Ойбек асарларининг таржимони – Туркия Президенти Админстрациясида ишлаётган ўзбек аёли


Сақлаш
16:42 / 12.06.2025 95 0

Баъзан бошқа юртларга ишлагани борган ва аксарияти “қора меҳнат” билан машғул бўлган ўзбек аёлларини кўриб ичинг эзилади. Фабрика ишчиси, фаррош, бола боқувчиси, уй тозаловчи... ҳ.к. Ва кўпи оиласида қўним топмаган ёки рўзғорининг кам-кўстига кўнавермаган аёллар... Шундай пайтларда мамлакатимиз номини илм-маърифат билан, гўзал хулқ билан кўтариб юрган ҳамюртларимиз кўпайишини жуда истайди одам. Шукрки, бугун дунёнинг ҳар ерида, энг олис шаҳару кентларида миллатимиз довруғини оламга ёйиб, шаънимизга шараф келтириб юрган опа-сингилларимиз талайгина. Улар қаерда ва ким бўлиб иш юритишмасин ўзбек қизи бўлиб Ватан юзини ёруғ қилиб келяпти.

 

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Замира Ўзтурк (Ҳамидова) ана шундай зиёли, олима ватандошларимиздан, десак хато бўлмас. Асли Андижонда туғилиб вояга етган Замира опа айни пайтда Туркия Республикаси Президенти Админстрациясининг Коммуникациялар бошқармасида таржимон, илмий ходим сифатида фаолият юритиб келади. Кўплаб илмий-ижодий ишларга бош-қош бўлиб келаётган юртдошимизнинг фаолияти билан яқиндан танишишни ният қилдик.

 

– Болалигим Андижон ва Сирдарё вилоятлари ўртасида орзу-хаёллар қуршовида ўтган десам бўлади,  – дейди Замира опа. – Собиқ тузумнинг оғир шароитларида, содда ва меҳнаткаш халқимизнинг етовида улғайдик. Яъни, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги чўлларни ўзлаштириш сиёсатида кўпгина водий аҳли қатори камина ҳам ота-онам билан шу ерларга келиб қолдик. Бола шууримда машаққатли меҳнатдан толмайдиган, яхши кунларга эришиш йўлида биргаликда астойдил заҳмат чеккан юртдошларимизнинг қиёфалари сақланиб қолган. Ҳозир ҳам жазирама кунларда бошидан офтоб ўтиб, очликка, сувсизликка бардош бериб, оиласи билан пахта далалалари барпо этган содда ва фидойи одамларимизнинг нурли, самимий қиёфалари сира кўз ўнгимдан кетмайди.

 

 

Мактабдан мактабга кўчиб, ўқитувчи ва ўқувчиларга кўникишим қийин кечса-да, (аслида бу кўч-кўчлар биз болаларга ҳам бир қанча ноқулайликлар келтирган) яхши ўқишга ҳаракат қилганман. Лекин ўқувчилик йилларим мамлакатимизнинг ўтиш даврига тўғри келгани учунми, педагоглар орасида ҳам кадрлар етишмовчилигини юзага келтирарди. Ва бу менинг шифокор бўлишдек орзуимга таъсирини кўрсатган. Кимё, биология фанларидан ўқитувчиларимизнинг қўнимсизлиги кейинчалик менинг филология соҳасини танлашимга сабаб бўлган. Мактабда она тили ва адабиёти фани устозимизнинг жонкуярлиги, айниқса, адабиётни меҳр билан ўргатиши қалбимда Сўзга бўлган муҳаббатни ошириб юборган. Энди ўйласам, кимки мактабда қайси фанни яхши кўрса ёки қандай касбни танласа, унга мактабда ўша дарсдан сабоқ берувчи устознинг хизмати, меҳри катта бўларкан.

 

Шу тариқа пойтахтдаги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга кирдим. Турк тили ва адабиёти” бўлимида ўқиш мобайнида мазкур тилни янада чуқурроқ ўрганишга киришдим. Бу мени келажакда Истанбулдаги Мармара университетининг Türkiyat Araştırmaları Enstitüsi”га бошлади.

