Ғоя – тараққиётга доя


Сақлаш
17:39 / 29.12.2021 1169 0

Таҳлил ва тадқиққа ихтисослашган “ақл марказлари” (инглиз тилида think tanks) мутараққий дунёда катта нуфуз ҳамда таъсирга эга. Улар ички ва ташқи сиёсатга дахлдор долзарб масалаларда изланиш олиб бориб, давлат бошқаруви идораларига йўриқ, тавсия, маслаҳатлар беради.

 

Илм ва сиёсат ўртасидаги кўприк

 

Тадқиқотчи-журналист Нил Мак Картининг қайд этишича, “ақл марказлари” том маънода сиёсий ташкилот эмас, балки сиёсий арбобларнинг муайян масалаларда қарор қабул қилишига тадқиқот воситасида кўмаклашувчи нодавлат муассасадир (www.forbes.co).

 

АҚШдаги Пенсильвания университети ҳар йили Бутунжаҳон “ақл марказлари” рейтингини (Global Go To Think TankIndex Report) эълон қилади. Мазкур рейтингга дунё бўйлаб 6500 га яқин “ақл маркази” киритилади. Пенсильвания университети талқинига кўра, “ақл марказлари”: а) ички ва халқаро муаммолар бўйича тадқиқот, таҳлил ва тавсиялар ишлаб чиқади; б) жамоатчиликнинг давлат сиёсати масалалари борасидаги хабардорлигини оширади; в) шу тариқа жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларда оқилона ечим топишга кўмаклашади (www.gotothinktank.com).

 

“Ақл марказлари”, таъбир жоиз бўлса, илм ва сиёсат ўртасида кўприк вазифасини бажариб, жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилувчи мустақил ва муқобил минбар ҳисобланади.

 

Таҳлил муассасалари давлат идоралари, сиёсий ташкилотлар ҳамда ишбилармон доиралар қошида ёки нодавлат ташкилотлар сифатида фаолият юритади. Шунга кўра уларнинг мақсад-мўлжали фарқланиши мумкин. Қайд этиш жоизки, аксар “ақл марказлари” нодавлат муассаса бўлиб, улар АҚШ ва Канадада солиқлардан озод этилган.

 

Марказлар фаолияти турли манбалардан молиялаштирилади. Дейлик, партия ёки компания қошида фаолият олиб бораётган марказ ўша муассис томонидан маблағ билан таъминланади, унинг буюртмасини бажаради. Қайси манбадан молиялаштирилишидан қатъи назар, “ақл марказлари” ўз даромади ва ҳомийлари ҳақида жамоатчиликка доимо очиқ ахборот бериши шарт. Акс ҳолда, ёмонотлиқ бўлиши, энг хатарлиси, жамоатчилик ишончини йўқотиши ҳеч гап эмас. Гоҳида айрим “ақл марказлари” муайян шахслар, ҳомийларнинг буюртмаси билан изланиш олиб боргани важидан танқидга учраб, буюртма бўйича ҳозирланган тадқиқотнинг холислиги сўроқ остига олинади. Бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги учун, аввало, муассасанинг молиявий фаолияти очиқ бўлиши, қолаверса, ҳар қандай ҳолатда ҳам тадқиқотлар холислик, объективлик мезонлари асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. 

 

“Forbes” журнали маълумотларига кўра, дунё бўйича таҳлил марказларининг 90,5 фоизи 1951 йилдан кейин ташкил этилган. Уларнинг қарийб 55 фоизи Шимолий Америка ва Европада жойлашган. Рақамларга назар ташласак, тадқиқот марказлари сони бўйича АҚШ етакчи ўринда: ушбу мамлакатда 1872 та муассаса фаолият юритиб келмоқда. Биргина пойтахт Вашингтон шаҳрида 397 та марказ мавжуд. Рейтингнинг кейинги ўринларини Хитой (512 та марказ), Буюк Британия (444), Ҳиндистон (293), Германия (225) эгаллаган.

 

Сайёрамиздаги энг номдор ва энг нуфузли 10 та “ақл маркази”нинг бештаси, жумладан, Брукингс институти (Brookings Institution), Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси (Carnegie Endowment for International Peace), Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (Center for Strategic and International Studies), Мерос жамғармаси (The Heritage Foundation) ва RAND корпорацияси Қўшма Штатларда фаолият юритмоқда. Франция халқаро муносабатлар институти ҳам пешқадамлар сирасига киради.

 

Нега Ўзбекистонда “ақл марказлари” сони кам?

 

Айни вақтда мамлакатимизда “ақл марказлари” сони жуда кам, бинобарин, бу йўналишда ривожланишимиз хийла суст кечмоқда. Бунинг сабаблари хусусида мақола давомида батафсил тўхталамиз. Ҳозирча юртимиз тадқиқот муассасаларининг халқаро рейтинглардаги ўрнига эътибор қилсак.

