
Россия империяси Қўқон хонлиги ҳудудларини бирин-кетин ишғол этар экан, истилочилар ўз тасаруффига олган ерлардаги кўплаб бошқа қимматли бойликлар қаторида қўлёзма китоб жамғармаларини ҳам қўлга киритган эдилар. Империя маъмурияти хонликдаги китобларни йиғиб олиш масаласини ҳали бу ҳудудларни эгалламасдан олдин режаларига киритгандилар дейишга асос бор: бундай мақсадлари бўлмаганда шарқшунос А.Л.Кунга К.П.Кауфман томонидан ҳали тўлиқ босиб олинмаган Қўқон хонлиги ҳудудларидан қўлёзма китобларни йиғиб олиш топшириғи берилмаган бўларди.
Шарқшунос А.Л.Кун билан бирга Қўқондан қўлёзма китобларни йиғиб олиш кўрсатмаси генерал Г.А.Колпаковскийга ҳам айтилган эди. Г.А.Колпаковский рус босқинчиларининг Қўқон хонлиги ҳудудларини босиб олишга қаратилган ҳарбий ҳаракатлари иштирокчиси ва қўшин қўмондони бўлиб, бир муддат Туркистон генерал-губернаторлигини ҳам бошқарган.
Генерал Г.А.Колпаковский бошлиқ рус ҳарбийлари Қўқонни эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатларни амалга оширар экан, бу орада К.П.Кауфман генерал Г.А.Колпаковскийга қуйидаги мазмундаги телеграмма юборади: “Биринчи имкониятданоқ Қўқон, Марғилон ва Андижондан шарқ қўлёзма асарлар ва туркий тилда дафтар деб номланган ёзувларни талаб қилиб олинг”.
Ушбу топшириққа асосан генерал Г.А.Колпаковский Қўқондан фиқҳ, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, география, тилшунослик ва тарихга оид шарқ тилларидаги асарларни йиғиб олади ва уларнинг рўйхатини тузган ҳолда Тошкентдаги Оммавий кутубхонага узатади. Бир муддат Тошкентда сақланган мазкур китоблар К.П.Кауфманнинг сўрови билан Санк-Петербургга юборилади, у ердаги император Оммавий кутубхонасига топширилади. Таъкидланганидек генерал Г.А.Колпаковский қўлга киритган китоблар жамғармасининг рўйхатини ҳам тузган эди. Ўзбекистон Миллий архиви фондида сақланувчи ушбу рўйхатда номи келтирилган 119 та китобларнинг ўзбек тилидаги номланиши ва уларнинг тақдирига оид маълумотлар мазкур мавзуга оид архив ҳужжатларини тадқиқ этиш орқали Н.Мирзаев, М.Исақовалар томонидан ўрганилган.
Генерал Г.А.Колпаковский билан биргаликда Қўқон хонлигидан китоб жамғармаларини йиғиб олишда рус шарқшунос олими Н.Пантусов ҳам иштирок этган эди. Н.Пантусов Қўқонда қўлга киритган манбалари ва ўзи гувоҳи бўлган воқеалар асосида Туркистон генерал-губернаторлигининг нашри “Туркестанские ведомости” газетасининг бир нечта сонларида хонлик тарихига оид қатор мақолаларни эълон қилади. Қўқон хони архиви, “Тарихи Шоҳрухий” асари, хонлик солиқ тизими, аҳоли машғулотларига оид мазкур мақолалар орасида “Туркестанские ведомости”нинг 28–37-сонларида “Генерал-лейтенант Г.А.Колпаковский Қўқон шаҳрида қўлга киритган ажойиб шарқ қўлёзмаларининг тавсифи” номли мақоласи ҳам бор эди. Мақолага кўра 1876 йилнинг февраль ойида Қўқон шаҳрида Жаноби олийлари (Г.А.Колпаковский) топшириғи ва маблағлари ҳисобидан Н.Пантусов кўплаб шарқ асарлари тўпламини қўлга киритади ва олинган асарлар орасида илм-фан учун муҳим деб ҳисоблаган 4 та асарнинг тавсифий белгилари ҳақида тўхталиб ўтади.
Дастлаб Муҳаммад Вафо Карманагийнинг ҳижрий 1180 йилда кўчирилган “Тухфетуль-хани или Тарихи-Рахимъхани” (“Тухфатул хоний” ёки “Тарихи Раҳимхон”) асари мазмуни ҳақида қисқача маълумотлар бериб ўтилади ва бу асарни Н.Пантусов Қўқонда қўлга киритгани, шунингдек Санкт-Петербургда унинг яна бошқа нусхалари ҳам мавжудлиги таъкидланади.
Иккинчи асар катта ҳажмли, форс тилида ёзилган Фахруддин Алий Сафий бин Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Решхатъ” (“Рашаҳот айну-л-ҳаёт” (“Ҳаёт булоғи томчилари”) асари бўлиб, унда ислом оламида машҳур бўлган тасаввуф тариқатидаги авлиё зотларнинг таржимайи ҳоллари, улар билан содир бўлган воқеалар ёритилган. Китоб Қўқон бозоридан сотиб олинган.
