C5+1 – Марказий Осиё ташқи сиёсатида янги эра бошланмоқдами?


Сақлаш
11:51 / 10.11.2025 185 0

 

Яқинда Вашингтонда C5+1 форматидаги АҚШ-Марказий Осиё саммити бўлиб ўтди. Унда минтақа учун муҳим бўлган бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Хўш, C5+1 ўзи қандай формат?

 

Марказий Осиёнинг беш мамлакати иштирокидаги C5+1 формати АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Туркия, шунингдек Европа Иттифоқи билан йўлга қўйилган. 2016 йилдан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиёга қизиқиши кучайди. Бунга биринчи навбатда минтақадаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати сабаб бўлди.

 

Турли сиёсий ўйинчиларнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро муносабатларининг ҳозирги машҳур C5+1 формати илк бор Япония томонидан 1997 йилда таклиф қилинган эди. Ўшанда Япония Марказий Осиёда минтақавий мулоқот учун платформа яратишни таклиф қилди. Маълумки, дунёдаги учинчи иқтисодиёт ҳисобланмиш Япония анъанавий равишда «Катта еттилик» ва АСEАН каби гуруҳларга аъзо ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликка эътибор қаратади ва АҚШни асосий устувор шерик деб ҳисоблайди. Бироқ ХХ асрнинг энг катта асосий ҳодисаси бўлмиш – Совет Иттифоқининг тарқаб кетиши ва Марказий Осиёда янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши Япония ташқи сиёсати йўналишларини ўзгартиришга сабаб бўлди.

 

Бош вазир Хасимото Рютаро юқори даражадаги Корпоратив раҳбарлар Ассоциациясида қилган чиқишида «Евроосиё дипломатияси» деб номланган янги сиёсатни эълон қилди. Ушбу дипломатия доирасида Япониянинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари билан алоқалари мустаҳкамлангани эълон қилинди. Кейинчалик унинг номи «Буюк Ипак йўли дипломатияси»га ўзгартирилди. «Буюк Ипак йўли дипломатияси» учта принципдан – ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун сиёсий мулоқот механизмларини ишлаб чиқиш, минтақавий фаровонликни ривожлантириш учун иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ядро қуролини тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш, демократияни ривожлантириш ва сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида ҳамкорлик қилишдан иборат эди.

 

2004 йилнинг 28 август куни Япония ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагути Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан илк бор учрашди (тўғри, ўшанда Туркманистон номидан вазир эмас, балки мамлакатнинг Қозоғистондаги элчиси иштирок этган эди). Мазкур «Марказий Осиё + Япония» учрашув-мулоқоти якунида «Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги даврга кирмоқда» номли истиқболли сарлавҳа остида пресс-релиз эълон қилинди. Вазирлар учрашувида Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганлиги рамзи бўлган «Марказий Осиё + Япония» форматидаги мулоқот эълон қилингани таъкидланади.

 

Маълумки, бу формат аввал бошданоқ фақат битта мамлакатга қаратилмаган, балки Марказий Осиё мамлакатларига комплекс ёндашувга асосланган эди. Шу сабабли Япония минтақага истиқболли ёндашган илк давлатлардан бири ҳисобланади. Мазкур концепция Япония томонидан «АСEАН+» моделидан қабул қилинган бўлиб, у дунёнинг янги минтақаси – Марказий Осиё учун буюк давлатлар билан мулоқотда сиёсий мавқейи ва иқтисодий салоҳиятини ошириш учун мос деб ҳисоблаган. Япония биргаликда ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларга эга Марказий Осиёни ягона организм деб ҳисоблаган биринчи мамлакат бўлди.

 

Тўғри, Токионинг Марказий Осиёдаги дипломатик фаолияти даражаси бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан бир неча сабабларга кўра паст бўлди. Биринчидан, географик масофа бўлса, иккинчидан Японияда бошқа ташқи сиёсат устуворликлар бор эди. Учинчидан, минтақада инвестициявий ва сиёсий хавфлар ҳам бор эди. Япония минтақада фаоллигини 2013 йилдан кейин қайта тиклади. Мамлакат тарихида илк бор бош вазир Шинжо Абе 2015 йил октябрида Марказий Осиёнинг бешта давлатига ташриф буюрди (бунгача Япония бош вазирлари фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонга келганди).

 

2015 йилги ташрифи давомида Шинжо Абе транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё учун муҳим вазифалар экани ва Япониянинг ушбу соҳаларда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини гапирди.