 

Замира опа қардош элда ўқиши даврида икки халқнинг тили, урф-одатлари, қадриятлари нақадар ўхшашлигини ҳис этади. Зеро, бир дарахтнинг бақувват новдалари каби ўзбек ва турк миллатининг бир-бирига яқинлиги табиий ҳол эди. Лекин баъзида илмий манбаалардан фойдаланишда ўқитувчи ва талабаларга икки тил учун ёрдамчи луғатларнинг озлиги сезилиб қоларди. Опа мана шу кемтикликни Hacettepe университетидаги докторлик босқичида ўқиб юрганида амалга оширишга киришди ва бир неча йиллик изланишларидан сўнг “Ўзбекча-Туркча луғат” нашри тайёр бўлди. Бу ҳақда олиманинг ўзи шундай дейди:

 

Биласизми, мусофирликдаги ҳаётимизда гарчи қардош бўлсак-да кўпинча, айниқса илмий мақолалар тайёрлашда, монографиялар ёзишда икки тил учун бирдек тушунарли ва аниқ бўлган луғатларнинг йўқлиги бизни қийнарди. У пайтларда ўзбек тилига қизиқиш, бой тархимиз ва беқиёс адабиётимизга эътибор бугунгидек эмасди. Биласиз, у пайтларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳаминқадар, борди-келди, ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг сустлиги, таълим жараёнларида ҳам билинарди. Бугун Ватанимизда қардош давлатларга нисбатан ҳар жиҳатдан очиқ ва шаффоф муносабатни кўриб очиғи қувонаман ва бугунги ёшларимизга, талабаларимизга ҳавас қиламан.

 

 

Ўша кезлар университетдаги илмий раҳбарим Эмина Гурсой, профессор  Аҳмет Топалўғли каби устозларимизнинг кўмаги ва далдаси билан “шу луғатни мен тайёрласамчи”, деган ғоя пайдо бўлди ҳамда устозларимиз профессорлар Ҳикмет Кораш, Фатма Ачиклар билан етти йиллик меҳнатимиздан кейин “Ўзбекча-Туркча луғат дунёга келди. Бу тўпламда 40 мингга яқин сўз, 5 мингга яқин мақол ва ибора жой олган бўлиб, нашр нафақат ўзбек тили ўрганиладиган ўқув юртлари учун, балки бутун қардош тилли университетлар учун ҳам қўлланма вазифасини ўтади. Чунки  азалдан она тилимизнинг туркий тиллар ичида маъно ва мазмунга, шева ва лаҳжаларга бойлиги бошқа туркий тилли мутахассислар учун ҳам шундай дастёрга эҳтиёж ортишига сабаб бўларди. Ҳозирги кунда луғатимизнинг иккинчи нашри устида иш олиб боряпмиз.

 

Айни пайтда Замира опа нафақат илмий изланишлар билан банд, бадиий таржима борасида ҳам бир қанча уринишлар қилиб, ўзбек адабиётини турк ўқувчиларига таништиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

 

Мен илм йўлини танлаганимдан бери таржиманинг ичидаман, десам хато бўлмаса керак. Болалигим кўп миллатли маҳаллада ўтди, кейинчалик касбим туфайли турк ва рус тилларида мулоқот қилишимга тўғри келарди. Нафақат оғзаки, ёзма таржималарни бошлаганимга 30 йилдан ошди. Айнан ўзимнинг магистратура ишим ҳам машҳур турк ёзувчиси Умар Сайфиддин ҳикояларининг ўзбек тилига таржимаси билан боғлиқ. Энг қувонарлиси, 2008 йилда илмий ишим сабаб таржима қилган ҳикояларим ўтган йили муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан тайёрланган “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар тўпламидан жой олди.

