Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек ҲАСАНОВ билан суҳбат
– “Бисёр бўлса агар, бол ҳам беқадр, / Такрор айтилганда – рангсиздир калом”, деб ёзган эди атоқли шоир Абдулла Орипов. “Маънавият” истилоҳини ҳуда-беҳуда истифода этдикми, кейинги йилларда нондек азиз бу калиманинг қадр-қиммати йўқолаёзди. Жамиятда маънавият лафзи янграганда лабига учуқ тошадиган қатлам шаклланди. “Ҳуқуқий-демократик давлатда қонунларнинг ўзи кифоя, маънавият чикора!” дейдиган тоифа майдонга чиқди. Бунда айбни яккаш “маънавиятсизлар”га юкламай, тарғиботда йўл қўйилган хато-камчиликларни ҳам мардона тан олган маъқул, назаримизда. Отабек Абдурашидович, маънавиятни эркинлик мухолифи, тараққиётга тушов дея даъво қилгувчи замондошларимизга унинг тақдируламал аҳамиятини қай тарзда англатган бўлар эдингиз?
– Тўғри, ҳар қандай юксак тушунча алвон шиору баландпарвоз чақириққа айлантирилса, қадрини, таъсир кучини йўқотади. Бу фикрни улуғ шоиримиз Абдулла Орипов жуда нозик ифодалаган. Аҳамият берган бўлсангиз, Абдулла акани шоириМИЗ деб атаётирман. Ҳаёт моҳияти, борлиқ ҳақиқатини англашга интилган одамзод азалдан “Мен кимман ўзи?” деган чўнг саволга жавоб излаган. Гётенинг мураккаб ва серқирра қаҳрамони бўлмиш Фауст тилида янграган “Ҳаётим не, менинг ўзим кимман?” деган савол бутун асарнинг мағзи, жавҳари десак янглишмаймиз. Ўз “мени”ни топмоқ улкан бахт, аслида. Чунки “мен”лар бирлашиб, “биз”ни вужудга келтиради. Шу тариқа инсон руҳидан миллат руҳи, инсон фалсафасидан халқ фалсафаси шаклланади. Сирасини айтганда, биз ўз онаМИЗни, ВатаниМИЗни, уйиМИЗни, шоириМИЗни, кеча ва бугуниМИЗни танишимиз, англашимиз – МАЪНАВИЯТдир.
Бу мўътабар калима янграганда юзини терс бурадиган тоифа пайдо бўлишига, албатта, ўзимиз айбдормиз. Олмосни лой ичига яширсангиз, у ерда жавоҳир борлигини билмаганлар беписанд, беэътибор ўтади; аммо шу балчиқда қимматбаҳо тош пинҳон эканидан хабар топсалар-чи, ана кейин кўринг томошани!.. Демак, ҳамма гап – танишда, танитишда. Не бир сабаб-омилларга кўра маънавият узоқ йиллар асл маъно-мазмунидан йироқлашди; маиший тушунчага, таъбир жоиз бўлса, мутасаддилар қўлидаги жазо хипчинига айланиб қолди. Оқибатда баъзилар уни тараққиётга тўсиқ, эркинликка зид деб талқин қила бошлади...
Аслида, эркинлик ва маънавият моҳиятан яқин, бир-бирини тўлдирадиган эгиз тушунчалардир. Эркинлик инсонга танлаш имконини берса, маънавият ўша танловнинг мезонини белгилайди. Агар эркинликни бепоён саҳрода кетаётган одамга менгзасак, маънавиятни унга йўл кўрсатувчи қибланамо – компас деб аташ мумкин. Қибланамоси бор киши адашиб-улоқиб юрмайди, роҳи ростдан асло тоймайди. Атоқли файласуф Карл Поппер сиёсий фалсафага оид “Очиқ жамият ва унинг душманлари” асарида эркинлик ва мутлақ эркинлик ўртасидаги мувозанат танлови кўпинча иккинчисининг фойдасига ҳал бўлганини қайд этади. Ваҳоланки, мутлақ эркинлик муҳитида ахлоқий чегара унутилади, инсон инсонлигидан чекинади, охир-оқибат жиноят жазога тортилмайдиган муҳит вужудга келади.
