Навоий ва Чўлпон “дуэли”: кўк-ер концепти таҳлили


Сақлаш
12:01 / 13.06.2025 16 0

Одам оёғи, яъни вужуди билан ерда юрса, кўнгли, руҳи билан бутун коинотни кезади. Агар одам кўнгли билан кўк фарзанди бўлмаса, унинг бошқа жонзотлардан ҳеч фарқи қолмас эди. Тамом тупроққа қоришиб кетиш фақат одамнинг вужудига тегишли бўлиб, Абдулла Орипов “Ўлганда ҳам вужудинг билан, Кетмагайсан ерга қоришиб” деганидай, кўнгил ва руҳият абадийлиги ишонч маснадига кўтарилади. Илло, кўк шунчаки осмон бўлмай, инсон юксалиши мумкин бўлган олий маъво, керак бўлса, Аллоҳнинг даргоҳидир. Бежиз эмаски, ҳазрат Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида кўнгилни солик, яъни сўфий тили билан “арши муалло” (энг баланд осмон) деб баҳолайди.

 

“Ер” сўзининг маъноси бирқанча. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да сўзнинг ўн бир маъноси қайд этилган. Биз кўзлаган махсус маъноси эса инсон умргузаронлик қиладиган, кун кечирадиган маконни англатиб, паст, қуйи деган ҳолатни ҳам билдиради. Уст-ост, баланд-паст, юксак-тубан каби антонимлар кўк-ер концепти билан муайян ҳолатларда мазмунан яқинлашади.

 

Биз бу ўринда нега концепт сўзини ишлатмоқдамиз? “Концепт бирон-бир тушунчанинг тилда ифодаланган моҳиятидан муайян даражада фарқ қиладиган ўзига хос мазмуни. Концепт тушунчада акс этадиган онтологик асосни янада ёрқинроқ ифодалашга ёрдам беради”[1]. Яъни, бизнинг ҳолатда концепт тарзида номланаётган кўк ва ер сўзлари оддий қўлловдагидан бошқачароқ, махсус маъно англатиши кузатилади.

 

Ҳозирги тилимизда “бутун атроф, ҳамма ёқ; коинот” маъноларини англатувчи “ер-кўк” деган жуфт сўз бор. Сарлавҳадаги “кўк-ер” ўша жуфт сўзнинг шунчаки ўрин алмашуви эмас. Янги жуфтликни ташкил этган ҳар икки сўз махсус, яъни кундалик қўлловдан ёрқинроқ, фундаменталроқ маъно ташимоқда. Уларнинг концептлиги ҳам шунда.

 

Ушбу икки сўзнинг махсус маъноси матний таҳлилда, контекст кузатувида янада ёрқинроқ кўринади. Биз ҳозир ушбу қўшалоқ концепт иштирок этадиган икки шеърий матнни, бири тўртлик, иккинчиси рубоий, атрофлича таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Биринчиси Абдулҳамид Чўлпоннинг 1926 йилда Тошкентда Ўзбекистон давлат нашриёти чоп этган “Тонг сирлари” тўпламидан ўрин олган “Янглишасиз!” номли тўртлик. Тагидаги ёзувдан маълумки, у Қўқонда, 1924 йил 28 сентябрда битилган. “Тонг сирлари” тўпламига айни шу ном билан буюк адиб Абдулла Қодирий Жулқунбой имзосида қисқа, лекин мазмундор сўзбоши ёзган. Мазкур сўзбошига эътибор қаратишимизга сабаб унда тўртлик тўлиқ берилиб, унинг яралиш жараёни ҳақида қимматли фикр ва маълумот борлигидир.

 

Сўзбошида буюк адиб шоирни айрим, айтиш жоизки, сиёсий таъналардан ҳимоя қилади: “Баъзи бир ўртоқлар Чўлпонни йиғлоқ шоир деб айбситадилар” деган фикрга жавобан “Бироқ шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар ўстирмоқчи бўлмаса эрди, биз ҳам унинг муътаризлари (эътирозчилари – С.М.) қаторига кирган бўлар эдик” дея биз диққат қаратаётганимиз тўртликка ўтади:

 

“Анқов таъначилар шоирни ранжитишда мудовамат қиладилар, ҳатто “Сен кўк шоири!” дегувчилар ҳам бўлиб, чорасиз шоир ўз ҳолидан очиқ жавоб беришга мажбур қоладир”[2] дея тўртликни келтиради. Тўртлик эса бундай:

                                 

Янглишасиз!