 

 

Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари сўнгги йилларда жуда яхши томонга ўзгарди. Бу илиқ муносабатлар барча соҳаларда акс этди. Масалан, Туркиядаги университетларда ўзбек тили ва адабиёти билан боғлиқ бўлимлар сезиларли кўпайди. Бу бўлимларда дарс бераётган устозлар, курсдошларим мендан “Нима учун ўзбек адабиётига оид асарларни таржима қилмайсиз, шундай бўлса талабаларга ўқитардик” деб кўп сўрашарди. Худди шу кунларда Ойбек асарларини таржима қилиш бўйича қўлимга бир лойиҳа келиб қолди. Унга кўра Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, “Олтин водийдан шабадалар” ва “Улуғ йўл” романларини турк тилига таржима қилишим керак эди. Бу уч романни 3-4 йил ичида кетма-кет таржима қилдим. Лекин негадир лойиҳа тўхтаб қолганди. Таржималар энди қоғозда қолиб кетмасин, деб роса изландим. Шундай кунларнинг бирида Евроосиё Ёзувчилар Уюшмаси (Avrasya Yazarlar Birliği) раиси Умар Ёқуб ўғли билан танишиб қолдик ва унга каминада Ойбекнинг таржима қилинган романлари бор, дедим. Умарбей қалами ўткир ёзувчи, қардош адабиётни яхши тушанадиган, закий инсон эди. Романларни нашр қилишни бажонудил қабул қилди. Аввало “Қутлуғ қон” романини чоп қилишга келишдик. Фақат бунинг учун Ойбекнинг меросхўрларидан ёзма равишда рухсат олиш керак эди. Буни Тошкентдаги Ойбек уй-музейи директори, ёзувчимизнинг набираси Ойнур Тошмуҳамедовадан олдим. Кейин романни ўқиб янаям муфассал таржима қилиш ниятида бир неча йил давомида таржимани қайта ишладим. Албатта бундан бир неча йил аввал билган тилимиз билан ҳозиргиси орасида жуда катта фарқ бор эди. Таржимада шу жиҳатларга эътибор қаратдим. Кетидан “Олтин водийдан шабадалар” романини ўгирдим. Шундай қилиб Туркиядаги ўзбек тили ихлосмандларига устозимиз академик Наим Каримовнинг оқ йўли билан икки романни ҳадя қилдик.

 

 

Киши умрида йўлчи юлдуздек ҳамроҳ бўлган хотиралари бўлади. Ана шундай ёруғ кунларимга ўқиган бадиий китобларим ҳам эш бўлган, десам янгилишмайман. Болаликдан китобларини севиб ўқиганим ёзувчи Хайриддин Султоннинг асарлари адабиётга меҳр қўйишимда алоҳида аҳамият касб этган. Не бахтки, севимли ёзувчимиз билан Анқарадаги Туркия Республикаси Президенти Миллат кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан нашр этилган “Турк адабиётининг дурдоналари” номли 100 жилдлик тўплами тақдимотида учрашиш насиб этди. Халқаро Турк маданияти ташкилоти (ТÜRKSOY), Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Анқара Ҳожи Байрам Вали Университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу маданий-маърифий анжуманда қадрли устоз ёзувчимизга таржима китобларимни туҳфа қилдим. Бу мен учун катта бахт эди.

 

 

Келгусида яна таржималар қилиб Туркиядаги ўзбек адабиётини севувчиларни хурсанд этиш ниятим бор. Ўйлайманки, бу йўналишда икки давлат орасида турли хил лойиҳалар қилинса, биз таржимонлар учун ҳам, ўзбек ва турк тили китобхонлари учун ҳам самарали бўларди.

 

Албатта, Замира опадек қалби юрт ва унинг истиқболи билан ҳамоҳанг зукко ватандошларимизнинг борлиги миллатдош ўлароқ фахрланишимизга арзийди. Тилагимиз, шундай олималаримиз кўп бўлсин.

 

Суҳбатни Наргиза АСАДОВА тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19343
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//