
Туркий тилларда учрайдиган ёт сўзларнинг сезиларли бир бўлаги араб, эрон, славян, хитой, кавказ тил оилаларига тегишли, шунингдек, туркийларнинг ушбу эл-улуслар билан қўшни ёки аралаш яшагани, айниқса, бир неча юзйилликлар бўйи уларни бошқариб келгани туркий сўзларнинг ҳам дунё бўйлаб кенг тарқалишига олиб келган. Туркийлар уларга қариндош деб қараладиган мўғул ва тунгус-манжурлардан ҳам юзлаб сўзларни ўзлаштирган бўлиб, улар орасида мўғул тили айрича. Мўғул тили айниқса, ёқут (саха) ва тува тилларига кўпроқ таъсир кўрсатган: уларда мўғулчадан ўзлаштирилган сўзларнинг сони минглаб бўлса, қозоқ, уйғур, қирғиз, ўзбек, қорақалпоқ, татар, бошқирдларда бундай сўзлар сони бир неча юзтадан ошмайди. Онадўли ва озарбайжон туркларида ҳам мўғулча сўзлар бирмунча оз бўлса-да, учраб туради.
Айрим туркий эл-улуслардан фарқли ўзбеклар айри бир тил ўртамида яшаб, минг йиллар бўйи эроний (суғдий, хоразмий, бақтрий, форс-тожик ва б.) ва араб тилидан, шунингдек, ҳинд, мўғул ва бошқа қўшни эллардан кўплаб сўзларни ўзлаштирган. Қизиғи шундаки, мўғулча сўзлар тилимизга шунчалик сингиб кетганки, бир қарашда уларни ажратиб олиш бирмунча қийин. Бу борада изланишлар деярли олиб борилмагани ҳам мўғулча негизли сўзларни аниқлашда қийинчилик туғдиради. Тўғри, айрим сўзларнинг келиб чиқиши мўғулчалиги тўғрисида илмий изланишларда йўл-йўлакай айтиб ўтилган, бироқ улар ўзбекчадаги мўғулча сўзлар деб келтирган сўзларнинг сони 10-15 тадан ошмайди. Ўрнак келтирадиган бўлсак: “жилов”, “нўхта”, “қоровул”, “қуда-анда”, “қирғовул”, “чечан”, “чирой”, “эрка”, “ясовул” ва б.
Кези келганда айтиб ўтиш керак, ўзбек тилининг энг йирик очиқламали сўзлиги саналадиган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (Тошкент, 2006-2008) деярли ҳар бир сўзнинг қайси тилдан ўзлаштирилгани, айниқса, форсча, арабча ва европа тилларидан ўтгани кўрсатиб ўтилган бўлса-да, айрим сўзларни айтмаганда, мўғулчадан ўтган кўплаб ўзлашма сўзларнинг негизи қайси тилга тегишлилиги кўрсатилмаган. Туркий тилларга ўтган мўғулча сўзлар юзасидан, айниқса, Европа, Россия ва Туркияда бир неча ўнлаб изланишлар юритилган бўлиб, улар орасида финландиялик венгер турк билимчиси В. Рибацкининг изланишлари ўзининг кенг кўламлилиги билан ажралиб туради. Унинг “Some Mongolic words in Özbek (I). Words beginning with a-, å-, e-, b-, p-, d-, t- ”, “Mongolic words in Uzbek (II): Words beginning with č-, j-, y- ” деб аталган изланишларида бир неча сўз кўриб чиқилган.
Унинг кўплаб қарашларига қўшилган ҳолда шуни айтиб ўтиш керакки, у ва бошқалар мўғулча деб қараган сўзларнинг бир нечасининг негизи эски туркчага бориб тақалади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, “čağ” (чоғ, вақт), “čanqa-” (чанқамоқ, сувсамоқ) сўзлари туркий тилдан ёки бошқа тиллардан мўғулчага ўтган сўзлардир. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” сўзлигида шу англамда учрамайдиган “чоғ” сўзи Хазар хоқонлиги (650-969) бошқаруви чоғида чиқарилган кумуш тангаларда эски турк ёзувида “čağ” кўринишида учрайди [Бабаяров, Кубатин 2016: 17, 83]. Чанқамоқ сўзидан келиб чиққан “čanqåq”, čanqåv” сўзлари эса суғдийча негизга бориб тақалиб, илк ўрта асрларга тегишли суғдий битикларда cn’wq [čanāuk] “чанқов” сўзи учраши бу қарашни кучайтиради. Унинг негизида эски эроний тиллардаги cn’ “чанқамоқ” феъли ётади, деб қаралади [Gharib 1995: 126].
