Европанинг шимолида жойлашган Скандинавия ярим ороли ҳудудларида куфий хати билан зарб қилинган тангалар хазинаси борлиги исботланганига бир ярим аср бўлди. Сомонийлар тангаси бўлган “бойлик” асосан жанубий Швеция ва Готланд оролидан топилган. Бундан ташқари Ғарбий Россия, Қозон ҳудудлари, Волганинг ўрта оқимларидан топилган кўплаб хазиналар мавжуд. Шунингдек, бундай хазиналар Полшанинг ғарбидаги Чехова ҳудуди ва ҳатто Англияда ҳам учрайди. Бугунги кунгача ислом намунасидаги тангалар Швеция ва унга ёндош бўлган Европа ҳудудларидан мунтазам топиб келинмоқда. Бу хазиналар у масофаларга тасодифан бориб қолмаган. Хазиналар айниқса милодий Х асрларда рус ва Европа манбаларида варангийлар (варяглар) номи билан эсланувчи викинглар фаол бўлган ҳудудларда учрайди. Қизиғи, бундай хазиналар таркибининг асосий қисмини Ўрта Осиё кумуш тангалари ташкил қилади. Буни уч хил асос билан изоҳлашимиз мумкин:
1. Ўша пайтда Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилаётган Сомонийлар давлати Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган ва унинг таркибига кирувчи Хоразм шимолий ҳудудлар билан савдода мутлоқ етакчи эди;
2. IX–Х асрларда Сомонийлар олтин тангасидан кўра, кумуш тангаси халқаро пул даражасига кўтарилган ва Буюк Ипак йўли бўйлаб турли давлатларга етиб борган;
3. Х асрда Сомонийлар давлати ҳудудидаги кумуш конлари фаол ишлаётган ва қазиб олинаётган кумуш хомашёси нафақат Сомонийлар давлати, балки бутун Шарқий Европа ҳудудларини таъминлар эди.
Шимолий ва Шарқий Европанинг кўплаб ҳудудларидан топилган хазиналардан билиш мумкинки, Сомонийлар давлати викингларнинг энг асосий кумуш хомашё базаси ҳисобланган. Лекин шуни ҳам унитмаслик жоиз, улар Сомонийлардан ташқари бир нечта кумуш етказиб берувчи савдо шерикларига эга эдилар. Масалан, топилган хазиналар таркибида Византия кумуш тангалари, Аббосийлар тангалари кўпроқ, кам бўлса-да, Хоразмшоҳлар тангалари ҳам учраб туради.
Хоразм ва викинг савдогарлари илк бор 900-йиллар атрофида Волганинг ўрта оқими ҳудудларида тўқнаш келган. Шунингдек, тахминан 880-йиллар атрофида Викинглар Волга дарёси орқали Каспий денгизга чиқиб, уни кесиб ўтишган ва денгизнинг жанубий-шарқида жойлашган Зиёрийлар давлатига қарашли Журжон шаҳригача боргани ҳақида маълумотлар бор. Викинглар мана шу саёҳатларидан бироз олдин Қуйи Волга ҳудудларини ўзлари учун кашф қилишган бўлса, хоразмликлар бу ерлар билан анча йиллар олдин ҳам савдо қилишарди. Волганинг қуйи ва ўрта оқими уларнинг савдо ҳудудларига айланиб бўлганди. Бироқ бу ҳудудлардан айнан мана шу даврда Хоразмда ҳукмронлик қилган маҳаллий Африғийларга мансуб тангалар жуда ҳам кам топилган. Буни ўша даврларда Сомонийлар ва Аббосий халифаларнинг тангалари халқаро савдода устунликга эга экани ва Хоразмшоҳлар давлати ҳам расман Сомонийлар давлати таркибида бўлиб, уларнинг тангасидан кўпроқ фойдаланишгани билан изоҳлашимиз мумкин.
Бу пайтда ўрта Волга дарёси ва жанубий Қозон ҳудудларида Булғор хонлиги давлати жойлашганди. Викинглар ва хоразмликлар бошқа ҳудудларга тижорат мақсадида саёҳат қилишган бўлишса-да, айнан Булғор хонлиги ҳудуди улар ўртасида савдо муносабатлари кўприги эди. Хоразмликлар ва викинглар ўртасидаги савдо муносабатларида асосий хомашё қуллар ва тери маҳсулотлари бўлган. Ибн Фадлан ўз эсдаликларида Сомонийлар сотиб оладиган асосий товар бу қулларлиги, улар кўпроқ туркийлардан иборатлиги, асосан қўшин сонини орттиришга хизмат қилишлари ҳақида маълумотлар берган. Фикримиз исботи сифатида Ўрта Осиё ва Эрон ҳудудларида пайдо бўлган янги давлатлардан бири Ғазнавийлар ҳокимиятининг асосчиси Алп Тегин ҳам Сомоний ҳукмдорларнинг туркий қули бўлиб, кейинчалик Ғазна атрофларини ўзига бўйсундириб олганини келтиришимиз мумкин.
