Биз ўзимиз яратаётган дунёдан қўрқишимиз керакми? – Талабанинг дистопик келажак ҳақидаги ўйлари


Сақлаш
17:07 / 20.05.2025 7 0

Бугун эрталаб соат 7:32 да уйғондим. Ётоқхона деразасидан ташқарига қарадим, осмонда қизғиш-пушти тонг ёришаётган эди. Университетимизнинг катта биноси узра булутлар орасидан қуёш нурлари сочилаётган манзара шундай гўзал эдики, уни суратга туширмоқчи бўлдим. Телефонимни қидириб топгач, экранга қарадим: 23 та ўқилмаган хабар, 7 та лайк, 15 та янги пост ҳақида билдиришномалар... Телефон камераси режимига ўтишдан олдин бармоқларим беихтиёр ижтимоий тармоқлар иконкасини босди.

 

Қарайман, гўзал тонг манзараси ғойиб бўлди, ўрнида экраннинг совуқ нури, тугамайдиган лентаси, бошқаларнинг ҳаёти парчалари... Бирдан Ҳакслининг “Ажиб янги дунё”сидаги “Сома дорисини ичгин, ҳамма ғамларни унутгин” деган сатрлар ёдимга тушди. Телефонни четга қўйдим ва тонг манзарасига қайтдим, лекин у аллақачон ўзгариб, оддий кунлик манзарага айланиб улгурган эди.

 

***

Мен университетда адабиёт фанидан “Дистопик адабиёт” мавзусида курс танладим, гарчанд йўналишим Дастурий муҳандислик бўлса-да (Шунақа йилда бир семестрда бошқа йўналишлардан қисқа курслар олишимиз мумкин). Дарсимиз учун белгиланган китоблар рўйхатига қараб, кўзим Оруеллнинг “1984” асаридаги Уинстон Смит кундалигининг биринчи сатрларига тушди: “4-апрель, 1984”. Оддий сана, оддий вақт, лекин уни ўқиб туриб, елкамдан совуқ шамол эсгандай бўлди, негадир билардим, бу оддий кундалик эмас, балки инсонга хос бўлган энг муҳим нарсани – эркин фикрлашни сақлаб қолиш курашининг бошланиши эди.

 

Биринчи машғулотда профессор биздан “Нима учун дистопия ўқиймиз?” деган саволга жавоб ёзишимизни сўради. Кўпчилик “Келажакдаги хатарлардан огоҳ бўлиш” ва “Жамият муаммоларини янада чуқурроқ тушуниш” каби жавоблар ёзди. Мен эса шундай ёздим: “Чунки биз аллақачон дистопияда яшаяпмиз”. Профессор менга ғалати қаради ва “Бу жавобингизни тушунтириб берсангиз...” деди.

 

Мен жим бўлиб қолдим. Қандай тушунтириш мумкин унга ҳамма нарса рекламага айланган дунёни? Қандай тушунтириш мумкин ҳар бир ҳаракатимиз, ҳар бир харидимиз, ҳар бир излаган сўзимиз кимлардир томонидан қайд қилинаётганини? Қандай тушунтириш мумкин эркинликни қулай ва тезкор хизматларга алмаштираётганимизни?

 

Индамай қолдим. Лекин ўша кундан бошлаб кундалик тутишни бошладим, реал дунёда кўрган дистопик белгиларни ёзиб бора бошладим.

 

***

23-апрель. Ижтимоий тармоқларда бир тарихий воқеа ҳақида катта баҳс кетмоқда. Баъзи манбалар уни ўхшаш, бошқалари бутунлай бошқача талқин қилишмоқда. Менинг дўстларим ҳам икки гуруҳга бўлиниб, бир-бирларига қарши чиқишмоқда. Қизиқ, ҳар бир томон ўзининг ҳақлигига ишонади. Оруеллнинг “Тарихни назорат қилган киши келажакни ҳам назорат қилади” деган сўзлари миямга михдай қоқилди. Бугунги дунёда ҳақиқат нимада? Уни ким белгилайди? Ижтимоий тармоқларимизда кўрган нарсаларимиз, алгоритм “бизга кўрсатиши керак” деб танланган маълумотларими?

 

24-апрель. Кеча Instagram ва Youtube'да ўтирганимда янги смартфон рекламаси камида ўн марта чиқди. Эрталаб уйғонганимда эса, тушимда ўша телефонни кўрган эканман, харид қилиш истаги пайдо бўлди. Гарчи менинг телефоним яхши ишлаётган бўлса-да, негадир янги модел менга керакдек туюлди. Бредберининг “Фаренгейтнинг 451 даражаси” асаридаги Милдред образи эсимга тушди. У ҳам телевизор экранидаги “оиласи” билан яшарди ва реал одамлардан кўра реклама қилинган нарсалар билан кўпроқ боғлиқликни ҳис қилар эди. Мен ҳам секин-аста шундай бўлиб қоляпманми?

