
Биз ҳозир Ҳамзанинг шахси ҳақида эмас, унинг ўз қўли билан ёзган мактублари ҳақида сўзламоқчимиз, тўғрироғи, улашмоқчимиз. Улар гўё Ҳамза шахсияти устида “яхши, ёмон” дея ҳануз баҳслашиб ётган авлодларига йўлланган мактубидир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи хазинасидан:
22-ҳужжат. Ҳамзанинг Мирзоҳид Мироқиловга атаб ёзган шеърий мактуби (рубоий шаклида)
(5,5 х 7,5 см.; автограф)
Мирзоҳидга
Миллат учун етурмади бин кўкка зорими,
Хизмат учун отуб ҳама рўзгори борими,
Бу сир надурки, тангри, хароб этмада ҳамон
Бир ёқда бахтими, яна номуси орими.
1914 йил 14 октябрь.
(Насрий баёни: миллат учун чеккан минг-минг зорим кўкка етиб бормади, хизматим эвазига бор рўзгорим – бўр-йўғим, ҳаётимни барбод қилишди; бунинг сири нимададир, тангрим, ҳамон хароб этмоқдадирлар – бир ёқда бахтимни, яна бир томонда номуси оримни).
Мирзоҳид Мироқилов – ака-ука Мироқиловларнинг ўртанчаси.
Уларнинг кенжаси Миршоҳид Мироқилов – ўзбек театрининг атоқли актёри, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти (1937). Ижодий фаолиятини 1915 йилда бошлаган, акалари Мирҳамид ва Мирзоҳид билан Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги “Турон” труппасининг (Тошкентдан Қўқонга бориб кўрсатган) спектаклларида қатнашган. 1918–1925 йилларда Қўқонда Ҳамза билан бирга театр ишларига раҳбарлик қилган.
“Садои Фарғона” газетасининг 1914 йил 17 сентябрь сонида босилган “Мактаби Дор ул-айтом” (Бекбачча маҳалласида очилган) мақоласида мактаб учун ҳар ойда иона берувчилар рўйхатида Мирзоҳид Мироқилов номини ҳам тилга олади ва мактабга эллик тийин иона қилганини кўрсатиб ўтади.
21-ҳужжат. Ҳамзанинг қўқонлик муаллим Тошпўлат афанди билан боғ сайрида айтган шеъри.
(8,5 х 11 см.; автограф)
“28 май. Чоршанба. 1914 йил ражабда муаллим Хўқондий Тошпўлод афанди билан Хўқанд Қўрғон Теги маҳаллаларидан Ганжравон маҳаллада коин Мулла Умар муаллим боғларига бориб, кечга қадар миллат дардида ҳасратлануб келдик. Онда қолдирғон тарихий рубоиётдурким,1-кўришувимиза сабабдур:
Бу кун дил наҳрида бошқа ҳаётнинг шавқи бир ёндир,
Камоли завқдан дарди ғамимни тавқи гирёндур,
Ражаб – ёз эрди, осори муҳаббатдин нишон эттим,
Сафои айши таърихин, Умар боғида пинҳондир”.
1914 йил 28 май.
(Насрий баёни: бу кун дил дарёсида ўзга бир ҳаёт шафқи жўш урмоқда, завқ тошганидан дарди ғамимнинг кўзи ёшлидир; ражаб – ёз ойи эди, муҳаббат таъсирида, пок бир ҳузур-ҳаловат вақтида Умар боғида эдим).
Нашрга тайёрловчи: филология фанлари доктори,
доцент Шаҳнозахон НАЗАРОВА
Ватандош
Тил
Адабиёт
Маънавият
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