Сўнгги йилларда дунё сиёсатида аёллар етакчилиги ортиб бормоқда. Илгари сиёсат ва давлат бошқаруви асосан эркаклар ҳукмрон бўлган соҳа сифатида қаралган бўлса, бугунги кунда бу тасаввур аста-секин ўзгариб бормоқда. Турли давлатларда аёллар нафақат парламент ва ҳукуматларда фаол иштирок этмоқда, балки йирик сиёсий қарорларни қабул қилувчи раҳбарлар сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Бу жараён жамиятда муҳим саволни юзага келтирмоқда:
Агар дунёни аёллар бошқарса, жамият ва сиёсатда қандай ўзгаришлар юз бериши мумкин?
Европа давлатлари бу саволга жавоб топиш учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. Масалан, Ангела Меркел Германияни 16 йил давомида бошқариб, иқтисодий барқарорлик ва сиёсий мувозанатни сақлаб қолган етакчи сифатида тарихда қолди. Шунингдек, Санна Марин бошчилигидаги ҳукумат Финляндияда ёш ва гендер жиҳатдан мувозанатли сиёсий жамоа шаклланишининг ёрқин намунасидир. Бундай мисоллар аёл етакчилиги нафақат мумкин, балки самарали ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Бугунги кунда кўплаб тадқиқотчилар аёллар раҳбарлиги ижтимоий сиёсат, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда гендер тенглиги каби соҳаларда муҳим ижобий ўзгаришларга олиб келишини таъкидламоқда. Шу сабабли, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш масаласи халқаро ташкилотлар ва давлат сиёсатида долзарб мавзулардан бирига айланган. Ушбу мақолада Европа давлатлари тажрибаси асосида аёллар етакчилигининг жамият ва сиёсий бошқарувга таъсири таҳлил қилинади ҳамда аёл раҳбарлик модели қандай имкониятлар яратиши мумкинлиги кўриб чиқилади.
Тадқиқотчи Константина Маноли олиб борган тадқиқотлар натижасида кўпгина аёллар бошқарадиган давлатларни дунёга ўрнак бўладиган қилиб кўрсатади.
Бахтни қандай баҳолаш мумкин?
Бахтни баҳолаш ва мамлакатлар орасидаги фарқларни аниқлашга нима таъсир қилиши мумкинлиги саволига «Жаҳон бахт ҳисоботи» жавоб беради. Жаҳон бахт ҳисоботи — бу шахсларнинг ҳаётдан қониқиш даражасини ўз-ўзини баҳолаш асосида тузилган йиллик индекс ва мақолалар тўплами. Мамлакатларнинг бахт кўрсаткичини белгиловчи бир қатор омиллар мавжуд: муаммоли вазиятларда одамлар бирор нарсага таяна олишлари, адолат, шаффофлик ва минимал коррупция мавжудлиги шахсий қадриятлар ва мақсадларга мувофиқ яшаш имконияти, шунингдек иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини таъминловчи сиёсатлар орқали шахсий ва профессионал ривожланиш имконияти.
Ҳокимият ва бошқарув ушбу кўрсаткичларни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Турли соҳаларни қамраб оладиган ва жамиятнинг умумий фаровонлигини рағбатлантирадиган сиёсатлар бахтли жамиятни яратиш ва сақлаш учун зарурдир. Барқарор ва илғор фикрга эга ҳукуматлар одамларни кучайтиради ва ижтимоий ёки иқтисодий мақом, ёш, этник келиб чиқиши, диний эътиқоди, жинси ёки жинсий ориэнтациясидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этади.
Финляндия: етакчилик кучи
Санна Марин бошчилигидаги Финляндия коалицион ҳукумати гендер тенглиги ва илғор бошқарув рамзи сифатида эътирофга сазовор бўлди. 2019–2023 йилларда Санна Марин ва унинг кўп аёллардан иборат кабинети (жумладан, Катри Кулмуни, Мариа Оҳисало, Ли Андерссон ва Анна-Мажа Ҳенрикссон) Финляндияни олти йил давомида дунёнинг энг бахтли мамлакати сифатида рейтингга киритган муҳим сиёсатларни амалга оширди.
