Экран боласи виртуал бозордан нималар оляпти?


Сақлаш
15:36 / 30.12.2021 1017 0

Шахснинг мафкуравий иммунитетига салбий таъсир кўрсатиш жараёни манипуляция деб аталади. Манипуляция ботиний парокандаликка олиб келади. У, айниқса, сохта диний ташкилотлар, миссионерлар ва ақидапараст гуруҳлар фаолиятида яққол кўзга ташланади. Бунда, аввало, ҳақиқий ҳолатни яшириш ёки бузиб кўрсатиш, тафаккурни назорат этиш орқали ҳар қандай вазифа ёки топшириқни бажарадиган, муайян ғояга тобе, ўзлигидан маҳрум бўлган кимсалар шакллантирилади.

 

XX аср ижтимоий онгни бошқариш борасида бурилиш асри бўлди. Бир вақтнинг ўзида миллионлаб одамларни ўз таъсирига олиш имконини берадиган янги технологиялар вужудга келди. Бундан унумли фойдаланаётган миссионерлар ҳам инсон онгини бошқаришда илгари тасаввур этиб бўлмайдиган кўламда фаолият юритмоқда. Улар бир томондан ёшларни йўлдан уришга бевосита ҳаракат қилаётган бўлса, бошқа томондан эса уларга медиасаноат, яъни телевидение, радио, кинематография, оммавий нашрлар, интернет қўл келмоқда. Эндиликда минглаб тарғиботчиларга зарурат қолмаётир.

 

Бугун асосий ахборот ташувчи – экран. АҚШлик тадқиқотчи Р.Макнейл қайд этганидек, омма онгини манипуляция қилишда телевидение каби туб бурилиш ясаган восита йўқдир (www/kara-murza.ru/books/manipul/manipul5).

 

Телевидение ҳақиқат ва ёлғон чегарасини йўққа чиқаради. Ёлғоннинг ҳақиқат сифатида уқтирилиши ҳам томошабинда шубҳа уйғотмайди. Негаки, телевизор томоша қилаётган одам кўпинча психологик ҳимоя сигналларини ўчирган бўлади.

 

Манипулятив кўрсатувларни узоқ вақт томоша қилган одамлар унга шу қадар ўрганиб қоладики, бусиз уларда тажанг кайфият вужудга келади. Инсон психологиясининг шу каби жиҳатларидан фойдаланиш аксар манипулятив методларнинг асосини ташкил қилади. Телеэфир давомида ахборот тарқатишнинг бир неча усулидан фойдаланилади. Хусусан, бир вақтнинг ўзида кўриш ва эшитиш орқали ахборот қабул қилиниши манипуляция самарасини бир неча баробар оширади.

 

“Телемаҳсулот инсон руҳиятига наркотик сингари таъсир қилади, – деб ёзади профессор Сергeй Кара-Мурза. – Шаҳар цивилизацияси одами телевизорга боғланиб қолган. Бунда у ўз эркинлигини қисман йўқотади, яъни экран қаршисида ахборий эҳтиёжлари тақозо этганидан анча кўп вақт ўтказади. Худди гиёҳванд сингари бунинг ўз руҳияти ва саломатлигига таъсирини онгли баҳолаёлмайди (Кара-Мурза С. Манипуляция сознанием. Москва, “Эксмо”, 2003. Стр. 32).

 

Ойнаи жаҳонда мазмун-моҳияти жиҳатидан шарқона қадриятлар, ўзбекона урф-одатлар, дину диёнатимизга тўғри келмайдиган фильм, мультфильм ва сериаллар кўпайган. Статистик маълумотга кўра, 18 яшар АҚШлик компьютер ўйинларидаги 40 мингга яқин қотиллик “муаллифи”, кинофильмлар орқали 200 мингга яқин зўравонлик шоҳиди бўлар экан (Азроянц Э. Глобализация: катастрофа или путь к развитию? Москва, “Новый век”, 2002. Стр.40). АҚШда жиноятчиларнинг 61 фоизи телеқаҳрамонларга тақлид қилган ҳолда қонунларни бузади (Отамуратов С. Глобаллашув: миллатни асраш масъулияти. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2018. 123-бет).

 

Машҳур сиёсатшунос З.Бзежинскийнинг ёзишича, “АҚШ телевизион дастурлари ва фильмлари дунё бозорининг деярли тўртдан уч қисмини, оммабоп мусиқаси эса энг етакчи поғонани эгаллаган” (ўша манба,124-бет). Ушбу маълумот нима учун миссионерлар сўнгги вақтда медиамиссионерликка кўпроқ эътибор қаратаётгани сабабини ойдинлаштиради.

 

2006 йилда миссионерлик ғоялари билан суғорилган 118 та фильм суратга олинган бўлиб, улар Ҳолливудда яратилган барча фильмларнинг 41 фоизини ташкил этади (қ.: Очилдиев А., Нажмиддинов Ж. Миссионерлик: моҳият, мақсадлар, оқибатлар ва олдини олиш йўллари. Тошкент, 2013. 100-бет).

