Дунёга таъсир ўтказган сиёсий эсселар


Сақлаш
16:25 / 06.05.2025 11 0

Сиёсий эссе, бу – фақатгина фикр эмас,

у ният, таъсир ва курашнинг бир шаклидир.

 

Шундай сиёсий эсселар борки, улар бир халқнинг қуллик тўнини ечиб, озодликка чиқишига, бир инсон, бир оила эмас, бутун бошли жамиятнинг сўниқ нигоҳи ишончдан порлашига, мамлакатлар сиёсатида туб бурилиш ясалишига сабабчи бўлган. Ўзликка бўлган курашни қоғоздан қалбларга, муҳорабаларга кўчирган, биқиқ сукунатни овозга айлантирган... Бу Томас Пейннинг Англия мустамлакасидаги халққа озодлик ғоясини сингдирган “Соғлом фикр” эссеси, бу Мартин Лютер Кингнинг Америкада ирқий тенглик учун юз йиллик курашнинг рамзига айланган “Бирменгем қамоқхонасидан мактуб”идир.

 

Шундай сиёсий эсселар борки, улар ҳақиқатни фош этиш орқали ҳукумат бўйнига сўлақмон-тош – масъулиятни илиб, адолат талабини жамоатчилик, халқ талабига айлантиролган. У Жонатан Свифтнинг аччиқ кулгисига беланган “Камтарона таклиф”дир, у Ханна Арендтнинг тоталитаризм илдизи-ю юзини очиб ташлаган қатор эсселаридир.

 

Таъсир кўлами сиёсий фикрни назариядан сўзга, инқилобий ўзгаришларга ундовчи кучга, ҳаракатга чорловчи эссега айлантиради. Бугунги дунёда ёлғон маълумотлар, популизм ва манипулятив сиёсат фонида ҳақиқатни излаш ҳам сиёсий эссенинг бош мақсади бўлиб қолмоқда. Тарих сиёсий эсселар ҳукуматларнинг аёвсиз танқидчиси, инсон ҳуқуқларининг талабчиси, демократия учун курашган минглаб овозлар акс-садоси эканини исботлайди.

Эссе ўзи қачон ва қандай жамиятларда ёзилади? Эрк бўғилган ва эрк ҳаддан ошган заминда, замонда. Эссе атамаси илк бор XVI асрда француз мутафаккири Мишель де Монтеннинг “Тажрибалар” (“Essais”) (1580) асари орқали кириб келган вақтда у шахсий фикр, ҳаётий кузатув ва мулоҳазаларнигина назарда тутган. Замонлар оша эссе ўзининг функционал вазифасини ўзгартириб келмоқда. Хусусан, XVII-XVIII асрларда “сиёсий эссе” атамаси муомалага кираркан, Томас Хоббс 1651 йилда “Левиафан” китобига жамлаган сиёсий ва фалсафий эсселари орқали давлат ва ҳокимиятнинг мутлақ зарурлиги, инсон табиатининг ихтилофли эканини назарий жиҳатдан асослашни мақсад ўлароқ қўйди. Сўнг Жон Локк (“Ҳукумат ҳақида икки рисола”, 1689) сиёсий фикрларини эссе ва трактат шаклида баён қилиб, инсон ҳуқуқлари, озодлик ва ҳукуматнинг чегараланган ваколатлари ғоясини илгари сурди. Жонатан Свифт (“Камтарона таклиф”, 1729) сатира ва эссе орқали Ирландиядаги сиёсий ва ижтимоий муаммоларни танқид қилиб, ҳукумат ва бойлар зулмига қарши СЎЗ билан курашди.

 

Сиёсий эссечиликни интеллектуал даражага кўтарди ва оммалаштирган эссенавис ва файласуф Девид Юм (“Ахлоқий, сиёсий ва адабий эсселар”, 1741–1742) сиёсий, ахлоқий ва маданий мавзуларни эссе шаклида таҳлил қилиб, ҳокимият, савдо, эркинлик ва инсон табиати ҳақида мукаммал назарий мулоҳазалари билан бўлишди. Монтескьё (“Қонунлар руҳи”, 1748) сиёсий ва ҳуқуқий тизимларнинг таҳлили орқали мутлақ ҳокимиятни бўғинларга бўлиш ғоясини илгари сурди, эссе шаклида мухтасар таҳлиллар ёзиб борди. Жан-Жак Руссо (“Ижтимоий шартнома”, 1762) эссе ва илмий-оммабоп ёзувлари орқали демократия назариясини асослаб берди.