 

Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,

Ер бетига сира назар солмаймен!

Янглишасиз, мен кўкларга беркинган

Ер қизидан хаёлимни олмаймен...

 

Асар қисқа бўлгани учун уни бирбутун, яъни сарлавҳаси билан биргаликда ўқиш ва кўриш илмий мақсадга мувофиқ. Сарлавҳада туриб ундов билан таъкидланган “Янглишасиз!” асарга ўзига хос оҳанг, шиддат бағишлайди ҳамда унга кескин баҳс-мунозара руҳини олиб киради. Биз Абдулла Қодирий сўзбошисидан олинган кўчирмани давом эттириб, тўртликни келтиришимиз мумкин эди. Лекин мақолада унинг сарлавҳаси қўйилмаган, бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Гап шундаки, асарнинг визуал қиёфаси айнан сарлавҳаси билан тугал ва мукаммалдир.

 

Шеър тўлиғича мунозара характерига эга. У ўзига хос жавобиядир. Асар моҳиятини англашда Абдулла Қодирий сўзбошиси жуда қўл келади. Буюк адиб айтган “анқов таъначилар” биз ҳозир номларини билиб-билмайдиган аниқ одамлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг ортида бутун бир ижтимоий тузум, худотерс, динсиз мафкура турибди. Шунинг учун ҳам “ҳатто “Сен кўк шоири!” дегувчилар” (“ҳатто”га эътибор беринг, бу айтилган гапнинг ҳадди аълоси демакдир) шу гаплари билан шоир ижоди ушбу мафкурага зид эканига шаъма қиладилар. Аслида-ку, “кўк шоири” улуғ ҳақиқатлар, илоҳий туйғулар шоири, куйчиси демакдир. Ўз-ўзича олганда фикр эркинлиги устувор демократик жамиятда бу юксак мақтов ва буюк эҳтиром белгиси бўлиши мумкин эди. Лекин инсон эрки, ҳатто ҳис-туйғуси тизгинланган, диний эътиқод таъқиқланган тоталитар жамиятда бу жиддий айблов эдики, Абдулла Қодирий буни теран англар, шу боис шоирни бундай айбловдан соқит қилишга уринган эди.

 

“Анқов таъначилар” унчалик анқов эмас эдилар, лекин уларни анқов дейиш ўша пайтда зарур эди. Таънанинг дамини кесиш айни лозим эди.

 

Шеърда икки зид тушунча, аниқроғи сўз бор, бири: сиз – мен, иккинчиси: кўк – ер. Сиз – мен зидлови тўртликнинг шаклий структурасига тегишли, асар шу зидлов асосига қурилган. Кўк-ер зидлови эса концепт рутбасига эга бўлиб, шеърнинг маъно-мундарижасига тааллуқли. Тўртликнинг дастлабки икки мисраси Сизнинг фикри, кейинги икки мисра Меннинг жавоби. Ҳар иккаласида – саволда ҳам, жавобда ҳам кўк-ер концепти худди шу тартибда – аввал кўк, сўнг ер. Сизнинг фикри шундай ифодаланади:

 

Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,

Ер бетига сира назар солмаймен.

 

Яъни бу Қодирий сўзбошисидаги “Сен кўк шоири!” деган таънанинг бошқача шакли, содда қилиб айтганда, “кўкларни ўйлайди, ерга боқмайди”. Жўн мантиқ бўйича шоир бу гапни, таънани рад этмоғи лозим. Сарлавҳадаги ва матн ичидаги Янглишасиз! шуни тақозо этаётгандай. Лекин раддияга, жавобга боқайлик:

 

...мен кўкларга беркинган

Ер қизидан хаёлимни олмаймен...

