
Адабиёт тарихи истаймизми, йўқми, ҳар бир ҳодисани, жараённи ўз лавҳига муҳрлаб боради. У биздан “йигирма биринчи асрнинг йигирманчи йилларида нималар кузатилди, кимлар бор эди назм майдонида?” деб сўрайди вақти билан. Шукрки, майдонимиз бўм-бўш эмас.
Замон шеърияти ҳақида қайси манбани титкиламанг, истиқлолда бошланган шеърият ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. Ҳолбуки, бугунги шиддатли замонда истиқлолда бошланган шеъриятдан кейин ҳам бир ижодий майдон, муҳит юзага келиб улгурди. Уни юзага келтирган таркиб қандай? Бугуннинг шоирлари деб кимни айтиш мумкин? Албатта, адабий жараёнда фаол бўлиб, намуналар эълон қилаётганларни. Уларни икки туркумга ажратиш мумкин: ижодини истиқлолдан олдин бошлаб, ҳозирда давом этаётганлар ва бутунлай янги давр авлоди. Биринчи туркум шеърияти ҳақида озми-кўпми фикрлар билдирилди, таҳлилларга тортилди, ўз ўқувчиларини топиб улгурди. Мулоҳазалар учун иккинчи туркум муҳим. Чунки эртанги шеъриятимиз даражаси айнан мана шу бешикда улғаймоқда. Умуман олганда, муҳташам шеъриятимизнинг кейинги илдизлари қандай бўлиши керак? Азалий юксак, Ҳақ сўзнинг бугунги ифодаси-чи? Ердан анча баланддаги ижод қандай бўлади? Шундай саволларга айни дамда битилётган намуналардан жавоб излаб кўрамиз. Қониқарли бўлса-да, ёшлар ижодида бунга жавоб бор, бизнингча.
Шеърда нима ҳақида фикр юритилаётгани барча даврлар учун аҳамиятли. Ижодкор ўйлаган мавзусини шеърда ёза олмаслиги – оқар дарёни тўсиб қўйгандай гап. Истеъдод эркинликда намоён бўлади. Шоирона тафаккур маърифатга, комилликка интилади. Ўтган асрда шундай чекловлар билан ижоднинг мавзу доираси бўғиб қўйилди. Диний-маърифий мавзуларда ёзиш, эътиқод билан боғлиқ тушунчалар учун адабиёт эшиги ёпиқ эди. Ёзувчи-шоирлар олдига бошқа талаблар қўйилган. Истиқлол шеърияти фақат эрк, обод ватан, инсон фаровонлиги мавзуларидан ташқари, эътиқод масласига ҳам йўл очди деёламиз. Сиёсат бадиий адабиётни ўтган асрда бўлгани каби қарам қилишга уринмай қўйиши билан ижод эркинлигига шароит яратди. Бу адабиёт ижодкорнинг кўнгил ишига айлангани бот-бот қайд этилади.
Шеър мавзуси ҳар қандай жараённи, ўзгаришни қамраши мумкин. Ўткинчи мавзулар бор, абадий мавзулар бор. Истеъдодсизлик гирдобида ичилган сув ва емиш ҳам шеър мавзусига айланиб кетиши мумкин. Ёки тизим танлаб берган мавзу. Буларнинг куни қисқа, барчаси узоқ яшолмайди. Чин шеърлар аслиятидан узоқлашмай, асл манбасига тортиб кетаверади. Адабиётнинг асосий вазифаларидан бири ўлимни эслатиш экан, асл шоирона руҳ ҳам дунёни рад этади. Шу сабаб бу руҳ эркин замонда ҳам эркка ташна. Шоирона руҳ билан дунё тескари позицияда. Шеърлар шу йўсинда Ҳақ мавзусига яқинлашаверади. Дунёни англаган киши ундан узоқлашади. Бундай киши учун яшаш оғир. Шоира Меҳриноз Аббосованинг “Эрта англаб қўйдим дунёни, буёғига қандай яшайман” деган хавотирида ҳам шу мулоҳаза ётади. Бошқа бир шоира Дилфуза Комил шеърида лирик қаҳрамоннинг дунёга норизо мурожаатини ўқиймиз:
Дунё,
Дилимиз бошқа
Билишим керак эди...
