Ким халқни талаca, боши олинади – жасурлик рамзи бўлган Шайбонийхоннинг укаси


Сақлаш
15:09 / 09.06.2025 56 0

Тарихимизда шундай шахслар борки, уларнинг фаолияти деярли ўрганилмаган. Мана шундай шахслардан бири шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шабонийхоннинг укаси, довюрак саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Маҳмуд Султондир.

 

Маҳмуд Султон 1453 йилда туғилган, отасидан эрта етим қолгани сабабли акаси иккиси бобоси Абулхайрхон саройида улғайишди. Маҳмуд Султон 3 ёшида қалмоқлар ҳукмдори Ўзтемур Тойши қўлига асир тушиб қолади. 7 йиллик асирликдан сўнг қалмоқлар иззат-икром билан уни Абулхайрхонга юборади. Абулхайрхон маърифат ва илм аҳлларини севувчи ҳукмдор бўлгани боис пойтахт Сиғноқда олиму фузалоларни тўплаб тез-тез саройда илм мажлисларини уюштириб, уларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаган. Табиийки, Абулхайрхон саройида ўтказган бундай илм мажлислари ва илм-фанга ҳомийлиги ёш султонларга таъсир ўтказмай қолмаган. Муҳаммад Шайбонийхон ва Маҳмуд Султонлар 15-юзйилликнинг 80-йиллари бошларида Бухорода 2 йил давомида ислом илмларини, хусусан, қироат, фиқҳ, ақида, ҳадис илми кабиларни эгаллаб, етук ҳофизлардан бўлиб етишади. Мадраса талабалари 10–15 йил давомида ўрганадиган илмларни бу султонлар икки йил ичида пухта ўзлаштириши уларнинг туғма истеъдоди ва Абулхайрхон саройидаги илмий муҳитнинг нечоғлик таъсир ўтказганини кўрсатади. Манбаларда, Маҳмуд Султоннинг гўзал қироат қилувчи ҳофизлиги ҳамда кечалари қўлидан Қуръонни қўймай хатм қилгани ҳақида маълумотлар учратамиз.

 

Маҳмуд Султон Муҳаммад Шайбонийхоннинг энг ишонган саркардаларидан бири, ғалабаларининг асосий калити бўлган. Ака ўзи иштирок этолмаган, жуда муҳим бўлган юришларни укасига ишониб топширган. Хусусан, Муҳаммад Шайбонийхон ўзбек қўшинларига Маҳмуд Султонни бош қилиб 1502 йилда Хорзамга юборди. Маҳмуд Султон келганидан хабар топган Кат аҳолиси жангсиз таслим бўлди. Урганч шаҳри таслим бўлишни хоҳламай, хоразмликлар икки бор шаҳар ташқарисига чиқиб Маҳмуд Султон билан жанг қилди. Қўшини нисбатан кам бўлишига қарамай, Маҳмуд Султоннинг моҳир ва жасур саркардалари хоразмликларни ҳар сафар мағлубиятга учратди. Бундан ташқари, Маҳмуд Султон Дабусия, Самарқанд, Хўжанд ва Сирдарё бўйидаги шайбонийларнинг темурийлар ва мўғулларга қарши жангларида ҳам катта жасоратлар кўрсатди. У нафақат жасур саркарда, кучли дипломат ҳам бўлган. Айнан унинг сай-ҳаракати билан кўплаб шаҳарлар осонликча шайбонийлар тасарруфига олинган.

 

 

1500–1504-йиллар давомида Бухоро, Самарқанд, Ўратепа, Тошкент, Фарғона каби Амударёнинг юқори оқимида жойлашган ҳудудлар шайбонийлар томонидан эгаллангач, бор эътибор Амударёнинг қуйи оқимидаги ҳудудларга қаратилади.

 

Бу даврда Ҳисори-Шодмон, Қундуз, Боғлон каби Амударёнинг шимолидан то Ҳиндикуш тоғларигача бўлган ҳудудларга Хисравшоҳ ҳокимлик қиларди. Унинг даврида халқ орасида ахлоқсизлик ва нотинчлик кучайган эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Хисравшоҳга қуйидагича таъриф беради: “…нечук золим ва фосиқ эди, бек ва бекча ва навкар ва савдари тамом золим ва фосиқ эдиларким, Ҳисор эли алал хусус Хисравшоҳга тааллуқ эл ҳамиша шурб ва зинога машғул эдилар. Бу мартабадаким, Хисравшоҳнинг навкарларидин биров бир кишининг хотунини тортиб элтар, бу хотуннинг эри Хисравшоҳга келиб додхоҳлик (арз) қилур, жавоб берурким, неча йил сенинг била эди, неча кун анинг била бўлсун”.

 

1505 йил Маҳмуд Султон бошчилигидаги ўзбеклар қўшини келаётганидан хабар топган Хисравшоҳ Қундуз шаҳрини ташлаб Кўҳистонга қочади. Бундан хабар топган Бадиуззамон мирзонинг амирларидан Амир Зуннун Арғун Қундузни ўзбеклардан ҳимоя қилиш учун келади. Аммо Қундуз халқи Амир Зуннун Арғун учун қалъа дарвозаларини беркитиб, уни шаҳарга киритмайди. Чунки қундузликлар ўзаро урушлар ва адолатсизликлардан чарчаган эди. Бу даврга келиб эса Маҳмуд Султоннинг одиллиги бутун минтақада маълум эди. Хусусан, Ҳисор вилояти Маҳмуд Султон томонидан эгалланганидан сўнг аскарларига аҳолини таламаслик ҳақида буйруқ беради. Ким халқни талайдиган бўлса, боши олиниши ҳақида огоҳлантирилади.