Учинчи асар форс тилидаги “Тарихче” (“Тарихча”) асари бўлиб, 1243 йилда Бухоро шаҳрида Насруллохон даврида яратилган. Унда Амир Темурдан бошлаб яна кўплаб машҳур кишиларнинг таржимайи ҳолига оид маълумотлар учрайди. Ушбу асарнинг яна бир нусхаси Тошкент шаҳридан ҳам топилган.
Тўртинчи манба “Тарихи Миръ-Сеиди-Шерифъ-Мевляна-Рокимъ” асари бўлиб, ушбу асар “Тарихий томм”, “Тарихи Роқимий, “Тарихи Роқим”, “Таворихи Мир Саййид Шариф Роқим”, “Тарихи касира” номлари билан машҳур ва маълум. Асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари кенг тарқалган бўлиб, унда Амир Темур ва темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар даврида яшаган ҳукмдор ва алломалар, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида тарихий фактлар мавжуд. Г.А.Колпаковский қўлга киритган асарнинг нусхаси катта ҳажмли, хати чиройли, матндаги саналари рангли сиёҳлар билан битилган. “Туркестанские ведомости”нинг 28-сонида номи келтирилган китоблар юқоридагилардан иборат бўлиб, бу Н.Пантусов мақоласининг биринчи қисми эди, мақоланинг иккинчи қисмида яна 8 та қўлёзма ҳақидаги маълумотлар берилган бўлиб, нашрнинг 32-сонида эълон қилинган.
Бешинчи манба балхлик тарихчи олим Муҳаммад Юсуф Мунший ибн Хўжа Бақонинг “Тарихи Мукимъ-хани” (“Тарихи Муқимхоний”) асари. Асар Балх хони Абу Музаффар Саид Муҳаммад Муқимхон (1702–1704)га бағишлаб ёзилган. Қўқон шаҳрида Н.Пантусов томонидан сотиб олинган ушбу китоб нусхаси Абул Ҳасан Халилуллоҳнинг “Русумул мулук” (“Подшоҳларнинг одатлари”) асари билан бир муқовага олинган эди.
Олтинчи асар қомусий ҳарактердаги Аминиддинхон Ҳиротийнинг “Рашахатуль-фунунъ” (“Рашонах ул-фунун”) асари бўлиб, асар Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб даврида Ҳиндистонда форс тилида ёзилган. Кичик ҳажмда 284 варақдан иборат ушбу асарнинг боблари илоҳиёт, ҳадис илми, фиқҳ, фалсафа, тиббиёт ва катта қисми 93–284-саҳифалари умумий тарихга бағишланган.
Еттинчи асар “Тарихи-Джеганъ-Нюмай” (“Таърихи Жаҳоннамойи”) асари бўлиб, 131 варақдан иборат, форс тилида насх хатида битилган. Муаллифи номаълум. Асарда Ғарб мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва яна бошқа давлатлар тавсифи берилган бўлиб, айниқса Ҳирот шаҳри ҳақидаги маълумотлар кўпроқ баён этилади. Ҳирот ҳақидаги маълумотлар кўпроқ жой олганига кўра асар муаллифини ҳиротлик деб тахмин қилиш мумкин.
Саккизинчи асар “Тарихи-Джегангири” (“Таърихи Жаҳонгирий”) асари бўлиб, асар Ҳиндистон ва Қобул ҳукмдори Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгирга атаб шундай номланган. Унда авғон халқи тарихи, Кўҳистон ва Сулаймон тоғи ҳақидаги маълумотлар бор. Асар катта ҳажмли 3 қисмдан иборат, тугалланмаган. 1178 йил жумадул аввал ойининг 19-кунида китобат бўлган.
Тўққизинчи диний мазмундаги “Тарихи-Заркумъ” (“Тарихи Зарқум”) асарининг баёни бўлиб, у Ироқ подшоҳи Зарқум ҳақидаги ҳикоялардан иборат.
Ўнинчи “Тухфетуль-хани” (“Тухфатул хони”) форс тилидаги тиббиётга оид асар. Муаллифи Маҳмуд ибн Муҳаммад. Китоб 4 боб, 1 бўлим, 249 варақдан иборат, тугалланмаган.
Ўн биринчиси форс тилидаги “Хаввосуль-ашья” (“Хавосул ашё”) тиббиётга оид бўлиб, муаллифи номаълум экани, китобнинг боши ва охирги қисмлари йўқлиги баён этилади. Тахминимизча, мазкур китоб 1990 йилда Маҳмуд Ҳасаний томонидан нашрга тайёрланган “Хавосул ашё” (“Ашёларнинг ҳосиятлари”) асарининг нусхаси бўлган.
