
Бу воқеа юз берган йили август жуда иссиқ келган эди. Ёзнинг бошидан бошланган қурғоқчилик эса деҳқоннинг кўзини қонга тўлдирган. Биринчи марта оталар дарғатнинг бошига болаларни қоровулликка қўйишга юраги бетламай қолганди. Сув талашиб, ким кимнинг белига кетмон билан солар, бошқаси бўлса шунчаки чавақлаб ташлар эди. Томорқамиздаги экинларнинг қулоғи филнинг қулоқларидай шалпайиб турарди. Эгатлар ёрилиб-ёрилиб кетган, болалар яхши кўрадиган бодринглар кампирга ўхшаб буришиб қолган эди.
Бир сўз билан айтганда, ит эгасини танимаган ўша йили мен биринчи марта ёзги таътилга чиққандим. Худди йил бўйи ўқиб, қойиллатиб қўйгандек қишлоқ болалари каби менинг ҳам оғзим қулоғимга етганди. Аслида бу у қадар хурсанд бўладиган воқеа эмас. Чунки аввал мол боқиш ва уйдаги майда-чуйда ишлардан мактаб баҳона қутулиб қолсак, энди бунинг сира иложи йўқ эди. Молларни кўпроқ укам далага ҳайдаб кетарди, мен эса оёғимга тушов тушгандек бир товуқ қайтаришга югурсам, бир картошка палагидаги қўнғизларни териб чиқар, бир онамга уй тозалашга қарашсам, бир отам билан қўшилиб носкадисини излар эдим. Менга ҳам адоғи йўқ майда ишлардан кўра молларни далага қўйиб юбориб, тутнинг соясида сомон чайнаб ётиш ёқарди. На илож, бу ҳафта укамнинг омади келди. Катталарнинг айтишича, укам мол боқишни мендан яхшироқ эплаётган экан.
Мен ўша кунга қадар бирор марта отамсиз ухлаганимизни ёки отам уйга келмаганини эслай олмайман. Очиғини айтганда, отам болажон эмас эди. Биз ҳам унга эркаланиб, хархаша қилиб юрмасдик. Аммо ўртамизда кўринмас шундай ришта бор эдики, у билан фахрланардик. Бошқалар қанчалар фахрланган билмадиму, аммо мен отамга бошқаларни тенглаштиролмас эдим. Қўшнилар билан солиштирган тақдирда ҳам ҳар сафар отам енгиб чиқарди. Тўғри, унинг машинаси йўқ эди, аммо унинг дераза ромидан ортган бўёқнинг каромати билан яп-янги бўлиб қолган велосипеди бор эди. У оёқуловини жуда эҳтиёт қиларди, доим унга алоҳида марҳамат кўрсатар, ҳар ҳафтанинг сўнгида оёқларини ечиб, занжирларини мойлаб қўярди.
Отам уч қишлоқ наридаги мактабга қатнаб ишларди. Унинг ишдан қайтишининг ўзи бир маросим эди гўё. Укам уйнинг олдига – кўчага чиқиб турарди, мен эса уч уй наридаги муюлишда турардим. У ердан қўшни қишлоқ бошланарди ва гоҳ буғдой, гоҳ пахта экиладиган дала бўйлаб қайрилиб кетган йўл узоқ-узоқларгача кўриниб турарди. Мен отамнинг шарпасиданоқ танирдим, унинг бир маромда педаль босиши ва велосипед устида ҳам кибр аралаш қаддини рост тутишини такрорлаб бўлмасди. Отамни кўришим билан укамга бақирардим: «Отам келяпти… отам келяпти…» Укам эса уйда овқатни тунука товоққа солиб, печканинг олдида ўтирган онамга етказарди. Онам газ печкани ёқарди. Шу билан отам кийим алмаштириб бўлганда, уни бекаму кўст дастурхон кутиб оларди. У чой ичаётганда ҳамма мум тишлаб ўтирарди. Ўзининг таъбири билан айтганда, қорни тўйиб, кўзи жойига тушгандан сўнг озгина суҳбат бўларди ва яна ҳовлида иш қайнарди.
