Бир қориндан тушган деган маънони билдирадиган “қариндош”га нега ота томондан кўпроқ урғу берилади?


Сақлаш
11:59 / 12.05.2025 23 0

“Қариндош” сўзи “Девону луғотит-турк”да бор ва: “бир қориндан туғилган икки болага нисбатан “қарïндаш” (“قَرِنْدَشْ”) дейилади” деб изоҳланган (ДЛТ. I. 1960. 386-бет). Аммо қадимги туркий обидаларда “қариндош” маъносида кўпроқ “қадаш” сўзи учрайди. Мисол учун, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ўнлаб маротаба ҳамма ўринларда “қадаш” сўзига дуч келамиз, фақат бир жойда, у ҳам бўлса муаллиф эмас, эҳтимол, котиб томонидан ёзилган асарнинг насрий муқаддимасида “қарындаш” сўзи қўлланган (“қанаъатқа Озғурмыш ат бэриб, қарындашы тэб аймыш турур” – маъноси: “қаноат”га [муаллиф] “Ўзғурмиш” деб от бериб, қариндоши деб айтган”).

 

Буддавийликка оид манба – “Олтин Ёруқ”да бир эпизод бор: уч шаҳзода (тегин) ўрмонда етти бола туғиб очликдан ўлаётган она йўлбарсга дуч келишади. Кичик шаҳзода акаларига: “сизлар бораверинглар, мен сизларга етиб оламан”, деб ортда қолади ва она йўлбарс ҳамда унинг болаларини очликдан қутқариш учун ўзини қурбон қилади. Акалар ҳам укасини излаб ортга қайтишади ва ўша оч йўлбарс ҳолсиз ётган жойда кичик шаҳзоданинг дарахтга илинган кийимлари, ерда сочилиб ётган суяк, соч қолдиқлари, қон изларини кўриб, фарёд кўтариб, нола қилишади: “...öгўкä қангқа сäвiтмiш äртiң қадаш-а...” – маъноси: “онамизга, отамизга севикли эдинг укамиз-а...”.

 

Хўш, “қадаш” сўзи қандай этимологияга эга? Маҳмуд Кошғарий “Девон”ида уни шундай тушунтирган: “биродар, яқинга “қадаш” дейилади, асли “идиш”, “қоп” маъносидаги “қа” сўзига “-даш” қўшилиб “қадаш” ясалган”. “Девон”ни усмонли туркчага таржима қилган Басим Аталай: “қа”, яъни “идиш”, “қоп” деганда ҳам она қорни, бачадони кўзда тутилади”, деб изоҳ беради (“o da ana karnıdır”).

 

Маълумки, ўзбек тилида “қорин” деганда тананинг бир неча ички ва ташқи аъзолари тушунилади: 1. Ошқозон (мисол: “қорним тўйди”); 2. Тананинг ошқозон ва бошқа аъзолар жойлашган қисми (“қорни катта”) ва бачадон (“она қорни”). Яъни, “қариндош” деганда ошқозон эмас, айнан бачадон, она қорни кўзда тутилади.

 

“Девону луғотит-турк”да “қа” сўзи ҳам алоҳида изоҳланган: “қа – идиш, қоп. Лекин бу асосан суюқ нарсалар идишига нисбатан қўлланади” (ДЛТ. III. 1963. 228-бет). Тўғри, она қорни, бачадонни ҳам шундай идишга ўхшатиш мумкиндир, лекин барибир “қадаш”нинг мазкур сўздан ясалиши нотабиий туюлади. Қолаверса, ўтмишда қариндошликка фақат онадан эмас, балки ота томондан кўпроқ урғу берилган. Юқорида келтирилган мисолда кўрдикки, қадимги туркийда “ота” маъносида – “қанг”, “она” маъносида – “öг” сўзлари ҳам қўлланган. Дейлик, Култегин битигтошида “қаңым қаған, öгiм қатун”, яъни “хоқон отам, малика онам” каби иборалар кўп учрайди. Шундан келиб чиқиб қадимги туркийда: отаси бир ака-ука, опа-сингилларга нисбатан – “қангдаш”, она бир, ота бошқаларга нисбатан – “игдиш” (“öгдаш”) атамалари ишлатилган.

 

“Қангдаш” сўзига Маҳмуд Кошғарий “Девон”ида қуйидагича изоҳ беради: “қангдаш: قنكدش قدش қангдаш қадаш – отаси бир ака-укалар. Мақолда шундай келган: “Қангдаш қума урур, iгдiш öрў тартар” – маъноси: отаси бир бўлганлар ораларидаги адоват сабабли бир-бирлари билан келишмайдилар. Онаси бир бўлганлар ораларидаги дўстлик сабабли бир-бирларига ёрдам берадилар” (ДЛТ. III. 1963. 392-бет).