Ўзбек тилига ўзлашган мўғулча сўз ўрнаклари биргина сўз ёки сўз бирикмаларида эмас, ер отлари (топоним), уруғ отлари (этноним) ва этнотопонимларда ҳам учрайди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят ва туманларида қишлоқ отларининг сезиларли бир қисми турк-мўғул ёки мўғулча экани кўзга ташланади: Арлот, Барлос, Баҳрин, Дурман, Жалойир, Манғит, Меркит, Месит, Кенагас, Керайит, Найман, Некуз, Сулдуз, Табин, Турғовут, Қатағон, Қиёт, Қўнғирот, Қуралас, Чолжувит (Салжуйит), Ўйрот ва бошқа. [Номинханов 1962; Қораев 1978; Нафасов 2009].
Ушбу этник атамалар бир қарашда мўғулчадек кўринса-да, айримларининг негизида туркий сўзлар ётиши, мўғулча кўплик қўшимчаси -т ундоши қўшилиши эса уларни бирмунча ўзгартириб юборганига дуч келинади: қўнғирот – эски туркча “қўнғур” + мўғулча -т (-ат); “турғақ” (кеча қўриқчиси) + т (ут); уйғур + т (ат) ~ уйрат. Шунингдек, улар орасида эски турк – уйғур уруғи “яғлақар” ~ жалойир каби кейинчалик мўғуллашган этник атамалар ҳам бор. Шу билан биргаликда, ушбу этник атамалар орасида “дурман” (тўрт), “табин” (беш), “найман” (саккиз) каби мўғулчадаги саноқ сонлари билан боғлиқ атамалар ҳам учрайди. Қизиғи шундаки, айрим изланувчилар эски туркчада “саккиз ўғуз” деб аталган уруғ отини мўғуллар ўз тилига “найман” (саккиз) деб ўгиргани ва шу йўсинда ушбу этник атама юзага келганини илгари сурадилар. Илк Чингизийлар (1229-1269), Чиғатой улуси (1269-1340) ва Жўжи улуси (Олтин Ўрда – 1269-1459) бошқаруви чоғида ушбу уруғларнинг кўпчилиги Ўрхун ва тегралари (Мўғулистон), Сибир ва Олтойдан Турон – Туркистоннинг ўзак ерларига, айниқса, Амударё – Сирдарё оралиғи ва Дашти Қипчоққа кўчиб келишади.
Чингизийларнинг Дашти Қипчоқдаги тармоқларидан бири – Абулхайрхон хонлиги (Ўзбек улуси – 1428-1468) ҳамда унинг издошлари Шайбонийлар (1501-1601) ва Аштархонийлар (1601-1753) чоғида “кўчманчи ўзбеклар” ёки “ўзбекларнинг кўчманчи қисми” Амударё – Сирдарё оралиғига ёппасига кўчиб келиб, бу ернинг ўтроқ ва ярим ўтроқ туркий эл-улусларига қўшилиб кетди. Шу йўсинда Ўрта Осиёдаги энг кўп сонли ўзбек эли юзага келди. Ўша кезларда Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкаларда яшаган, бугунги ўзбекларнинг ота-боболари бўлган эл-улуслар ялпи атама билан “турк” деб аталган. Улар орасида “қарлуқ”, “чиғатой”, “барлос”, “қовчин”, “арлот”, “жалойир”лар етакчилик қилар эди [Кармышева 1976: 68-83].
Юқорида келтириб ўтилган кўчманчи ўзбек уруғлари Чингизийлар қўшинининг етакчи кучларини уюштириб, уч-тўрт аср ичида ўзларининг сиёсий ва ҳарбий таъсирларини сақлаб қолдилар. XVII – XVIII юзйилликларда улар орасида етакчи бўлган ўзбек қўнғиротлар Хива хонлигини, манғитлар эса Бухоро амирлигини тузишди. Улар бошқаруви чоғида ҳам ўнлаб туркий ва турклашган мўғул уруғлари етакчи кучлар ўлароқ билинди.