Бугун дунёда нотинчлик ҳукм сураётгани, умуминсоний қадриятлар поймол этилаётгани, ҳалоллик ўрнини ғирромлик эгаллагани, мутараққий фикр аҳли белгилаган халқаро низом-қоидаларнинг намойишкорона бузилаётгани... ҳаммасининг замирида инсоннинг ўз “мен”идан узоқлашув ётибди. Азизу мукаррам дея сифатланган одамзодга ярашмайдиган қусур-камчиликларни кўриб, олмон файласуфи Эрих Фроммнинг “XIX асрда инсоннинг қул бўлиб қолиш хавфи бор эди, XX асрда эса унинг учун асосий хавф – роботга айланмоқдир” деган башорати ёдга келади. Роботга айланиш бу – инсоний фазилатлар, олий қадриятлар, ўзликдан айро тушиш демак. Фридрих Нитше ҳам “Зардўшт таваллоси” асарида одам – ҳайвон билан юксак инсон ўртасида тортилган кўприк экани, чин инсон мудом ўзи билан курашиб, нораво майлларини енгиб бориши лозимлигини уқтиради. Ўзини енгган инсон – ўзлигини инкишоф этган инсондир. Маънавиятнинг тақдируламал аҳамияти ҳам шунда. Шарқ фалсафасига кўра, инсон нафсини тарбиялаб, жиловлаб камолот пиллапояларидан юксалади; муҳаббат, маърифат ва руҳий покланиш манзилларига дохил бўлади.
Барча соҳалар каби маънавиятда ҳам мақсад ва воситани тўғри белгилаш муҳим. Агар маънавиятни яккаш хулқни тарбиялайдиган омил ўлароқ талқин этсак, одамда ахлоқни мажбуран шакллантирамиз дея вақтимизни бекор-беҳуда сарфлайверамиз. Биз замондошларга ўзликни англатишимиз, уни топиш йўлларини кўрсатишимиз зарур. Ана шунда олий мезонлар, мўътабар тушунчалар ҳаёт мазмунига айланади. Шоир Рауф Парфи “Одамни қамаб қўйиш мумкин, лекин унинг руҳини занжирлаб бўлмайди”, деганда нақадар ҳақ эди. Инсон руҳига озиқ бериб, уни юксалтирмоқ керак. Хўш, руҳиятимиз нимадан қувват олади? Миллий ўзлик, тарих, қадрият, тил, адабиёт, халқ оғзаки ижоди каби хазиналаримиздан! Руҳини тўйинтирган инсон ўзини англайди, “мен”ини топади.
Маънавият мавҳум тушунча дея эътироз билдирилса, француз ёзувчиси Оноре де Бальзакнинг истеҳзога йўғрилган гапи эсимга тушади: “Агар китоб бир хум мусаллас бўлса эди, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашарди. Гап той-той маҳсулот устида кетганда ҳам қонун дарҳол ишга тушади, аммо масала ёзилган саҳифалар, ғояларга тақалса, қонун ҳам гунгу соқовга айланади”.
Демократия фақат институционал механизмлардан иборат эмас. У ишонч, масъулият, бошқалар ҳуқуқига ҳурмат каби қадриятларга таянади. Агар жамиятда ана шундай маданият шаклланмаса, энг мукаммал қонунлар ҳам қоғозда қолиб кетиши муқаррар. Шу маънода, маънавиятни тараққиётга тушов эмас, балки тараққиётнинг ўзани, йўналишини белгилайдиган омил деб билган маъқул. Иқтисодиёт, сиёсий институтлар, технологиялар жамиятга мисли кўрилмаган имкониятлар тақдим этади; хўш, ўша имкониятлар хайрга хизмат қиладими ёки шаррга? Бу залварли саволга маънавиятгина киройи жавоб бермоққа қодир.
Қонунлар жисм бўлса, маънавият унинг руҳидир. Қонун “мумкин” ва “мумкин эмас”нинг чегарасини ажратиб беради, жазо чораларини тайин этади. Маънавият эса инсон ботинидаги муҳофиз ўлароқ “тўғри” ва “нотўғри”нинг сарҳадларини белгилайди. Виждон уйғоқлиги дегани ҳам шу. Чегаралардаги аскарлар-ку доим сергак, ҳушёр; ботинимиздаги қўриқбон-чи – у ҳам уйғоқми, мабодо пинакка кетмаганми?..
Маънавиятни, аҳамиятига кўра, жамиятнинг юраги дегим келади.
– Маънавият ва маърифат тарғиботи шундай нозик юмушки, бу жабҳада қилинган ишларни на газ билан ўлчаб бўлади, на тарозида тортиб! Баъзиларнинг маънавият ишини шунчаки тадбирбозлик деб янглиш ўйлаши боиси ҳам шу бўлса керак. Тизимда юртдошларимиз зеҳнияти, ахлоқ-сажияси, маънавий савиясини ўрганишга қаратилган амалий аҳамиятга молик қандай тадқиқотлар олиб борилмоқда?
