Яссичамандаги икки туркий тўқнашуви


Сақлаш
16:06 / 05.05.2025 24 0

 

Туркистон диёрининг энг машҳур ҳукмдорларидан бири – Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди бувиси, Туркон хотуннинг унга душманлиги сабаб валиаҳдликдан четлаштирилганди. Бироқ 1219-1221 йилги мўғул босқини ортидан Султон Аловуддин Муҳаммад Жалолиддин яна қайта валиаҳд этиб тайинлайди. Аммо Жалолиддиннинг укалари Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳ ҳамда уларнинг қўмондонлари валиаҳдни йўқотиш учун ҳаракат бошлайди.

 

Фитнадан хабар топган Жалолиддин Хоразмни тарк этиб, Хуросонга кетади. Уни қувиб келган укалари мўғул қўшинларининг тезкор ҳужуми оқибатида ҳалок бўлади. Жалолиддин эса тузоқ ва ҳужумларни енгиб, Ғазнага етиб боради. Ғазна аҳолиси унинг атрофида жамланиб, жангга тайёргарликни бошлаб юборади. Парвон яқинида тахминан 50 минг кишилик мўғул қўшини Жалолиддин томонидан қаттиқ мағлубиятга учратилади. Бу ғалаба Жалолиддиннинг ишончини оширган бўлса, бунга қадар очиқ майдонда енгилиш нималигини билмаган Чингизхон ва мўғулларни ҳайратга солади. Бироқ Жалолиддиннинг иттифоқдошлари орасида ўлжа тақсимоти давомида жанжаллар содир бўлади ва Хоразмшоҳ лашкари тарқаб кетади.

 

Ҳинд дарёси яқинидаги жангда Чингизхондан мағлуб бўлган Жалолиддин дарё бўйида сўнгги лаҳзагача жанг қилади. У мағлубиятдан қочиш имконсизлигини сезгач тутқунликдан қочиб, Ҳинд дарёсига ўзини отади. Хоразмшоҳ Ҳиндистонда уч йил фаолият юритади. У бу давр ичида бир томондан Ҳиндистоннинг рожалари, бошқа томондан минтақадаги етакчи куч бўлган Деҳли султонлигига қарши курашлар олиб боради.

 

Эрон, Ироқ ва Кавказорти юриши

 

1224 йилда Жалолиддин Ҳиндистондан чиқиб, Эроннинг Кирмон вилоятига боради. Бунга Ҳиндистондаги омадсиз юришлар ва Эронда бу даврда бирор жиддий куч йўқлиги сабаб бўлади. Бир неча ойдан сўнг вилоятни бошқа бир укаси, Ғиёсиддин Пиршоҳдан тортиб олади. Ўша йилнинг ўзида Форс вилояти ҳам забт этилади. Кейинчалик, Исфаҳон ва Хузистон ҳам Жалолиддин қўлига ўтади ва деярли бутун Эрон устидан назорат ўрнатилади.

 

Жалолиддин мўғулларга қарши иттифоқ тузиш учун Халифа Носир саройига элчилар жўнатади, лекин халифа таклифни рад этиб, аксинча Хоразмшоҳга қарши қўшин юборади. Чунки Жалолиддиннинг отаси Аловуддин Бағдодни эгаллаб, халифани шаҳардан ҳайдаб юборган, халифа зўрға ҳокимиятни хоразмшоҳлардан қайтариб олганди. Жалолиддин халифа ҳаракатига жавобан Ироқи Ажамни талон-тарож қилиб, Озарбойжон Отабегиларининг пойтахти Марағага юриш бошлайди.

 

1225 йилда Озарбойжон Отабегиси Ўзбек султон Жалолиддиндан қўрқиб пойтахтни тарк этади. Деярли шу йил охирида Жалолиддин Табризни ҳам эгаллайди. Озарбойжон эгаллагандан сўнг, Хоразмшоҳ томонидан Онадўлидаги Коня султонлигининг ҳукмдори Алоуддин Кайқубод ва Айюбий султонларга хат жўнатилиб, мўғулларга қарши курашиш ҳамда Грузия қироллигига қарши юришларда иттифоқчилик таклиф қилинади. Султон Кайқубод ва айюбий ҳукмдорлар Жалолиддиннинг ушбу таклифини мамнуният билан қабул қилади.

