Ўзбекистон таваллудининг бошланиши – Муҳаммад Шайбонийхон бизга ўгайми?


Сақлаш
01:46 / 15.07.2023 703 0

Мустақиллик йиллари тарихнависликда миллий қаҳрамонларни юзага чиқариш асносида “мафкура ғалвири”га илинмай қолган шахслар сирасида Муҳаммад Шайбонийхон (1500–1510), Убайдуллахон (1533–1540), Абдуллахон II (1556–1598), Имомқулихон (1611–1642), Амир Шоҳмуродни (1785–1800) санаш мумкин. Илмий жамоатчилик орасида тадқиқот мавзуларини танлашда даврлар кесимида мана шундай бегоналаштиришга гувоҳ бўламиз. Oyina.uz муаллифлари, ёш тадқиқотчилар Жаҳонгир ОСТОНОВ ва Акбар ИДИЕВнинг бу борадаги таҳлилларини келтирамиз.

 

Саналганлар орасида энг зиддиятли шахслардан бири Муҳаммад Шайбонийхон бўлиб, совет даври тадқиқотларининг аксарида унинг Марказий Осиёда давлат барпо этиши ортидан ташқи дунёдан узилиш бошланди, деган фараз кўп тилга олинади. Лекин бу қараш анча ҳақиқатдан йироқ ҳисобланиб, Усмонлилар империяси, Хитой, Ҳиндистон, Сибир ва бошқа минтақалар билан доимий дипломатик, савдо муносабатлари олиб борилган. Фақатгина диний низо туфайли Сафавийлар империяси билан совуқ муносабатлар узоқ вақт сақланиб қолди. Натижада савдо йўли шимолий ҳудудга кўчиб, ҳажга ҳам Усмонлилар давлати орқали бориладиган бўлган.

 

Шайбонийхоннинг Марказий Осиё тарихидаги муҳим хизмати шундаки, у ўзигача шаклланган форсий тильдаги ҳужжат алмашинув ва илмий-адабий тил муҳитини туркийлаштиришга катта ҳисса қўшган. Бир қанча тарихчилар (Муҳаммад Солиҳ, Рўзбеҳхон Исфаҳоний, Камолиддин Биноий, Мулла Шодий)га ҳомийлик қилган. Шу орқали Мовароуннаҳрда туркий тильдаги асарлар сони кўпайиб борган. Ушбу одат кейинчалик Хива хонлигида ҳам мавжуд бўлганини тарихчи Нурёғди Тошев таъкидлаб ўтади.

 

Маҳаллий адабиётларда Муҳаммад Шайбонийхон шахсиятига муносабат

 

ХХ асрнинг биринчи ярмидан Ўзбекистон ҳудудида жаҳон илм-фани талабларига мос кўринишдаги илмий адабиётлар чоп этила бошланди, 1947 йилги IV жилдлик “Ўзбекистон тарихи” асари ҳам шулар жумласидан. Мазкур манбанинг 1967 йилги нашри I жилди 516-саҳифасида Шайбонийхон Сирдарёдан Марказий Афғонистонга қадар бўлган ҳудудларда улкан империя барпо этгани ҳақида сўз боради. Шунингдек, сулола бошқаруви даврида мулкий муносабатлар қайта шаклланиб, ҳарбий юришлар умумий характерга эга бўлмагани кўрсатиб ўтилган. Бу эса давлатнинг иқтисодий салоҳияти ошишига, йирик амалдор ва лашкарбошиларнинг узоқ муддат давомида хонга содиқ хизмат қилишига сабаб бўлди. Тарихчи олим Бахтиёр Алимжонов эътироф этганидек, “Шайбонийхон томонидан яратилган тизим”нинг асрлар бўйи сақланишига ҳам ушбу омиллар таъсир кўрсатган.

 

Совет даврида (1974 йили) чоп этилган йирик фундаментал асарлардан яна бири “Ўзбекистон ССР тарихи” китобида ҳам Муҳаммад Шайбонийхон шахсиятига ҳарбий юришлар доирасидагина тўхталиб ўтилган. Умумий хулоса сифатида “Олтин Ўрданинг кўчманчи ўзбеклари Темурийлар давлатини тугатди. Мазкур туркий тилли қабилалар маҳаллий туркий тилли халқ билан ассимиляция бўлди”, дея фикр билдирилади.