– Мақтанишга йўймасангиз, бир гап айтаман: биз маънавий соҳадаги ишларни илмий асосда олиб боришга аллақачон киришганмиз. 2021 йилда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Марказимиз ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилган эди. Институтнинг асосий вазифаси жамиятдаги ижтимоий-маънавий жараёнларни илмий таҳлил қилиш, ғоявий таҳдидларни ўрганиш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Икки йилки, институт жамоаси жамият ижтимоий-маънавий муҳитини баҳолаш ва уни соғломлаштириш бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Жумладан, 378 мингдан зиёд респондент (мамлакатимиз аҳолисининг бир фоизи) ўртасида 40 та саволдан иборат социологик сўровнома ўтказилди. Ҳар бир саволга ўртача 8 та жавоб варианти борлиги ҳисобга олинса, ушбу сўровнома орқали 120 миллиондан зиёд нуқтаи назар таҳлил этилгани маълум бўлади. Шу билан бирга, йиллар ва ҳудудлар бўйича аҳолининг кайфияти, ислоҳотларга муносабати таҳлил қилиниб, тегишли хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Айрим мисолларга назар солайлик. “Қайси замондошимизни ўзингиз учун энг ибратли сиймо деб тасаввур қиласиз?” деган саволга 37,4 фоиз респондент “Ҳозир маънавият соҳасида ибратли шахс йўқ” деб жавоб берган. Шу хил жавоб улуши Бухоро (67,6 фоиз) ва Андижон (51,9 фоиз) вилоятларида юқори бўлди. Бу ҳол жамиятда ибратга молик замондошларимиз тўғрисида маълумотлар камлиги билан изоҳланади. Демак, фақат мозийда ўтган боболарнинг шон-шавкатига маҳлиё бўлмай, бугунги кун қаҳрамонларини ҳам танита билишимиз лозим экан.
Сўров натижаси ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Умуман, таҳлиллар жамиятда анъана ва модернизация ўртасидаги қарашлар мувозанати ҳали шаклланиш жараёнида эканини кўрсатади.
Мен фақат бир йўналиш ҳақида мухтасар маълумот бердим. Шунингдек, фанимиз тарихида илк бор “Ўзбек фалсафаси”, “Ўзбекистон маданияти тарихи”, “Радикализм: моҳияти, мафкураси, кўринишлари” каби монографик тадқиқотлар яратилди. Маънавият ва маърифат марказидаги лойиҳа офисларининг фаолияти, ижтимоий тармоқлар мазмун-мундарижасининг сунъий интеллект ёрдамида таҳлил этилаётгани алоҳида суҳбат мавзусидир. Маънавий оламимизни илмий асосда ўрганиш тарғибот ишлари натижадорлигида муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қилинган ишлардан кўра қилиниши лозим бўлганлари кўп эканини ҳам тан оламиз, албатта.
– “Хайрул умури авсатуҳо”, яъни “Ҳар бир амалнинг ўртаси дурустдир”, деб ўгит беради жадидлар сардори Маҳмудхўжа Беҳбудий. Маърифатпарвар боболаримиз эл-юртни исрофдан қутқариб, инсоф сари бошлаш, дабдабали тўй, хурофий аза маросимларига барҳам беришга кўп ва хўб уриндилар. Мустақиллик даврида ҳам жамият ойдинлари бу йўлда жидду жаҳд кўрсатди, давлат томонидан чеклов чоралари-да жорий этилди. “Бешикда теккан – кафанда кетар” деган нақл тўғри эканми, ҳарчанд уринмайлик, мурод ҳосил бўлмаётир. Қарангки, юз йил ўтса-да, ҳали-ҳамон хўжакўрсин йиғин, маросимларни тартибга сололмай ҳалакмиз...
Маънавият ва маърифат маркази ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда “Маромийлик” лойиҳасини йўлга қўйди. Маромийлик деганда мўътадиллик, “таёқнинг учи эмас, ўртаси бўлиш” назарда тутилган-да, шундай эмасми? Аввало, хайрли саъй-кўшиш бароридин келсин деймиз. Айни чоқда, оммани маърифатга таянган ҳаёт тарзига ўргатмоқ учун темирдан тиш, пўлатдан тирноқ керак эканини таъкидламоқ ўринли туюлади. Бу галги уринишда “сут билан кирган” иллатдан халос бўлармиканмиз?..