 

“Сиёсий эссе” XX асрда фаннинг махсус йўналиши сифатида қабул қилинди. 1920–1930-йилларда сиёсатшунослик, фалсафа ва адабиётшунослик йўналишларида “сиёсий эссе” (Political Essay) атамаси илмий муомалага кирди. Бу атама, айниқса, АҚШ ва Европада академик сиёсатшунослик (Political Science) тараққиёти билан бирга оммалашди. XX аср бошларида демократик жараёнлар, революция ва мафкуравий курашлар кўпайган, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва сиёсий фалсафа мавзуларида мустақил фикр юритиш зарурати туғилган шароитда шахсий ва ижтимоий қарашларни таҳлил қилувчи сиёсий эссечилик ривожланди.

 

Хўп, бу эсселар ҳукумат ва жамоатчиликда қандай резонанс уйғотди? Қандай эврилиш ва инқилобларга сабаб бўлди? Битта эссенинг шундай таъсир кучига эга бўлишига ишонасизми? Аниқ мисол ва далилларга суянсак, “ҲА, МУМКИН!”

 

Масалан, Жан Жак Руссонинг “ҳақиқий ҳукумат фақат умумий иродага асосланиши керак, эркинлик қонунларга тенг бўйсинувчи фуқаролардагина бўлади” ғоясини илгари сурган “Ижтимоий шартнома” эссесининг Француз инқилобига илҳом берганидан хабарингиз борми? Ёки Жон Локкнинг “Ҳукумат ҳақида икки рисола”си Америка мустақиллик Декларациясига асос бўлганидан-чи? Фридрих Хайек “Қулликка йўқ” эссесида давлат иқтисодиётни монопол назорат қилиши эркинликни йўқотишга олиб бориши, фуқаролар иқтисодий эркинликларини ҳимоя қилишлари зарурлигини уқтирган. Натижада эссе Буюк Британия ва АҚШда либерализм ва бозор иқтисодиёти ғояларининг қайта тикланишига туртки берган. Амартия Сен эса “Ривожланиш, бу – эркинликдир” эссесида ривожланиш фақат молиявий фаровонлик эмас, балки шахсий эркинликлар ва имкониятлар орқали келиши керак, деган ғояни илгари сурган. Унинг бу асари жаҳон миқёсида “Инсон тараққиёти индекси” (Human Development Index – HDI) ва инсон ҳуқуқлари асосида тараққиёт сиёсатини қайта шакллантиришга таъсир кўрсатган.

 

Жорж Оруэллнинг “Сиёсат ва инглиз тили” (1946) эссеси XX аср сиёсий публицистикасидаги энг таъсирли ва долзарб асарлардан биридир. У Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, урушнинг таъсири ҳамон жамиятда сезилиб турган бир даврда урушдан кейинги сиёсий-ижтимоий муҳитга, одамлар онги ва сиёсий тилдаги ўзгаришларга жавоб сифатида яратилган. Эссенависнинг бу асарни ёзишига ундаган оғриқ нима эди? Биринчидан, сиёсий тилдаги ёлғон ва манипуляция: Оруэлл уруш даври ва ундан кейинги расмий нутқларда расмийлик, қуруқлик, ноаниқлик ва евфемизм (юнонча “юмшоқ ифодалаш”, сўзловчига айтиш ноқулай, ноўрин ёки қўпол туюлган сўз ва ибораларнинг синоними сифатида пайдо бўлган сўз)лар орқали ҳукуматлар ҳақиқатни хаспўшлаётганидан ғазабланади. Масалан, “босқин” ўрнига “тинчликпарвар миссия”, “одам ўлдириш” ўрнига “қатъий чоралар” каби сўзларнинг қўлланилишини қаттиқ танқид қилади. Иккинчидан, мафкуравий курашларда тил ҳақиқатни акс эттириш воситаси эмас, балки фикрларни назорат қилиш қуролига айлангани, “ҳақиқатни буриш тилни бузишдан бошланиши”, бўғиқ ва қолипга солинган тилнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ўлдиришдаги хавфи, фашизм ва тоталитаризм ғояларининг кучайиши ва оммалашишида тилнинг восита экани уни ЖИМ туришга қўймаган. Унинг фикрича, “Бузуқ тил – бузуқ фикрнинг ҳам сабаби, ҳам оқибатидир”. “Инглиз тили ва сиёсат” эссеси эълон қилиниши билан диктатура ва пропагандага қарши одамлар ўртасида маданий-сиёсий ҳушёрлик ортган. Жамоатчиликнинг сўз эркинлигини муҳофаза қилишида муҳим роль ўйнаган.