XVI юзйилликдан бошлаб “92 ўзбек уруғи” ҳарбий уюшмасида ўрин олган ва сўнгги ўрта асрларгача ўзбекларнинг бирор уруғи ўлароқ билинган, бугунги кунда эса кўпроқ қишлоқ оти сифатида сақланиб қолган этник атамалар бошқа туркий ўлкалардан кўра сони бўйича Ўзбекистон етакчи ўринда туради. Ўлканинг ҳар бир вилоят ва туманларидаги юзлаб қишлоқ, овул, маҳалла ва гузарларнинг этнонимлар билан аталиши, айрим туманларда улар 50% дан ошиши кўзга ташланади [Маликов 2018: 144-184].
Ўзбек тилида мўғулча сўзлар учрай бошлагани илк бор Чиғатой улуси ва Темурийлар бошқарган йилларга тўғри келиб, бунинг ёрқин ўрнаклари Алишер Навоий асарларида ўрин олган. Айниқса, унинг “Муҳокаматул луғатайн” (Икки тилнинг тортишуви) асарида “туркча” деб урғу берган сўзларнинг сезиларли бир бўлаги мўғулча сўзлардир: “мегажин”, “қоравул”, “ясовул”, “баковул”, “шиғовул”, “суюрғол” ва б.
Чиғатой туркчасида ёзилган “Бобурнома” ва Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк”ида айрим билгилар учраб, улар қуйидагича: “Жонибек дўлдой эди, Султон Малик Кошғарийнинг иниси эди ... Андин ғариб нималар хили ривоят қилурлар. Ул жумладин бири будурким, Самарқанд ҳокими экан фурсатлар ўзбакдин элчи келур, ўзбак улусида бу элчи зўрға машҳур экандур. Ўзбак зўр кишини бўка дер эмиш. Жонибек дерким: бўкамусен, бўка бўлсанг, кел курашалинг. Бу элчи ҳар неча музояқа қилур, қўймас, курашурлар, Жонибек йиқар” [Бобур 1960: 76].
Ушбу билгидан англашилича, Дашти Қипчоқдаги кўчманчи ўзбеклар кучли, бақувват кишиларни “бўка” деб атаган. Бугунги мўғул тилида курашчи, полвон деган маънода “бўҳ” кўринишида сақланиб қолган бу сўз мўғул тилига эски туркчадан ўзлашган кўринади. Эски турк битиктошлари – Ўрхун-Энасой ёзувларида “бўка” сўзи учраб, ўша кезларда бу атама юксак унвонлардан бири бўлган деб қаралади. XI юзйилликда ёзилган “Қутадғу билиг” асарида эса “бўгä” сўзи “қаҳрамон, баҳодир, кучли” деган англамда қўлланилгани ҳам бу қарашни кучайтиради [ДТС 1969: 116].
Шунингдек, турк, форс, араб ва мўғул тилларини билган, қайси сўзнинг туркча, қайси сўзнинг мўғулча эканига урғу берган Абулғози Баҳодирхон “Шажарайи турк”да айрим сўзларнинг ҳар иккала тилдан қайси бирига тегишли эканини айтишда бирмунча қийинчиликларга дуч келгани кўзга ташланади. Ўрнак учун, “идиқут” атамасига тўхталган Абулғози бу сўзни мўғулча деб қараб, англами “давлатли” эканига урғу беради: “Элчи Чингизхоннинг ўрдусиға восил бўлғандин сўнг Чингизхон Дурбой теганни элчи қилиб уйғурнинг подшоҳи Идиқутга юборди. ... Маълум бўлсун ким, Идиқутнинг маъноси мўғул тилинда давлатлик темак бўлур” [Абулғозий 1992: 56].
Бундан кўринадики, Абулғози ўрни келганда “идиқут” атамасини туркийча, бошқа бир ўринда эса мўғулча деб билган. Ҳар иккала тилнинг бир-биридан айри эканини яхши билган, ўзи яшаган ўртам тилини “туркча” деб деб атаган, “Мўғулнинг тилини ва расмини ва истилоҳларинн яхши ўргандум. Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсун, теб туркий тили бирлан айтдум. Туркийни ҳам андақ айтубман ким беш яшар ўғлон тушунур” деб очиқлама бериб ўтган Абулғози турклар билан мўғулларни илдизи бир эл деб билгани ва айрим ўринларда қайсидир сўзларни шу негизларда тушунтиргани кузатилади. Шунингдек, у “Жуйрат элиндин Чамуқа чечан теган бор эрди. Чечаннинг маъноси араб оқил дер ва тожик бохирад дер ва мўғул ва ўзбек чечан дер. Ақлли темак бўлур. Бу вақтда ҳам сўзни яхши сўзлаган кишига чечан дерлар. Ақлли темак бўлур. Ақлли бўлмаса сўзни нечук яхши билуб сўзлар” деб мўғулча “чечан” сўзига тушунтирма берган [қар. Абулғозий 1992: 50].