 

Умумий олиб қаралганда юқоридаги адабиётларда асосан сиёсий тарихга оид масалалар ёритилган бўлиб, тарихий шахслар, хусусан, Шайбонийхон шахсиятига эътибор қаратилмаган.

 

Мустақиллик йиллари нашр этилган кўп жилдли “Ўзбекистон тарихи” монографиясининг XVI-XIX аср биринчи ярмига бағишланган қисми 25-саҳифасида Муҳаммад Шайбонийхон Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сиёсий рақиби сифатида кўрсатилади. Бу эса бизда шаклланган “миллий қаҳрамон”нинг душмани бизга ҳам “душман” тамойили тарихнависликда устун ўринга эгалигидан дарак беради. Аслида бундай қараш мустақиллик йиллари шаклланиб қолган эмас.

 

1958 йили академик Иброҳим Мўминов ташаббуси билан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 475 йиллиги ўтказилиши, ундан сўнг 1981 йили ёзувчи Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи чиқиши совет бошқаруви даврида мазкур шахсга қараш бирмунча ижобий характерга эга бўлганидан дарак беради. Бунинг сабаби ХХ аср 50 йилларида мустақил Ҳиндистон давлатининг вужудга келиши ва унинг деколонизация жараёнида СССР катта қизиқиш билан иштирок этишига ҳам боғлиқ.

 

Шайбонийлар мисолида илмий изланишлар ХХ аср 50 йилларида кенг қулоч ёзган. Хусусан, А.Семёнов: “Шайбонийхон эронийлар ва туркийларни миллатига кўра ажратмаган, балки ислом пайғамбари Муҳаммаднинг “Барча мусулмонлар биродардир” ҳадисига амал қилган”, деган фикрни билдирган. Бу унинг ўз даври учун толерантлик руҳиятини шакллантирганидан даракдир.

 

Мустақиллик йилларида Шайбонийлар мавзусини оммалаштириш борасида Р.Г.Мукминова ва унинг издошлари, шунингдек, Г.Агзамова, А.Замонов, З.Муқимов, Б.Олимжонов, Э.Асанов каби олимлар саъй-ҳаракат қилмоқда. Айни вақтда Шайбонийхонни Бобурийларга қарши қўйиш тенденциясига барҳам бериш зарурлиги ҳам тез-тез турли минбарларда янграмоқда [1, 2, 3]. Аммо мазкур ташвиқотлар Шайбонийхон ва у яратган давлат вакилларига нисбатан сиёсат даражасида эътибор қаратилишига сабаб бўла олмаяпти.

 

Хорижда Шайбонийхон шахсиятига муносабат

 

Шайбонийхон бунёд этган давлат географик кўлами жиҳатидан улкан эди ва минтақада янги вужудга келаётган империялар билан бир вақтда шакллана борган. Ушбу жараёнлар кенг миқёсдаги дипломатик алоқалар ўрнатишга сабаб бўлди. Шу боис айни мавзуга қизиқиш жаҳонда ҳам юқори. Хусусан, Арминий Вамберининг “Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи” асарида Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрга келиши қуйидагича изоҳланган: “Темурий сулоласининг юлдузи сўнаётганди ва 19 ёшли Бобур Мирзо уни тўхтатишга қодир эмасди. Чингизхон авлоди, Жўжи улуси [Олтин Ўрда] вакили Шайбоний Муҳаммадхон темурийларнинг ўзаро уруши аланга олаётган ва босиб олиш учун қулай фурсат юзага келаётган лаҳзада кўп сонли ўзбек отлиқ аскарлари шарофати билан аллақачон Мовароуннаҳрнинг муҳим нуқталарини амалда эгаллаб бўлганди. Бу омадли жангчи Темурийлар ҳукмронлигига нуқта қўйди”.