Бу сафар мактабни таъмирлаш учун жўнаб кетган отам қайтиши билан апил-тапил чой ичган бўлдию, яна велосипеди билан туман марказига жўнаб кетди. Отамнинг юзида хавотир бор эди. Онамга нималарнидир озгина тушунтирди. Мен оғзига қараб ўтирдиму, аммо ҳеч нарса тушунмадим. Онам эса қайғули оҳангда «шу етмай турувди…» деди холос.
Отамнинг мушаклари бақувват эди. Спорт билан шуғулланганини кўрмаган бўлсамда, унинг мушаклари қурбақага ўхшаб бўртиб турарди. Қўшни хотиннинг шанғиллашлари остида товуқларимизни унинг томорқасидан қайтариб келганимда отам қайтиб келибди, тўғрироғи, яна қаергадир кетаётган экан. Машинада!
– Хавотирга ўрин йўқ, – деди отам нималарнидир тайинлаётган онамнинг гапини бўлиб. – Биз шунчаки қўшни тумандаги сув омборини қўриқлаймиз. Қўлимизга қурол ҳам берармиш. Лекин… – деди кафтидаги тупроқ носни тилининг остига ташлаб, – лекин Сариосиёда роса тўполон бўлаётган экан. Айтишларича, давлат раҳбари ҳам етиб борибди. Отам нос отганда ҳам товушларни бузмасдан талаффуз қиларди. Бундан ҳам фахрланардим. Бу ҳам мен учун «санъат» эди. Чунки конфетни тилимнинг остига солиб, гапиришга уринганимда куркадек ғулғулаганман холос.
Ўша куни отам кечки овқатда дастурхон бошида ўтирмади. Укам молларни боқиб келиб, отамнинг йўқлигидан ҳайратга тушди. Бироқ мен унга тушунтирдим, отамга бугун милтиқ бераркан, дедим оғзим қулоғимга етиб. У барибир тушунмади. Охири кечки дастурхон бошида йиғлади. Ўзим ҳам сезгандим, у борган сари тўқими овиб, кўзида ёш айланаётган эди. Охири кўзёши тўлачадан келган ёноғидан гилдираб иягига қараб жўнади. Сўнг овози ҳам чиқди ўша кўзёшнинг.
Онам жим бўлмаса ҳозир дўхтир чақиришини айтди. Онамга ҳам бир гап бўлганди. У ҳам худди бўғзига нимадир тиқилиб қолгандек чийиллаб гапирарди. Онам товуқ катагининг оғзи очиқ қолганини эслаб, ёпиб келишга чиқиб кетди. Аммо у узоқ қолиб кетди. Ва уйга кирганда йиғлаганини қизариб кетган кўзлари сотиб қўйди. Онамнинг қошлари табиий гўзал эди, аммо у хафа бўлганда янада гўзаллашиб, синфхонамиз доскасининг устидаги Навоийнинг қошига ўхшаб қоларди.
Мен отамга ўхшардим. Буни улғайганимда кўпроқ англаб етдим. Мен отам каби тошбағир эдим. Буни биринчи марта укам иккаламизни ит тишлаб, шифохонада ётганимизда билганман. Отамнинг айтишича, бизни тишлаган ит «Лайка»мизнинг отаси экан. Ўзиям эшакдек келарди у. Аммо бизнинг «Лайка» бировга бесабаб ҳурмасди ҳам. Хуллас, биз бир ҳафта шифохонада ётдик. Қутуришга қарши укол қилишди. Ва қутуришимизни кутишди, менимча. Биз қутурмадик. Лекин ўшанда ҳам укам ота-онамни соғиниб йиғларди. Менга эса Пушкин бир жаҳон. Отам олиб берган полиция машиначасини маза қилиб ўйнардим.
Укам йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолди. Менинг кўзимда уйқудан асар ҳам йўқ эди. Ҳа, болалигимдан уйқусизлик касалига чалингандим. Адашмасам, бу бобомнинг ўлими билан боғлиқ эди. Бир куни ярим кечаси «Бобом нега ўлади?» деб йиғлаб уйғондиму, шундан кечалари уйғониб кетадиган ёки энг кеч ухлайдиган одат чиқардим.
