Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асари хусусида


Сақлаш
16:07 / 27.12.2021 1275 0

Миллий истиқлол йилларида  жаҳон  илм-фани,  маданияти  ривожига, инсоният  маънавияти  такомилига  улкан  ҳисса  қўшган  буюк  аждодларимизнинг ардоқли, бебаҳо меросини ўрганиш, ибратли  ҳаёти  ва  ижоди,  беназир  кашфиётларининг  жаҳоншумул  аҳамияти  ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда. Қадимий илм-фан ва маданият марказларидан бири Термиз шаҳридан етишиб чиққан Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўзлаштириш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференсия, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

 

Термиз шаҳрида 20 дан ортиқ термизий алломалар етишиб чиққан бўлиб, шулардан бири ХVII аср тарихчиси Хожа Самандар Термизийдир. Унинг ўз исми Муҳаммад Бақохожа бўлиб, асли насаф (қарши)лик, Мир Ҳайдарий тариқати шайхларидан бири оиласида дунёга келган.

 

Бизнинг замонимизгача олимнинг икки муҳим асари етиб келган. Булардан бири “Дастур ул-мулук” бўлиб, у 1695 йили ва иккинчиси “Анис ул-фуқаро” (“Фақирлар дўсти”) номи билан машҳур бўлиб, 1735 йили ёзилган.

 

Малиҳнинг сўзларига кўра, Дастур ул-мулук” Хожа Самандарнинг илк йирик асари бўлиши мумкин. Ушбу асар, муаллифнинг сўзларига қараганда, қандайдир ёш одамнинг  илтимоси билан ёзилган эди. Илтимос эса қандайдир нуфузли кишидан келиб чиққан, зеро муаллиф унинг илтимосига қарши чиқа олмаган. Асар Субҳонқулихонга бағишланган. У 1694-1695 йилларда тузилган бўлиб, унда ушбу йиллар воқеалари ҳақидаги ҳикоялар мавжуд. Асар шарқда яратилган сиёсатномалар ичида машҳури ҳисобланади. Мазкур асар тарихимизни, ахлоқий қадриятларимизни,  замон руҳини чуқур ўрганишда, шарқона давлат юритиш тамойиллари моҳиятини англаб етишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон тарихини ўрганишда Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асари алоҳида аҳамиятга эга. Асар Бухоро хонлигининг ХVII аср 70–90-йиллардаги ижтимоий-сиёсий аҳволини, шунингдек, Бухоро билан Хива хонликлари ўртасидаги сиёсий муносабатларни ўрганишда катта аҳамиятга эга. “Дастур ул-мулук”да ўзбекларнинг этник таркиби ҳақида ҳам муҳим далил ва маълумотларни учратамиз. 

 

Олима М.Салоҳитдинованинг сўзларига кўра, бу асар тадқиқиотчиларни СССР ФА шарқшунослик институтининг форс ва тожик қўлёзмалари қисқа каталогини тузиш вақтида қизиқтиради, чунки асарнинг учдан икки қисмини тарихий мазмундаги маълумотлар ташкил этади. 1964 йил эрон филологияси бўйича IV Бутуниттифоқ илмий конференсиясида “Ўрта Осиё тарихи бўйича янги манба” мавзусида маъруза ўқилди. Ушбу маърузада “Дастур ул-мулук”нинг муаллифи ҳақида қисқа маълумотлар берилиб, асарнинг тарихий манба эканини тушунтиришга ҳаракат қилинди. М.Салоҳитдинова 1971 йили “Дастур ул-мулук” асарининг форсий матнининг русча таржимасини зарур изоҳлар билан чоп этди. Асарнинг ўзбекча нашри 1997 йили Жаббор Эсонов томондан амалга оширилди.

