
Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган бўлиб, 20-юзйиллик бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбобларидан бири эди. Унинг 1906 йил 10 октябрда “Хуршид” газетасида “Хайрул умури авсотуҳо” (“Ишларнинг яхшиси ўртачасидур”) босилган мақоласи сиёсий жараёнларга бағишланган бўлиб, социалистик таълимот ва уни Росссияда амалга оширишга бел боғлаган большевиклар партияси фаолиятини кескин рад этган. Муаллиф социализмни зўравонлик, социал тенгликни адолатсизлик деб атаган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1907 йили ишлаб чиққан йирик лойиҳаси “Туркистон маданий мухторияти” ҳужжати – минтақа халқлари манфаатларининг ифодаси бўлиб, унда давлат ишларини туркий тилда юритиш, миллий идоралар ташкил этиш ва унга туркий миллатга мансуб зиёлилардан Думага аъзолар сайлаш қатъий белгилаб қўйилган. Россия империяси таркибидаги мустамлака халқлар номидан Давлат думаси ўз билганича иш тутмаслиги, ҳар бир мамлакатнинг табиий, ижтимоий ва маданий шароитларидан келиб чиқиб қонунлар чиқариши кераклиги таъкидланган.
“Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасининг биринчи бўлими “Давлат думаси хусусинда” бўлиб, унинг таркибига Туркистон аҳолиси сонига нисбатан вакиллар сайланиши лозимлиги ва улар ўз халқлари номидан иш кўришлари белгилаб қўйилиши кераклиги тавсия қилинган. Лойиҳада “Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идораси”ни тузиш, унинг таркибига туркистонлик саводли, шариат ва замондан хабардор кишиларни (идора раиси ва аъзолари) 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, ушбу вакиллик органи Тошкент шаҳрида жойлашиши белгилаб қўйилган.
“Туркистон қозилари хусусинда” бўлимида эса қозилик ва суд ишларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари кўрсатилган. Қозилар прокуратура идорасига эмас, Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идорасига бўйсуниши ҳамда доимий равишда унинг назорати остида фаолият олиб бориши кераклиги уқтирилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий юқорида ташкил этилиши тавсия қилинаётган барча идораларнинг ходимлари олдига идора биносида ўтириб қоғоз тўлдириш эмас, халқ ичида юриб, уларнинг орзу-истакларини амалга ошириш вазифасини қўяди: “Бизни ҳозирги мансабдорларимизни хизмати фақат тўғрилик ва ёмонларни ушлаб тейишли жойиға топшурмоқ, подшоҳлик солиқларини вақтиға йиғиб бермоқ ва халқни тинч сақламоқдан иборатдур. Мундин бошқа хизматни ҳануз аксар миллий маъмурларимиз, яъни мактаб ва мадрасаларни янгидан очилмоқиға, эски ва янги мактаб ва мадрасаларни ва ўқилатурған русий, мусулмоний илм ва фунунни ривож топмоқиға қилинатурган саъй, юрулатурган йўлларни гўё билмайдурлар, ҳукумат ила раият орасиға фавқулодда хизматни кам қиладурлар, замони келса, билсалар ва қилсалар керак ва аммо замон ҳозирги замондур”.
Лойиҳада Туркистонда истиқомат қилиб келаётган бошқа дин ва миллат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам инобатга олинган. Маълумки, Турон заминига яшаш учун кириб келган яҳудийлар ва бошқа миллат вакилларидан жон солиғи олинган бўлиб, улар бир қатор чекловларга бўйсунишга мажбур бўлганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда яшаб турган хорижий фуқаролар ва бошқа дин вакиллари ўз урф-одатларига амал қилиб, байрамлари ва анъаналарини ўтказишлари мумкинлиги, аммо шариат қонунларига ҳурматда бўлишлари кераклигини уқтирган.
Ушбу лойиҳа “Мулкий маҳкамалар” ташкил этиш бўйича ҳам асосли сабаблар келтирилиб, уларга кенг ваколатлар бериш лозимлиги қайд қилинган. Туркистоннинг иқтисодий асосларидан бири бўлган вақфлар ишларини ташкил этиш ва бошқариш масалалари лойиҳада алоҳида бўлимда белгилаб қўйилган.
“Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасида маориф ишларини ташкил этиш бўйича ҳам зарур тавсиялар тақдим қилинган. Маҳмудхўжа Беҳбудий маориф ишлари ҳар бир мамлакатнинг ўзининг миллий масаласи бўлиб, Россия империясидан таълим соҳасига мустақиллик беришини сўраган. Лойиҳанинг “Умум мактаблар” бўлимида мактаб ва мадрасаларни ҳукумат назоратидан озод қилиш, улар фаолиятини кузатиб борувчи комиссия ташкил этиш, рус тилини ўқитишни мажбурий қилиб қўймаслик белгилаб қўйилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий хусусий таълим тарафдори бўлган, мактаблар ва олий таълим муассасалари давлат назоратидан ҳоли фаолият юритсагина билимли ва саводли кадрлар етиштириб беради, деб ҳисоблаган.
