“Йиғлар юрагимда Ватаним...”


Сақлаш
17:41 / 27.12.2021 2173 0

Ўзбекистон халқ артисти Дилором КАРИМОВА билан суҳбат

 

– Дилором опа, “Шайтон йўлида юрган эканман, энди ҳидоятни топдим” деб санъатни (аслида шоу-бизнесни) тарк этаётганлардан ранжиганингизга гувоҳ бўлганман. Ижтимоий тармоқларда эса омма уларга таҳсин ўқийди. Аҳвол шу даражага етяптики, ҳатто бирон бир бадиий асар ҳақида оғиз очгудек бўлсангиз, “Нима, нарёқда сени кофир Толстой қутқарадими?” қабилидаги дўқ-пўписага дуч келишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Нега айрим замондошларимиз дунёга бундай мутаассибларча муносабат қиляпти?

 

Доноларнинг гапи бор: “Нодон билан ҳамсуҳбат бўлиш – бахт­сизлик”. Ижтимоий тармоқлар ҳаммага бирдай минбар берди. Бу эркинлик кейинги йиллар авлодининг анча билимсиз эканини ҳам фош этиб қўйди. Мустақиллик йилларидаги энг катта ютқизиғи­миз – таълимни бой бердик, назаримда. Тест тизими иншо ёзиш, яъни фикрни пишиқ-­пухта ифодалаш кўникмасидан маҳрум этди. Бу сирада алифбо ислоҳотининг ҳам таъсири йўқ эмас. Қадрини йўқотган ўқитувчи маҳаллий тўраларнинг беминнат дастёрига айланганини айтмай қўяқолай.

 

Биргина қоғозбозлик иллати илм-­фан ривожига, шахс камоло­тига қанчалар тўсқинлик қилади. Қизларим, ёр-­дўстлардан эши­тиб ҳайронлар қоламан: на олий таълим, на ўрта таълим беҳуда расмиятчиликдан ҳали-­ҳануз қутулолгани йўқ. Ўртамиёна тафак­кур, ҳаминқадар савияни сақлаб туриш учун атай ўйлаб-­тўқиб чиқарилганми бу тартиб­-қоида, деган хаёлларга борасиз. Невара­ларимнинг дарсликларини варақлаб яна дилим хуфтон бўлади. Рус ва ўзбек тилидаги дарсликлар ўртасидаги фарқ, очиғи, ҳамия­тимга тегади. Майли, ижтимоий фанларни айтмайин, алгебра, фи­зика, кимё, география каби аниқ фанлар бўйича рус мактаблари учун ёзилган дарсликлар мундарижаси анча юқори савияда. Биз­нинг давримизда ҳам шундай эди. Лекин совет давлати нега бун­дай йўл тутганини яхши биламиз. Бироқ бугун­-чи? Дарсликларни тузишга масъуллардан кўпи ўз миллатдошларимиз ёки шу юрт­нинг сувини ичиб улғайган ватандошларимиз­-ку!

 

Энди собиқ ҳамкасбларимизнинг иддаоларига келсак, балки санъат улардан воз кечгандир?! Айтинг-­чи, ўшалардан қай би­рининг кетиши ўзбек маданияти учун чинакам йўқотиш бўлди? Умрининг қолган йилларини Оллоҳ йўлида хизматга чоғлаган экан, баракалла, хайрини берсин! Илтимос шуки, санъатнинг юзига қора чапламай, оламга жар солмай, шоу­-томоша кўрсатмай тинчгина кетсин. Яъни, санъатдан узоқлашувини ҳам ибодатга ай­лантира билсин.  Уларга яна шундай дегим келади: айбдор қиди­раётган бўлсангиз, саҳву хатони аввало ўзингиздан, ўтмишингиз­дан изланг. Аслида, кино, театр ва мусиқа дийдаларни юмшатиб, ҳамдардликка чорлайди, ақл кўзини очиб, маърифату эзгуликка бошлайди. Бу улуғ мақсад йўлида юрганларга қўйилажак асосий шарт: поклик ва фидойилик!

 

 

– Аксар актрисалар Офелия, Дездемона, Кумушбиби ва Жамила каби донгдор қиёфаларни гавдалантирсам дейди.  Лекин сиз Николай Островскийнинг Сепсиз қиз” пьесаси қаҳрамонига орзуманд бўлгансиз. Боёқиш Лариса нимаси билан сизни мафтун этган эди?