Онамнинг ҳам кўзига уйқу келмаётгани кўриниб турарди. У ўзини овутиш учун китоб ўқиётганди. Мен қалин китобнинг муқоваси ортига расм чизиб ўтирардим. Онам бир-икки ухлашим кераклигини эслатди. Бироқ у аниқ ухлашим кераклигини айтмади. Демак, онамга ҳам менинг уйғоқлигим маъқул эди. Шу аснода отам ҳақида ўйладим, у ҳозир нима қилаётган экан. Қўлидаги милтиқ билан душманнинг додини бераётганмикана?
Шу пайтгача ҳар беш дақиқада пириллаб қоладиган телевизоримиздан кўрганим, қўлига қурол тутган одам, албатта, кимгадир ўқ узиши керак эди. Бунақа киноларни отам яхши кўрарди. Биз сўзини тушунмасдик, бироқ отам буни тушунарди ва берилиб кўрарди.
Сартарош амакимнинг айтишича, отам Афғонда хизмат қилган экан. У жаҳли чиқса, тентак бўлиб қолармиш. Чунки ҳамма афғончилар шунақа эмиш. Бироқ мен отамнинг тентак бўлганини бирор марта кўрмаган эдим. Фақат у бола билан ўйнашни билмасди. Отам билан боғлиқ энг яхши хотирам онам холамларникига қидириб кетганда мени ухлатиш учун айтиб берган балиқчи чол ҳақидаги эртак эди. Ўшанда бирам маза қилгандим, отамнинг иссиқ қўнжига кириб, ухламасликка тиришардим, отам эса мени ухлатиш учун эртакни аччиқ ичакдек чўзарди. Индаллосини айтганда, иккаламиз икки фронтда жанг олиб борардик.
Отам келмаслигини билсам ҳам, зерикиб кетганимдан онамдан отамнинг қачон келишини сўрадим. Онам эса қуруққина қилиб: «Бир ухлаб турсанг…» деди. Укам хуррак отишни бошлаб юборди. Онам энди китобни қўйиб, кроссворд ечишга ўтганди. У бўш катакларни ҳарф билан тўлдириб чиқарди. Бир пайт чироқ ўчди. Онам туртиниб-суриниб, мойчироқни ёқди ва қиёмат куни ҳам бизнинг чироқчилар чироқни ўчиришни унутмаслигини айтди. Онам ҳали ҳам нимадандир норози эди, табиий киртайган кўзлари янаям аянчли тус олганди. Расм чизишни тўхтатиб, укам билан онамнинг орасига тиқилдим. Укамни суриб ташладим. Билардимки, укам бир ухлагач, танк отсаям уйғонмасди.
Онам бошимни силади. Унинг қўлларида қандайдир титроқни сездим. Бу менга ҳам кўча бошлади. Йиғлагим келарди. Бу менимча, савқи табиий эди. Ахир шу пайтгача отамсиз тун бўлмаган. Буни тасаввур ҳам қилмаган эдик. Онамнинг пичирлаган товушини эшитдим. У Худодан тинчлик сўрарди. Ҳа, у буни қайта-қайта сўради. Ўтиниб-ўтиниб сўради. Шунда мен Худо онамни эшитмаяптимикан деган хаёлга ҳам бордим. Бироқ катталар бир нимани билмаса, қилмаслигини билардим. Онамнинг бундай хавотирли юзини аввал ҳам, кейин ҳам кўрмаганман. У мойчироқнинг хира ёруғида ҳам ташвишли эди.