Лойиҳанинг тўққизинчи бўлими “Сув ва ер ишлари”га бағишланган бўлиб, дунёнинг барча ҳудудларида яшовчи мусулмонларга Туркистондан, шунингдек, туркистонликлар ҳам истаган мусулмон давлатларидан ер олиш ҳуқуқига эга бўлишлари белгилаб қўйилган. Туркистон халқи талаб қилмагунча, Туркистонга аҳоли кўчирилмаслиги, ер ва сув ишлари миллий мутахассислар томонидан бошқарилиши кераклиги таъкидланган.
Табиийки, Россия империяси ҳукумати бу лойиҳани рад этиб, унинг амалга ошишига йўл бермайди. Шундай бўлса-да, жадидлар Туркистон мухторияти ғоясидан воз кечмади. Турли сиёсий уюшмалар, жамиятлар тузиш ҳаракатига тушди.
Жадидларнинг миллий мухторият тузиш ғояси 1917 йил 14 мартда ташкил топган “Шўройи Исломия” фаолияти даврида расмий тусга кирган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу жамият тузилганини олқишлаб, Туркистон аҳолисини унинг атрофида жипслашишга чорлаган. Жадид ва қадим низосини тўхтатиш, бойлар, уламолар, тараққийпарварлар бирлашсагина Россиянинг мустамлака тартибларидан қутилиш мумкинлигини қайд этади.
1917 йил мартда Туркистонда мустақиллик ва миллий давлатчиликни тиклаш ҳаракатлари бошланиб, унинг бошида Туркистон жадидчилигининг йирик намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар турганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Баёни ҳақиқат” мақоласида юқоридаги фикрларини давом эттириб, миллий озодлик, миллий давлатчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратади: “Билмоқ керакки: ҳақ олинур, берилмайдур. Ҳар бир миллат, мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи динийя ва сиёсиясини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади”. Муваққат ҳукуматнинг ваъдаларига ишонган мутафаккир сиёсий ва иқтисодий масалаларда Россия билан ҳисоблашишни, баҳамжиҳат ҳаракат қилишни ёқласа-да, ички тартибларни мустақил идора қилишни, ўз парламентига эга бўлиш ғоясини илгари суради.
1917 йил ёзида Россия ўз муаммолари билан овора бўлиб турган даврда Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон халқлари келажагини ўйлаб, “Биз истаймизки, бутун Русия мусулмонлари мухторият усули юзасидан тирикчилик қилсунлар... Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда... Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз (парламентаризм) бўлсун”, деб янги таклифлар берган. Бу таклифга биринчи бўлиб чоризмдан қолган “буржуачилар” эмас, “морозовчилар”, яъни бўлғуси большевиклар қарши чиққан. Улар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг адолатли ёндашувларидан хато топа олмаганлар. Бироқ унинг таклифларини “шошқалоқларча” берилган, дея эътироз билдирадилар. Шунингдек, ўзларининг ҳар жиҳатдан устунликларини кўрсатиб, “Мусулмонлар ўзларини бошқаришда ҳали руслардан кўп ўрганишлари керак. Думада ишбилармон, уддабурон, меҳнатсевар кишилар ўтирса, унда турли жамият ва сиёсий гуруҳ талабларини ёқлайдиган кишилар бўлса, шаҳарда ишлар яхши кетади. Бундай гуруҳлар русларда кўп бўлади, мусулмонларда эса бўлмайди... Фикримизча, агар мусулмонлар ва маҳаллий яҳудийлар сайловчиларнинг ярмини юбориб, иккинчи қисмини маҳаллий бўлмаганларга қўйиб берсалар, иш равнақи учун фойда ва ҳаққонийлик бузилмаган бўлади”, деб хулоса ясайдилар.
1917 йил октябрь воқеалари Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик қуриш борасидаги ҳаракатларини янада тезлаштирган. Улар томонидан тайёрланган низом, маромнома каби ҳуқуқий ҳужжатлар Туркистон Мухториятининг расман шаклланишига ғоявий мафкуравий асос бўлиб хизмат қилган. Беҳбудийнинг “Туркистон маданий мухторият лойиҳаси”да қозилик ишларини тартибга солиш, маориф масалаларини ҳал қилишда мухторият талаб қилинган бўлса, 1917 йил тайёрланган “Шўройи Исломия”нинг Муваққат қонуни, Шоислом Шоаҳмедовнинг “Туркистон федерацияси лойиҳаси”, “Турк адами марказият фирқасининг маромномаси”да миллий демократик мухтор давлат бошқарувининг қонун-қоидалари тўла мужассамлаштирилган.