 

Шу нуқтаи назардан, сиёсий эссе жамиятнинг сиёсий-ижтимоий тузилмасини шакллантирувчи, фикр эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни мустаҳкамловчи муҳим интеллектуал восита бўлган. ХХ асрда журналистика, академик ёзув ва сиёсий публицистика чегаралари туташа бориши билан “сиёсий эссе” мустақил жанр сифатида оммалашди. Юқорида тилган олганларимиз – Жорж Оруэлл, Ханна Арендт, Жеймс Болдуин, Ноам Хомский каби муаллифлар бу жанрда салмоқли ижод қилди.

 

XXI асрга келиб эса сиёсий эссе фақат қоғозда эмас, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформаларда ёзиладиган, глобал ва локал ўзгаришларга таъсир қилувчи энг муҳим интеллектуал қуролга айланди. Унинг таъсир доиралари, йўналишлари кенгайиб, янги хусусиятлари кўзга ташланмоқда. Хусусан, интернет ва оммавий ахборот воситаларида эсселар орқали кенг жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш, тенглик, ҳуқуқ ва демократия ғояларини кенг тарғиб қилиш орқали фуқаролик жамиятини шакллантириш, шахсий кечинмалардан ўтиб, сиёсий таҳлил ва танқидга урғу берилиши натижасида мутахассислар, фаолларнинг вазиятга профессионал баҳо ҳамда ечим бериши, глобал сиёсий воқеаларга ҳозиржавоблик сиёсий эссечиликнинг асосий йўналишларига айланди. Ёзувдаги, овоздаги ёндашувнинг ўзгариши – ҳукумат сиёсатига жамоатчилик босимининг ортиши, ижтимоий ҳаракатларнинг фаоллашиши, “Black Lives Matter”га ўхшаш фуқаролик ҳаракатларининг пайдо бўлиши, қонунлар ва сиёсий тизимларнинг қайта кўриб чиқилиши, “Fridays for future” каби трансмиллий ҳаракатларнинг кучайишига олиб келди.

 