 

 – Менга Дездемона ёки Офелия раво кўрилганда, албатта, жон дердим. Чунки мумтоз образлар қалбни чархлайди, актёрлик туйғусини созлайди. Дездемона – севилган аёл эканидан воқиф, муҳаббат тахтидаги маҳбуба. Дала чечаги мисол нозик қалб эга­си Офелия суйган, ишонган одамининг “ёвузлиги”ни ақлига сиғ­диролмай, ўзини ўлимга топширган савдойи маъсума. Лариса эса олисдаги афсонавий малика эмас, ёнгинамдаги ҳассос, қалби чилпарчин дугоналаримдан бири, кўзлари жавдираганча қўшиқ куйлаётган замондошим. Бу образ, асрлардирки, аёл зотининг чекига тушиб келаётган аччиқ синовлардан сўйлайди. Аёл – ма­тоҳ! У ҳарқанча баркамол бўлмасин, ҳеч кимга керак эмас, бор­-йўқ айби эса – камбағаллиги. Қизнинг гўзаллигидан шунчаки эрмак­ка фойдаланадилар. Сепсиз Огудалова сўқир жамиятдаги ўрнини яхши билади. Шу боис ташлаб кетилса ҳам тақдир ҳукмига сўзсиз кўнади. Жамият устуни саналган эркаклар аёлни шу хорликкача олиб келадилар. Ўйлайманки, агар у тирик қолганида, эркак зо­тининг бетига қарамасди, таркидунё қилиб, узлатнишин ҳаётни афзал кўрарди. Ларисанинг қалб тебранишлари Дездемона, Офе­лия ва Кумушникидан ўн чандон теранроқ, қисмати ҳам фожиа­лироқ. Алданиш ва ҳайдалиш кайфиятини ифодалаш осон эмас. Ушбу асар асосида олинган “Аёвсиз романс” фильмидаги актриса Лариса Гузеева ҳам қаҳрамон қалбининг туб-­тубига кира олмаган, назаримда...

 

 

“Пўртана” ва “Театр” асарларингиз ҳам эътироф, ҳам эътироз уйғотди. Чунки сиз ҳар иккисида ҳам адабиёт адолатига бўйин эгдингиз. “Ари уяси”га бош суқишга нима ундади сизни?

 

  Ҳар банданинг ичида Исо­си бор. “Исо” – туғилмаса бўл­майдиган дард. Отамдан мерос қолган изтироб – кечирим зуҳур этган унсиз нигоҳ мени ҳеч тинч қўймади, ҳаловатимни ўғирла­ди. Шахс – давр маҳсули. Шўро даври ота­-онамнинг фожиасига са­баб бўлди. Тузумнинг асл қиёфасини отамнинг азоблари орқали кўрдим. Мақсадим ана шу шафқатсиз ҳақиқатни кўрсатиш эди. Аммо ота-­онага бағишлов анъанасининг бузилгани жигарларим­ни ранжитди. Тасаввур қилинг, яқинларим истаганидек, камоли эҳтиром ила “отагинам меҳрибон эдилар, оила қучоғида иззат-­и­кромда юрардилар, бизни ҳеч нимага муҳтож қилмай ўстирди­лар-­ўқитдилар, ҳаммага яхшилик қилардилар...” дейиш керак эди. Аммо чиройли сўзлар ортига яширинган ёлғон барибир ўзини фош қилади ­қўяди! Оддий ҳаётий ҳақиқат бор: кимгадир яхшилик қилаётган чоғда, албатта, бошқа бировнинг юрагини оғритаётган бўласиз. Қолаверса, “тўкис падари бузрукворим” билан “мунис во­лидаи муҳтарамам”нинг баркамоллиги ўзгаларга қизиқ эмас. Бун­дай чучмаллик адабиётнинг ўлмас қонуниятига ҳам зид.

