Адабиёт
Креативлик бу – чуқурроқ қидириш, эътиборлироқ қараш,
хатоларни тўғрилаш, мушуклар билан суҳбатлашиш,
чуқурликка шўнғиш, деворлар ичра ўтиш, қуёшни ёқиш,
қумдан қасрлар қуриш, келажакка саёҳат қилишдир.
Е.Торренс
Ўқитувчи фаолиятининг мақсади бу – таълим олувчининг ҳар томонлама: психик, интеллектуал, ахлоқий ва ҳоказолар тараққиётидир. Олий мактаб педагогикасининг ўзига хослиги шундаки, ўқитувчидан жамиятнинг ижтимоий вазифаларини шахсий қабул қилиш, мақсад, бурч ва аниқ хатти-ҳаракатларни тушуниш, талабаларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб, белгиланган ўқув фаолиятини мақсадли ташкиллаштириш талаб этилади. Таълимдаги самарали ўзаро-таъсир модели негизида ётувчи бир қанча тамойилларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Креативликни ривожлантириш тренинги
Тақдим этилаётган креативлик тренинги катта мактаб ёшидаги ўқувчиларга ва кичик босқич талабаларига мўлжалланган, лекин дастурга айрим қайта ишланмалар киритилса бошқа ёш тоифасидагилар билан ҳам ўтказиш мумкин. Гуруҳдаги иштирокчиларнинг энг оптимал сони 8–16 киши, айрим ҳолатларда 25–30 гача ҳам бўлиши мумкин. Дастурдаги асосий урғу қуйидаги муаммолар ечимига қаратилган:
1. Креативлик таркибига кирувчи хусусиятларни ривожлантириш: кўз югуртириш, эгилувчанлик ва тафаккурнинг ўзига хослиги, кутилмаган ассоциацияларни қидириб топишга;
2. Ҳаётий муаммоларни ҳал қилишда креативликдан фойдаланиш имконикиятларини намоён этиш, шунингдек, шахсий ва касбий мақсадларга эришишга;
3. Жамоавий ижодий иш кўникмасини шакллантиришга.
Тренинг машқлари 12 машғулотга бирлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири 3 академик соатга мўлжалланган. Шундай қилиб, дастурнинг умумий давомийлиги 36 соатни ташкил этади.
Бироқ, унутмаслик лозимки, кўрсатилган вақт нисбий бўлиб, ишнинг ҳақиқий давомийлиги бир қатор омилларга қарам, хусусан, гуруҳдаги иштирокчилар сонига боғлиқ бўлади. Кўпинча, аксарият машқларда вақт белгилаб берилган бўлса-да, уларнинг умумий давомийлиги машқларни бажаришда аниқ босқичларга (ғояларни яратиш, чизиш, тақдимотни тайёрлаш ва ҳ.к.) боғлиқ. Кўрсатилган вақт берилган машқлар сонидан кўпроқ бўлиш эҳтимоли юқори бўлиб, тренер учун машқларни танлаш имконияти туғилади.
Ҳар бир машғулотни таснифлаш қисқа тушунтиришлардан бошланади, шундан сўнг унинг таркибига кирувчи машқлар тасвирланади. Улар ягона тизим бўйича бажарилган: машқни ўтказиш жараёни, унинг психологик моҳияти, муҳокама ва айрим ҳолатларда бажариш мисолларини келтиришдан иборат. Машғулотлар ва унинг таркибидаги машқларнинг кетма-кетлиги маълумотларни тақдим этишда тизимлилик тамойилига, ҳамда ижтимоий-психологик тренингларни ташкил этиш қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда тузилади. Албатта, айнан бундай кетма-кетлик ягона меъёр эмас, малакали тренерлар машқлар жамланмасидан “конструктор” сифатида фойдаланиб, аниқ вазифа ва фаолият талабларидан келиб чиқиб, шахсий тренинг дастурларини ишлаб чиқишлари мумкин.
Танишув ва бирлаштирув
Машғулотнинг вазифаси: иштирокчиларни таништириш, бирлаштириш, креативлик ҳамда тренинг технологиялари ва уларнинг ривожланишининг моҳияти ҳақида умумий тасаввурларни яратиш. Қисқа таништирув ва 2-3 танишув техникаларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Кейинги машқларга ўтишдан аввал 15–20 дақиқа креативлик, унинг таркибий қисмлари ва қандай вазиятларда зарур бўлиши ҳақида сўзлаб бериш лозим. Шунингдек, гуруҳда ишлаш қоидаларини муҳокама ва қабул қилиш керак:
– Фаоллик намоён этиш;
– Бир-бирини халал бермасдан тинглаш;
– Фақатгина ўз номидан гапириш;
– Агар маълумот аниқ бир инсонга тааллуқли бўлса, бевосита учунчи шахсдан фойдаланмай гапириш;
– Машғулотдан ташқари тренинг иштирокчилари ҳақида шахсий маълумотларни тарқатмаслик ва муҳокама қилмаслик;
– Машқларни бажариш жараёнида танқиддан қочиш, агар танқид қилиш эҳтиёжи вужудга келган бўлса, машқ якунинида бўладиган муҳокамани кутиш;
– Иштирокчи бирон машқни сабабини тушунтирмай бажаришдан бош тортишга ҳаққи бор, лекин қатнашмаслигини барчага эшиттириши лозим.
Танишув техникалари
“Исмдан ташқари барчаси”. Иштирокчилар жуфтликларда танишадилар (2-3 дақиқа, танишув шакли ихтиёрий, ундан ташқари ҳар бири ўз шеригини қолганларга таништиради. Исмнинг ҳақиқийси айтилади, қолган маълумотлар исми бошқа иштирокчиларнинг ёдида қолиши учун тўқиб чиқарилади).