Энди мавзумизнинг асосий мазмунига қайтсак. Юқоридаги фикрлардан сўнг, Викинглар билан бўлган савдода Хоразмшоҳлар тангаси ишлатилганми, деган савол пайдо бўлади. Албатта ишлатилган! Юқорида таъкидлаганимиздек, Шимолий Европа сарҳадларидан топилган куфий тангалар орасида Аббосийлар ва Сомонийлар тангалари, шунингдек, Сосонийлар, Византия ва кам миқдорда бўлса-да Хоразм кумуш тангалари мавжуд. Яъни, Хоразмшоҳ Аҳмад ибн Муҳаммаднинг кумуш тангаси ҳам.
Аҳмад ибн Муҳаммад ким бўлган?
Бу вақтда Хоразмда кўпчилик тарихчилар томонидан “Бану Ироқ” сулоласи номи билан тилга олинувчи маҳаллий Африғийлар хонадони ҳукмдорлик қилар эди. Бу ҳудудни 896 йилда Бухоро ҳукмдори Исмоил Сомоний эгаллагач, у ерга Ироқ ибн Мансурни Хоразмшоҳ этиб тайинлайди.
Швециядан топилган Аҳмад ибн Муҳаммад кумуш тангаси. Швеция тарих музейи. SMH 16184.
Тадқиқотчилар от тасвири билан зарб қилинган тангасига таянаб уни милодий 893 йилда (ҳижрий 280 йил) Хоразм тахтини эгаллаган деб таъкидлашади. Ҳижрий 295 йилда (907 йил) Исмоил Сомонийнинг ўлимидан сўнг Сомонийлар ҳокимятининг турли ҳудудларида қўзғолонлар бўлиб, сиёсий беқарорлик бошланади ва Ироқ ибн Мансур олдида мустақилликга эришиш имконияти пайдо бўлади. Лекин бу даврнинг тарихи ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Ироқ ибн Мансур томонидан зарб қилинган ва бугунги кунда фанга маълум бўлган тангаларидан хулоса қилсак, у биронтасида Хоразмшоҳ сифатида қайд этилмаган, – араб тилида “Мўминлар амирининг хизматкори” битиги билан зарб қилган.
Ироқ ибн Мансурнинг ҳукмронлиги қачонгача давом этгани ҳақида ҳам маълумот йўқ. Лекин, юқорида айтилганидек, халифа Ал-Муқтодирнинг (908–932) Булғор давлатига юборган элчиси Ибн Фадлан 921 йилда (ҳиж. 309 йил) Кот шаҳрига келганида, ҳукмдор Ироқ ибн Мансурнинг ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ эди, деб қайд этган. Муҳаммад Хоразмшоҳ Абу Райҳон Берунийнинг устози – математик олим Абу Наср ибн Ироқнинг амакиси бўлган. Яъни, у Муҳаммад ибн Ироқнинг укаси Али ибн Ироқнинг ўғли эди. У ҳақида маълумот жуда кам, ҳатто бугунги кунгача ҳукмронлигида зарб қилинган тангалар ҳам топилмаган. Бироқ, қандайдир номаълум сабабга кўра, Ибн Ал-Асир асарида 943 йилда (ҳиж 332 йил) Хоразмшоҳ тахтига Муҳаммаднинг ўғли Аҳмад эмас, Абдуллоҳ ибн Ашком деган шахс ўтирди, деб қайд этган. Демак, Муҳаммад ибн Ироқ шу йилгача ҳукмронлик қилган.