 

Худди шундай, “Театр” эссеси ҳам туғилмаса бўлмайдиган ҳас­рат ифодаси эди. Эҳтимол, кулгили туюлар, ишонасизми, саҳнада жон беришни орзу қилардим. Лекин навқирон ёшимда театрдан кетдим. Эсседа дўқ-­даъвоси баланд-­у, саводи паст раҳбарларнинг кибри туфайли нафақат Миллий театр, балки ўзбек театри улкан йўқотишга учрагани нақл қилинган. Ўзбек маданияти тарихида­ги бу кўнгилсиз ҳодисанинг асосий сабаби театрдаги гуруҳбозлик ёки ёза-ёз эмас. Менимча, бош айбдор режиссёр камёб шахс экани­ни тушунмаган, ижодкорлар устидан лоқайдларча ҳукм юритган арбоблар эди. Афсуски, тарих такрорланаверар, миллатнинг бу каби маданий инқирозидан хулоса чиқарилмаса, яна қанча авлод бой берилар экан?..

 

 

– Китобингизда “Бизнинг актёрлар ролга фикр билан эмас, асосан ҳиссий ёндашади”, “Бизда интеллектуал актёр кам”, “Озод бўлмаган одам озод инсонни гавдалантирмоқчи бўлади” каби эътирозли фикрларни ўқидим...

 

– Ижро ҳаётий бўлмоғи керак. Лекин у санъат даражасида талқин этилиши шарт. Дод­-фарёдни биргина нигоҳ ёки бошни қуйи эгиш билан ҳам ифодалаш мумкин. Қайғунинг ҳам ўз тим­соли, ифодаси бор. Бироқ ҳаётийлик дея, одамни турмушда қан­дай бўлса, шу ҳолича саҳнага олиб чиқяпмиз. Натижада ижро маи­шийлашиб, бадиият зиён кўраётир. Санъат бу – бадиият. Алек­сандр Гинзбург “Менга йиғи керак эмас”, дер эди. Театрларимиз эса нуқул йиғига зўр беради. Ғарб мактаби изтиробни нигоҳлар­да кўрсатишни талаб этади. Лекин бунинг учун мияни ишлатиш, актёр қаҳрамонининг азобу қувончларига сабаб бўлган фикрни англай билиши керак. Фикрдан туғилган ҳиссиётнинг таъсири бўлакча. Мушоҳада томошабинни дард-­изтиробни англашга етак­лайди. Буларнинг бари профессионал режиссурага бориб тақа­лади. Мен интеллектуал ижрога интилганман, лекин унга тўлиқ эришолмаганман. Репетицияларда ҳамкасбларга кулги бўлмайин, режиссёрнинг ғашини келтирмайин деб ўйимга, ўзимга қарши борган кезларим кўп бўлган.

 

– Кимларни интеллектуал ижрога яқин актёрлар деб эътироф этасиз?

 

 – Олим Хўжаев фикр актёри эди. Сора Эшонтўраева ижроси­да туйғунинг чиройли ифодаси зуҳур этса, асосан фикр кучига таянган Зайнаб Садриева ролларида Шахс қабариб кўринар эди. Замондош ижодкорларимиздан Нозим Тўлахўжаев қаҳрамони руҳиятида кечаётган талотўпни нигоҳи билан кўрсатиб бера ола­ди. Нозим туйғуни тафаккур вобасталигида очиб бера оладиган камёб актёрлардан.

 

– Ижтимоий тармоқнинг фаол кузатувчиси сифатида одамлар ҳақида қандай тўхтамларга келяпсиз?

 

– Замондошларимизда маъна­вият ва маърифат танқислашиб, фикрлаш, мушоҳада этиш хисла­ти йўқолиб бораётгандек. Тўғри, бундай ҳол ҳамма даврда ҳам бўлган. Лекин фикрсизликнинг ҳудуди иҳоталанган эди. Ҳозир эса унинг таъсир доираси кен­гайиб кетяпти. Кўр кўрни куп­па-­кундузи ҳам топиб, нодонлик уруғларини кенг майдонга соча­ётир. Авваллари ҳам, ҳеч бир ис­тиҳоласиз “театр-­кинога тушиб юришга вақтим йўқ” ёки “китоб ўқишни ёмон кўраман” дегувчилар учраб турарди. Бироқ бугунга келиб, орсизлигини ҳеч тортинмай элга достон қилаётганлар, ҳатто шармсизликни шуҳрат қозониш воситаси деб билганлар кўпайиб кетаётганидан хавотирга тушасиз. Зардўшт айтади: “О, қандай бало! Ўзидан нафратлана олмайдиган жирканч одам замони келмоқда!” Ўша замон келдими дейман? Улар фақат ўзини шарманда қилиш билан кифояланмай, катта аудито­рияга эга чиқиб беҳаёлик, фикрсизлик, бачканалик кўникмасини шакллантиришга уриняпти. Қарангки, нодоннинг жазаваси ўткир, овози баланд бўларкан. Минг афсус, кўпинча илм аҳли улар билан пачакилашишни истамайди, вақти, асабини аяйди. Оқиллар сукути эса қимматга тушаётир. Билимсизлик билимдонликни даъво қи­ляпти. Нодоннинг ақл ўргатиши – фалокат! Дунё жоҳиллар ҳукми остида қолмаслиги керак.