 

Вашингтонда C5+1 саммити: АҚШ-Марказий Осиё муносабатларида янги босқич

 

Марказий Осиёнинг беш мамлакати сўнгги йилларда жаҳондаги йирик давлатлар билан муносабатларини сезиларли даражада яхшилади. Қўшма ҳаракатлар модели бўлган C5+1 формати бундай олдинга силжишда муҳим роль ўйнади. Минтақадаги барча давлатлар ўзларининг умумий қарашларини яхлит минтақа сифатида ифода этиш оқилона қарор эканлигини тушуниб етди. C5+1 форматида АҚШ, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи раҳбарлари билан муҳим келишувлар тузилди. АҚШ билан C5+1 формати анча йиллардан бери мавжуд. Бу йил унинг ҳақиқий платформа сифатида шаклланганига роппа-роса 10 йил тўлди.

 

Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида 2015 йили АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари шу форматга асос солганди. Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг биринчи учрашуви Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари даражасидаги учрашув эса 2023 йилдан бошланди. АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан C5+1 форматида музокаралар олиб борди.

 

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ C5+1 форматини минтақа давлатлари билан алоқа қилишнинг асосий воситаси сифатида кўради. АҚШ Миллий хавфсизлик стратегиясида Марказий Осиё иқлим ўзгаришига қарши курашиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ва логистикани ривожлантириш нуқтаи назаридан алоҳида минтақа ҳисобланади. Шунинг учун АҚШ минтақа давлатлари билан муносабатларни фаоллаштиришни ният қилган. Бу галги C5+1 саммити АҚШнинг Марказий Осиёга бўлган муносабатида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Унда нутқ сўзлаган Доналд Трамп «АҚШ аввалги президентлар қилган хатоларни тузатмоқда – улар Марказий Осиёни етарлича эътиборга олмаган эди», деди. Оқ уй раҳбари минтақа учун муҳим бўлган фикрни таъкидлади: «Марказий Осиё энди чекка ҳудуд эмас – у стратегик жиҳатдан муҳим, бой ресурсларга эга ва узоқ муддатли ҳамкорликка арзийдиган минтақадир».

 

Саммитнинг асосий натижалари:

– АҚШ барча Марказий Осиё давлатлари билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ниятини билдирди.

– Савдо ва инвестиция бўйича йирик келишувлар эълон қилинди, жумладан, Америка ҳарбий техникасини етказиб бериш бўйича битимлар тузилди.

– TRIPP транспорт йўлаги каби янги инфратузилма ташаббуслари Марказий Осиё мамлакатларига Европа бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтириб беради.

– Қозоғистон расман «Иброҳим келишувлари»га қўшилди – бу минтақавий дипломатияда янги босқични англатади.

– Ўзбекистон ва АҚШ нодир металлар, сув ресурсларини бошқариш, авиация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида келишувлар имзолади; кейинги ўн йилликда 100 миллиард долларлик иқтисодий битим қабул қилинади.

 

Саммитда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга асос солинганидан буён ўтган 10 йилда минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланган «C5+1» форматидаги саммит ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Мазкур саммит Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди. «C5+1» формати доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.

 

Аввало, иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган доимий фаолият юритувчи Котибиятни таъсис этиш таклиф қилинди. Давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» жамғармасини ишга тушириш долзарб экани таъкидланди.

 

Мамлакатимиз раҳбари Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда АҚШ билан фаол ишлашга тайёрлигини билдирди. Муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмитани тузиш таклиф қилинди.

 

Минтақа қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

 

Гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмаларни ташкил этиш таклифи билан чиқди. Давлат раҳбари навбатдаги саммитни Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

 

Тадбирда сўзга чиққан Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон ташқи сиёсатда АҚШни етакчи ҳамкорлардан бири сифатида кўришини таъкидлади ва бешта устувор йўналиш – иқтисод, инвестиция, туризм, ИТ ва хавфсизликка эътибор қаратди. Шунингдек, у минтақа мамлакатлари билан чегара масалаларини ҳал этиш муваффақиятини қайд этиб, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш туфайли Марказий Осиёнинг жаҳон саҳнасидаги ўрни сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Жапаров C5+1 форматидаги ҳамкорлик аниқ натижаларга олиб келишига ва АҚШ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

 

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон барқарор хавфсизликни иқтисодий ривожланишнинг асоси сифатида таъкидлади. У Тожикистоннинг АҚШ ва минтақадаги шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Раҳмон ўз мамлакатининг гидроэнергетика ва «яшил энергетика»да, шунингдек кончиликдаги салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон Республикаси барқарор савдо занжирларини шакллантириш ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишга қодир.