 

Тўртлик фалсафасининг қаймоғи айни шу ерда ва буни англаш учун “кўкларга беркинган Ер қизи” ким ёки нима деган саволга жавоб топмоқ зарур бўлади. Ер қизи қандай қилиб кўкларга беркинади? Бу юксак хаёлот олами, поэтик мистикага чулғанган туйғу, ўй-фикр-ку!

 

Бу саволга жавобни фақат ушбу контекстдан изламай, шоирнинг бундан олдин ва кейин ёзган шеърларидаги кўк ва ер, хусусан, кўк ҳақидаги мисраларни бир қур кузатсак. 1919 йилда ёзилган буюк “Гўзал” шеъри шундай бошланади: “Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб, Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен...”. Машҳур “Бузулган ўлкага” достонида кўк-ер концепти шундай контекстда ишлатилади: “Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да, Хароб бўлган элдан-да...”.

 

Кўкдаги қиз, Ер қизи нима эканлиги борасида шоирнинг шундай мисралари бор:

 

1. Кўкда бир тўп қиз – малак уйқу куйини бошлади,

Илгари чолган тирик, жонли куйини ташлади.

(“Уйқу”, 1921)

 

2. Кўклардан малаклар қиз бўлиб тушсалар,

Яна мен ўтларни қўйнимга қўймайман.

(“Барг”, 1922)

 

Ушбу икки контекстга таяниб, “кўкларга беркинган Ер қизи” шоир хаёлотида туғилган кўкдаги қиз-малаклар дея оламиз. Биламизки, малак ва фаришта сўзлари айнийдир. Сунний ақийдалардан маълумки, фаришталар турли инсонлар, жумладан, қиз шаклига кириб кўриниш бериши мумкин экан. Олти диний калима жамланмаси “Иймони муфассал”да – “Аманту биллаҳи ва маликатиҳи ва кутубиҳи ва расулиҳи вал явмил ахири ва қодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъала вал баъси дал мавт” (“Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига ва ўлимдан кейин қайта тирилишга ишондим”) – фаришталарга ишониш Аллоҳга ишонишдан кейинги ўринга қўйилган. Зеро, “Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан фаришталарга ишонишдир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида, тор жойда ўралиб қолмайди. Балки тасаввур доираси чексиз бўлади”[3].

 

Шундай тасаввур доираси чексиз, буюк қалб ва соф эътиқод соҳиби – Чўлпон эди.  Сўфиёна чексиз тасаввур кўк ва ерни яхлит, бир бутун ҳолда кўрар, кўкни ердан ажратиш чала, хом тасаввур маҳсули экани, улар икки ёрти бир бутун ҳодиса экани биз ўрганаётган тўртликда сирли бир тарзда ифода этилгандир.

 

Шоир 1921 йилда ёзган “Кетганингда (Клиупатрага)” шеърида

 

Севгимдан сўнгги малаклар

Тўп-тўғри кўкками учди?

 

дея ёзар экан, бу мисралар “Янглишасиз!” шеъридаги маънога ўзига хос янги ифор олиб киради. Тўртликда шоир хаёлан талпинадиган Ер қизи кўкларда яширинган бўлса, бу ерда шоир севгисидан бино бўлган малаклар ерда-ю, лекин кўкка учишга чоғланадилар. Яна бир бор юқорида айтилган ер қизи – малак  маъно қатори, тенгламаси пайдо бўлади.

 

Қизиғи шундаки, такрор бўлса-да айтамиз, муаллиф “Сен кўк шоири!” деган гапни рад этгандай бўлиб (“Янглишасиз!”), аслида айблов сифатида айтилган бу фикрга чуқур маъно юклайди, уни ўзи томонга буриб юборади. Мен бутун олам, кўк ва ер билан тиллашаман, хаёлан суҳбатлашаман, ерда туриб кўк билан биргаман, бир бутунман дейди гўё шоир.

 

Яна бир гапни айтмоқ жоиз. Биз тўртлик ҳақида, унинг моҳияти ҳақида қанча гапирмайлик, фикрламайлик, у барибир бизга сирли, хусусан, “Янглишасиз, мен кўкларга беркинган Ер қизидан хаёлимни олмайман!..”да тафаккурга тутқич бермас нималардир бордек туюлаверади.