CОВИД-19 пандемияси, иммиграция ва иқтисодий босим каби қийинчиликларга қарамай, Марин ҳукумати илғор қадриятлар ва сиёсатларни ривожлантиришга содиқ қолди. Энг биринчи ўринда улар оилаларни қўллаб-қувватлашни устувор вазифа сифатида белгилаб, 2020 йилда амалга киритилган «Миллий болаларни парвариш қилиш ва таълим қонуни» орқали ҳар бир болага юқори сифатли эрта таълим имкониятини таъминлади, бу нафақат болаларнинг ривожланишига ёрдам беради, балки айниқса аёлларнинг ишчи кучидаги иштирокини оширади.
2022 йилда жорий этилган «Ота-она нафақаси тизими» инклюзивлиги билан эътирофга сазовор бўлди. Бу тизим барча ота-оналарга, жинсидан ёки оилавий тузилишидан қатъи назар – ёлғиз ота-оналарга тенг имконият яратади. Барча ота-оналар фарзандларини тарбиялашда тенг иштирок этиш имкониятига эга бўлади, уларнинг молиявий барқарорлиги таъминланади. Ушбу ислоҳотлар анъанавий гендер нормативларга қарши курашади, ота-она масъулиятини бўлишишни рағбатлантиради, болаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди ва иш-ҳаёт мувозанатини яхшилаш орқали жамият фаровонлигини оширади.
Финляндия иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ҳам намуна бўлди. 2022 йилда қабул қилинган «Иқлим тўғрисидаги қонун» орқали 2035 йилга қадар карбон нейтралликка эришиш мақсади белгиланди. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва барқарор саноат амалиётларини қўллаш орқали Финляндия иқлим фаолиятида етакчилик қилмоқда.
Ушбу сиёсатлар жамиятда адолат ва инклюзивлик ҳиссини яратади, бу эса аҳоли орасида ишончни ва лидерларга бўлган ишончни шакллантиради, бахт учун зарур омилларни яратади.
Финляндияда саноат тармоқлари анъанавий равишда эркаклар ва аёллар устун бўлган касбларга бўлинган. Аёлларнинг 66 фоизи аёл раҳбар ёки менежер қўл остида ишлайди, эркаклар орасида эса бу кўрсаткич атиги 18 фоизни ташкил этади. Давлат секторида ҳам аёл раҳбарлар анча кўп: бу ерда ишловчиларнинг 71 фоизи аёл менежерга эга, хусусий секторда эса бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил қилади.
Дания: ҳаёт ишдан устун
Даниянинг юқори ижтимоий ишонч ва мувозанат кўрсаткичлари, асосан, бош вазир Метте Фредериксеннинг сиёсатига боғлиқ. 2019 йилдан бери Фредериксен коллектив фаровонлик, тенглик ва инклюзивликни устувор қиладиган сиёсатларни илгари сурмоқда.
Европанинг энг самарали ишчилари бўлган данияликлар 37 соатлик расмий иш ҳафтасида вазифаларни самарали бажариб, узоқ таътил, ишдаги стресс камайиши ва шахсий қониқишдан баҳраманд бўлишади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 2020 йилда жорий этилган «Умумий соғлиқни сақлаш сиёсати» юқори сифатли давлат хизматлари ва асосий эҳтиёжларга кириш имкониятини таъминлади, бу эса молиявий стрессни камайтиради ва тенгсизликларни қисқартиради деб маълумот беради Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти.
2020 йилда қабул қилинган «Иқлим келишуви» орқали мамлакат жамоавий масъулиятни ривожлантириб, барқарор энергия манбаларида глобал етакчиликка эришди. Фредериксеннинг бошқаруви институтлар ва фуқаролар ўртасида ишонч ва ҳамкорликни ривожлантиради, жамиятни коллектив фаровонликка йўналтиради.