 

 

– Ижодкорнинг иқтидорини эмас, ялтоқланиши ва “хос хизматлари”ни рағбатлантирадиган жамият қандай аталади? Умуман, бундай риёкорликка эҳтиёж қайдан пайдо бўлади?

 

– Истеъдодни Худо беради, лекин уни камолга етказувчи – жа­мият. Истеъдодлар – кўмак-­далдага ўта муҳтож одамлар. Унинг омади ҳам, қисмати ҳам атрофидагилар, қудратли валинеъматлар қўлида. Ана шундай бақувват қанотлар бўлмаса, у ўз кунжагида қолиб кетади. Бироқ валинеъмат деганимиз ҳам хавфли келади, гоҳида унинг ҳар бир назари учун талант катта товон тўлаши ло­зим. Кези келганда у истеъдодни ўзига хизмат қилдиради, охирги қувватигача сўриб олишга ури­нади. Чиндан, ҳар даврнинг қур­бонлари бор.

 

 – Ўтган асрда санъатнинг бошқа турлари қаторида театр ва кино ҳам тарғибот қуроли эди. Лекин парадокс шундаки, ўша даврда ҳам бугунги ижтимоий буюртмалардан кўра анча-мунча самимий, бадиияти баланд саҳна ва экран асарлари яратилган. Бунинг сир-синоати нимада экан?

 

– Қатағонлар, сиёсий таҳдидларга қарамай, ўлмас ғояларга ишончни  асраб қолишда театр ва кинонинг роли катта. У замонда асосий қаҳрамонлар коммунистик мафкура яловбардорлари бўл­гани маълум. Аммо ўтган аср мафкурачилари ваъзхонлик билан чекланмай, инсон идрокига қалб орқали таъсир этиш йўлини топа билди. Назаримда, улар бош ғояга заррача шубҳа қилмаган ҳол­да, самимиятга эришиб, одамларни ортидан эргаштира олди. Бу­гунги ижодкор қалбида ҳам ўшандай ихлос бормикан? Айтаётган, ёзаётган сўзига инонмас экан, хоҳлаган санъаткорнинг фикрлари қуруқ сиёсий пафос даражасида қолиб кетади. Тан бериб айтиш керакки, совет сиёсатдонлари санъат, жумладан, кинодан халқ он­гини бошқаришда унумли фойдаланган. Бироқ бора-­бора бу қурол ҳукмрон мафкуранинг ўзига қарши ишлай бошлади. Улкан санъат, сарҳад билмас тафаккур қандай бўлмасин, цензорнинг темир чан­галидан чиқишга йўл қидира бошлайди ва уни топади ҳам. Маса­лан, Тенгиз Абуладзенинг “Тазарру” фильми бумеранг қонунияти умрбоқий эканини кўрсатди

 

 

– Владимир Ленин Фёдор Достоевский ижоди борасида “тутқаноқ кимсанинг тавбаси” дея ҳукм чиқарган бўлса, Иосиф Сталин салафи ҳукмини ижро этмоққа жаҳд қилади “ахлоқбоз вайсақи” асарлари буткул тақиққа учрайди. “Халқлар доҳийси” “Ҳамлет” спектаклини ҳам театр репертуаридан олдириб ташлаб, Шекспирни узоқ муддат “бадарға” қилади.  Бу икки даҳо  қай жиҳатдан мустабидлар қаҳрини келтирган экан?