Санга келдим, наилож
Келишим керак эди.
Инсон ўз ихтиёри билан келмаган, қўлида бўлса келмаган бўларди балки, чунки дунё аслиятда шодлик либосини кийган ғамдан иборат. Лекин илоҳий Ёзуқ бор, шу сабаб “наилож” бўлса-да келишга, яшашга мажбур. Моҳият кейинги сатрларида ёруғлашади:
Жон – ЎЗИда,
Тан – манда,
Ман санда девонаман –
Бунда Унинг дардига
Тўлишим керак эди.
Жонни руҳ маъносида тушунсак, у ўз манбаига, яъни “У”нга интилади. Тан эса ерда. Бу айрилиқ – умр. Умрнинг ҳисоби “У”нинг дардига қай даражада тўлиш билан ўлчанади. Шу ҳақиқатни англаган ижод аҳли инсонлардан бир поғона баландда. Уларнинг мақсади ўткинчи умрда ўз сўзини айта олиш, сўзининг яшовчанлиги, ўзи қанча яшагани муҳим эмас. Бундай иқрорни шеър якуни баён қилади:
Дунё,
Тилимиз бошқа –
Англамайсан, сўйлатма!
...Шеърларимми?..
Нимадир дейишим керак эди...
Шоирликнинг миссияси “нимадир дейиш”. Дунё билан уларнинг тили бошқа. Ўзлигини таниганлар шамол измига кирмайди. Шу сабаб улар илоҳий нурларни кўра олади, сасларни эшита олади. Чуқурроқ қарайдиган бўлса сўз ҳам илоҳий дейилади. Беҳзод Фазлиддин “Шоир” сарлавҳали тўртлигида шу мазмунни ёзади:
Ҳамма сўзлар Сеники эди,
Сочдинг, териб олавердим жим.
Бу олтинлар меники эди,
Мен энг бахтли ўғриман, Тангрим!
Илҳом вақтида сўзни “ўғирлай” олиш, лаҳзаларни тутиб қолиш чин шеърлар туғилишига сабаб бўлади. Шундай сўз ошиқлари борки, улар ҳаловатдан кечиб сўз измига киради.
“Ибтидоси, интиҳоси – сўз, Машраблар қолдими дунёда?!” – ўзининг бу саволига шоир Жонтемир ўз шеърлари билан жавоб беради. Шоирликнинг ҳам талаби – ўлимни тан олиш дейдиган бўлсак, Жонтемир шеърлари ҳар сатрда ўлим билан юзлашади. Биронта шеърда енгил нафас йўқ. Кўз олдимизда бир улкан йўл намоён бўлади ва унда ортга қайрилмай одимлаётган, суҳбатдоши жинлару, емоқ-ичмоғи сўз, салафлари Румий, Хайём, Машраб изидаги дарвешни кўрамиз. Шу боисдан шеърларининг бўй-басти, таъми, ҳиди, ичию таши – жунунлик. Манзил муҳиммас, моҳият мана шу йўлда. Йўлнинг завқини ҳис қилган шоир шеъридаги ифодани кузатсак:
Мен сенга зор,
Сен мендан кеч,
Тентийверай жулдур-жулдур.
Ҳузурингга йўлатма ҳеч,
Ошиқликнинг гашти – йўлдир.
Ошиқликнинг гашти – йўлдир.
Йўлнинг гашти отланган манзил аҳамиятидан ҳам сурурли. У Ҳақдан ўз ҳузурига элтишни сўрамайди. Бу қайсидир маънода сўфийлар маслагини эслатади. Умуман олганда, бундай тасаввуфий вазият, истилоҳлар нафақат Жонтемирда, балки кўплаб ёш шоирлар ижодида учрашини кузатиш мумкин. Масалан, шоира Меҳриноз Аббосованинг “Тановар” шеърида шундай тўртлик бор:
Исминг айтай десам, куйди томоғим,
Бўғзим – ҳамма ёғи илма-тешик най.