Ҳаттоки Данияда компаниялар жинсга оид тил ишлатилишини йўқ қилиш устида фидойилик билан ишламоқда; масалан, «инсоният» ўрнига «умуминсоният», «оналик/боболик» ўрнига «ота-она таътили», «хотин ва эр» ўрнига «ҳамкор» ёки «турмуш ўртоғи» сўзларини ишлатмоқда.
Исландия: гендер тенглигини қайта аниқлаётган мамлакат
Исландия ўн йилдан ортиқ давомида энг бахтли ва гендер тенглиги етакчиси сифатида эътироф этилди. Бош вазир Катрин Жакобсдоттир 2017 йилдан бери аёлларга тенг имконият яратиш сиёсатини илгари сурмоқда, хусусан тенг маош, ота-она таътили ва сиёсий вакиллик соҳаларида.
2018 йилда қабул қилинган «Тенг иш ҳақи тўғрисидаги қонун» дунёдаги энг амбицияли ва самарали гендер тенглиги чораларидан биридир. 25 ва ундан ортиқ ходими бўлган компаниялар эркак ва аёлларга бир хил иш учун тенг маош тўлашини тасдиқлаш учун сертификат олишга мажбур.
Исландия аёллар, айниқса оналарнинг орзуларини амалга оширишларини қўллаб-қувватлаш учун дунёдаги энг сахий ота-она таътили тизимига эга. Шу билан бирга, жинсий тажовузни камайтириш, аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш ва раҳбарлик ролини эгаллашга тайёрлаш каби дастурлар орқали иш жойида аёлларни қўллаб-қувватлайди.
Исландияда аёллар ҳукуматдаги вакиллигининг юқори фоизи (48 фоиз) гендер тенглигига эришишда муҳим роль ўйнайди ва бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Жакобсдóттир сиёсати жамиятда адолат ва қўллаб-қувватлаш ҳиссини шакллантиради, гендер тенглигини ижтимоий барқарорлик ва миллий бахтнинг асосий омили сифатида кўрсатади.
Ҳаттоки Wорлд Ҳаппинесс Репорт 2026 рейтингида Финландия нақд 9 йилдан буён биринчиликда бўлиб, дунёнинг энг бахтли мамлакати ҳисобланмоқда. Шу билан биргаликда аёллар етакчилик қилаётган қўшни мамлакат Исландия рейтингда 2-ўринда бўлса, Дания эса 3-ўринни забт этди.
Финляндияда ташқи ишлар тизимида — юқоридан пастгача — 50/50 гендер мувозанатига эришиш мақсади қўйилган. Норвегияда эса аёллар кам вакиллик қилаётган лавозимларга уларни жалб этишни таъкидловчи кадрлар сиёсати ишлаб чиқилган.
«Аёллар элчилик лавозимларига мурожаат қилишга рағбатлантирилади ва агар номзод аёллар етарли малакага эга бўлса, камида битта аёл албатта суҳбатга чақирилади,» — дейди Норвегия Ташқи ишлар вазирлигининг директор ўринбосари Рагнҳилд Имерслунд.
Аёллар етакчилигида жамият муваффақиятга эришади
Аёл лидерлар кўпинча эмпатия, инклюзивлик ва узоқ муддатли мақсадга эътибор каби хусусиятларга эга бўлади, бу эса сиёсатни ҳаёт сифатини ошириш ва бахтни рағбатлантиришга йўналтиришга олиб келади. Аёл лидерлар соғлиқни сақлаш, таълим, оила ва атроф-муҳит соҳаларида кенг қамровли сиёсатларни амалга оширади.
Жаҳон иқтисодий форуми (2017) маълумотларига кўра, аёл етакчилик мамлакатларда коррупцияни камайтиради, шаффофликни оширади ва ижтимоий фаровонликни яхшилайди. Уларнинг бошқаруви институтларга ишончни мустаҳкамлайди, ижтимоий стрессни камайтиради ва адолат ҳиссини шакллантиради. Аёл етакчиликни рағбатлантириш жамиятга манфаат келтиради.