 

Кимки эл молига томеъ бўлса,

Яхшилик йўлига монеъ бўлса,

Толанур эвию боши кесилур,

Боши қўрғон эшикидин осилур.

Чун бу ярлиғни бек этти ҳазрат,

Бўлмади ҳеч кишига қудрат.

Ким киши мол сори кўз солғой,

Ё бировнинг боргоҳин олгой,

Чун киши солмади кўз мол сори,

Келди Султон қошиға халқ бори.

На раиятға сипоҳидин алам,

На сипоҳиға раиятдин ғам.

Адли ёйилди Ҳисор аҳлиға,

Хукми ул мулку диёр аҳлиға.

 

Ноумид ҳолда Амир Зуннун Арғун Маҳмуд Султон етиб келмасидан олдин Қундуз атрофидан қайтиб кетади. Қундузликлар эса Маҳмуд Султонни совға-саломлар ва иззат-икром билан кутиб олади.

 

Маҳмуд Султон Қундузда бошқарувни қўлга олгач маънавий-маърифий ислоҳотлар ўтказишни бошлади. Хисравшоҳ даврида Қундуз аҳолисининг динга бўлган эътибори сусайгани сабабли дастлаб Қундуз марказида масжид қурдириб, унга имом тайинлайди. Масжид хизматчилари учун таъминот ажратади.

 

Ўзи Султони Баҳодир Маҳмуд,

Ҳазрати ҳақни қилай деб хушнуд,

Қўйди Кундузда бинойи ислом,

Кўз текурди анго аммо айём.

 

Маҳмуд Султон маърифатпарвар, илм-фанни севувчи ва маданият ҳомийси бўлганидан аҳолини саводли қилиш мақсадида Қундузнинг ҳар бир кўчасида мактаб очтирди.

 

Дедиким: “Ҳар ким бўлур мактабдор,

Айларам лутфу иноят бисёр”.

Тузди ул Хусрави сўфи машраб

Ҳар маҳалла бошида бир мактаб.

 

Бундан ташқари Маҳмуд Султон шаҳарга шахсан ўзи шайхулислом, қози ва муҳтасиб (раис)ларни тайинлаб, тартиб-интизом ўрнатди. Хисравшоҳ даврида авж олган ичкиликбозликни тақиқлаб, барча чоғирлар (май)ни тўктиради. Аҳолини ислом дини аҳкомларига тарғиб қилади.

 

Шоҳ чун айлади бу нав иршод,

Бўлди Қуръон ўқимоқлик бунёд.

Топти бир неча мусулмон андо,

Музтару зору паришон андо,

Айбдин мазҳабу миллатлари пок,

Ўзлари фақр била ишратнок.

Эллади бирини шайх-ул-ислом,

Бирига қилди қазони инъом.

Бирини муҳтасиб этти ул шох,

Амиру ноҳийи халқи гумроҳ.

Ҳар чоғир ким бор эди тўктурди,

Муҳтасиб они тўка-ўқ турди.

Бўлди Қундуз аро ислом оғоз,

Халқиға айлади тарғиби намоз.

Қирқ йил Қундуз аро Хусравшоҳ

Бўлмамиш ҳеч бу ойиндин огоҳ.

Ичку егу била машғул эрмиш,

Нуқл ила май анго мақбул эрмиш.

Йўқ эмиш дин соридин парвойи,

Бор эмиш ичку била-ўқ ройи.

Эмди ҳазрати Султони замон

Қилди исломни ул тавр аён.

Аҳли ислом аён бўлдилор,

Фосиқ эл борча ниҳон бўлдилор.

 

Аммо тақдирнинг аччиқ қисмати билан маърифатли султон оғир хасталикка йўлиқди. Табиблар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, Маҳмуд Султонни даволай олмади. У 1505 йил Қундузда вафот этди. Унинг ўлими барчани қаттиқ қайғуга ботирди. Маҳмуд Султон тарихда жасурлик ва садоқат рамзи, маданият ва маърифат ҳомийси сифатида қолди.

 

Қолмоди ҳеч киши ғам емогон,

Оҳу афсус бу ғамдин демогон.

Ҳар киши ким кўруб эрди они,

Куйди бу ғам била мунглуғ жони.

Ҳам раият қила қолди фарёд,

Ким берур эмди дебон бизга дод.

Беклари борча қаро кийдилар,

Хилъати аҳли қазо кийдилар.

Қолди бечора Ўрусбек ўкуруб,

Яқосин чок қилибу оҳ уруб.

Сен бўлуб тенгри висолидин шод,

Даҳр зиндонидин ўлдунг озод.

Бизни қўйдунг бу балою ғамда,

Бениҳоят аламу мотамда.

Сендин айру не керак бизга ҳаёт,

Тиломосбиз бу жаҳон ичра сабот.

Қани бошинг уза бечора онанг,

Яхшилик мулкида овора онанг.

Қани ўғлунг, шоҳи диндор Убайд,

Кўрмайин қолди сени зор, Убайд.

 

Абдуллажон УСМОНОВ, 

ЎзФА Тарих институти таянч доктаранти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//