Ўзбек тилининг очиқламали сўзлигида “чечан – чаққон, уддабурон, уста, моҳир” деб келтирилади [ЎТИЛ 2008: 478]. Шунингдек, бугунги кунимизда “сўзга чечан” сўз бирикмасида кўпроқ сақланиб қолганидек, қозоқчада “шешен”, қирғизчада “чечен” кўринишларида эски англамини анча яхши қўригани кўзга ташланади.
Аслида туркий ва мўғул тиллари ўзаро қариндош бўлиб, уларнинг тили милоддан олдинги сўнгги мингйилликларда ажралиб, бошқа-бошқа йўналишларда ривожлана бошлаган, шу билан бирга, яна минг йиллар бўйлаб ўзаро қўшни тиллар ўлароқ бир-бирига сўз берган тиллар деб қаралади. Бугунгача тўлақонли аниқланмаган кўзқарашларга кўра, ушбу тиллар тунгус-манжур, корейс ва японлар билан бирга “Олтой тил оиласи”нинг тармоқлари бўлиб, бундан 5-6 минг йил олдинги сўзлари ана шу тил оиласи билан битта негиздаги сўзларни яратганлар [Dybo, Starostin 2008: 119-258; Бобоёров 2022: 33-41]. Шу билан бирга, турк ва мўғул тиллари Олтой тил оиласининг энг сўнгги ажралиб кетган тиллари деб билинади. Шунинг учун бугунгача етиб келган айрим сўзларни туркча ёки мўғулча деб ажратиб кўрсатишда анча қийинчиликларга дуч келинади. Милоддан олдинги III – II юзйилликларга тегишли хитой йилномаларидаги “Тангри” (Яратувчи), Маодун (Баҳодур) сўзлари бунинг ёрқин ўрнакларидир. Ҳар иккала тилнинг деярли барча тармоқларида бу сўзлар бугунгача шу ёки шунга яқин кўринишда сақланиб қолган.
Ўзбек ва бошқа туркий тилларда учрайдиган айрим сўзларнинг туркча ёки мўғулча эканини қандай аниқласа бўлади? Бунинг учун сўзларнинг қайси феъл негизида ўртага чиққани, ўша феълнинг туркча ёки мўғулчада қай кўринишда учраши, ушбу тилларнинг бошқа тармоқларида бор-йўқлиги, ёзма манбаларда, айниқса, сўзликларда қай кўринишда ўрин олгани каби ўзига хосликлардан келиб чиқилади. Эски туркча ёзма асарлар – Ўрхун-Энасой битиктошлари, эски турк-уйғур ёзмалари, “Девону луғатит турк”, “Қутадғу билиг”, Чингизийларгача бўлган арабча-туркча сўзликлар, Чиғатой ва Жўжи улуслари чоғидаги арабча-туркча-мўғулча сўзликлар ва бошқа туркий тилли асарларга қараб айрим сўзларнинг қайси тилга тегишлилигини бирмунча аниқласа бўлади. Қизиғи шундаки, “Девону луғатит турк”да ҳам мўғулчага ўхшаш сўзлар бўлиб, уларнинг қай бири туркча ёки мўғулча эканини бир қарашда аниқлаш қийин [Sertkaya 2009: 9-38]. Сўзнинг негизни аниқлашда мўғуллар таъсирида кўпроқ бўлган, улар билан анчагина аралашган туркий эл-улуслардаги мўғулча сўзларига юзланилади.
