳақида мактаб психологига огоҳлантириш юборади.
Бу ёндашув мактабдаги руҳий муаммоларни эрта босқичда аниқлашга, хусусан буллинг (зўравонликнинг масхара қилиш шакли) ва ўзига зарар етказиш хавфини олдиндан сезишга ёрдам бермоқда. Тизим болалар билан бевосита алоқа ўрнатмайди, фақат мавжуд маълумотлар орқали хавфли белгиларни таҳлил қилади. Натижада, мактаб психологлари муаммога вақтида аралаша олади ва ўқувчига керакли ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу усул мактабдаги умумий руҳий саломатлик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Houston ISD (Техас) — бу таълим округи Проф Жим Инc номли технологик компания билан ҳамкорликда 2200 дан ортиқ ўқув материалларини яратган. Бу материаллар сунъий интеллект асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир ўқувчининг билим даражаси, ўрганиш суръати ва қизиқишларига мослаштирилган. Бунда ўқувчининг олдинги жавоблари ва фаолияти асосида AI унга энг самарали машғулотлар ва мавзуларни таклиф қилади.
Бу ёндашув синфда барча ўқувчилар учун бир хил дарс бериш ўрнига, ҳар бир ўқувчига индивидуал таълим олиш имконини яратади. Мактаб раҳбарияти бу лойиҳани инновацион ва умидли ечим сифатида қабул қилган. Бироқ баъзи ота-оналарда материаллар мазмунининг аниқлиги ва сифати бўйича саволлар бўлган. Улар сунъий интеллект томонидан тайёрланган баъзи топшириқлар етарлича аниқ ёки мантиқан изчил эмаслигини таъкидлаган. Лойиҳа синов босқичида бўлгани учун бу фикрлар келгусида уни такомиллаштириш учун муҳим мулоҳаза сифатида кўрилмоқда.
Connecticut штатидаги синфлар (East Hartford ва Lebanon ҳудудлари) — бу мактабларда MagicSchool номли сунъий интеллект платформаси жорий этилган. Ушбу AI тизими ўқитувчиларга дарс мазмунини ишлаб чиқиш, савол-жавоблар яратиш ва ўқувчиларни баҳолашда ёрдам беради. Асосий мақсад — таълимни демократлаштириш, яъни барча ўқувчилар учун тенг имконият яратиш ва таълим сифатини бир хил даражада ушлаб туриш.
Платформа нафақат тезлик ва самарадорликни оширади, балки ўқитувчиларнинг жавобгарлигини ҳам кучайтиради. Ҳар бир ўқитувчи AI таклиф қилган материалларни қандай ишлатгани, қандай баҳолагани ва ўқувчиларга қай тарзда тақдим этгани бўйича назорат қилинади. Шу сабабли, мактаблар MagicSchool платформасини фақат ўз билганича ишлатмай, ўқитувчиларга махсус тренинглар ўтмоқда. Унда AI билан қандай ишлаш, қандай саволлар бериш ва баҳолаш кераклиги ўргатилмоқда.
Ушбу ёндашув дарсларни автоматлаштириш эмас, AIʼни масъулият билан ишлатиш маданиятини шакллантиришни мақсад қилган. Лойиҳанинг дастлабки натижалари ўқитувчиларнинг иш юкини камайтиргани, дарс сифати эса яхшилангани кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, AI технологиялари мактабдаги таълим манзарасини тубдан ўзгартирмоқда. Педагогик методлар, ўқувчининг ўрганиш стратегияси, ҳатто психологик ҳолати ҳам бу инқилобдан четда қолмаяпти. Шундай бўлсада, AI имкониятларидан оқилона ва масъулиятли фойдаланиш муҳим. AI болалар учун ўрганишни осонлаштирувчи восита бўлиши керак, лекин ўрнига фикрлайдиган қурилмага айланмаслиги шарт.
Oyina.uz,
Наврўза Бўриева
Санъат
Маънавият
Жараён
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