 

Пенсильвания университети эълон қилган Марказий Осиёдаги пешқадам илмий марказлар рейтингида Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 10-ўринда қайд этилган (рўйхатга минтақадаги 63 илмий муассаса киритилган). ИТИМ ушбу рейтингда 2016 йилга нисбатан уч поғона, 2018 йилга қараганда эса бир поғона юқорилаган (www.review.uz). Пенсильвания университети рўйхатидан Сиёсий тадқиқотлар маркази (23-ўрин), Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (27-ўрин), “Таҳлил” ижтимоий маркази (34-ўрин) ҳам ўрин олган. Юртимиздаги яна бир таҳлил даргоҳи – “Тараққиёт стратегияси” маркази 2018 йилда Пенсильвания университети томонидан дунёда янги ташкил этилган 50 та “ақл маркази”дан бири деб эътироф этилган эди.

 

Бир қарашда, бу борада натижаларимиз ёмон эмасдек. Лекин минтақа бўйича муқояса биз ҳам сон, ҳам сифат ўзгаришига эришишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. “Global Go To Think Tank Index” ҳисоботига кўра, Қозоғистонда 31 та, Қирғизистонда 28 та, мамлакатимизда эса 12 та “ақл маркази” фаолият юритмоқда. Биз минтақада фақат Тожикистондан (7 та) олдиндамиз.

 

Хўш, Ўзбекистонда “ақл марказлари” ривожига нималар тўсқинлик қилмоқда?


Биринчидан,
қайд этилгандек, мамлакатимизда таҳлил даргоҳлари сони кам ва уларнинг ҳам аксари давлат тасарруфида ёки давлат кўмагида ташкил этилган. Албатта, давлат буюртмасини бажарувчи таҳлил маркази мавжудлиги табиий ҳол. Аммо марказларнинг барчаси ёки аксари ҳукумат буюртмасини бажариши, унинг қарашларини акс эттириши мақбул ҳолат эмас. Нега? “Ақл маркази”нинг асосий вазифаси жамоатчилик ҳамда давлат идораларига асосли, ишончли ва амалий аҳамиятга эга тадқиқотларни тақдим этиш экани маълум. Бунинг учун эса муассаса нисбатан мустақил фаолият олиб бориши керак. Акс ҳолда, буюртма ижрочиси ўлароқ мафкуравий ва сиёсий мақсадларга мувофиқ тадқиқотлар билангина чекланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса нафақат жамоатчилик, балки буюртмачи, яъни давлат идорасининг ҳам манфаатларига зиддир.

 

Иккинчидан, маълумотларнинг йўқлиги ёки етарли эмаслиги тадқиқот ўтказишда жиддий мушкулот туғдиради. Ишончли ва сифатли тадқиқот олиб бориш учун шарт-шароит йўқлиги қисман биринчи омил билан боғлиқ. Одатда, ҳукумат қошида ёки унинг ёрдамида фаолият олиб бораётган марказларгина маълумотга эга бўлар, қолган муассасалар бундай имкондан маҳрум эди. Маълумотга эга бўлган ва шу асосда тадқиқот олиб борган марказлар эса тадқиқ этилган мавзуда қисқа резюме эълон қилиб, умумий тушунча бериш билан чекланар эди. Бирламчи маълумотлар (primary data), уни йиғиш ва қўллаш методлари ҳамда методологияси билан ўртоқлашмасди. Аслида, тадқиқотлар яширилмаслиги, маълумотлар ва улар асосида чиқарилган хулосалар қайта текшириш мумкин бўлган даражада очиқ бўлмоғи лозим. Маълумот – тадқиқотнинг ўзаги. Ахборот тақчиллиги муҳитида эса “ақл марказлари” ўз вазифасини бажаролмаслиги кундек равшан. 

 

Учинчидан, таҳлилчиларни тарбиялаш ва тайёрлаш мактаби яратилмаган, мавжуд ўқитиш услублари эса эскирган. Масалан, бизда сиёсий фанларни ўқитишда “яхши мутахассис албатта миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда таҳлил олиб бориши керак”лиги таъкидланади. Ҳолбуки, хориждаги илмий изланишларим давомида бирон мамлакатда бундай мезонга дуч келмадим. Аслида, изланувчига қўйиладиган талаблар – таҳлил усулларини теран англаш ва тўғри қўллаш, тадқиқот халқаро андозаларга уйғун ҳолда бўлиши, яъни ишончли ва қайта-қайта текширилган маълумотларга таяниш, тадқиқот методологиясига кўра уларни мустақил равишда талқин-тасниф этиш, компьютер дастурларидан унумли фойдаланиш, сифатли матн ҳозирлаш кабилардан иборатдир. Албатта, муайян давлатда фаолият юритаётган мутахассис бошқарув идоралари вакиллари қўйган талаб-вазифалар доирасида иш тутади. Бу – табиий ҳол. Аммо мазкур жиҳат мутахассис малакасини белгиловчи асосий мезон бўлмаслиги керак.