Энг юқори лавозимларда бир неча аёл бўлиши, илҳомлантирувчи бўлсада, компаниялар ёки ҳукуматларнинг иш фаолиятини ўзгартириш учун етарли эмас. Маданий инерция (ўзгаришга қаршилик) оғирлиги жуда катта. Бироқ, агар бу аёллар сони етарлича ўсиб, раҳбарият гуруҳининг тахминан учдан бирини ташкил этса, муҳим ўзгаришлар юз беради. Турли қарорлар қабул қилинади ва раҳбариятдаги ҳақиқий тенглик сари ҳаракат суръати ошади. Агар биз қудрат столларида ҳамкорлар сифатида камида 30% аёлни етказсак, дунёни ўзгартириш имкониятига эга бўламиз. Мен буни «30% ечими» деб атайман.
Эркаклар ҳукмронлиги: гендер мувозанати зарурати
Аёл етакчиликнинг ижтимоий фаровонликни оширишини кўрсатган далилларга қарамай, кўпгина ҳукуматлар ҳануз эркаклар ҳукмронлигида қолмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эркаклар ҳукмронлик қиладиган мамлакатларда ҳукуматга ишонч паст, коррупция юқори, гендер тенгсизлиги кучли ва ижтимоий стресс ошган. Аёлларни қарор қабул қилиш жараёнидан чиқариб қўйиш гендер тафовутларни давом эттиради ва мамлакатнинг ўсиши ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имкониятини чеклайди.
Кўплаб Европа мамлакатларида тезкор ҳаёт тарзи, иқтисодий босим ва ишдаги стресс сабабли иш-ҳаёт мувозанати муаммоси мавжуд. Мисол тариқасида Грецияни келтириш мумкин, бу ерда парламентдаги аёл вакиллиги паст. Эркаклар ҳукмронлик қиладиган жамиятларда фуқаролар ҳукуматга ишончсиз бўлишади.
Грецияда аёллар жинсий тажовуз, фемицид ва оилавий зўравонлик каби муаммоларга дуч келади. 2021 йилда оилавий зўравонлик бўйича шикоятлар 72,9 фоизга ошди. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 137,6 фоизга га кўпайди. Италияда 2023 йилда 117 аёл қотиллик қурбони бўлди. Ушбу ҳолатлар аёлларни ёрдам, ресурслар ёки вакилликдан маҳрум қилмоқда. Грецияда 2020 ва 2022 йиллар оралиғида полиция томонидан қайд этилган оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёллар сони сезиларли даражада ошди (4 310 тадан 10 356 тагача).
Тҳе Гуардиан нашрининг маълумотларига кўра ҳаттоки CОВИД-19 вирус даврида ҳам дунёнинг кўплаб сиёсий лидер аёллар ўзининг қатияти ва халқ билан яқинлигини кўрсатиб мумкин бўлган кўплаб ўлимларни олдини олди.
Германиядан Янги Зеландиягача, Даниядан Тайвангача аёл етакчилар коронавирус инқирозини юқори даражада бошқарди. Албатта, эркак етакчилар бошқараётган Ветнам, Чехия, Греция ва Австралия каби давлатлар ҳам яхши натижаларга эришган. Бироқ аёл етакчига эга давлатлар орасида муваффақиятсизлари деярли йўқ.
39 ёшли Янги Зеландия бош вазири Жаcинда Ардерн «карантин» даврида фуқароларни қўллаб-қувватлаб, уйидан туриб «уйда қолинг, ҳаётларни сақланг» деган ҳамдард видеомурожаатлар йўллади. У ҳар куни зиддиятсиз матбуот анжуманлари ва Facebook Ливе орқали самимий мулоқот олиб борди.
«Тез ва қатъий ҳаракат қилиш» тамойилига амал қилган Ардерн 14 март куни мамлакатга кирганлар учун 14 кунлик карантин жорий этди ва икки ҳафта ўтиб, ҳали 150 дан кам одам касалланган ва ҳеч ким вафот этмаган пайтда қатъий «карантин» эълон қилди. Натижада Янги Зеландияда атиги 18 та ўлим ҳолати қайд этилди ва ҳукуматга бўлган ишонч 80 фоиздан ошди.