 

– Вильям Шекспир пьесаларида салтанат курашидаги ёвузлигу тубанликни бор кўлами, ички зиддияти билан кўрсатиб беради, сарой кирдикорларини фош этади. Ричард III хотинини ҳам, гўдак жиянларини ҳам ўлдиради. “Қирол Лир” трагедиясида отасининг соясига салом бериб юрган қизлар у тахтдан тушиши билан қа­рияни босиб-­янчиб ташлайди. Муаллиф маддоҳлик ва сотқинлик бир илдиздан озиқланишини қоп-­қора бўёқда ифодалайди. “Ҳамлет”да ҳокимият қутқусидаги ука аканинг, хотин эрнинг қотили­га айланади, тахт васвасасидаги онанинг кўзига ёлғиз ўғли ҳам кўринмайди. Энди айтинг, қонли йўлларни кечиб келган салтанат сарварларига шу кўзгу ёқадими? Биргина Сталиннинг ўзи Поло­ний, Эдмунд, Гонерилья, Регана, Ричард III ва Клавдийнинг ҳаёти­ни яшаб ўтмадими?!

 

Фёдор Достоевский эса одамзоднинг ич-­ичида бекиниб ётган кир туйғуларни яланғочлаб ташлаган, инсон психологиясини син­чи нигоҳ билан очган. Совет даврида психология фани нега ўқи­тилмаган? Чунки руҳшунослик илми ўзни англашга ёрдам беради. Ўзини англаган одам эса ғоя йўлида қўғирчоқ бўлмоққа асло кўн­майди. Бундан ташқари, Достоевский зулмнинг табиатини фавқу­лодда маҳорат билан тасвирлайди, унинг туғилиш ва шаклланиш сабабларини тадқиқ этади. Сталин ҳам Раскольников каби ўзидан ўзи золим бўлиб қолмаган. Иблис – ақлли махлуқ, лекин унинг идроки инсоният бошига улкан фалокатлар келтирди. Инқи­лобни кескин қоралаган донишманд Достоевский большевик “доҳий”лар инсоният халоскори эмас, аслида иблис эканини ба­шорат қилади. Шунинг учун ҳам улар ёзувчини ёмон кўрган, ки­тобларини тақиқлаган. Ваҳоланки, Ленин унинг сатрлари остига чизиб-­чизиб, сўкиб-­сўкиб ўқиган, Сталиннинг шахсий кутубхона­сида “Ака-ука Карамазовлар” романи бўлган.

 

 

– Тузумлар ўтади, лекин улардан санъат асарлари эсдалик бўлиб қолар экан. Жонли ровийликнинг юки кўпроқ даврни визуал муҳрлайдиган кино санъатининг зиммасига тушади. Масалан, кечаги кун қайдномаси бўлмиш ёстиқдек-ёстиқдек китоблару газет-журналлар унутилди, ҳатто тарихий бинолар қулади. Келажакка бугуннинг кайфияти, яшаш тарзи ҳақида тасаввур уйғотиши мумкин бўлган, тарихнинг янги таҳрирчилари қўлидан ҳам сирпаниб чиқишга қодир манба – фильмлар бўлиб қоляпти. Ўтган асрдаги айрим совет кинофильмларида сиёсий дид санъат даражасигача чиққанини кўрамиз. Бундан келадиган хулоса шуки, давлат кинога фақат бугунги шов-шувни эмас, эртанги шарафини ҳам ўйлаб муносабатда бўлиши керак...

 

– Оммага машаққат чекиб китоб ўқишдан кўра экран асарлари­ни томоша қилиш осонроқ. Тасмаларда муҳрланган ҳам бадиий, ҳам илмий-­маърифий, ҳужжатли фильмлар томошабинни кечмиш замон инсонлари ҳаёти, ўй­-хаёлларига ошно этади. Назаримда, ҳеч бир санъат тури ўтмишдаги инсон руҳияти, жамият қиёфаси­ни тасвирий санъат ва кино асаридек кўрсатиб бера олмайди.

 