Ҳатто дарахтлар ҳам сенга интилса,
Мен нега туришим керак индамай.
Тўртликда ҳусни таълил асосидаги ўхшатишу тимсоллар бир-бирини тўлдириб муаллиф мақсад қилган ифодани гўзаллаштирган. Най – тасаввуфий тимсол. Изоҳларда келтирилишича, “у ошиқ, яъни илоҳий ишқ ошиғининг рамзий образидир. Найнинг куйлаши ориф инсоннинг руҳи каби ҳамиша боқий руҳоният оламига интилишдир”. Яратувчи номи ўта залворли. Уни ҳис қилган сари бу юк оғирлашади. Шу боис уни тилга олганда ҳам томоқ куйиб, бўғизнинг илма-тешик найга айланиши чиройли қиёс. Бутун борлиқ Ҳақнинг зуҳуроти деб қаралар экан, ҳар не яратиқда унинг акси мавжуд дейилади сўфиёна қарашларда. Бундан ташқари, дарахт тимсолини кўп жиҳатлари билан сўфий инсонга қиёслаш мумкин. Аввало, илдизи тупроқдалиги, соя, меваю қуриганда ўтин бўлишдек беминнат сахийлиги. Шеърда уларнинг бўй чўзиши Яратганга интилиш, истиғфор айтиш эҳтиёжидан дея тасвирланмоқда. Бундай мазмун ва истилоҳларни яна кўплаб шоирларда кўриш мумкин.
Бу мулоҳазалар билан бугунги шеърларга бутунлай тасаввуфий либос кийдирмаймиз. Мақсад қаламга олинётган тематикани умумий изоҳлаш. Кузатадиган бўлсак, ҳар иккита шеърнинг бирида Яратганга ишора кўрамиз. Баъзиларида усул ошкоралик бўлса, баъзиларида жумбоқли ифодаларга ўраб берилади. Уларни тасаввуфона сифатга киритиш ноўриндир балки. Балки, улар тасаввуф нималигига тушунмаслиги мумкин. Муҳими, ўзликни тафтиш қилиш масаласи бор.
Бугун шоирлари ҳам эндигина эшик очиб қараётгани йўқ, улар шеър нималигини яхши билади, чин шеър қандай деган саволга жавоби ҳозир. Адабиёт йўли Ҳақни таниш эканлигини аллақачон ҳис қилган. Шу боисми, аксарият шоирларда ҳар қандай мазмун Худога етаклайверади. Ёшлар ижоди ҳақида кўплаб таҳлиллар ёзаётган адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош шундай дейди: “Шоирлар ўзларини ҳар сари уравермайди, нима қилмоқчилигини яхши биладиган одамлардай тутади ўзини. Улар инсондай яшаш учун йўл излаш лозимлигини, бу йўл ҳар кимнинг нақ ўз юрагидан ўтишини яхши билади ва юракка йўл солишга хотиржам тадорик кўришади. Бундай хотиржамлик тақдирга тан берган, тасодиф йўқлиги-ю, ягона Ёр ҳамиша йўлдошлигига ишонган кишида бўлади”.
Мавзу доирасига чуқур ёндашадиган бўлсак, бундан кейинги ишларда ёритилиши керак бўлган хусусиятлар кўп. Қоралангани сув бетига сизиб чиққанлари, холос. Анъанавий мавзунинг бугун шеъриятидаги ривожланиш ҳолати ҳақида қисқа кузатмалар. Шеърларда қаламга олинган мавзулар эса ранг-баранг ва улар тадқиқига эҳтиёж бор.
Нуржаҳон ҚАЮМБЕРДИЕВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент дават ўзбек тили
ва адабиёти университети таянч докторанти
Жараён
Адабиёт
Ватандош
Тил
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