 

Келаси йил бошида Жалолиддин Грузия қироллигига бостириб киради. Қисқа вақт ичида Грузиянинг асосий қўрғонлари бўйсундирилади. 1227 йилнинг бошларига келиб, Жалолиддин Мангуберди қўл остида Эрон, Ироқи Ажам, Озарбойжон, Арманистон ва Грузия ҳудудлари бирлаштирилади.

 

1228 йилда мўғуллар Амударёдан ўтгани ҳақида хабар олгач, Жалолиддин барча кучларини йиғиб, Исфаҳон яқинида уларни қарши олади. Укаси Ғиёсиддин Пиршоҳнинг хиёнатига қарамай, Жалолиддин мўғулларни мағлубиятга учратади. Лекин бу жангда Жалолиддин қўшини катта талафот кўради. Гап шундаки, Жалолиддин жанг вақтида мўғуллар қўйган тузоққа тушиб, оғир йўқотишларга учрайди. Жалолиддин Исфаҳондаги ғалабадан кейин ҳарбий ҳаракатларини Озарбайжон ва Грузияда жамлаб, Кавказдаги жангларда муҳим ғалабалар қозонади.

 

У мўғуллар ва грузинлар устидан қозонган ғалабалари билан мусулмон дунёсида катта шуҳрат қозонади. Айниқса, ҳар икки таҳдид остида қолган Шарқий Онадўли, Эрон ва Озарбайжон ҳудудларида яшовчи мусулмонлар орасида унинг номи афсонага айлана бошлайди.

 

Жалолиддин ва унинг аскарларининг халққа нисбатан муносабатлари баъзан катта ноқулайлик ва эътирозларга сабаб бўлар эди. Жанглар вақтида оддий аҳолидан қўшин таъминоти учун мол-мулклари тортиб олинар, баъзи жанглар эса аҳолининг экин майдонларида содир бўларди.

 

Хусусан, Жалолиддин қўшини Кўниё султонлиги ва айюбийлар чегарасида жойлашган Хилот шаҳрига юриш пайтида аҳолига катта зиён етказади. Бу ҳаракатлар Эрзурум, Бинғол ва Диёрбакр ҳудудларида ҳам такрорланади. Табиийки, Жалолиддин ўзига бўлган муҳаббат ва ҳурматни, ҳамда энг муҳими Кўниё султони ва айюбий султонлари билан дўстона муносабатлардан айрилади.

 

Султон Жалолиддин 1229 йил августда Хилот (Ахлат) шаҳрининг ўзига юриш бошлайди. Қамал давом этар экан, Амид ва Мардин каби ҳудудларнинг амирлари, Эрзурум ҳокими Рукниддин Жаҳоншоҳ Жалолиддин сафига қўшилади.

 

Бошқа томондан Жалолиддин билан яқин дўстлик муносабатларини ўрнатаётган Кўниё салжуқ султони Алоуддин Кайқубод хоразмшоҳнинг бу ишларидан ғазабланаётганини бир нечта мактублар билан маълум қилади. Чунки Хилотдан кейин айнан Кўниё султонлигига тегишли ерлар бошланар ва Кайқубод ҳар қандай вазиятда Жалолиддиннинг кейинги нишонига айланишни истамасди. Аммо Жалолиддин унинг бу чақириқларни рад этади. Шундан сўнг, Кайқубод мўғулларга тинчлик йўли билан, уларга инъомлар бериб бўйсуниш энг яхши йўллигини таъкидлайди.

 

Жалолиддин муросасизлик ва фавқулодда ўз кучига ишонишини кўрсатиб, барибир Хилотни эгаллайди. Бу айни пайтда Кўниё ва Хоразмшоҳлар салтанати ўртасида алоқалар бутунлай узилганини билдирарди.

 

Ясси Чаман жанги

 

Кайқубод Ҳалаб ва бошқа Сурия султонлари билан Жалолиддинга қарши иттифоқ тузади. Эрзурум ҳокими Рукниддин Жаҳоншоҳ Жалолиддинни тезлик билан ҳаракат қилишга ва душманга биринчи зарба беришга ундайди. Жаҳоншоҳ айюбий ва салжуқ қўшинлари бирлашмасдан олдин уларга алоҳида-алоҳида ҳужум қилишни маслаҳат беради.