 

BBC News хабар беришича, Нидерландияда педофиллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Раҳмдиллик, эркинлик ва ранг-баранглик” номли партия рўйхатдан ўтган бўлиб, ушбу ҳаракат ҳайвонлар билан жинсий муносабат (зоофилия) ҳамда болалар порнографиясини ҳам қонунийлаштириш таклифини киритган. Бундай жаҳолат ва фаҳшни тарғиб қилувчи кўрсатувлар таъсирида томошабиннинг феъл-атвори, юриш-туриши, ҳаёт ва атрофдагиларга муносабати салбий томонга ўзгармайди деб ким кафолат беради? Аслида, бундай кўрсатувларни эфирга узатишдан мақсад нима? Ахир, уларни мунтазам томоша қилиш туфайли меҳр ва ҳаё йўқолиб, ўрнини тошбағирлик, шафқатсизлик, фаҳш ҳамда ахлоқсизлик эгаллаши муқаррар-ку.

 

Нафақат чет эл, ҳатто миллий телеканалларимиз орқали эфирга узатилаётган мазмунан саёз, ғоявий бузуқ Ғарб сериал ва фильмлари ҳаё, андиша каби миллий туйғуларни емирмоқда. Ушбу сериалларнинг кўпи қолипдан чиққандек бир хил, бир-биридан бачкана, сийқа, сохта муносабатлар асосига қурилган. Аксарида зино, беҳаёлик, бузуқлик, бойлик, пул топиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслик каби иллатлар очиқ-ойдин тарғиб қилинади. Сериал қаҳрамонлари учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Улар на динни, на ота-онани, на инсоний қадриятларни ҳурмат қилади. Энг даҳшатлиси, беҳаё ва бузуқ фильмларни аксар хонадонларда ёш болалар, қизлар ҳам бемалол кўрмоқда. Ахлоқсизлик, худбинлик ва индивидуализм ғояларининг ҳаммабоп “қадрият” сифатида тиқиштирилиши эса маънавиятни қашшоқлаштириб, “маданий” гегемония ўрнатиш учун қулай замин яратмоқда.

 

Медиамаҳсулотларнинг овоз, тасвир, матнни синхрон тарзда узатиш, тезкор маълумот етказиш, аудиторияни жалб қилиш сингари хусусиятлари медиамиссионерликнинг қудратли манипулятив механизм бўлишини таъминлаяпти. Тушунчалар бузилиши билан ҳурмат, илтимос ва узр маъноларини билдирувчи сўзлар ўрнини ҳақоратли сўзлар эгалламоқда.

 

Шундай бўлишига қарамай, халқимиз хорижий теледастурларни кўришда давом этяпти. Чунки аҳолининг қизиқиш ва эҳтиёжига жавоб берадиган телевизион дастур ва кўрсатувларни тайёрлашда муаммо талайгина. Ҳатто янгилик дастурлари ҳам халқ эҳтиёжини қондирмайди. Аксинча, телеканалларимизда қимор элементлари мавжуд бўлган кўрсатувлар кўпаймоқда. Телевидение аслида медиабозор қуроли эмас, миллий тарбия воситаси эканини унутмаслик керак. Шундай экан, ҳар бир теледастурга масъулият билан ёндашиш, айрим кўрсатувлардан воз кечиш, уларни телетомошабин эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлаш, тезкор ва холис ахборот билан халқ ишончини қозониш зарур. Бу соҳада фаолият олиб бораётган масъуллар жавобгарлигини ошириш бўйича тегишли меъёрий ҳужжат қабул қилиш лозим.

 

Кўрсатув эзгу ҳиссиёт уйғотиши, ёшларга мўлжалланган дастур уларнинг ёшига мос бўлиши шарт. Унда ҳаётий ва ибратли воқеалар акс этмоғи лозим. Чунки ёшлар беихтиёр ўзини қаҳрамон билан солиштиради, хаёлан унинг ўрнига ўзини қўйиб кўради. Шунинг учун моҳияти жиҳатидан миллий маънавиятимизга, техник жиҳатдан замон талабига тўғри келадиган телемаҳсулот тайёрлаб, четдан келаётган фильм, сериалларнинг ўрнини тўлдиришимиз зарур. Зеро, беозордек кўринган реклама ҳам маънавий ўзакни қўпоришнинг кучли воситаси экани ғояга қарши ғоя билан курашиш нечоғли зарурлигини англатади.

 

Педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов бундай ёзади: “Медиа – маънавий маҳсулотларнинг виртуал бозори. Бу бозорда ҳеч ким молим ёмон демайди. Бузғунчи, жиноятчи, жоҳиллар ҳам ўз ғоя-маҳсулотини энг яхши дейди. Бу бозорда бунёдкорлик, тараққиёт учун зарур манбалар ҳам кўп. Гап одамнинг ана шу виртуал бозор таклиф этаётган маҳсулотларни харид қилишда адашмаслигида. Бугунги тилда айтганда, медиа маданиятида (Қуронов Қ. Интернет содда ёшларни қопқонга тушириш, медиафирибгарлик майдони ҳамдир. http://vatandosh.uz/2014/0).

 

Алқисса, медиахатарга қарши курашда ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этмоғи зарур. Шундагина манипуляциянинг олди олинади.

 

Эргаш АҲМЕДОВ,

Тошкент Кимё-технология институти докторанти

 

Tafakkur журнали, 2020 йил 1-сон.

“Экран боласи” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//