 

Шу ўринда ушбу тўртлик ва умуман Чўлпон шеъриятига хос бир хислат ҳақида, яъни шоир мистикаси ҳақида гапирмоқ лозим. Зеро, янги ўзбек шеъриятида мистикага мойил Чўлпонга тенг бошқа шоирни учратиш маҳол. Лекин аввал мистик, мистика каби атамаларни совет давридаги салбий талқинлардан тозалаш лозим бўлади. Чунки асл буюк шеърият, бадиий адабиёт ҳеч қачон юксак мистикадан холи бўлган эмас.

 

Бинобарин, мистика “Ғайритабиий оламга, илоҳлар ва илоҳий кучларга, инсоннинг илоҳиёт олами билан алоқа қила олишига ишонишдан иборат диний эътиқод”[4]. Нафақат диний эътиқод, балки шундай руҳдаги бадиий тасаввур ва тафаккур тарзи ҳам. Балки Чўлпонни баралла мистик шоир деб бўлмас, лекин шоир шеъриятида мистика унсурлари, лирик мистицизм ҳақида бемалол фикр юритиш ва илмий тадқиқот олиб бориш мумкин деб ҳисоблаймиз.

 

Мусиқа, айниқса мумтоз шашмақом куй-ашулаларини берилиб тинглаган ҳар қандай одам ўзга оламлар, юксак хилқатларга кўтарилиб, бу фоний дунёнинг майда ташвишларидан тамом фориғ бўлади. Буюк бастакор Мутал Бурҳонов хотирлашича, “Шашмақом садолари янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, хаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларни юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди”[5].

 

Шоир булбуллар хонишидаги ажиб мусиқани ҳис қилиб, ёзганди: “Самовий завқларга тўлиб турганман Булбуллар севгини мақтаган дамда” (“Созим”, 1924). Самовий завқ ғайриоламларга сайр меваси, мистик тасаввур деганидир, ҳойнаҳой. Мистика мусулмон Шарқ ва ўзбек мумтоз адабиётининг руҳоний асосларидан бири бўлмиш тасаввуф билан узвий боғлиқ. Кўплаб Ғарб олимлари тасаввуфни бежиз “мусулмон мистикаси” деб ҳисоблашмаган.

 

Мистикадан олабўжидан қўрққандай қўрққан совет мафкурачилари, Қодирий таъбирича “анқов таъначилар” Чўлпонга “Сен кўк шоири!” деяр эканлар, бунда шоир шеърларига хос сирлиликни, мистикани ҳам кўзда тутган бўлишлари эҳтимолга яқин. Лекин юқорида айтганимиздай, шоир буни инкор этгандай бўлиб, аммо бундан-да ўтказиброқ “Кўкларга беркинган Ер қизи” ҳақида сўфиёна сўйлайди.

 

Энди ҳазрат Навоийнинг бир рубоийсидаги кўк – ер концепти ва унинг бадиий-фалсафий инкишофи ҳақида фикр юритсак. Вазиятнинг завқли жойи шундаки, мумтоз рубоийда айнан Чўлпон тўртлигидаги каби бу жуфтлик кўк-ер тарзида қўлланади. Алҳол, Чўлпон мазкур рубоийни ўқиган, ундан илҳомланган ҳамда шеъриятида кўк-ер концепциясини яратишда ҳазрат Навоийга суянган бўлиши ҳам мумкин.

 

Ушбу рубоий ҳазрат Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асаридаги Исо алайҳиссаломга бағишланган қисмни якунловчи шеърий битикдир.

 

Исоки, мужаррад айлади Тенгри ани,

Кўк равзаси бўлди жилвагоҳу чамани.

Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани,

Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани[6].