– Ўта долзарб, оғриқли масаладан гап очдингиз. Хавф-хатардан кўз юмиб, оғриқни қўлбола дори-дармон билан босиб юраверсак, жароҳат маддалаб кетиши аниқ. Боболаримиз ҳам исрофгарлик иллатига қарши курашган. Маромийлик, васатийлик масаласи олдинги даврларда ҳам жиддий маънавий муаммо саналган; дин, илм ва ижод аҳли унга мудом ечим излаган. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қилаётган саъй-ҳаракатларимиз ўша маърифий мужодаланинг давомидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, деганлар (Термизий ривояти). Саййид Шариф Журжонийнинг фикрича, “Исроф арзимаган нарса учун кўп мол сарфлашдир”. Шарқнинг Румий, Жомий, Навоий сингари буюк мутафаккирлари, мутасаввифлари ҳам “Нафс – инсоннинг азалий ғаними, уни кишанбанд этмоқ керак” қабилидаги ғояни илгари сурган. Дабдабали тўй, ҳашамдор ҳаёт, исрофнинг илдизи ҳам ҳавойи нафсга бориб тақалади.
Халқимизда “Кўзинг тўқ бўлсин” деган ибора бор. Баъзиларнинг ўзини бадавлат, серҳашам ҳаёт эгаси сифатида кўрсатмоққа уриниши – кўзининг очлигидандир. Боз устига, ҳозир жамиятда рақобат психологияси кучаймоқда. Бунда ижтимоий тармоқларнинг таъсири катта. Эътибор берсангиз, бахтни дабдабали тўй, қимматбаҳо совға дея талқин қилаётганлар кўпайган. Ижтимоий тармоқларда кенг қанот ёзган бу сира нағмалар омма онгига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Дабдабабозлик маънавий эҳтиёж эмас, балки “элдан қолмаслик”, “кўпга келган тўй” каби ижтимоий босимлардан келиб чиқади. Пандемия даврини эсланг, мушкул-мураккаб вазият сабаб мардумкўрсин иллати ўз-ўзидан йўқолди. Қарангки, осмон узилиб ерга тушмас экан: каттаю кичик ўттиз чоғли меҳмон чақириб тўй ўтказди. 2025 йилги социологик сўровга кўра, аҳолининг 21 фоизи бугун ҳам оилавий тадбирларни пандемия вақтидаги каби камхарж ўтказилишини ёқлайди. Ният яхшику-я, амал-чи? Афсуски, биров обрў учун, бошқа биров одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб, барибир ўз имкониятидан ортиқ сарф-харажат қилаётир. Оқибат эса маълум – гарданда қарз, оилавий қўйди-чиқди, иқтисодий танглик... Яна тадқиқотларга таяниб айтсак, юртимизда урф-одат, маросимларнинг серчиқим экани 14,6 фоиз ҳолатда оилавий ажримга сабаб бўлмоқда.
Маросимлардаги исрофгарлик фақат одоб-ахлоқ масаласи эмас. Бу – миллат саломатлиги, иқтисодий барқарорлик, мамлакат тақдири масаласи! Бу – маънавият масаласи!
Тарихдан биламиз, ота-боболаримиз 1920-йилларда даҳшатли очарчиликни бошдан кечирган. Йўқчилик халқни не кўйларга солмаган! Замондошларимизнинг “тўқликка шўхлик” қабилидаги қилиқларини кўрганимда, наҳот, ўтмиш сабоқлари ёдимиздан кўтарилган бўлса, дея таажжубга тушаман.
Ҳолбуки, яқин тарихимизда ҳам меъёр, мутаносиблик устувор бўлган, одамлар кўрпасига қараб оёқ узатган. Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий сингари жадид боболаримиз бойликни кўз-кўзламоқ учун эмас, балки маърифат учун сарфлаган, мактаб очган, китобу мажалла нашр этган, жамиятни уйғотмоққа интилган. Бугун эса айримлар ҳою ҳавас учун давлатини ҳавога совургани ҳолда, фарзандининг таҳсилига уч-тўрт танга сарфламоққа қорни оғрийди. Ҳозир биз танлов қаршисидамиз: исроф йўлими ёинки инсоф? Дабдабабозликми ёки меъёр? Агар биз бугун маромни йўқотсак – эртага барқарорликни бой берамиз, бугун исрофни тўхтатмасак – эртага танқислигу тақчилликка рўбарў бўламиз. Шу боис “Маромийлик”ни муваққат ташаббус эмас, умуммиллий ҳаракатга айлантирмоқчимиз. Эзгу ғоя битта қарор ёки ҳужжат билан ҳаётга тадбиқ бўлмайди. Бу ҳаракатга ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ва ташкилот қўшилиши, бутун жамият жонбозлик кўрсатиши керак.