Беруний Муҳаммад ибн Ироқни Хоразмнинг 22 нафар ҳукмдори сафига киритмаган. Вазиятга қараганда Абдуллоҳ ибн Ашком тахтни ўзбошимчалик билан эгаллаб, Сомонийлар ҳокимятига қарши чиққан. Кейинроқ, Нуҳ ибн Наср Сомоний унга қарши қўшин юборгач, у “Турклар ҳукмдори хузурига”, яъни Ўғузлар давлатига қочиб кетади. Ўрнига Сомонийлар пойтахтида гаров сифатида ушлаб турилган Муҳаммаднинг ўғли Абу Саид Аҳмад Хорамзшоҳ сифатида қўйилади. Аҳмад ибн Муҳаммаднинг тахтга ўтирган йили тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқ. Берунийнинг “Осор ул-боқия” асарида у ҳақида бир қанча маълумотлар берилган. Маълумотга кўра, у тахтга ўтиргач Хоразмнинг маҳаллий Ажғар (инглизча матнда – Ajghar) номли байрами (маҳаллий тақвимдаги хатолик сабаб вақти ўзгариб кетганди) кунини тўғирлаш учун Хоразм тақвимини ислоҳ қилади. Берунийнинг айтишича, бу воқеа Александр вафотидан 1270 йил кейин, яъни 959 йилда содир бўлган ва бу масала ҳақида Хоразмшоҳ Аҳмад 7 йил олдин, Бухородан қайтган пайти ўйлай бошлаган. Бундан келиб чиқадики, Абу Саид Аҳмад тахтга 952 йил ўтирган. Унинг ўз аждодларидан фарқли жиҳати шундаки, тангаларида ҳукмдор айнан “Хоразмшоҳ” унвони билан қайд қилинган. Шунга асосланиб бу даврда Хоразм Сомонийлар таъсиридан мустақил тарзда фаолият юритган, деган хулосага келсак бўлади.
Аҳмад ибн Муҳаммаднинг Викинглар хазинасидан топилган тангаси
Хоразм Х асрларда шимолдаги ҳудудлар билан савдода мутлоқ етакчи эди. Шунинг учун ҳам шимолий ҳудудлардан Хоразм тангалари ҳам топилиши табиий ҳол. Россиялик тадқиқотчи Михайл Феодорвнинг “Бану Ироқ Хоразмшоҳлари (Х аср)” мақоласида Швеция тарих музейида сақланаётган Хоразмшоҳ Аҳмад ибн Муҳаммаднинг 2 та кумуш дирҳам тангаси ҳақида қисқача маълумот берилади. Бу тангаларнинг айнан қайси хазина таркибидан ва қачон топилгани ҳақида аниқ маълумотимиз бўлмаса-да, уларнинг Швеция ҳудудидан топилгани аниқ. Чунки бу тангалар SMH 9136 ва SMH 16184 рақамлари остида Швеция тарих музейи таркибидаги Қироллик тангалари коллекциясида сақланмоқда.
Аҳмад ибн Муҳаммаднинг Швеция тарих музейида сақланаётган тангаларининг ҳар иккаласи ҳам тахминан Хоразм тақвими ислоҳ қилинган йили, яъни ҳижрий 348 йил (мил. 959 ёки 960 йил) Хоразмда зарб қилиган. Танганинг олд томони марказида ояти калима, яъни “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у ягонадир ва шериги йўқдир” деб ёзилган. Ушбу жумланинг атрофида икки қатор қилиб араб тили, куфий ёзувида хат битилган. Бу ёзувнинг ички айланасида “Аллоҳ номи билан ушбу дирҳам Хоразмда 348 йилда (милодий 959) зарб қилинди” деган ёзув мавжуд. Танганинг олд томони ташқи айланаси бўйлаб эса Қуръони каримнинг Рум сураси 4-оятидаги “Бундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Оллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар” деган жумласи битилган.
Танганинг орқа томони марказида эса “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмшоҳ” деб ёзилган. Танганинг орқа томони қирраси бўйлаб Қуръони каримнинг Тавба сураси 33-оятида ёки Саф сураси 9-оятларида келган “Муҳаммад Оллоҳнинг элчисидир. Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, гарчи мушриклар истамасалар ҳам барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир” калимаси ёзилган. Тангаларнинг ҳажмида йиллар таъсиридаги каррозия ва турли емирилишлар сабаб ўзгаришлар бўлган.
Умуман олганда, танга Самонийлар тангасидан яққол нусха олиб ясалган. Унинг услубидан тортиб, ёзув ҳуснихатигача деярли бир хил. Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, у араб ёзувида зарб қилинган тангалар ичидаги Хоразмшоҳ унвони қайд қилинган биринчисидир. Бундан ташқари, устига Қуръони карим оятлари ёзилган илк тангадир.
Ушбу тангалардан 3 нусхаси бугунги кунда Швеция тарих музейи Қироллик тангалар коллекциясида сақланмоқда. Ушбу 3 нусха танга турли экспедициялар давомида Швециянинг турли ҳудудларидан топилган. Масалан, улардан 2 нусхаси Зўдерманланд ҳудудидан 1892 ва 1924 йилларда, 1 нусхаси 1918 йилда Готланд ҳудудидан топилган.
Шоҳрухмирзо ИСМОИЛОВ,
Мамун университети, “Тарих” кафедраси доценти в.б. Тарих фанлари фалсафа доктори
Тил
Тил
Тарих
Тарих
Мафкура
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