Эски туркчада “tur-” (турмоқ, кўтарилмоқ, тўхтаб турмоқ) феълининг “тўхтаб турмоқ” кўриниши туркий тиллардан кўпчилигида “toqta-”, “toxta-” (тўхта-) кўринишида учраб, Чингизийлар бошқаруви чоғида мўғул тилидан ўзлаштирилган. Бу сўзнинг Онадўли туркчасида dur-, айрим туркий тилларда tur кўринишларида сақланиб қолиши, шунингдек, унинг “Девону луғатит турк” каби мўғуллар Ўрта Осиё ва Дашти Қипчоққа кириб келишидан олдин яратилган сўзликларда “тўхта” эмас, “тур” кўринишида учраши [ДЛТ 1963, III: 284-285; ДТС 1969: 586], шунингдек, Чингизийлар таъсиридан бирмунча узоқ ўлкаларда (ўрн. Онадўли ва Болқон туркларида) “тўхта” сўзининг йўқлиги улардан қайси бири туркийча, қайсиси эса мўғулчадан ўтганини аниқлашда асқотади.
Шунга ўхшаш ўзбек тили ва унга қўшни туркийларда “тус товуқ” англамида “қиғовул” (qïrğavul) сўзи учраб, унинг эски туркчаси “суклин” (süklin) бўлган. “Девону луғатит турк”да қирғовул сўзи ўрнида süklin, süwlin сўзи учраб [ДЛТ 1960, I: 415], мўғуллар келмасдан бурун бу қуш тури туркий тилларда шундай аталгани ўзбек тилининг ўғузча ва қипчоқча тармоқларида (Хоразм воҳаси) “сулгин” (sülgin), “суйлун” (süylün), “суймун” (süymün) шу англамда қўлланилиши ўрнагида кўриниб турибди [Абдуллаев 1961: 43; ЎХШЛ 1971: 243]. Онадўли туркчасида бу сўз “сулун” (sülün) деб ишлатилиши ва уларда қирғовул деган сўзнинг учрмаслиги ҳам ушбу қуш тури эски туркчада қандай аталганини билдиради.
Ўзбекча ва бошқа бир қанча туркий тилларда негизи эски туркча сўз бўлиб, туркий тилларнинг ўзида деярли унутилган, мўғулчага ўтгач, бироз товуш ўзгаришига учраб, туркийларга қайтиб келган ўнлаб сўзлар бор. Ўрнак учун, “эрка”, “анда”, “арча” ва б. Ўзбек ва қўшни туркий тилларда кенг тарқалган “эрка” (erkä), “қуда” (quda) сўзлари Онадўли туркларида учрамайди, бироқ ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларида бу сўзлар кенг тарқалган. Онадўлида “қуда” сўзи ўрнида “дунур” (dünür) сўзи ишлатилиб, бундан минг йиллар олдин бу сўз туркийлар томонидан “тунгур” (tüŋür) кўринишида қўлланилган. “Девону луғатит турк”да “қуда” сўзи учрамайди, бироқ tüŋür сўзи шу англамда келади [ДЛТ 1963, III: 374]. Ёқут (саха) туркчасида “қуда” эмас, tüŋür сўзининг борлиги қизиқ. Бири энг кунчиқарда Узоқ Шарқда, иккинчиси эса энг кунботарда – Кичик Осиёда яшайдиган туркий элларда шу англамда сақланиб қолиши – бу сўзнинг эски туркчаси tüŋür бўлганини кўрсатади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Онадўли туркчасига қараганда озарбайжон туркчасида мўғулча сўзлар анча кўп учрайди, боиси озарбайжонлар кичик осиёлик туркларга кўра кўпроқ мўғуллар бошқаруви остида бўлишган. Улар Чингизхоннинг невараси Ҳулагудан бошлаб, Эрон ва Озарбайжонни Элхонийлар сулоласи (1261-1355) бошқарган кезлардаёқ кўплаб мўғулча сўзларни ўзлаштиради. Элхонийлар қўл остида бирмунча ички эркинликларга эга Кичик Осиёдаги Салжуқийлар ва Онадўли бекликлари турғунлари тилига эса бирмунча оз сўз кўчиб ўтади: “шўлен” (şölen “зиёфат”), “сайин” (sayın “ҳурматли”). Озарбайжон туркчасининг айрим тармоқларида “тўхта”, “гўраган” (görägän) сўзлари сақланган бўлиб, иккинчи сўз ўзбекчада эскирган сўз деб қаралса, бошқа туркий тилларда бу сўз деярли ишлатилмайди. “Девону луғатит турк”да “küżägü” ўлароқ тилга олинган бу сўз туркий тилларнинг кўпчилигида “küyäv” (куйав, куёв), Онадўли туркларида “güvey” кўринишида қўлланилади.