Тўғри, анъаналар кўз очиб-юмгунча ўзгариб қолмайди, бунга йиллар керак. Аммо оёғимизга тушов бўлаётган одатлардан дадил воз кечмасак, бир ерда депсиниб тураверамиз. Кўпчилик барини қонун йўли билан, қатъий тартиб-қоида асосида изга солиш керак, дейди. Бу таклифда ҳам жон бор, лекин фақат маъмурий чекловлар билан инсон дунёқараши, онгу тафаккури ислоҳ бўлмайди-да. Жамиятимизга хатти-ҳаракатларининг оқибатини англайдиган сергак ШАХСлар керак. Уларни эса маънавият, маърифат орқали тарбиялаш мумкин.
Қувонарли жиҳати, жамиятимизда маданий трансформация жараёни кечаётир. Жумладан, тўй, маросимларнинг шаклу мазмуни ўзгариб, хайрия, маърифат тадбирлари урфга кирмоқда. Бундай ташаббуслар асосан ёшлардан чиқаётгани одамни мамнун қилади. Масалан, Андижон вилоятидан Қашқадарёга келин бўлиб тушган қизнинг сепи ижтимоий тармоқларда дув-дув гап бўлди. Маърифатга ошуфта синглимиз келинлик уйига мўъжаз кутубхона – саккиз юздан зиёд китоб билан борибди. Бундай умидбахш ўзгаришларни кўрганда, “Бешикда теккан – кафанда кетар” деган нақлнинг даври ўтибди деган хулосага келасиз.
Мўйсафид тарих шоҳид: жамиятда урф-одат, удумлар аста-секинлик билан ўзгаради. Шу маънода жадидлар асос солган маърифат ҳаракати узоқ ва тадрижий йўлдир. Биз бу йўлда бир ёқа, бир енг бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Хайрли юмушни Маънавият ва маърифат маркази қиладими ёки бошқаларми, бу муҳим эмас, асосийси – боболаримиз бошлаган кураш зафар билан якун топсин.
– “Афсуски, аксар миллатдошларимиз ҳамон жоҳилият давриндан бир қадам олдинға босқан эмаслар. Айни кучга тўлған, тоғни урса талқон қиладиған юрт ўғлонлари яланг тўшларини очиб, белбоққа осиб олған пичоқларини кўз-кўз қилиб, хўрозу бедона уриштириб умр ўткарадилар. Бойвачча ёшлар эса Янги шаҳардаги қовоқхонаю исловотхоналарда шўрлик оталарининг молу давлатини елга совуриш ила машғул. Надоматким, уларга эсиз ёшлик, эсиз умр дейдирған бир киши йўқ”. Ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” романидан олинган ушбу парчада XIX аср охири – XX аср бошларидаги Туркистон ёшлари тасвирланган. Бугунги навқирон авлоднинг турли соҳаларда эришаётган улкан ютуқларидан қувонамиз, албатта. Аммо гуруч қачон курмаксиз бўлибди денг: навқирон авлод орасида ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган, гулдек умрини беҳуда юмушу бефойда машғулотларга совураётганлар ҳам борки, “Эсиз ёшлик, эсиз умр!” дегингиз келади уларга. Билим ва малакани баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) таҳлилларига қараганда, 2025 йилда Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонида абитуриентларнинг 41,29 фоизи энг қуйи ўтиш баллини (56,7) ҳам йиға олмаган. Тест синовида жами 614 мингдан зиёд талабгор қатнашгани инобатга олинса, билими қониқарсиз абитуриентларнинг сонию салмоғи нечоғли экани ойдинлашади.
Киприкдаги ёшдек қалқиб турган курраи арзда рўй бераётган тўполонлар ҳам хавотир уйғотади. “Z авлод” деб аталган ёшлар Бангладешдан Перуга қадар – жаҳоннинг ҳар бурчагида турли-туман инқилобу тўнтаришларни амалга оширмоқда. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, катта авлод зумерлар билан тил топишмаса, ҳўлу қуруқ баравар ёниши ҳеч гап эмас. Ўтган йили Австралия ҳукумати 16 ёшдан кичик ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифа очишини ман этди. Франция, Испания, Италия, Греция, Германия каби давлатлар ҳам шундай тақиқ жорий қилмоқчи. Даромади андак чўзилиб кетган савол шулким, ёшларни илму маърифатга ошно қилиш, уларнинг маънавиятини муҳофаза этиш учун қандай янги чора-тадбирларни тавсия этиш мумкин?