 

Бизнингча, “қадаш”нинг – “отадош” маъносидаги қадимги “қангдаш” сўзидан талаффузда “нг” товушининг тушиб қолиши натижасида ҳосил бўлгани ҳақиқатга яқинроқ. Шунда “қадаш” деганда – бир отадан туғилганлик кўзда тутилса, “қариндош” деганда – бир онадан тарқаганлик урғуланган бўлади.

 

Демак, минг йил олдин, яъни Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб замонасида ака-ука, опа-сингил, туғишганликни ифодаловчи “қадаш”, “қариндаш”, “қангдаш” каби сўзлар бўлган бўлса, Навоий даврига келиб вазият бироз ўзгарган. Хусусан, Навоий ўз асарларида: туғишган ака-ука маъносида – “қардош” (тўғрироғи, “қордош” – “قَارْدَاسْ”, “улуқ қордош” – ака, “кичик қордош” – ука), опа-сингил маъносида – “қиз қардош” (قيز قَارْدَاسْ) сўзларини қўллайди (Мисол: “Баъзи ани Таҳмураснинг қардоши дебтурлар”. ТМА; “Муҳаммад Сириннинг қиз қардошидур”. НМ)”. Навоий асарларида биз, шунингдек, “қариндош” (“قَرِينْداش”) сўзини ҳам учратамиз. Дейлик, “Садди Искандарий” достонида Навоий укаси Дарвешалига бағишланган бобда укасига: “Манга нисбат ичра қариндошсен”, деб мурожаат қилиб, “қариндош” сўзини “туғишган ука” маъносида қўллайди. “Насойим ул-муҳаббат”да эса бу сўз бир неча ўринда “биродар”, “ака”, “амаки” каби ундалма сифатида қўлланган: “Эй қариндош, барча бу дардға гирифтордурлар”.

 

Ҳозирги тилимизда “қардош” сўзи Навоий асарларида бўлгани каби “ака-ука”, “опа-сингил” маъноларида эмас, балки халқлар ўртасидаги, кўпроқ туркий халқлар ўртасидаги қариндошлик, биродарликни ифодаловчи атама сифатида, дейлик: “қардош қозоқ халқи”, “озарбойжон қардошларимиз” қабилида қўлланади. Бу сўзнинг “ака-ука”, “опа-сингил” маънолари эса ҳозирда усмонли, озарбойжон ва бошқа туркий лаҳжаларда: “kardaş”, “kardeş”, “kız kardeş”, “gardaş” шаклларида сақланган. Луғатларда, жумладан, Ш.Раҳматуллаевнинг “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да ҳам бу сўз аслида “қариндош” сўзидан, фақат ўртадаги “-ин-” товушларининг талаффузда тушиб қолиши натижасида (“қар[ин]дош”) ҳосил бўлгани айтилади. Аммо бу фикр ҳозирча мунозарали, чунки юқорида Навоий асарларидан келтирилган мисолларда ҳам бу сўзларнинг икки хил ёзилишини кўрдик (“қордош” – “قَارْدَاسْ; “қариндош” “قَرِينْداش”). Баъзи мутахассислар “қорин” сўзининг ўзаги – “қар”, “-ин” эса – кичрайтириш қўшимчаси деб тахмин қилади. Шунга кўра, “қардош” сўзи бевосита ана шу “қар” ўзагидан ясалган, деган қараш ҳам мавжуд.

 

Кейинги юзйилликларда бизда “қариндош” сўзи фаоллашган. “Қардош” сўзининг ҳозирги тилимизда асосан халқлар ўртасидаги қариндошликни ифодаловчи атама сифатида қўлланиши сабаби, менимча, бу сўз турк, озарбойжон ва бошқа қардош турк халқларда фаол бўлгани боисидандир.

 

“Қангдаш”, “қариндаш”дан ташқари Маҳмуд Кошғарий “Девон”ида қариндошликнинг яна бири тури – “эмукдош” сўзини ҳам келтиради ва шундай изоҳлайди: “эмчакни “ӭмўк” дейилади, бир эмчакни эмишган икки болага ҳам “ӭмўкдäш” дейилади” (ДЛТ. I. 1960. 386-бет). “Кўнгил”, “кўкс”, “кўкрак” маъноларидаги “кўкай” сўзидан ясалган “кўкалдош” ҳам шу маънода.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17940
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//