Асрлар оша таъсир этиб келаётган эссечилик мактабининг бугунги муносиб вакиллари, уларнинг жамоатчиликка таъсири ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Грета Тунберг, Тейзи Качфилд, Жорж Пакер, Жилл Лепор, Чимаманда Нгози Адичиларнинг иқлим ўзгариши, урбанизация, ташқи сиёсат, тарих, гендер тенглик ва сиёсий онгга оид фикрлари, муносабати айнан уларнинг нутқ ва эсселари орқали етиб бормоқда. Хусусан, давлатлар иқлим ўзгаришига қарши қонуний ва қатъий чоралар кўриши шарт деган шиорни байроқ қилиб олган Грета Тунберг “School Strike for Climate” ҳаракати орқали жаҳонда миллионлаб ёшларни иқлим ўзгариши учун сиёсий фаолиятга чорлади. Тейзи Качфилд “Шаҳарлар қандай ўлдирилади?” эссесида шаҳарлар модернизацияси орқали камбағаллик урчиб кетишини таҳлил қилиши оқибатида қатор АҚШ шаҳарларида урбанизация сиёсати қайта кўриб чиқилди. Жорж Пакер Америка ташқи сиёсатидаги муаммолар ва иккиюзламачилик ҳақида ёзганидан сўнг, (“Our Man, 2019) АҚШ ташқи сиёсатида янги ёндашув стратегиялари муҳокама қилинди. Жилл Лопернинг демократия ва ҳақиқат тушунчаси эволюцияси ҳақида кенг қамровли таҳлил қилгач (“These Truths”, 2018), АҚШда таълим ва тарих сиёсатларида фикр алмашинув жараёнлари кучайди. Чимаманда Нгози Адичининг “Ҳаммамиз феминист бўлишимиз керак” номли эссеси жаҳоний резонанс бериб, гендер тенглик ва сиёсий онг мавзусида дунё миқёсида илҳом манбаига айланган. Шунингдек, Та-Нахаси Коатс (Between the World and Me (2015), Ребекка Солнит (Hope in the Dark (2004), Арандати Рой (The Ministry of Utmost Happiness ва сиёсий эсселар тўплами), Тимоти Снайдер (On Tyranny (2017), Роксана Гей (Bad Feminist (2014), Панкал Мишра (Age of Anger (2017) эсселари орқали ирқий тенгсизлик ва сиёсий тузилмалар, Ҳиндистон ва глобал сиёсат, авторитаризм ва демократик қадриятлар, популизм ва сиёсий таҳлика мавзуларида сиёсий ва ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқишган.

 

ХХI аср сиёсий эссечиликнинг ўзига хос хусусиятлари тезкорлик (Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали эссе тезлик билан миллионлаб одамларга етиб бориши), шахсий ва оммавий ёндашув уйғунлиги (ҳар бир киши ўз шахсий фикри орқали жамоавий фикрлаш жараёнини тезлаштиради), таъсир механизми (эссе орқали танқид, илҳом, фаолиятга чақириқ ва сиёсий ҳаракатларга мойиллик ошади), глобал масалаларга урғунинг кучайиши (иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқлари, демократия ва рақамли эркинлик каби мавзуларни қамраб олади) дан иборат.

 

Сиёсий эсселар ўз ўрнида таҳлилий (Ж.Пакер, Our Man – АҚШ ташқи сиёсати чуқур таҳлил қилинган), танқидий (Ж.Лепор, These Truths – Америка демократияси тарихи ва камчиликлари ҳақида), илҳомлантирувчи (М.Лютер Кинг, Letter from Birmingham Jail – ирқий тенглик учун курашга чақирув), шахсий-сиёсий (Грета Тунберг нутқлари: иқлим ўзгаришига шахсий муносабат), интерактив/мультимедиа (“Fridays For Future” веб-сайт эсселари ва блоглари: экологик муаммоларни рақамли форматда ёритиб бориш) каби турларга бўлинади.

 

XXI асрда сиёсий эссе кўп жиҳатдан анъанавий усуллардан четга чиқиб, нафақат фикр билдириш, балки ўқувчи билан фаол мулоқот қилиш, глобал муаммолар юзасидан шахсий позициясини ифодалаш ва оммавий ҳаракатларга туртки беришнинг асосий воситаси сифатида кўрилади. Бугунги кунда сиёсий эссе фақат шахсий фикр ифодаси эмас, балки жамият онгини ўзгартириш, сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатиш, инсон ҳуқуқлари ва глобал адолат учун курашнинг асосий воситасидир. Қисқача айтганда, XXI асрда сиёсий эссе жамиятнинг интеллектуал ва сиёсий ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.

 

Энг таъсирчан сиёсий эссе муаллифлари нафақат яхши ёзувчилар, балки жамият фикрини шакллантирувчилар, сиёсий ҳаракатларга илҳом берувчилар, ҳақиқат ва эркинлик учун фаол курашувчилардир. Азиз ўқувчи, мақола якунида Сизга савол билан мурожаат қилмоқчиман: Сиз эссе ёзяпсизми ё воқеликни қайта яратяпсизми? Аввало шу саволга жавоб беринг.

 

Севара АЛИЖОНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

таянч докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:05 / 02.05.2025 0 68
Уч ярим минг йил олдинги “sms”лар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17877
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//