Мақоладаги охирги ўн иккинчи “Дурджь-уль дуреръ ва дарджуль-Гурарь” асари бўлиб, ислом тарихига бағишланган. Муаллифи Абдуллабек Абдураҳмон Ҳусайн Шафиий, 1063 йилда ёзилган.
Н.Пантусовнинг мазкур мақоласи Қўқон хонлиги даври китоб тарихи масалаларини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Мақолада келтирилган 12 та асарга оид тавсифлардан маълум бўлмоқдаки, уларнинг аксари хонликдан ташқари ҳудудларда яратилган қўлёзмалар эди. Демак, бу асарлар Қўқонга хонлик савдогарлари орқали олиб келинган ва махсус китоблар хариди амалга ошириладиган бозорларда уларнинг савдоси йўлга қўйилган. Мазкур хулосамизни Н.Пантусовнинг бошқа бир мақоласидаги маълумот ҳам тасдиқлайди, унга кўра муаллиф хонликдаги солиқлар масаласини ёритар экан китоб бозоридан олинадиган солиқ миқдори ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтади.
Ушбу мақолани тадқиқ этиш жараёнида эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шуки, Г.А.Колпаковский Қўқонда қўлга киритган китоблари рўйхатини тузганини юқорида таъкидлаб, ушбу рўйхат тадқиқи бўйича амалга оширилган ишларни кўрсатиб ўтган эдик. Эндиликда ушбу рўйхат ва Н.Пантусовнинг мақоласидаги 12 та асарни солиштириш имкони мавжуд. Ҳар икки манбадаги маълумотлар таҳлилига кўра газета саҳифасида номлари кўрсатилган “Рашаҳот айну-л-ҳаёт”, “Таворихи Мир Саййид Шариф Роқим”, “Тарихи Муқимхоний”, “Рашонах ул-фунун”, “Тарихи Зарқум”, “Хавосул ашё”, “Дурджь-уль дуреръ ва дарджуль-Гурарь” каби асарлар Россияга юборилган китоблар рўйхатида учрамайди. Бундан билиш мумкинки, истилочилар Қўқонда қўлга киритган қўлёзма китоблари сони улар кўрсатган рақамлардан анчайин кўп бўлган.
Хонлик ҳудудларидан қўлёзма китобларни ташиб кетишга оид тадбирлар шу билан якунланмайди, рус шарқшунослари кейинги йилларда ҳам собиқ Қўқон хонлиги ҳудудларига келиб, шахсий кутубхоналарда, масжид ва мадрасаларда сақланган яна кўплаб китобларни қўлга киритадилар.
Равшанжон АБДУЛЛАЕВ,
Қўқон университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон тарихи VI жилд. Ўзбекистон тарихи ва манбалари. 1860–1917 йиллар / масъул муҳаррир Д.Ҳ.Зиёева. – Тошкент: Ўзбекистон, 2023. – 488-б.
2. Қушшақов И. “Тарихи томм” оʻтмишнинг муҳим саналаридан сўзлайди. https://www.bukhari.uz/?p=16448&lang=oz
3. Абул Ҳасан Халилуллоҳ. Русумул мулук (Подшоҳларнинг одатлари). Қадимий ёзма манбалар давлат реестри: https://manbalar.uz/ky/?page=109&
4. Исакова М.С. Қўқон хонлиги маҳаллий қўлёзма асарлари тарихидан. “Тарихий манбашунослик, тарихнавислик, тарих тадқиқотлари методлари ва методологиясининг долзарб масалалари” // Республика ХII илмий-амалий конференция материаллари. 12-илмий тўплам [Тошкент давлат шарқшунослик университети. Масъул муҳаррир тар.ф.д., проф. М.М.Исҳоқов] Тошкент: 2020.
5. Кун А. Очерк Коканского ханства // Туркестанский сборник. Т. 149. – СПб.: 1876.
6. Пантусов Н. О. Описание наиболее замечательных восточных рукописей из числа приобретённых Генерал-Лейтенантом Г.А.Колпаковским в г. Коканде // Туркестанские ведомости. 1876. – № 28.
7. Пантусов Н. О. Описание наиболее замечательных восточных рукописей из числа приобретённых Генерал-Лейтенантом Г.А.Колпаковским в г. Коканде // Туркестанские ведомости. 1876. – № 37.
8. Пантусов Н. Податные сборы в г. Коканде // Туркестанские ведемости. 1876. – № 13.
9. Умурзоқов Б. “Рашаҳот айну-л-ҳаёт” асарининг автограф нусхаси топилди / https://uza.uz/uz/posts/rashahot-aynu-l-hayot-asarining-avtograf-nusxasi-topildi_235463
10. Хавосул ашё / нашрга тайёрловчи, таржимон ва изоҳлар муаллифи Маҳмуд Ҳасаний. – Тошкент: Меҳнат, 1990. – 48-б.
11. Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. – Тошкент: Маънавият, 1998. – 156-б.
Ватандош
Тил
Адабиёт
Тарих
Маънавият
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