 

Жалолиддин Кайқубод кучини етарли баҳоламаслиги ва бироз касаллиги туфайли, Рукниддиннинг тавсиясини инобатга олмайди. Бу орада Малик Ашраф айюбий қўшинларини тўплаб, Сивасга етиб боради ва Алоуддин Кайқубод билан учрашади. Улар Хилотга қараб юради.

 

Жалолиддин бироз соғайгач, Арзинжон томон ҳаракат қилишни бошлайди. Кўниё султонлиги ва айюбий қўшинларининг Арзинжон яқинидаги Оқшаҳарга етиб борганини эшитган Жалолиддин, Жаҳоншоҳнинг таклифи билан Ясси Чаман текислигига жойлашади.

 

1230 йили Рамазон ойининг 28-куни Ясси Чаман майдонида икки лашкар юзма-юз келади. Малик Ашрафнинг аскарлари ва Жалолиддин навкарлар бир-бирига қарши саф тортади. Кечқурун Кўниё султонлигининг авангарди Жалолиддин қўшинининг устига юриши билан жанг бошланиб кетди.

 

Жалолиддин қўшини дам олиш пайтида тўсатдан ҳужумга учраши саросимани келтириб чиқаради. Жалолиддиннинг иккинчи қўшини ҳам ҳар томондан учралган ҳужум натижасида тор-мор этилади. Хоразмшоҳ қўшинининг ўнг қаноти аллақачон қириб ташланганди. Тонгга яқин иккала томон ҳам ортга чекиниб нафас ростлашга киришади.

 

Уч кунлик жангда Кўниё-айюбийлар ва уларга ёрдамга келган Килкия арманлари ғолиб бўлади. Жалолиддин жангни ютқазиб, қаттиқ тушкунлик билан Ахлатга етиб келади. Лекин бу ерда кўп қола олмайди, чунки иттифоқчилар уларни таъқиб қилиб келаётганди. Малик Ашраф Жалолиддинни Хой шаҳригача қувиб боради. Сўнгра келишувга эришилади. Битимга кўра тарафлар ўз ҳудудлари билан чекланади, Жалолиддин қўл остидаги Малик Ашрафга тегишли асирларни озод этади ҳамда ортиқ Ахлат ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларга даво қилмасликка сўз беради.

 

«Отнинг ўлими — итнинг байрами»

 

Жалолиддин Малик Ашраф билан келишувдан сўнг Озарбайжонга қараб чекинади. Унинг Арзинжон ёнидаги мағлубиятидан мўғуллар хабар топган ва қулай имкониятдан фойдаланишга киришганди.

 

1230 йилнинг кузидан мўғуллар Рай, Ҳамадон ва Исфаҳон каби Эрон шаҳарларини бирин-кетин эгаллайди. Жалолиддин мўғул босқинчиларини Табризга қараб ҳаракатланаётганини билгач тезлик билан шаҳарни тарк этади. У Табриздан шимолдаги Мукон шаҳрига йўл олади. Чунки унинг аскарларининг бир қисми шу ерда қишлаш учун қолишган эди. Султон Жалолиддин Табризга бир гуруҳ аскари билан вазири Шараф-ул-мулкни қолдириб кетади.

 

Мукан томон йўл олаётганда унинг ёнида Мужриддин Ёқуб исмли ёш саркардаси бор эди. Кейинчалик айнан Мужриддин Ёқуб Жалолиддиннинг ўз ватани қўлидан кетгани учун тўккан кўз ёшларини тарихчи Шиҳобиддин Насавийга айтиб беради. Насавийнинг ўзи ҳам Жалолиддин қўлида кўп йиллар котиб сифатида ишлаган ва унга атаб «Сийрат ас-Султон Жалолиддин Манкбурни» асарини ёзган эди.