Хўш, айни вақтда ўзбек киноси келажак олдидаги миссиясини қай даражада ўтаяпти? Ўтай оляптими ўзи? Афсус, ўзбек киноси ўз иши қолиб, енгил-­елпи шоу­-томоша, сериаллар билан машғулдек. Мазмун қолиб, “пиар” деган ўта беор, лаҳзалик шов­-шув ортидан югуряпмиз. Дейлик, давлат буюртмаси бўйича суратга олинган “Тутқунлик” фильмида ғоя юзаки, ишонарсиз воқеалар тасвири орқали ҳал этилган, актёрлар ижросида на дард бор, на ўзбекка хос чизгилар. ИНСОН кўринмайди. Дунё аҳлининг фикри-зикрини банд этган, виждонли кишиларни ташвишга солаётган фожеий ҳаёт ҳикоя қилинади гўё. Бироқ фильм қаҳрамонларини қалтис қадам қўйишга мажбур қилган сабаблар, оғир мушкулотлар иллюстрация йўсинида кўрсатилган, холос. Албатта, бунақа носамимий картина­лардан кўра режиссёр Григорий Чухрайнинг “Коммунист”и одамни минг чандон ҳаяжонга солади. Ижодий­-ижтимоий буюртмада ҳам муаммолар дадиллик, профессионаллик билан экранга кўчирил­сагина кутилган натижага эришилади. Бугун коррупцияга қарши омонсиз курашга киришиш учун ҳаловати, ҳаётидан воз кечишга тайёр қаҳрамон борми? Ким эка­нидан қатъи назар, одам ожиз­ликлари, изтироби билан одам эканини кўрсата оляпмизми? Икки-­уч йил олдин яратилган фильмлар ўзбек киносида сези­ларли силжиш бўлаётганидан да­лолат берган эди. Лекин ҳозир...

 

Киноижодкор бугуннинг на­фасини келажакка шараф би­лан етказиши учун эҳтиёткорлик сарҳадларини бузиб, ижодий­-иқтисодий эркинликка эришмоғи лозим. Мен учун фақат битта цензор бор, у ҳам бўлса – савия!

 

 

– Истеъдод қанча нодир бўлса, ўшанча мўрт ҳам келади. Негадир шахсга сиғинишнинг хунук касри биринчи бўлиб шоир шуурига урар экан. Чоки сўкилган онгдан тўкилган хирмон-хирмон қасидалар хазон барглари каби ер билан битта бўлса ҳам, қўл қаламни қўяй демайди... Бир марҳум шоирнинг ўлими арафасида ёзган достони мени шундай аччиқ хулосага ундади. Агарда илоҳий бир овоз “Бу сенинг сўнгги сўзинг, қўлингга қалам олишга бошқа имкон берилмайди” деб шивирлаганида ҳам, у мадҳия ёзармиди?

 

 – Ҳар бир тирик жон фитратида хавф­-хатардан қочиш, ўзини асраш инстинкти мавжуд. Инчунин, инсонда ҳам ҳар қандай кўн­гилсизликдан, балои қазодан ҳимояланиш савқитабиийси бор. Ҳаёт учун кураш – тирикликнинг асосий қонунидир. Табиат қўй­нидаги инсон турли офатлар, йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан жо­нини қандай асраса, ўз қавми орасида мол-­ҳоли, обрў-­мартабаси, тани-­жони, умри учун худди шундай куч билан курашади. Мақ­садга тинимсиз ҳалол меҳнат ё ўғрилик, имону адолат ёки алдов билан эришилади. Шаън, ғурурни асраб ҳеч нимага эришмай ўтиш ҳам мумкин. Икки йўлдан бирини танлашда қондаги аждодлар шивири ҳамда тарбия муҳим ўрин тутади. Бу каби эврилишлар тирикликка хос. Лекин нариги дунё эпкинини сезганингизда-­чи? Масалан, қасидагўй шоир ажал қаршисида қай йўлни танлар экан? Ўлим хабари ўзидан кейинги шаън ҳурмати ҳақ сўзни айтишга ун­дармикан? Бир нима демоққа ожизман. Ортда қоладиган бола-­чақа бор-­ку! Боз устига, ўрганган кўнгилни, қўрқоқ руҳни ажалнинг со­вуқ нафаси ўзгартиришга қодирмикан?

 

Умр фасллари оша ҳаётнинг ўзагига яқинлашиб борар экансиз. Бахт нима деган саволга биринчи жавобим – меҳнат эди. Кейин севгига кўчдим. Кўп ўтмай, бахт бу – фикр деган тўхтамга кел­дим. Фикр орқали бўрону ёмғирни идрок этасиз. Табиатдаги ҳар бир ҳодиса, бутун борлиқ инсонни англаш учун яратилган деб билдим. Энди­-чи? “Йиғлар юрагимда Ватаним...” деган улуғ Ойбек­нинг кайфиятидаман. Миллат учун ягона нажот – илм­-маърифат­да!  Бошқаси бекор...

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА суҳбатлашди.

 

“Tafakkur” журнали, 2021 йил 4-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//