– Сиз санаганлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёни ҳадик-хавотирга солаётган муаммолардир. Ёшлар тафаккури бугун илгаригидан-да кучли таъсир остида – рақамли муҳит, глобал маданият ва тезкор ахборот гирдобида шаклланмоқда. Танганинг иккинчи томонига ҳам қарайлик. Илмий таҳлилларга кўра, XVII асрларда яшаган зиёли агар 80 йил умр кўрган бўлса, у ҳаёти давомида ўртача 40 гегабайт ҳажмдаги билимларни ўқиб-ўрганган. XXI асрда эса 17 яшар оддий ўсмир интернетдан бир ойда ўртача 50 гегабайт маълумот оляпти экан. Тасаввур қиляпсизми, мияга бир ойда керак-нокерак шунча маълумот ёпирилиб кирмоқда! Айрим ёшларнинг китоб ўқиш, илм олишга хуши йўқлигини ҳам айни шу ахборий зўриқиш билан изоҳлаш мумкин.
Назаримда, бу масалага фақат тақиқ ёки танқид орқали эмас, балки янги маърифий макон тамойиллари асосида ёндашмоқ лозим. Донишманд устоз Эркин Воҳидовнинг “Ҳозирги ёшлар” шеъри ёдингиздадир: “Ақли кирармикан буларнинг бир кун / Ким билади қачон қуюла бошлар? / Оғир кун кўрмади, балки шунинг-чун / Енгилроқ ўсдими ҳозирги ёшлар?” дея кори дунёдан ёзғирган оқсоқол пировардида навқирон авлоднинг зеҳни ўткиру қадами тетиклигини тан олади. Тарихда ҳам авлодлар зиддияти кўп учрайди. Йигирма тўрт аср аввал яшаб ўтган юнон мутафаккири Арасту ҳам “Риторика” рисоласида ёшларнинг сердаъво, серғавғо эканини қайд этган эди. Ҳақиқат шуки, ҳар бир даврда ёшлар орасидан йирик олимлар, улуғ давлат арбоблари, забардаст ижодкорлар етишиб чиққан. Ҳаммаси уларга яратиб берилажак шароит, муҳитга боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев улкан мақсад ўлароқ белгилаган Учинчи Ренессанс ҳам, аввало, ёшларни маънавият ҳавосидан нафас олган ҳолда, илму маърифат муҳитида тарбиялашга қаратилган. Зеро, бу улкан мақсадни рўёбга чиқарувчи куч айнан навқирон авлоддир. Учинчи Ренессанс шунчаки орзу эмас, чунки халқимиз ўтмишда бир неча уйғониш биносига меъморлик қилган. Бунёдкорлик қудрати, ижодкорлик иқтидори ҳар биримизнинг қонимизда бор. Муҳими, ёшларга зиммасидаги улуғвор мақсад-вазифани эслатиб туришимиз керак. Яъни, уларнинг ҳаётий маслагини илм чўққиларини забт этиш, кашфиётлар қилиш, Ватан тараққиёти, жамият корига яраш каби юксак мақсадлар билан боғламоқ даркор. Ана шунда ёшликнинг жўшқин қуввати, қайноқ кучи тўла-тўкис намоён бўлади. Бунда маънавият бир қолип эмас, балки уларнинг шахс сифатида камолга етишига кўмак берувчи қадрият ўлароқ хизмат қилиши лозим. Бу борада Марказ томонидан ўтган йили талай лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, “Сўз” лойиҳаси орқали ёш ижодкорларга минбар берилган бўлса, “Ишонч мактаблари” ёшларда миллий руҳиятни шакллантиришга йўналтирилган.
Z авлод, Alfa авлод (мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 22 миллиони), албатта, шартли таснифдир. Уларнинг қалбига йўл топиш учун аввало улар яшаётган рақамли оламни таҳлил қилмоқ лозим. Сўнгги ўн йил ичида ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиши кучайди. Common Sense Media ташкилоти (АҚШ) таҳлилларига қараганда, 2021 йилда 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар бир кунда ўртача 8 соату 39 дақиқани экран қаршисида ўтказган бўлса, 2025 йилда ижтимоий тармоқдан фойдаланиш вақти 9 соатдан ошди. Уларнинг 75 фоизи сунъий интеллектдан мунтазам фойдаланаётир.
Олимлар ижтимоий тармоқларнинг ёшлар онги, руҳиятига салбий таъсиридан хавотирда. Маълумки, TikTok, Instagram каби платформалар фойдаланувчининг индивидуал руҳий ҳолатига мос видеомаҳсулот тақдим этади. Бу эса ёшларнинг реал ҳаётдан узилишига олиб келмоқда. 16 ёшгача бўлган одамнинг мия нейронлари ўта мослашувчан бўлгани боис ташқи муҳит сигналларига жуда тез кўникади. Дейлик, бола кунига 9 соат давомида қисқа видеоларни (рилсларни) кўрса, унинг мияси фақат юзаки маълумотларни қайта ишлашга мослашади. Оқибатда бола диққатни жамлаш, мураккаб матнларни ўқиш, илмий масалаларни ечиш қобилиятини йўқотади. Бу хасталик фанда “рақамли деменция” (ақлий заифликнинг янги тури) деб аталмоқда. Ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш жонли мусоҳаба кўникмасини чеклайди, охир-оқибат бола “мулоқотдан қўрқиш” (social anxiety disorder) хасталигига чалинади. Шу тариқа таркидунёчи тоифа – виртуал олам “дарвеш”лари пайдо бўлади. Хотира пасайиши, когнитив қобилият заифлашиши ҳам ижтимоий тармоқларга ружу қўйишнинг салбий асоратларидир.
