Кўрганларим ҳақиқий қирғин эди – уруш қатнашчиси хотиралари


Сақлаш
10:41 / 24.04.2026 23 0

Уруш инсон хотирасида асрлар ўтса ҳам ўчмайдиган, қалбларда чуқур из қолдирадиган оғир синов. Бугун у ҳақда бемалол гапира оламиз, лекин димоғни куйдирадиган порох, ўқ-дориларнинг исини, ҳаёт билан ўлим ўртасида қолган аскарнинг юрагидаги титроқни фақат ўша манзарани ўз кўзи билан кўрганларгина чиндан ҳис қилолади...

 

Иккинчи жаҳон урушида қатнашчиси Акмал Акромов 1924 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида дунёга келган. 17 ёшида кўнгиллилар қаторида фронтга келган, ҳеч қачон танкнинг қулоқни қоматга келтирадиган овозини эшитмаган ўспирин учун жуда катта синов эди уруш. Қаҳрамонимиз урушнинг илк кунларида окопда ўтирганича, Тошкентнинг тинч кўчаларини, оиласини соғинар, аммо тушунардики, бу йўлдан энди қайтиш йўқ. Олдинда фақат бурч, фақат масъулият бор. Шу тариқа, 17 ёшли йигитчанинг ҳаётидаги энг даҳшатли, бироқ энг шарафли йўл бошланади. У ёмғирдек ёғаётган ўқлар остида тинчлик учун курашди, вазифаларни аъло даражада бажарди.

 

“Уруш ҳақида биринчи марта эшитганимда қандай саросимага тушиб қолганим ёдимда. Душманни осонликча таслим қиламиз, деб ўйлагандим. Аммо ғалабага эришиш учун тўрт йил керак бўлди. Ўша вақтда Тошкентдаги Ворошилов заводининг металл қуйиш цехида ишлардим. Муҳандис-конструкторлик бўйича ўқишга кириб, янги станоклар ясаш ҳақида орзу қилардим, тақдир эса мени пиёда қўшинлари сафига олиб бориб қўшди”, дея эслайди Акромов ўша йилларини.

 

Сталинграддаги қонли тўқнашувлардан сўнг Акмал Акромовларнинг гуруҳи янги фронт йўналишига кўчирилади. У ерда бутунлай бошқа вазифа – ҳужум жараёнларида иштирок этиш, муҳим стратегик пунктларни қўлга киритиш ва йўл-йўлакай аҳолини эвакуация қилиш айтилади:

“Кўрганларим ҳақиқий қирғин эди. Қурол ишлатишга ўргатилган, бунга маънан тайёр ҳам эдик, аммо у ёқда дуч келганларимиз… Биз бунақасига тайёрмасдик. Тинмай содир бўлаётган портлашлар, сал аввал ҳазил-мутойиба қилган сафдошларинг ёнингда жонсиз ётиши… Ўшанда ҳалок бўлган йигитларнинг саноғи йўқ эди”.

 

 

Шундай оғир жангларнинг бирида унинг 20 дан ортиқ сафдоши ҳалок бўлади, Ҳаводан қилинган ҳужумда яраланган Акрамов эса ҳарбий касалхонада ўзига келади:

- Сталинград учун жанг жуда қийин кечган. Сон-саноқсиз ҳужумларни бошдан ўтказганман. Шу боис жимжитликни ёқтирмайман. Чунки, ҳамиша шундай бўлган – аввалига қаторасига бомба ташланади, сўнгра кишини ваҳимага соладиган, ёлғондакам тинчлик бўлади. Лекин бу бомбардимонлар тугади, дегани эмас. Орадан маълум вақт ўтгач, осмонда яна қирувчилар пайдо бўлади, ўқ овозлари қайта тикланади. Биз эса окопларда ўтирган ҳолда бу галги бомбардимонлар нима билан тугаши, тирик қоламизми-йўқ, шу ҳақда ўйлаймиз. Кўпинча фақат мусиқа ёрдамга келарди, болалигимдан куй-қўшиққа меҳрим бошқача бўлган. Қўрқинчли ҳолатдан чиқиш, умидсизликка тушмаслик учун димоғимда қайсидир қўшиқни минғирлардим – баланд куйлаш ман этилган эди.

 

“Сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз, ярим кечаси омонат қайиқда тиззагача сувга ботиб дарё кечиш нималигини. Ёнингизда кимдир олган жароҳатлар азобига чидолмай бақиради, кимдир сувга сакрайди, сиз эса бундай қилолмайсиз, чунки қуролингиз нам тортади”, дейди у. – Вақт ҳар нарсанинг давоси, дейишади. Бу – ёлғон. Урушда кўрганларимизни ҳеч қачон унутмайман. Қонли жанг, ёнингиздагиларнинг бирин-кетин ҳалок бўлиши; вақт ўтиши билан келажак ҳақида ўйлашни унутасиз, фақатгина бу жангдан қандай қилиб тирик қолиш, кейингисидан омон чиқиш ҳақидаги фикр миянгизда чарх уради”, – дейди Акромов.

 

Яралангандан кейин кимдир тинч ҳаётга қайтади, кимдир касбини алмаштиради, аммо қаҳрамонимиз хизматни давом эттиради. Ниҳоят, 1945 йил уруш тугайди. Аммо жангдан қайтган ҳар бир аскар ғалаба – уруш якуни, оғриқли хотиралар ўчиб кетиши, деганимаслигини яхши биларди:

 

- Ўша лаънати уруш ҳали ҳам тушларимга киради. Телевизорда жанг фильмларини кўрсам, бутун вужудим титрайди. Кинода актёрлар роль ижро этади, мен эса уларнинг барчасини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳужумга ўтган пайтингда мард бўлишинг, диққатни жамлашинг керак: ёки сени ўлдиришади ёки сен душманни йўқ қилишинг керак… Урушни унутиб бўлмайди. Бу улкан фожиа. Бу фақат аскарларнинг эмас, балки, ота-оналар, болалар, ака-ука, опа-сингиллар, барчанинг мусибати.

 

Фронтдан қайтган ҳар бир аскар каби у ҳам бирданига тинч ҳаётга мослаша олмайди. Одамларга қанчалик киришиб кетмасин, даҳшатли уруш хотиралари тарк этмасди. Поезддан тушиб, уйига қайтаркан, атрофдаги сукунат ҳайратга соларди. На қичқириқ, на портлашлар бор, фақат оддий одамларнинг тинч ҳаёти. Унга, энг аввал, ана шу сукунат ғалати туюлди, лекин айнан шу осойишталикни юракдан соғинганди.

 

 

Кейинчалик яхши лавозимларда ишлади, депутат бўлди, элнинг корига яради. Аммо эришган ютуқлари, шарафлари орасида ҳам ортда қолган энг оғир хотира – фронтга Тошкентдан биргаликда кетган 16 йигитчадан фақат 6 нафарининг уйига қайтганини унутолмади. Бу унинг умридаги энг қайғули хотира, шу билан бирга, тинчлик ва ҳаётнинг ҳақиқий қимматини англатувчи дарсга ҳам айланганди.

 

Мансурбек ЖАББОРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33867
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//