1917 йил 26–28 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойида Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинган. Қурултой жараёнида Миллий Мажлис таркибига Туркистон жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари Убайдулла Хўжаев, Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли, Обиджон Маҳмудов, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар киритилган. Ҳукуматнинг дастлабки таркибига Убайдулла Хўжаев ҳарбий вазир, Обиджон Махмудов озиқ-овқат вазири, Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли маориф вазири (1917 йил декабрь) сифатида киритилиши ҳам жадидларнинг сиёсий жабҳадаги мавқеларини кўрсатди.
1917 йил 27 ноябрда Туркистон мухторияти тузилган пайтда мустақил яшашни унутиб қўйган халқ саросимага тушади. Маҳмудхўжа Беҳбудий уларни тинчлантириб, мухториятнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилган. Мухторият тушунчаси бугун пайдо бўлиб қолмагани, уни тузиш учун ҳаракатлар 1917 йилнинг апрелида бошланганини уқтиради.
Шу ўринда қайд этиш керакки, ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида низолар келтириб чиқаришга ҳаракатлар, қозоқларнинг алоҳида мухторият тузишга интилишлари Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳам ташвишга солган ва “Ҳуррият” газетасининг 1918 йил 26 январь сонида “Қозоқ қариндошларимизга очиқ хат” билан чиққан: “Бовурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва, сиз билингки, “Ҳақ олинур, берилмас!” Яъни “мухторият”ни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб ғайрат ила олурлар, албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлиға саъй қилмасак, албатта ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар, бул, албатта шундайдур ва бул сўзға ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур.
Чироғларим, бирлашайлик! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрулсангиз, туркман қариндошлар-да айрулса, Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчаға мухториятдан насиба чиқмай қолур”.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қўрқинч ва ваҳимадан ҳоли мухторият ҳақидаги фикрларига қарши ўлароқ, Туркистон мухторияти қонга ботирилади. Бундан мутафаккир қаттиқ тушкунликка тушади ва бир муддат матбуотда чиқишлар қилмай қўяди. Аммо бу пайтда Туркистон бошига яна бир ташвиш – очарчилик балоси тушган эди. Шунингдек, большевиклар “сопини ўзидан чиқариш” усулини қўллаб, Туркистон аҳолисини аскарликка олиш, “миллий қўшин” тузиш ва уларни ватан озодлиги учун курашаётган қўрбошиларга қарши курашга юбориш масаласини кун тартибига қўйган эдилар. Совет ҳукуматиниг жирканч ниятини англаган Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳукуматга биринчилардан бўлиб аскарлик масаласида ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқанддаги ғалла билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун 1918 йил 16 июлда Тошкентга келганда, Туркистон ҳукумати раиси Иван Тоболин билан учрашиб, у билан ғалла; аскар олиш; тазминоти ҳарбия; ер ва сув масаласида суҳбатлашган. Ўзининг узоқ йиллик тажрибасидан келиб чиқиб Иван Тоболинга, “Туркистоннинг ҳозирги дохилий ва хорижий душманлари аҳволини ва халойиқнинг аҳволи руҳия ва эътиқодия ва маишиясиға бир оз бўлса ҳам аҳамият бермак ва риоя қилмоқ кераклигини” билдирган ва ўз таклифларини тақдим қилган. Таклифларидан иккитаси ҳарбий соҳага оид бўлиб, биринчиси, умумий аскарликка олиш масаласи эди. Беҳбудий Туркистон халқи бунга тайёр эмаслиги, аҳоли орасида кўникма пайдо бўлиб, аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, кўнгилли ёшларни оилавий шароитидан келиб чиқиб хизматга олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Иккинчиси, тазминоти ҳарбия (ҳарбий солиқ) масаласи бўлиб, Беҳбудий очарчиликни бошдан кечираётган Туркистон халқига, айниқса Самарқанд аҳолисига бу йиғимни жорий қилинишига қарши чиққан: “Очарчилик Туркистоннинг ҳар ериндин зиёда Самарқандда ҳукм сурди ва Самарқанднинг бойлари бошқа жойлардан оз бўлса ҳам рус, яҳудий, мусулмонлар ёлғиз Самарқандда саккиз миллийун қадар тазминот ва уч-миллийун қадар очлиқ солиғи бердилар... Хулоса: ҳар ҳолда Самарқанддин янгидин тазминоти олинмаса эди. Чунки ҳозирда маишат ва сиёсат осойишталикни талаб этадур. Халқ ҳам очлиқ ва қимматчилиқ ва шунга ўхшаш оғирлиқлардан ҳориган ва асабийлашгандур. Оқча керак бўлса, бошқа йўллар билан солиғ тариқинда тўпланмоғи мумкиндур”.
Хулоса қилиб айтганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат давлатчилик борасидаги сиёсий қарашларини илгари сурди, балки уни амалга ошириш ишларига ҳам бош-қош бўлди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ЎзФА Тарих институти директори ўринбосари,
тарих фанлари доктори
Тарих
Жараён
Адабиёт
Фалсафа
Жараён
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