Ижтимоий тармоқлар ўсмирлар учун шунчаки кўнгилочар восита эмас, балки биологик қарамлик муҳитига айланган. Шу боис дунё олимлари вояга етмаганлар учун чеклов жорий этилмаса, жамият когнитив деградация ва оммавий руҳий беқарорликка гирифтор бўлади, дея бонг урмоқда. Уларга қарамлик сиёсий маданият ва мафкуравий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий таҳдиддир. Танқидий фикрлаш қобилиятидан айрилган жамият ахборий ҳужумлар, психологик хуружлар қаршисида жазирамада қолган навниҳолдек ҳимоясиздир. Ижтимоий тармоқ алгоритмлари ҳукми остидаги оммани истаган йўриққа солса бўлади...
Шу сира таҳлилу тадқиқотлар чиндан ҳам рақамли муҳитда қатъий чеклов жорий этиш вақти етибди, деган хулосага олиб келади. Бу борада ОАВда кўплаб мутахассисларнинг фикр-мулоҳазасини ўқидим. Баъзи экспертлар қатъий тақиқни ёқлаётган бўлса, баъзилари чеклов чораси “рақамли давр” авлодини кучли тушкунликка солади, деб огоҳлантирмоқда. Суҳбатимиз мобайнида маънавият тушунчаси сизу биз муҳокама қилаётган барча масалаларни қизил ип мисоли боғлаб турибди; ёшларни рақамли муҳит хатарларидан ҳимоя қилишда ҳам маънавият кучига таянмоқ даркор. Жумладан, рақамли муҳит маданияти, медиасаводхонликни шакллантириш, ахборий хавфсизлик чораларини кўриш зарур.
Биз ҳамиша норасида фарзандларимизни уйда ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Уларни турли хавф-хатарлардан асрагимиз келади-да. Рақамли оламда ҳам ёшларимизни ёлғиз қолдирмаслигимиз керак. Чунки бу тилсимли муҳитда биз билгану билмаган қанча бало-қазолар бор.
Биз ижтимоий тармоқларни буткул рад этиш фикридан йироқмиз, ундан оқилона фойдаланиш кераклигини таъкидламоқдамиз, холос. Ушбу технология мўъжизаси одамзодга улкан манфаат етказаётгани ҳақ-рост. “Интернет бамисли дудама пичоқ. Бировнинг қўлида у олма пўстини чиройли айлана қилиб арчади, бировнинг қўлида гўдак жонига қасд этади”, дейди шоир Хуршид Даврон. Биз шу “дудама пичоқ” фақат яхшиликка хизмат қилсин деймиз.
– Отабек Абдурашидович, жамоатчилик Cизни нафақат маънавият ва маърифат жонкуяри, зукко сиёсатшунос олим сифатида ҳам танийди. Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида масъул лавозимларда фаолият юритиб, мамлакатимизда раҳбар кадрларни тайёрлашга ҳисса қўшгансиз. Шунингдек, “Лидерлар китоби”нинг муаллифисиз.
Интернет ва матбуотда бот-бот сўконғич ҳокимлар, муштумзўр раҳбарлар билан боғлиқ нохуш хабарлар тарқалади. Халқ ва давлат ишонч билдирган амалдорларнинг хурмача қилиқлари қонунга ҳам, ахлоққа ҳам тўғри келмаслиги кундек равшан. Бизни қизиқтирган жиҳат бўлак: ўша мансабдорлар Янги Ўзбекистоннинг бошқарув фалсафасини ҳали ҳам тушуниб етмагани сабаби нимада? Хато қайcи нуқтада: тайёрловдами ё тайинловда? Форобий бобомиз орзу қилган фозил етакчиларни тарбиялаш учун, сизнингча, яна нималарга эътибор қаратмоқ лозим?
– Давлатимизнинг янгиланаётган бошқарув фалсафасида “Инсон қадри учун” тамойили алоҳида ўрин тутади. Бунга кўра, давлат бошқаруви фақат маъмурий эмас, балки жамият манфаатларига хизмат қилувчи адолатли механизмдир.