 

Рубоий бежиз Исо алайҳиссалом ҳақидаги фасл сўнгига қўйилган эмас. У ўзидан олдин баён этилган воқеа-ҳодисаларни поэтик жиҳатдан умумлаштиради ҳамда назмий сўзнинг кучи билан илоҳий воқеликни сиқиқ ва эҳтиросли ифодалайди. Айтмоқ жоизки, ҳазрат Навоий ўз асарида Исо (а. с.) ҳақида ёзар экан, у биринчи навбатда ушбу пайғамбар ҳақидаги “Қуръони карим” оятларига суянади. Асарда Исо (а. с.) пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.) ҳақида гувоҳлик берувчи илоҳий оят аслиятда келтирилади: “Ва из қола Ийсабну Маряма ё бани исроила инни расулуллоҳи илайкум мусаддиқан лимо байна ядайя минат-тавроти ва мубашширан бирасулин яъти мин баъдисмуҳу Аҳмаду”[7]. Яъни: “Эсланг, Ийсо бинни Марям “Эй Бани Исроил, албатта мен Оллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи ҳолда (юборилдим) деган эди” (Саф сурасининг 6-оятидан)[8].

 

Мазкур рубоийни кўк-ер концепти бўйича кузатадиган бўлсак, кўрамизки, мазкур жуфтлик иккинчи ва учинчи мисра бошида келиб, тўртинчи, хулосавий мисрада “Кўк – анинг ватани” деган муҳташам ғояга дастак бўлади. Биринчи мисра эса Исо (а. с.)нинг юксак мақоми ҳақида: Тангри уни ҳам озод қилди, ҳам унга ёлғизлик, танҳолик (мужаррад) мақомини берди. “Қуръони Азим тафсири”да ёзилишича, “Оллоҳ таолонинг амри билан Жаброил алайҳиссалом уни уйининг туйнугидан кўтариб, осмонга олиб чиқиб кетди”[9].

 

“Абу Хайён айтади: “Меърож ҳақида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни иккинчи осмонга кўтарган ва то у зот ерга тушиб, Дажжолни қатл қилгунича ўша жойда яшайди”[10]. Исо (а. с.) билан Чўлпон асаридаги Ер қизи ўртасида қандайдир боғлиқлик, илоҳий ришта бор. Навоий ҳазратлари беш ярим аср наридан туриб Чўлпон шеърини шарҳлаётгандай гўё. Чўлпон асари эса ул зот сўзларига камарбаста бўлаётгандай, илоҳий мавзуларда вақт масофаси мавжуд эмас-у, фақат ҳозир деган лаҳза бор холос деб таъкидлаётгандай гўё.

 

Ҳар икки шоир мумтоз ва ҳозирги тилимизда кўкнинг қатор синонимлари – осмон, само, фалак, гардун, фазо, сипеҳр, мину ҳамда кўк ва ерни англатувчи арзу само ибораси бўлгани ҳолда айнан соф туркий сўзлар – кўк-ер жуфтлигини олгани бежиз эмас. Маълумки, қадимги туркийларнинг ислом динига қадар эътиқод қилган илоҳлари “Кўк тангри” бўлган. Алишер Навоий ва Чўлпон онгостида архетип тарзда ушбу илоҳ акс-садолари мавжуд дейиш мумкин. Зеро, ҳазрат Навоий рубоийсининг илк мисрасидаги “Тенгри” сўзи кейинги мисра бошидаги “Кўк” сўзи билан бежиз “учрашмайди”, ҳойнаҳой.

 

Тўртлик “мен” тилидан баён қилинади ва Сиз – Мен зиддияти асосига қурилади. Бу ҳақда юқорида ҳам айтган эдик. Яна бир жиҳат шуки, “Сиз”, яъни мухолифлар айтган фикрда ҳам кўк-ер концепти мавжуд, лекин бундаги икки ҳад яхлит эмас, бошқа-бошқа ва зид ҳодисалар сифатида қаралмоқда. Улар ажратилади ва ўзаро зид қўйилади. Ҳамда “ер”га устунлик берилади. Бу бежиз бўлмай, ўша пайтдаги ҳукмрон марксча-ленинча мафкура моддийликни, яъни материализмни тан оларди. Улар учун “ер” моддийлик тимсоли бўлиб, “кўк” уларга ёт, бегона маъво эди. “Кўк” улар учун ёт унсур эди.

 

“Сиз кўк билан ерни бир-биридан ажратмоқдасиз. Янглишасиз, мен бундай қилмайман. Кўк-ер бутундир” демоқда гўё Чўлпон.