 

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўз мамлакатининг бетарафлик мақомини эслатиб ўтди ва энергия ҳамда транзитга эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Туркманистон Америка сармоялари учун ўз портлари ва транспорт йўлакларини очиш орқали Вашингтон билан газ ва минерал қазилмалар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди. Президент барқарор иқтисодий ўсишни қайд этиб, минтақа ресурсларидан «глобал яхшилик» учун фойдаланишга чақирди. У 2025 йилни халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилишни таклиф қилиб, мамлакат ташқи аралашувисиз мувозанат ва минтақавий барқарорликка интилишини таъкидлади.

 

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Оқ уйда тарихий учрашувни ташкил қилгани учун АҚШ Президентига миннатдорчилик билдирди. У C5+1 саммити Марказий Осиё ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври учун ҳақиқатан ҳам кенг йўл очганини таъкидлади. Тўқаев Доналд Трампнинг халқаро сиёсатдаги ролини алоҳида таъкидлаб, уни ажойиб давлат арбоби деб атади.

 

«Сизнинг раҳбарлигингиз остида Америка олтин даврга кирди. Биз сизнинг Американи яна буюк қилиш (Make America Great Again) концепциянгизни юқори баҳолаймиз. Бу мақсад «Қонун ва интизом» тамойилига асосланган адолатли, кучли Қозоғистонни яратишга қаратилган кенг қамровли стратегиямизга мос келади. Тинчликпарвар сифатида сиз саккиз ой ичида саккизта урушни тўхтатишга ёрдам бердингиз. Шундай қилиб, сиз Американинг халқаро барқарорлик устуни сифатидаги ролини сезиларли даражада мустаҳкамладингиз», – деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

 

АҚШ президенти Доналд Трамп Марказий Осиёни стратегик минтақа деб атади ва АҚШ муҳим минераллар соҳасида Хитой ва Россияга қарамликни камайтириш ниятида эканлигини таъкидлади. У Қўшма Штатлар минтақа мамлакатларида ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлашга миллиардлаб доллар сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

 

Трамп, шунингдек, Каспий денгизи бўйлаб янги транспорт йўналишлари ва Америка компанияларининг миллиардлаб долларлик имзоланган битимлари муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Учрашувнинг норасмий қисмида Оқ уй раҳбари «Америка минтақага яхши шароитлар ва ҳалол ҳамкор сифатида қайтмоқда», деди. Учрашув якунида Трамп Марказий Осиё президентларига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди ва саммитни янги даврнинг бошланиши деб атади.

 

Йиллар давомида Марказий Осиё улкан геосиёсий аҳамияти, табиий бойликлари ва Евроосиёдаги стратегик жойлашувига қарамай, кўпинча эътибордан четда қолган эди. Вашингтон саммити шуни кўрсатдики, C5+1 формати аллақачон расмий учрашувлардан ташқарига чиққан ва иқтисодий-сиёсий қарорларнинг ҳақиқий механизмига айланмоқда. АҚШ эндиликда Марказий Осиёга бошқа давлатлар таъсир доирасининг бир қисми сифатида эмас, балки ўз иқтисодий ва технологик мақсадларига эга мустақил мамлакатлар гуруҳи сифатида муносабатда бўлмоқда.

 

Шу ўринда, Вашингтон саммитига муносабат билдирган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига эътибор қаратиш керак. У Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан МДҲ ва ЕОИИ доирасида ҳамкорлик қилишини эслатар экан: «Бизнинг ўз форматимиз бор: Россия – Марказий Осиё яқинда ташкил этилди. Хитой – Марказий Осиё, Япония – Марказий Осиё, ЕИ – Марказий Осий форматлари бор. Бу кенг тарқалган формат, табиийки Марказий Осиёдаги дўстларимиз ва ҳамкорларимиз ўзаро муносабатларни ташқи сиёсатининг барча жабҳаларида муҳокама қилишлари мумкин», деди.

 

Умуман олганда, мазкур саммит Марказий Осиё давлатлари учун умумий вазифаларни биргаликда шакллантириши мумкин бўлган ягона минтақа сифатидаги янги роли ва мақомини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Вашингтондаги C5+1 саммити минтақанинг янги геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятини намоён этади.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24705
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//