Юртбошимиз илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя ҳаммада катта умид ва ишонч уйғотди. Давлатнинг вазифаси назорат эмас, балки имконият яратишда намоён бўла бошлади. Очиқлик, жамоатчилик билан мулоқот йўлига ўтилди. Қонун устуворлиги, суд мустақиллигини таъминлаб, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирламчи вазифага айланди. Халқ оғирини енгил, узоғини яқин қилиш мақсадида давлат хизматлари рақамлаштирилди. Шу тариқа сиёсий ислоҳотлар жараёнида давлат ва жамият муносабатларига доир янги маданият шаклланмоқда.
Ислоҳотлар давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатлари орқали ҳаётга кўчади, халқ юрагига етиб боради – уларни шу маънода ҳокимият ва халқ ўртасида кўприк дейиш мумкин. Беш бармоқ баробар эмас, қонун ва ҳалоллик сарҳадларини бузаётган, фидойилик ўрнига боқибеғамликни одат қилган, тили ботиру қўли югурик мансабдорлар ҳам учрамоқда. Афсуски, улар халқнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётир.
Баъзан номзодлар эгаллаётган лавозимига касбий жиҳатдан тайёр-у, бошқарув маданиятидан бехабар бўлади. Янги давр талабларини англаб етмаганлар эскичасига иш юритади. Бу – тафаккур ўзгариши билан боғлиқ. Онгу тафаккури ўзгармаган давлат хизматчиси Янги Ўзбекистоннинг бошқарув фалсафасини англай олмайди. Эскича қарашларни Ер сайёрасининг тортишиш кучига ўхшатаман. Коинотга парвоз қилаётган ракета курраи арздан узилиши учун катта тезлик, улкан қувват керак бўлади. Эскича фикрлашдан халос бўлиш учун ҳам кучли ирода керак.
“Тафаккур”да чоп этилган бир фиқрангизда “Хижолатдан қизара билган банда нақадар ғолиб!” деб ёзган эдингиз. Давлат хизмати учун ҳам шундай ғолиблар керак. Улар ҳалол-пок, фидокорона меҳнат қилади, шахсий манфаат ортидан қувмайди, мансаб-мартабани бойиш воситасига айлантирмайди, ўзини халқ хизматидаги оддий инсон деб билади. Мабодо хатога йўл қўйса, хижолатдан юзи ловуллаб кетади... Яқинда ижтимоий тармоқда бир видео кўрдим: Япония иқтисодий хавфсизлик вазири ҳукумат йиғилишига беш дақиқа кечикиб келгани боис жамоатчиликдан кечирим сўради. Ҳолбуки, унинг кечикишига йўлдаги бахтсиз ҳодиса ва тирбандлик сабаб бўлган экан. Кунчиқар ўлкада мансабдорларнинг узр сўраши кўп кузатилади. Амалдорнинг ўз ножўя ҳаракатидан уялиши хатоларни такрорламаслик йўлидаги илк қадам, назаримда.
Бугун давлат хизматида ҳалоллик, халқпарварлик, бирдамлик, фидойиликни қадрият даражасига кўтариш, бунинг учун шахс тарбиясига алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Давлат хизматчилари миллий ўзликни англаш, тарих, она тилимиз ва маданиятимизга ҳурмат жиҳатдан ҳам тайёргарликдан ўтиши керак. Бу борада Маънавият ва маърифат маркази амалий ҳаракатни бошлади; ҳар жума куни “Сиёсий маърифат соати”да вазирлик ва давлат идоралари ходимларига бошқарув санъатидан сабоқ берилмоқда. Жорий йилда “Ўзлик” дарсини ҳам йўлга қўймоқчимиз. Замонавий форматдаги маъруза ва мулоқотлар янги бошқарув фалсафасини англашда кўмакчи бўлади деган умиддамиз.
Давлат хизматини такомиллаштириш йўлидаги чора-тадбирлар давомли, изчил бўлмоғи шарт. Чунки ислоҳотларнинг натижаси биринчи навбатда шу жабҳага боғлиқ. Сиз суҳбатимизни Абдулла Ориповнинг мисраси билан бошлаган эдингиз, мен ҳам хотимада улуғ шоиримизнинг “Ватанни севмоқлик – имтиҳондир бу” деган сатрини эслагим келди. Зотан, давлат хизматчисининг фаолияти ҳам она юртга муҳаббатни исботлаш йўлидаги имтиҳондир. Бу синовдан ёруғ юз билан ўтганлар қанчалар саодатли!..
Эркин СОБИР cуҳбатлашди.
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Қибланамомиз мили расо бўлсин” суҳбати
Тарих
Тил
Жараён
Маънавият
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