 

Ҳазрат Навоий рубоийси эса, сиртдан қараганда, Исо (а. с.) ҳақидаги “Қуръони карим” оятларининг шарҳи, ҳатто бошқа сўзлар орқали ифодаланган такрорига ўхшайди. Бироқ шуни қайд этиш лозимки, рубоийнинг ҳар бир мисраси алоҳида нисбий мустақил фикрни олға суради. Фикрлар мисралар сонича, яъни тўртта. Сўнг ушбу мустақил фикрлар бир-бири билан маъновий муносабатга киришади. Бу муносабатлар янги маъно тармоқларини вужудга келтириб, рубоийнинг ялпи маъносини янги орбитага олиб чиқади.

 

Биринчи мисра:

 

Исоки, мужаррад айлади Тенгри ани.

 

Бу Исо(а. с.)нинг пайғамбарлик мақоми, унинг танлаб олинганлиги, яккалиги, танҳолиги ва юксак маънода озодлиги ва бу Тангрининг ҳам инъоми, ҳам ҳукми эканлиги; яъниким, Исо(а. с.)нинг ёлғизлиги Оллоҳ таоло томонидан танлаб олингани туфайлидир. “Мужаррад” сўзи бирйўла ушбу маъноларни ўзида сиғдира олади.

 

Иккинчи мисра:

 

Кўк равзаси бўлди жилвагоҳу чамани.

 

Исломий истилоҳда кўк равзаси кўкдаги жаннатни, жилва сўзи Оллоҳнинг тажаллисини билдиради. Бинобарин, бунда жилвагоҳ сўзи Ҳақ нури жилва қиладиган жойни англатадики, шунда мисра кўкдаги жаннат Исо(а. с.)нинг Ҳақ нури жилва қиладиган чамани бўлди деган мазмунга эга бўлади. Гап шундаки, бу пайтда Исо (а. с.) ҳали ерда эди. Ул зот ерда бўлгани ҳолда кўкдаги жаннат ул зот учун Ҳақ нури жилва қиладиган макон, чаман бўлди.

 

Эсга олинг, Чўлпоннинг лирик қаҳрамони ҳам ерда тургани ҳолда “кўкларга беркинган Ер қизидан хаёлини олмаган” эди.

 

Учинчи мисра:

 

Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани.

 

Бу ерда тушуниш қийин бўлган ибора фақат “тажрид фани”дир. “Мужаррад” танлаб олинишни билдирса, “тажрид” сўзи ёлғизликнинг ўзинигина эмас, ёлғизлатиб қўйилишни ҳам англатади. Бундаги ёлғизлатиш энди Оллоҳ тарафидан эмас, ердагилар томонидан содир этилмоқда. Шунингдек, мисрани у, яъни Исо (а. с.) ер аҳлидан ажралиб, ёлғизликни одат қилди деб ҳам тушуниш мумкин.

 

Тўртинчи мисра:

 

Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани.

 

Мисра муқаддас китобимизнинг “Нисо” сурасидаги “Балки уни Оллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир” деган оятга (158-оят) билвосита боғлиқ. Оллоҳ уни ўз ҳузурига кўтаргани ортда қолиб, энди кўк “анинг ватани”га айланади. Бунга ажабланмаслик керак, чунки ер аҳли уни ёлғизлатди, ҳатто ўлдирмоқчи бўлди.

 

Чўлпон тўртлигида ҳам Ер қизи “кўкларга беркинган” эди, кўк ватани бўлган Исо (а. с.) каби. Албатта “ер қизи” ўзида кўп маънони яширган образдир.

 

Энди сал олдин ваъда берганимиздек, рубоийдаги ҳар тўрт мисрани ўзаро солиштириб, “уриштириб” чиқамиз.