“Уч факт”. Ҳар бир иштирокчи ўз исми ва ўзи ҳақидаги учта фактни айтади. Улардан бири ҳақиқий ва иккитаси ёлғон. Қолган иштирокчиларнинг вазифаси тақдим этилган фактларнинг қайси бири рост эканлигини аниқлаш (ҳар бир фактнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигига овоз бериш таклиф этилади). Сўнгра ўзини таништирган иштрокчи ҳақиқатни ошкор этиб: фактлардан қай бири рост эканлигини тан олади.
“Мен биламан...”. Иштирокчи коптокчани ушлаб гапиради: “Мен (исм-шарифи), мен биламан (бирон бир машҳур инсоннинг номини айтади)”, ундан сўнг коптокни ўзга иштирокчига оширади, қабул қилган иштирокчи ҳам ўзини худди шу тартибда таништиради. Ундан аввалги иштирокчининг исмининг бош ҳарфига машҳур инсоннинг фамилияси бош ҳарфи бошланиши лозим. Копток бир иштирокчига икки маротаба узатилмайди. Ҳар бир иштирокчи ўзини таништиргандан сўнг, копток узатилган кетма-кетликнинг тескари йўналишида узатилиб, иштирокчи узатмоқчи бўлган иштирокчининг исми айтиб оширилади.
“Чархпалак” машқи
Машқнинг таснифи. Иштирокчилар сони тенг равишда икки кичик гуруҳларга бўлинади (агар иштирокчилар сони тоқ бўлса, гуруҳларнинг бирига олиб борувчи қўшилади). Биринчи кичик гуруҳга тушган иштирокчилар ички доирага жойлашиб, ташқи томонга юзланади, иккинчи гуруҳ аъзолари ташқи доирага жойлашиб, биринчи доирага юзланадилар. Шундай қилиб, ҳамма иштирокчининг жуфти бўлади. Сўнг олиб борувчи (тренер) муҳокама учун мавзуни тақдим этади ҳамда ролларни тақсимлайди. Масалан, ички доирада ўтирганлар пассив ролни (диққат билан тинглашади ва йўналтирувчи саволлар беришади) берса, ташқи доирадаги иштирокчиларга – фаол (сўзлаб беришади ва берилган саволларга жавоб берадилар) ролни тақсимлайди. Бир ярим дақиқадан сўнг, тренернинг йўриқномасига асосан ташқи доира ички доирага нисбатан чапга ёки ўнга сурилади (яъни, жуфтликлар таркиби ўзгаради). Шунингдек, роллар тақсимотида ҳам ўзгариш содир бўлади: тинглаганлар сўзлайди, сўзлаганлар сукут сақлайдилар ва тренер муҳокама учун бошқа мавзу таклиф этади. 2-3 мавзу муҳокама қилинади, улар қўйидагича бўлиши мумкин:
– менинг ютуқларим;
– менинг малака ва кўникмаларим;
– мен ҳақимда атрофдагилар ... билмайдилар.
Мавзулар жамланмаси бошқача бўлиши ҳам мумкин, лекин улар ҳам шахсга ижобий нуқтаи назардан ўз-ўзини кашф этиш, ижобий хислатлари, кучли томонлари, қобилиятларини кўрсатишга йўналтирилган бўлиши лозим. Иштирокчининг заиф томонлари ва камчиликларини муҳокама қилиш керак эмас.
Машқнинг психологик маъноси. Танишув, позитивлик нуқтаи назаридан ўз-ўзини кашф қилиш, ўзининг кучли томонларини қидириш ва англаш. Машқда анъанавий мулоқотда унча оқланмайдиган, бироқ ижодий жиҳатдан ўз-ўзини кашф этиш учун озгина мақтаниш имкони берилади.
Муҳокама. Машғулотдаги мулоқот натижасида шеригингиз ҳақида қандай янги ва ҳайратланарли маълумотларга эга бўлдингиз, ўзингиз ҳақингиздачи? Қандай ролда ўзингизни қулай ҳис қилдингиз – сўзлашдами ёки тинглашда? Бу ҳолат нима билан боғлиқ эди? Кундалик ҳаётимизда ютуқларимиз ва кучли томонларимиз ҳақида гапириш урф эмас... Нима учун деб ўйлайсиз? Қайси ҳолатларда ютуқларингиз ҳақида гапириш тавсия этилмайди, қандай психологик вазиятларда аксинча, озроқ мақтаниш мумкин?
Хулоса ўрнида инсоннинг ижодий салоҳиятини ривожлантирувчи шарт-шароитларни келтириб ўтамиз:
– Билим ва малака базасини ривожлантириш асосида ижод қила олиш имконини берувчи ахборотлар заҳирасини йиғиш ва тизимлаштириш, шунингдек, ушбу фаолият турига мувофиқ келувчи зарурий малакаларни такомиллаштириш;
– Ижод қилишга ундовчи муҳитни яратиш. Ушбу муҳитнинг калит тавсифи – ғоялар вужудга келиш босқичида танқиддан йироқ бўлиш, муаммони янги томондан кўришга халал бераётган ички тўсиқларни енгишга имкон беради.
– Аналогиялар (таққослашлар) қидириш. Вазифанинг ижодий ечими бошқа муаммоли вазиятлар ўртасида умумий бўлса-да, аналогияси қидириб топилганда, ечим имкониятлари сезиларли даражада ўсади.
Умида ЛАТИПОВА,
Урганч давлат университети
мустақил изланувчиси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