Германияда эса Ангела Меркел аниқ ва бир вақтнинг ўзида шахсий оҳангдаги чиқишлари билан эътироф этилди. У вирусни 1945 йилдан бери мамлакат дуч келган энг катта синов деб атади ва ҳар бир ўлимни инсоний йўқотиш сифатида таърифлади.
Кенг қамровли тестлар, етарли реанимация ўринлари ва унинг «бу жиддий касаллик – уни жиддий қабул қилинг» деган аниқ огоҳлантиришлари туфайли Германияда ўлим кўрсаткичи Европанинг кўплаб давлатларига қараганда паст бўлди.
Меркелнинг илмий асосланган, сокин ва тушунарли изоҳлари ҳам аҳоли қўллаб-қувватлашини оширди ва унинг бошқарувига бўлган ижобий баҳо 70 фоиздан юқорига кўтарилди.
Тайванда президент Тсаи Инг-wэн ҳам тезкор чоралар кўриб, эпидемия марказини ишга туширди, саёҳат чекловлари ва карантин жорий қилди. Қисқа вақт ичида 124 та назорат чораси қўлланилиб, тўлиқ карантинга эҳтиёж қолмади.
Норвегияда бош вазир Эрна Солберг олимларга таяниб қарорлар қабул қилди ва ҳатто болалар учун махсус матбуот анжуманлари ўтказиб, уларнинг қўрқувларини тушуниш муҳимлигини таъкидлади.
Исландия бош вазири Катрин Жакобсдоттир барча фуқаролар учун бепул тест жорий этди ва кенг қамровли кузатув тизими орқали мактабларни ёпмасдан вирусни назорат қилди.
Финляндия бош вазири Санна Марин ҳам қатъий чораларини жорий этиб, вирус тарқалишини самарали чеклади.
Жанубий Кореяда эса Касалликларни назорат қилиш маркази раҳбари Жеонг Эун-кеонг «тест қилиш, кузатиш ва изоляция қилиш» стратегияси орқали мамлакатни намуна даражасига олиб чиқди.
Шу билан бирга, мутахассислар аёл етакчиларнинг муваффақиятини ортиқча умумлаштирмаслик кераклигини таъкидлайди. Масалан, Нью-Йорк университети профессори Катҳлеэн Герцоннинг айтишича, аёл етакчилар одатда ҳукуматга ишонч юқори бўлган жамиятларда сайланади.
Бундан ташқари, эркаклар учун анъанавий етакчилик стереотипларидан чиқиш қийинроқ бўлиши мумкин. Энг яхши лидерлар эса бир вақтнинг ўзида қатъиятли ва меҳрибон бўла олади. Аёллар эса бу сифатлар бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи эканини кўрсатиши мумкин.
Аёлларни етакчиликка жалб қилиш бахтли, соғлом ва барқарор жамиятларни яратиш учун муҳимдир. Финляндия, Исландия ва Дания каби мамлакатлар гендер мувозанатли бошқарув орқали иқтисодий фаровонлик, ижтимоий бирдамлик ва аҳолининг фаровонлигини ошириш мумкинлигини кўрсатади. Гендер квоталари, аёллар учун раҳбарлик тайёрлаш, иш-ҳаёт мувозанатини таъминловчи сиёсатлар ва гендер тафовутларни бартараф этувчи чораларнинг қабул қилиниши муҳим.
Аёлларни сиёсат каби эркаклар кўп бўлган соҳаларда қўллаб-қувватлаш стратегик ва ахлоқий фойда беради, турли овозларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб қилади. Аёл етакчиликка инвестиция қилиш адолатдан ташқари, тенгсизлик, иқлим ўзгариши ва руҳий саломатлик инқирозлари каби глобал муаммоларни ҳал қилиш стратегиясидир. Аёлларнинг етакчилик салоҳиятини тўлиқ очиш орқали мамлакатлар барқарор ва ёрқин келажак сари йўл очади.
Диёрбек НОРМУРОДОВ,
Oyina.uz
Адабиёт
Фалсафа
Тарих
Тарих
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