 

Марказий Осиё тарихи билан шуғулланувчи машҳур тарихчи Эдвард Оллворт “Замонавий ўзбеклар маданият тарихи: ХИВ асрдан ҳозирги кунгача” асарида Шайбонийхонни катта мақсадга эга инсон сифатида тасвирлайди. Бунга асос сифатида унинг 1475 йили Усмонли турк султонлигидан олинган “Искандарнома” билан танишгани кўрсатилади. У фаолиятида исломни асос қилиб, ўзига “Имом уз-замон”, “Халифат ур-раҳмон” нисбаларини олган. Бу борадаги фикрларни Бодроглигетининг тадқиқоти ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Шайбонийхон фалсафий ва диний илмларни чуқур эгаллаган ва бу мавзуга оид “Баҳр ул-худо” асарини ёзган.

 

Қўшни Қозоғистонда ҳам Ўзбекистондаги каби ҳолат сақланиб келаётган бўлса-да, баъзи ўринларда Шайбонийхон персонажига бирмунча илиқ муносабат билдирилаётганини кўрамиз. Хусусан, 2022 йили премьераси ўтказилган “Ұлы дала таны» (Улуғ даштнинг гуллаши) фильмида у кўркам ва жасур саркарда сифатида гавдалантирилган. Тарихчи Жахсилик Сабитов фильм тақдимотидан сўнг фейсбук саҳифасида бу ҳақдаги мулоҳазаларини билдириб ўтди. Лекин умуман олганда ҳозирги кунга қадар қозоқ тарихнавислигида Шайбонийларни (хусусан, Шайбонийхонни ҳам) қозоқ хонлиги юксалишига тўсиқ бўлган ва миллий идентиклик шаклланишини кечиктирган сиёсий рақобатчи сифатида гавдалантириш устун саналади. Бу ҳолат айни дамда Қозоғистонда “Жўжишунослик” ва бу улусга қозоқ давлатчилиги асоси сифатида қараш устун бўлиб турган вақтда кузатилаётгани ачинарли.

 

Тожик тарихнавислигида Шайбонийларнинг Марказий Осиёга кириб келиши “босқинчилик” сифатида талқин қилинади. (Камолов Хамзахон Шарифович.

 

Ҳокимиятнинг легитимлиги масаласи

 

Муҳаммад Шайбонийхон Мовароуннаҳр ва Темурийлар бошқарган ҳудудларга даъво қилиши учун бир қанча сабабларни таҳлил этишга ҳаракат қиламиз:

 

1. Мовароуннаҳрга хос бўлган легитимликдаги энг муҳим асос Чингизий хонадонга тўғридан-тўғри аъзолик;

 

2. Чингизхон томонидан давлат улусларга бўлиниши вақтида Хоразм Жўжи улуси таркибида эканлиги (Шайбонийхон ҳам Жўжи наслидан саналади) ва бу борадаги дастлабки тажриба Абулхайрхон томонидан 1431, 1435 йилларда амалга оширилган;

 

3. Бобоси Абулхайрхоннинг ўрнига келган Муҳаммад Шайбонийхон: “Темурбек авлодларидан баъзи мулкларни тортиб олган бўлсак ҳам, мулкпарастлик ва кичик мамлакатларга қаноат қилмаслигимиздан эмас, балки тақдир ҳукмига кўра шундай бўлди. Қазо меросий мулкни (Абулхайрхон эгаллаган ерлар) яна бизнинг қўлимизга ва ихтиёримизга қайтишини тақозо этади”, деб ҳисобларди ва буни у Хуросонга юриш олдидан ёзган мактубида ҳам эслатиб ўтади.

 

Муҳаммад Шайбонийхон шахсиятига нисбатан стереотип қарашлар ислоҳ қилиниши керак. У биз учун ўгай эмас. Франциялик тарихчи Рене Груссе Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрни эгаллашини Ўзбекистон таваллудининг бошланиши деб ҳисоблайди. Шу жиҳатдан ҳам мамлакат тарихида Шайбонийхон ўзига мос жойни эгаллаши керак.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

Акбар ИДИЕВ,

ЎзРФА Шарқшунослик институти таянч докторантлари.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//