Чироқнинг пилиги тутай бошлади ва онам уни пасайтириб келди. У телевизорнинг устида турарди. Ўрнига ётгач, ривоят айтиб беришини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. Очиғи, озроқ келаётган уйқум ҳам изига қайтиб жўнади. Мен онамга тиқилиброқ ётдим. Ундан райҳоннинг ҳиди келарди. Унинг айтишича, қадим замонда қўли гул кулол бўлган экан. У қўли гул бўлишига қарамай, қашшоқ ва камтар кун кўраркан. У ўзи ясаган буюмларнинг баҳосини билмас ёки билса ҳам уларнинг баҳосини кўтармас экан. Ўзининг айтишича, отаси тирилиб келса ҳам ўзининг эҳтиёжидан ортиқ кўза ясамас экан. Бошқалар эса уни боқи-беғамликда айблар, гулдай ҳунарини хор қилаётганини таъкидларкан. Бир куни унинг бундай гўзал истеъдод соҳиби эканидан подшоҳ хабар топиб қолибди ва унинг ҳар бир кўзасининг баҳосини ўша кўзага сиғгунча олтин билан белгилаб қўйибди.
Энди унинг уйи карвонсаройга айланиб кетибди. Кўзаларини бозорга олиб чиқишга эҳтиёж қолмабди. У ҳар бир кўзани ясаб бўлиши билан казо-казолар харидор бўлиб, навбат кутиб ўтираркан. Бундан рағбатланган кулол кечалари ҳам ухламасдан кўза ясашга киришибди. Ўзику бу ишидан мамнун эмас, аммо кимдир эшигинг тагида мўлтираб ўтирса, кўзга уйқу келадими. Охири бу бедорлик ва тартибсиз ҳаётдан чарчаган кулол саройга йўл олибди. Уни подшоҳ ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиб, ноз-неъматлар билан сийлагач, келишининг сабабини сўрабди.
Шунда кулол: «Қайтаринг!» дебди.
Подшоҳ ҳайрон бўлиб:
– Кўзаларингни қайтариб берайми? – дея ғазабланибди.
– Йўқ.
– Унда нимани сўраяпсан? – сўрабди подшоҳ лабига чилимни қистириб.
– Тинчлигимни қайтаринг, олампаноҳ! – дебди кулол онамнинг кўзларидек киртайган кўзларини подшоҳга тикиб.
Шундан сўнг подшоҳнинг розилиги билан кулол кўзаларининг баҳосини аввалги ҳолига қайтариб, кўнгли ором топибди.
«Ҳа, – дедим хаёлимда, – онам Худо деяётгани ўша подшоҳ бўлса керак». Очиғи, мен ҳали бундай ривоятларнинг мағзини чақишга ёшлик қилардим. Ақлим қулоғимдан оқаётганига қарамай, кўп нарсанинг маънисига бормасдим. Шу хаёллар билан ухлаб қолибман. Эрталаб онам косада янги соғилган сут олиб келди. Унга тўғралган нон пахтадек увиб қолганди. Устида сутга қўшилолмаган сариёғ сузиб юрарди. Укам ҳали ҳам хафа эди. У индамай сутни ичдида, молларни ипидан бўшатиб, олдига солиб кетди. Қуёш тикка тушганда яна худди шундай қайтиб келди. У баъзан кун бўйи қайтмасди, белига нон билан бирор ширинлик тугиб кетардида, кечга қайтарди. Аммо бугун қайтиб келди. Чой ичиб ўтиргандик кўчадан машинанинг «бибиллаган»и эшитилди. У қайта-қайта «бибиллади». Онам аввал деразадан қаради. Сўнг юзидаги қора булутлар ариб, чеҳраси очилиб кетди ва отамнинг келганини суюнчилади.
Укам иккаламиз ўтирган жойимиздан то ҳовлига кириб келаётган отамнинг олдигача ким ўзар қўйдик. Отам иккаламизни ҳам баравар қўлтиқлаб кўтардида, айвондан ичкарилади. Негадир онам йиғлаётган эди. …Онам чой ичиб кўзи жойига тушган отамдан нима бўлганини сўраган эди, отам бизникилар душманни чегарадан чиқариб, энасиникига қўйиб келганини айтди. Мен биринчи синфнинг ёзги таътилига чиққан эдим. Ва улар ҳам энасининг уйига қайтганидан хурсанд бўлдим.
Бек АЛИ
Фото: Абдуманнон Муҳаммад
«Ватанпарвар» газетаси, «Отамсиз ўтган тун» эссеси.
Жараён
Мафкура
Санъат
Жараён
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