 

“Дастур ул-мулук” асари 22 бобни ўз ичига олади. Асар мазмунига кўра икки қисмга: этика-дидактик ва тарихий қисмга бўлинади. Этика-дидактик қисми деярли олдинги этика-дидактик асарлардан келиб чиққан ҳолда тузилган. Иккинчи тарихий қисми эса муаллифнинг шахсий кузатувлари асосида ёзилган. “Дастур ул-мулук”нинг муқаддимасида муаллиф томонидан фойдаланилган манбалар рўйхати берилмаган ва улар фақатгина кўчирилаётган вақтда тилга олинган. Асарда машҳур муаллифларнинг асарларидан кўчирмалар келтирилади. Улар орасида асосан учтаси кенг қўлланилган: 1) Ҳусайн Воиз ал-Кашифийнинг “Анвар-и Суҳайли”; 2) Хожи Юсуфнинг “Илм ал-ахлоқ”; 3) Саъдийнинг “Бўстон”и. Хожа Самандар бошидаги икки асардан кўплаб ҳикоя ва фикрларни “Дастур ул-мулук”га қўшади.

 

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, “Дастур ул-мулук”нинг этика-дидактик қисми муаллиф томонидан ўзидан олдин ўтганларнинг асарларидан кенг ўзлаштирилган. Аммо маълумотларнинг танланган ҳамда ўзлаштирилган қисмлар ўртасидаги уйғунлик муваффақиятли амалга оширилган ва бундай санъат асари нафақат муаллифнинг замондошлари, балки ундан кейин яшаб ўтганларга-да манзур бўлган. Буни қуйидаги факт ҳам тасдиқлайди: “Гулшан ул-мулук” тарихий асарининг муаллифи – Муҳаммад Ёқуб мирзо ибн Муҳаммад Дониёлбий оталиқ “Дастур ул-мулук” ёзилганидан 130 йил ўтгач, ўз асарининг охирига Хожа Самандар асарининг этика-дидактик қисмидан катта парча жойлаштиради. Мазкур қисм ХVII аср охири Ўрта Осиё адабиётининг этика-дидактик ёдгорлиги сифатида муҳим.

 

“Дастур ул-мулук”да қуйидаги сиёсий воқеалар баён этилган: Хива хони Анушахоннинг Бухоро хонлигининг марказий шаҳарларига босқини (1092/1681, 1095–1097/1683–1686), Субҳонқулихоннинг Балхга икки марта юриши (1096/1685 ва 1104/1693), Субҳонқулихон қўшинининг Хуросонга Боло-Мурғоб қалъасини эгаллаш учун юриши (1100/1688-89), исёнкор раҳбарларнинг Субҳонқулихонга қарши ғалаёни ва шу билан боғлиқ Хива хони Анушахоннинг ўғли Эренгхоннинг Қоракўл шаҳрининг туманларига ҳужуми. Мазкур воқеалар юқоридаги “Муҳит ат-таворих” ва “Тарихи Муқимхоний” тарихий асарларида ўз аксини топган. Бироқ Хожа Самандар бу асарларда ёзилмаган кўплаб аниқликларни келтириб ўтади. Шунингдек, Хива хони Анушахоннинг Бухорога 1092/1681-йили босқини ҳамда унинг Абдулазизхон томонидан бу шаҳардан қувғин қилиниши нафақат “Дастур ул-мулук”да, балки “Тарихи Муқимхоний” ва “Муҳит ат-таворих”да жуда батафсил ёритилган. Аммо бу вақтда Абдулазизхон ҳузурида бўлган Хожа Самандар келтириб ўтган маълумотларидан биз Бухоронинг хоразмикларнинг ҳужумига қарши яхши ҳимояланмаганлигини ҳамда Абдулазизхон тарафида бўлмиш кураш иштирокчилари ҳақидаги кўплаб маълумотларни, шу билан бирга юқоридаги тарихий асарларда бўлмаган бир қатор аниқликларни билиб олишимиз мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда, Хожа Самандарнинг “Дастур ул-мулук” асарининг тарихий қисми биз учун икки муносабатларда муҳим: бир томондан, унда бошқа манбалардаги маълумотларни тўлдирувчи Ўрта Осиёнинг ХVII аср охири тарихи бўйича қимматли маълумотлар мавжуд бўлса, иккинчи томондан, унда ўша давр Бухоро аҳолисининг  турмуш тарзи ҳамда урф-одатини ёритувчи асл фактлар келтириб ўтилади.    

 

Сирожиддин ЭШҚУРБОНОВ

Термиз давлат университети таянч докторанти

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//