 

***

Курсимизда биринчи бўлиб Замятиннинг “Биз” романини ўқидик. Биз талабалар унга “жуда эски” деб баҳо бердик, ахир 1920 йилда ёзилган роман-а! Лекин унинг бир сатридан бутун вужудим музлаб кетди: “Лекин мен тайёрман, худди ҳар биримиз каби, ёки деярли ҳар биримиз каби. Мен тайёрман”. Асарнинг қаҳрамони Д-503 рақамли шўрлик қаҳрамонга “хаёлпараст” касаллиги ташхиси қўйилади. Унинг “жинояти” – эркин фикрлаш, ҳис қилиш. Шаффоф деворлар ортида яшаб, ҳис-туйғуларни қаттиқ назорат қилувчи Ягона Давлат қуршовида унинг бир кунлик кундалиги саҳифаларидан инсоннинг қандай қилиб ўзлигини топа олиши мумкинлигига оид ларзага солувчи ҳикоя очилади.

 

Шу куни университет ошхонасида овқатланиб ўтирардим. Рўпарамда ўтирган курсдош қиз телефонидан бошини кўтармай овқатланарди. Мен унга: “Бу китоб ҳақида нима деб ўйлайсиз?” деб сўрадим, “Биз”ни кўрсатиб. У жавоб бермади. Телефонига тикилиб турарди. Мен яна сўрадим. У ниҳоят бошини кўтарди, қулоқчинини чиқарди ва “Нима дедингиз?” деб сўради. Мен саволимни қайтардим. У “Билмадим, ўқимаганман”, деди-да, яна телефонига қайтди.

 

Ўша лаҳзада тушундим – биз ҳаммамиз алоҳида камераларда яшаймиз. Ҳамма атрофимизда, лекин ҳеч ким бизга тегмайди, бизни эшитмайди, бизга қарамайди. “Биз” романидаги каби, ҳаммамиз шиша деворлар ортида яшаяпмиз: бирга, лекин айро.

 

***

Адабиёт ўқитувчимиз дистопик асарларни таҳлил қилишда “уч қатлам қоидаси”ни тавсия қилди:

1.                 Сиртқи қатлам: асар тасвир этаётган дунё қандай?

2.                 Ўрта қатлам: бу дунёга қандай келиб қолинди?

3.                 Ички қатлам: бу дунёда инсонийлик қандай сақланиб қолади?

 

Мен бу қоидани ҳаётимга татбиқ қилишга ҳаракат қилдим:

1.                 Сиртқи қатлам: Мен рақамли дунёда, доимий боғланиш ва алоқа асрида, чексиз маълумотлар оқимида яшайман;

2.                 Ўрта қатлам: Бу дунёга биз қулай ҳаёт, тезкор алоқа, кўпроқ имкониятлар излаб келиб қолдик. Лекин йўл давомида нимадир йўқотилди;

3.                 Ички қатлам: Бу дунёда инсонийлик қандай сақланиб қолади? Мана шу савол мени кечалари ухлатмайди.

 

***

Этвуднинг “Канизакнинг қиссаси” асарини ўқиб, анча таъсирландим. Қизил кийимли аёллар, қатъий тартиб, яшаш имконияти фақат ҳомиладор бўлишга боғлиқ бўлган аёллар. Гилеад жамияти деб аталадиган бу дунё аввалига фантастикадек туюлди. Лекин кейин тушундим – Этвуд осмондан олиб ёзмаган. Тарихда бўлган воқеалар, дунёнинг турли жойларида аёллар бошидан ўтказган ҳолатлар, кучайиб бораётган зуғумлар, чекловлар – буларнинг барчаси асар заминида ётибди. Асар қаҳрамони Офред исмли аёл дераза олдида ўтириб ўз ҳаётини эслайди ва ҳикоя қилади. У шундай дейди: “Мен эртаклар тўқийман, чунки эртаклар тўқиш тирик қолиш усулидир”. Бу оддий гапда шунчалик чуқур маъно бор эдики, уни ўқиб туриб, шу заҳоти китобдаги ҳамма гапларни қайта ўқигим келди, ахир у ерда мен кўрмаган қандай сирлар яширинган экан?