 

Тўртинчидан, бошқа жабҳаларда, оз сонли бўлса-да, тадқиқотчилар мавжуд. Аммо, афсуски, айнан сиёсий мавзуларда теран таҳлил малакасига эга мутахассислар кам. Бу муаммо юқорида саналган омилларга, инчунин, таълим сифатига боғлиқ. Малакали таҳлилчи тарбияламоқ учун таълим даргоҳларида билим бериш даражаси юқори бўлиши лозим. Мукаммал илм олмаган кадрлар махсус билим ва кўникмаларни эгаллашда ҳам қийинчиликларга дуч келади. Масалан, инглиз тили бугунги давр кишиси учун сув билан ҳаводек зарур. Дунёдаги илмий адабиёт ҳамда манбаларнинг асосий қисми ана шу тилда. Демак, “ақл марказлари”, илмий муассасаларда фаолият юритувчи ходим ва тадқиқотчилар илмий инглиз тилини мукаммал билиши шарт. Хўш, энди айтинг-чи, бизда ушбу мезонга жавоб берадиган таҳлилчилар қанча? Улардан қай бирлари нуфузли ва энг кўп иқтибос олинадиган илмий мажаллаларда мақолалар чоп этмоқда? Бизнингча, улар бармоқ билан санарли. Ҳатто инглиз тилини билмаслигига узр қолмаган янги давр ёшлари орасида ҳам бу талабга жавоб бермайдиганлар кўп топилади. Инглиз тилини мукаммал эгаллаш ҳақида сўз борар экан, она тилининг мақом-мавқеини асло пасайтирмоқчи эмасмиз. Аксинча, бугун ўзбек тилидаги илмий-таҳлилий матнларга ҳам талаб ошиб бораётир. Аммо Ўзбекистондаги “ақл марказлари” ва таҳлилчилар халқаро майдонда ўрин топмоқ, дунёга ўз сўзини айтмоқни истаса, инглиз тилини билиши шарт. Чунки ҳатто рус, япон, олмон тилларида тайёрланган илмий материаллар ҳам инглиз тилидаги каби улкан аудиторияга таъсир кўрсатолмайди.  

 

Бешинчидан, Ўзбекистондаги “ақл марказлари ва таҳлилчиларимиз яқиндан бошлаб жамоатчилик билан фаол мулоқотга киришди. Илгари маълумотлар оммага етарли даражада, очиқ етказилмасди. Ҳозир ҳам вазият буткул ўзгарган деб бўлмайди, аммо янгиланиш, эврилишлар юз бераётгани рост. Мутараққий дунёда долзарб масалаларда мутахассисларнинг фикри айрича қадрланади. Ўзбекистонда бу ҳол энди-энди урфга киряпти. Ижтимоий тармоқда таҳлилчилар ва “ақл марказларининг саҳифалари аста-секин кўпаймоқда. Сирасини айтсак, очиқлик сиёсати ва мутахассис фикрига талаб ошиб бораётгани сабаб аввал тор доирага мўлжалланган таҳлилий материаллар ижтимоий тармоқда тобора кенгроқ аудиторияга тақдим этилмоқда.

 

Яна бир жиҳат шуки, юртимизда кейинги вақтларда сиёсий ва иқтисодий йўналишларда тадқиқот ўтказувчи консалтинг компаниялар ташкил этила бошлади. Бу, бир томондан, даромадли бизнес бўлса, иккинчи томондан, мамлакат очиқлик томон юз бургани, халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги жараёнларга қизиқаётганидан далолатдир.

 

“Ақл марказлари” сонининг ошиши наинки жамият ҳаётига  дахлдор муҳим масалаларда оқилона қарор қабул қилишга кўмак беради, айни чоқда миллатнинг умумий интеллектуал савияси юксалиши, янги оламшумул ғоялар туғилишига хизмат қилади. Демак, зиммасидаги вазифаларини тўлақонли бажариши учун таҳлил муассасалари ўз фаолиятини очиқлик, мустақиллик, холислик тамойиллари асосида олиб бормоғи даркор. Бу эса таълим сифатини ошириш, хорижий тиллар, хусусан, инглиз тили ўқитишни такомиллаштиришни талаб этади. Қолаверса, “ақл марказлари” мутахассислари ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасида махсус кўникмага эга бўлиши лозим.

 

Баҳром РАЖАБОВ,

Сиёсий иқтисодиёт бўйича мутахассис,

PhD (Цукуба университети, Япония)

 

Tafakkur журнали, 2020 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//