“Эрка” сўзининг негизи эски туркча “эрк” (erk “эрк; подшолик ва буйруқ ўткирлиги”) бўлиб, [ДЛТ 1960, I: 78], мўғулчага “erkä” (эрка, эркин, танти, севимли бола) кўринишида ўтган ва туркий тилларнинг бир қанчаси томонидан ўзлаштирилган кезларда бирмунча англам ўзгаришига дуч келган. Шунингдек, мўғулчадан ўзлашган “қуда-анда” сўзининг иккинчи бўлаги “анда” (anda) сўзи эски турк битиктошлари ва “Девону луғатит турк”да “and” (онт, қасам) англамида келиб [ДЛТ 1960, I: 78], мўғуллар томонидан ўзлаштирилар экан “онт ичишган, яқин ўртоқ”қа айлангани кузатилади. Бундан кўринадики, мўғуллар туркийлардан сўзларни ўзлаштирар экан туб туркий сўзга “-а” қўшимчасини қўшишган. Шу ўринда Онадўли туркларида “erk”, “ant” сўзлари сақланган бўлса-да, “erkä”, “anda” каби сўзлар учрамаслигини айтиб ўтиш керак.
Бу каби ўрнакларга таяниб, қайси сўзнинг мўғулча, қайсиси туркча экани ёки туркчадан мўғулчага ўзлашиб, қайтадан туркий тилларга кирганини аниқласа бўлади. Ушбу кичик изланишимизда шу каби айрим сўзларгагина тўхталиш билан чекландик. Келгусида мўғулчадан туркий тилларга, айниқса, ўзбек тилига, шунингдек, туркий тиллардан мўғулчага ўзлашган сўзларни ўрганиш орқали тилимиз ўтмишининг қоронғу томонларини ёритишга интиламиз.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фандари доктори, профессор
V. Rybatzki o‘zbekchaga mo‘g‘ulchadan o‘zlashgan deb qaragan so‘zlardan ayrim o‘rnaklar (Rybatzki 2013, 2015)
№ |
Mo‘g‘ulcha so‘zlar |
№ |
Mo‘g‘ulcha so‘zlar |
№ |
Mo‘g‘ulcha so‘zlar
|
1 |
aka “aka, og‘a” |
25 |
depsi- “bosmoq” |
49 |
çeçan “so‘zga chechan” |
2 |
arça “archa” |
26 |
do‘nån “uch yoshli qo‘y” |
50 |
çevar “usta” |
3 |
arçi- “archimoq” |
27 |
dåvån “dovon, tog‘ oshuvi” |
51 |
çida- “chiqamoq” |
4 |
arğamçi “arqon” |
28 |
do‘lana “tog‘ mevasi” |
52 |
çilåpçin “kir yuvadigan idish” |
5 |
asra- “asramoq” |
29 |
do‘ppi “bosh kiyim” |
53 |
çilvir “arqon” |
6 |
axta “axta ot” |
30 |
dubulğa “harbiy bosh kiyim” |
54 |
çiråy “yuz, chehra” |
7 |
aymåq “urug‘-aymoq” |
31 |
talay “ko‘p” |
55 |
ço‘çi- “cho‘chimoq” |
8 |
ålis “uzoq” |
32 |
tanglay “tomoq” |
56 |
ço‘l “dasht” |
9 |
ång “ov hayvonı” (shevada) |
33 |
tani- “tanimoq” |
57 |
ço‘lpån “yulduz turi” |
10 |
årål “orol” |
34 |
taqa “ot taqasi” |
58 |
ço‘qqi “tog‘ cho‘qqisi” |
11 |
erka “erka (bola)” |
35 |
tasma “bog‘ich” |
59 |
jabduq “ot jihozi” |
12 |
baxşi “diniy kohin” |
36 |
tekis “silliq” |
60 |
jarçi “jarchi” |
13 |
båja “boja” |
37 |
to‘la- “to‘lamoq” |
61 |
jayran “jiyron” |
14 |
båtir “botir, bahodir” |
38 |
to‘qay “” |
62 |
jilğa “ariq” |
15 |
bedana “sayroqi qush) |
39 |
to‘xta- “to‘xtamoq” |
63 |
jilåv “yugan” |
16 |
bo‘rån “dovul, bo‘ron” |
40 |
tuvdåq “qush turi” |
64 |
yalqåv “dangasa” |
17 |
bo‘rdåqi “maxsus boqilgan qo‘y, echki” |
41 |
çana “chana” |
65 |
yara “jarohat” |
18 |
bo‘sağa “ostona” |
42 |
çanği “chang‘i” |
66 |
yasa- “qilmoq” |
19 |
buğu “keyik turi” |
43 |
çanğaråq “o‘tov tuynugi” |
67 |
yasåvul “tashkilotchi” |
20 |
burgut “ovchi qush” |
44 |
çanqa- “chanqamoq” |
68 |
yo‘sin “usul, odat” |
21 |
burul “ot turi” |
45 |
çaqa “bola” |
|
|
22 |
butun “barcha” |
46 |
çarla- “chaqirmoq” |
|
|
23 |
dala “dasht” |
47 |
çåğ “vaqt” |
|
|
24 |
dalda “qo‘llamoq” |
48 |
çåğla- “tayyorlamoq” |
|
|
Қўлланилган адабиётлар
Абдуллаев Ф. Ўзбек тилининг Хоразм шевалари. – Тошкент, 1961.
Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Тошкент: Ўқитувчи, 1982.
Абулғозий. Шажарайи турк. Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи Б. Аҳмедов. Нашрга тайёрловчилар: Қ. Муниров‚ Қ. Маҳмудов. – Тошкент: Чўлпон, 1992.
Бобоёров Ғ. Ўзбек тили тарихи – I (Энг эски чоғлари). – Тошкент: Фан, 2022.
Древнетюркский словарь / Под ред. В.М. Наделяева, Д.М. Насилова, Э.Р. Тенишева, А.М. Щербака. – Ленинград, 1969.
Заҳириддин Муҳаммад Бобир. Бобирнома. Нашрга танёрловчилар: П. Шамсиев, С. Мирзаев. – Тошкент: ЎзССР ФА нашриёти, 1960.
Маликов А.М. Тюркские этнонимы и этнотопонимы долины Зерафшана (XVIII – начало ХХ в.). – Ташкент, 2018.
Кармышева Б.Х. Очерки этнической истории южный районов Таджикистана и Узбекистана (по этнографическим данным). – М., 1976.
Кошғарий, Махмуд. Туркий сузлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М. Муталлибов. 3 томлик. - Тошкент: Фан, 1960-1963.
Алишер Навоий. Муҳокаматул луғатайн. Қ. Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида. – Тошкент: Akademnashr, 2017.
Нафасов Т. Қашқадарё қишлоқномаси. – Тошкент: Муҳаррир, 2009.
Номинханов Ц. Д. Монгольские элементы в этнонимике и топонимике Узбекской ССР. Записки (Калмыцкий НИИ языка, литературы и истории). Вып. 2. – Элиста, 1962.
Султанов Т.И. Опыт анализа традиционных списков 92 «племен илатийа» // Средняя Азия в древности и средневековье. – М.: Наука, 1977. – С. 165176.
Қораев С. Географик номлар маъноси. – Тошкент: Ўзбекистон, 1978.
Ўзбек тилининг изоҳли луғати. А. Мадвалиев таҳрири остида. – Тошкент, 2006-2008.
Dybo A., Starostin G. In Defense of the Comparative Method or The End of the Vovin Controversy / Aspects of Comparative Linguistics 3, 2008. - P. 119-258.
Gharib B. Sogdian Dictionary. Sogdian – Persian – English. – Tehran: Farhangan Publications, 1995.
Rybatzki V. Some Mongolic words in Özbek (i) · Words beginning with a-, å-, e-, b-, p-, d-, t- // Yalım Kaya Bitigi. Osman Fikri Sertkaya Armağanı, Ed. Hatice Şirin User – Bülent Gül, Türk Kültürünü Araştırma Enstitüsü, Ankara, 2013. – P. 511-532.
Rybatzki V. “Mongolic words in Uzbek (II): Words beginning with č-, j-, y- // https://cyberleninka.ru/article (2015)
Sertkaya O.F. Divanü Lügati’Türk’te Geçen Her Kelime Türkçe Kökenli midir? Veya Kaşgarlı Mahmud’un Divanü Lügati’Türk’ünde Yabancı Dillerden Kelimeler // Dil Araştırmaları. Sayı: 5, Güz 2009. – S. 9-38.
Жараён
Адабиёт
Ватандош
Адабиёт
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