 

Мен кутубхонамизнинг томига чиқдим. У ерда бир бурчакда, ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўтирардим кўпинча. Осмонга қарайман. Китоб ўқийман. Баъзан шунчаки хаёл сураман. Мен ҳам ўзимча эртаклар тўқийман – келажак ҳақида, озодлик ҳақида, инсонлар бир-бирига боғланган дунёда ҳеч ким ўзини боғлиқдек ҳис қилмаслиги ҳақида.

 

Дистопия адабиёти бизга энг даҳшатли келажакни кўрсатиб, ғалати тарзда умид беради. Чунки бу китобларнинг асосий қаҳрамонлари – исёнкорлар, тизимга қарши чиқадиганлар, саволлар берадиганлар.

 

***

Бир куни мен курсдошларимга “Биз ўзимиз яратаётган дунёдан қўрқишимиз керакми?” деб сўрадим. Баъзилари “Ҳа, албатта” дейишди. Баъзилари “Йўқ, технологиялар бизни қутқаради” дейишди. Мен ўйланиб қолдим.

 

Дистопик асарларнинг энг кучли томони ҳам шунда, улар бизга тайёр жавоблар бермайди. Улар бизни фикрлашга, саволлар беришга, келажагимиз ҳақида масъулиятли бўлишга ундайди. Балки айнан шу орқали бизни уйғота олади.

 

***

Кампусда турли хилдаги қизиқишларга эга талабалар яшаймиз. Баъзилар технология ва инноватсияларга жуда қизиқади, яна баъзилар эса компьютер ўйинлари дунёсини афзал кўради. Ҳа, айтганча, яна баъзилар камдан-кам ҳолатларда, китоблар дунёсига қочади мен каби. Биз турличамиз, лекин ҳаммамиз шу савол билан юзланамиз бугун ё бир кун: инсонийлигимизни қандай сақлаб қоламиз?

 

Мен “1984”даги Уинстон Смитни яхши кўраман, гарчи у мағлуб бўлса ҳам. У шундай савол беради: “Агар инсон барибир инсон бўлиб қолса, бу тизимнинг мағлубияти эмасми?” Унга қўшиламан: биз ўз инсонийлигимизга, ҳис қилиш, фикрлаш, севиш қобилиятимизга қайтганимизда – енгамиз.

 

***

Курс охирида баъзи курсдошларим билан бирга тушлик қилдик. Мен уларга “Дистопик адабиёт ҳақида нима деб ўйлайсизлар?” деб сўрадим. Уларнинг бири менга бироз ғалати қараб, “Нега бу ҳақда сўраяпсан?” деди.

 

“Сизларни бу мавзу қизиқтирадими ўзи?” деб сўрадим.

 

“Тўғрисини айтганда, йўқ” деди биттаси, “Ҳаётда жуда кўп муаммолар бор. Мен бўш вақтимни қўрқинчли келажак ҳақида ўйлаш билан эмас, кўнгилхушлик билан ўтказишни хоҳлайман”.

 

Мен уни тушундим. Ҳаёт оғир, дистопик асарлар эса ундан ҳам оғирроқ кўринади. Лекин дистопия биз ўйлаган нарса эмас. У бизни қўрқитишга эмас, балки кучли бўлишмиз учун хизмат қилади. У саволлар беради, танлов имкониятини эслатади, ҳамда исёнкорлик ва эркин фикрлашга ундайди.

 

Бугун тунда хонам деразасидан кўтарилаётган ойга қараб, дистопик адабиётнинг нима учун муҳимлигини тушунибман. У бизга энг қора тундан сўнг ҳам тонг отиши мумкинлигини эслатади, энг кучли назорат остида ҳам эркинлик қидириш мумкинлигини кўрсатади.

 

Шундай қилиб, ушбу дистопик адабиётлар ҳақида ёзиш орқали мен келажак авлодларга етказишни истайдиган энг қимматли сабоқ: қанчалик қоронғи бўлмасин, инсон қалби нур излашни тўхтатмайди. Қанчалик қийин бўлмасин, инсон юрагида исён қўзғалади.

 

***

Дистопия нима учун керак? Чунки у бизга қандай дунёда яшашни истамаслигимизни кўрсатади ва шу орқали қандай дунёда яшашни хоҳлашимизни аниқроқ тушунишимизга ёрдам беради.

 

Қанчалик қўрқинчли бўлмасин, дистопик адабиёт умид беради. Чунки уни ёзган муаллифлар, ўқиган китобхонларнинг ҳаммаси янада яхшироқ дунёни тасаввур қилиши, унга интилиши мумкин. Бир сўз билан айтганда эса, дистопия – бу тунни тасвирлаш орқали тонгни улуғлашдир.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18134
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//