 

Биринчи ва иккинчи мисра: Тангри Исони ёлғиз, танҳо (мужаррад) қилгани учунгина унга кўкдаги жаннат Оллоҳнинг нур таратгувчи чаманига айланди. Биринчи ва учинчи мисра: биринчи мисрадаги мужаррад билан учинчи мисрадаги тажрид ўзакдош бўлиб, бири ёлғиз, танҳо маъносини англатса, иккинчиси ажратиш, яккалашни билдиради. Тангри Исо(а. с.)ни танлаб, танҳо кўриб сийлади, ер аҳли, одамлар Тангри сийлагани учун (парадоксни қаранг) уни яккаладилар, қатл қилмоқчи бўлдилар. Биринчи, иккинчи ва тўртинчи мисра: Тангри мужаррад айлагани, сийлагани, кўкдаги жаннат унинг учун Ҳақ нури жилва қиладиган чаман бўлгани туфайли кўк унинг – Исо(а. с.)нинг ватанига айланади.

 

Ўзакдош, маъно жиҳатидан озгина фарқланувчи сўзлар, лекин қанчалик улкан фарқ – Тангри уни танҳо билиб, сийлайди. Ер аҳли уни ёлғизлатади, яккалайди. Шу ерда ҳазрат Навоийнинг аччиқ кинояси юз кўрсатади. Яъни, Ер аҳли ўз Раббиси иродасига қарши бормоқда, шаккоклик қилмоқда. Ва ҳар икки зид ҳолат – мужаррад (бу Тангри инъоми), тажрид (бу Ер аҳлининг жабри), Исо(а. с.)нинг буюк шоир наздида кўкка кўтарилишига – “Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани” – сабаб бўлмоқда.

 

* * *

Кўк-ер абадий бирликда муқим бўлган зидликдир. Улар бир-бирини қанчалик рад этишса, шу қадар ўзаро жипс мувозанатда. Ер оламда рўй берадиган, кўз билан кўриб, қулоқ билан эшититиш, қўл билан тегиш мумкин бўлган нарса-ҳодисалар мажмуи ва рамзи бўлса, кўк сирли-сеҳрли ҳодисалар, инсон инон-ихтиёрига боғлиқ бўлмаган, керак бўлса, инсонни ўз измига бўйсундириб, ўз йўриғига соладиган руҳий-илоҳий кучлар тимсоли. Балки шуларнинг ўзи.

 

Кўк-ер инсоният ҳаётига мангу дохил азалий концептлардан бири сифатида барча илоҳий китобларда, жумладан муқаддас китобимиз “Қуръони карим”да кўп марта тилга олинади: “(Эй инсон), Оллоҳ осмонлар ва ерни Ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?!” (Иброҳим сурасининг 19-оятидан).

 

Алишер Навоий ушбу концептни Исо(а. с.)га нисбатан қўллаб, унинг илоҳий тақдирини шеърий йўсинда гўзал ва теран баён этади, ул зот ҳаётига гўё лирик хотима ясайди. Чўлпон ушбу концепт асосига қурилган тўртликда ўзининг поэтик ва фалсафий кредосини, сўфиёна дунёқарашини бадиий гўзал ифода қилади. Ўзининг кўк шоири, самовий шоир эканини поэтик исботлайди.

 

Чўлпонга ўша пайтлар таъна сифатида айтилган “Сен кўк шоири!” деган гап эса ҳозирги кунда уни шарафламоқда. Ҳатто яхлит ҳолда Чўлпон шеъриятини кўкка ўрлаган сўз дея баҳолаш мумкин.

 

Сувон МЕЛИ,

филология фанлари доктори



[1] Назаров Қ. Жаҳон фалсафаси қомуси. Икки жилдли. 1-жилд. Т.: Маънавият, 2023. 623-бет.

[2] Чўлпон. Тонг сирлари (Матн). Т.: Zilol buloq, 2023. 8-бет.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақийдалар. Т.: Hilol nashr, 2012. 365-бет.

[4] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Беш жилдли. 2-жилд. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2006. 602-бет.

[5] Муштум. 2024. 3-сон (Хотирани Озод Шарафиддинов ёзиб олган).

[6] Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Ўн жилдлик. 8-жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2011. 593-бет.

[7] Шу ерда. 590-бет.

[8] Қуръон карим (таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур). Т.: Чўлпон, 1992. 545-бет.

[9] Қуръони Азим тафсири, 326-бет.

[10] Қуръони Азим тафсири. 327-328-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

15:06 / 11.06.2025 0 33
Ҳамзанинг “мактублари”





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18715
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//