 

Жалолиддин мўғулларга қарши тура олишга ёки уларни ўз мамлакатидан узоқлаштиришга қодир ҳолда эмас эди. Ҳатто, ўзи билан бўлган аскарлар бир-бирига қарши чиқиб, муҳим вақтда уни тарк этган эди. Ҳатто вазирларидан бири, Мукан ҳужумидан сўнг, Султонни Ҳиндистонга кетишини тахмин қилиб, ўз режаларини шу асосда тузади ва атрофдаги ҳокимлар билан ёзишмалар орқали Озарбайжон ва Аррон ҳудудларини ўзига бериш эвазига, уларнинг ҳукмронлигини тан олишини билдиради. Султон эса унга алданмасликларини айтиб, малик ва бошқарувчиларга мактублар юборади. Хуллас оғир дамда унинг одамлари мансаб ва ҳокимият дардига тушиб қолади. Ёки мўғуллардан қўрқиб боши оққан тарафга қочади.

 

Султон Жалолиддин ўзининг бир нечта саркардаси ва яқинлари маслаҳати билан, мўғулларга қарши жанг қилиш учун Малик Ашрафдан ёрдам сўрашга қарор қилди. Малик Ашраф элчиларга «Кутиб туринг, Миср қўшинлари билан борамиз», деб жавоб беради. Бироқ Жалолиддинга элчиси бошқа мактуб юборади. Унда Ашрафнинг Мисрдан фақат Жалолиддин мўғуллар билан ҳисоблашганидан сўнг қайтиши ва шунинг учун унинг ёрдамидан умид қилмаслик ёзилган эди.

 

Араблар ёрдамидан умид узган Жалолиддин Диёрбакрдаги кучлар билан келишишга уринади. Диёрбакр ҳокими Маъсуд Жалолиддинни Алоуддин Кайқубодга қарши юриш қилишга ундайди ва ўзи тўрт минг аскар билан ёрдам беришни ваъда қилади. Жалолиддин Диёрбакрга қараб йўл олади.

 

Султон ва унинг кам сонли аскарлари Диёрбакр яқинидаги бир кўприкка етганида, у ерда тўхтаб, тунайди. Кечаси улар таъқибчи мўғул бўлинмасининг ҳужумига учрайди, лекин буни бартараф этишга муваффақ бўлади. Жалолиддин Диёрбакрга ҳам, бошқа ҳудудларга ҳам қабул қилинмайди. Шундан сўнг томон йўналиб, шу ерга яқин бир қишлоққа етиб боради. Лекин бу манзилда ҳам мўғуллар Жалолиддинга ҳужум уюштиради.

 

Сўнгги хоразмшоҳ ҳалокати

 

Жалолиддин мўғулларнинг таъқибидан бу сафар ҳам қутулиб, тоғ йўлидан юқорига кўтарилади. Йўлда бир гуруҳ курдлар уларни қўлга олади. Шу пайт Жалолиддин уларнинг бошлиғига:

 

«Тўхтанг, шошилманг. Мен султонман, мени Малик Шаҳобиддин исмли одамимга еткизинг, у сизларни бойитади. Ёки мени ўз ватанимга олиб бор, сени малик қиламан,» дейди.

 

Талончиларнинг раҳбари аввал уни ўзи яшаб турган жойга олиб боради. Султон қўллари боғлиқ ҳолда чодирининг бурчагига жойлаштирилади ва уни асир олган курд отини олиб келиш учун чодирдан чиқиб кетади. Бир оз вақт ўтиб, бошқа бир курд, қўлида найзаси билан отга кетган курднинг хотинига яқинлашиб:

 

– Бу Хоразмлик ким? Нега уни ўлдирмайсизлар? – деди.

 

– Бу мумкин эмас, у эримнинг ҳимоясида. У бир султондир, дея жавоб беради аёл.

 

Шунда курд, найзасини кўтариб, «унинг султонлигига қандай ишонасиз? Менинг бундан яхшироқ бўлган акамни улар Ахлатда ўлдиришди», дейди ва хоразмшоҳ юрагига найза санчади.

 

Кўплаб жангларда омон қолган жасур саркарда шаънига мутлақо тўғри келмайдиган тарзда ҳалок бўлади. Насавий бу ҳақда: «Таъқиб келтирса, бундай ғолиб арслоннинг ўлими тулкилар қўлида рўй берди» деб ёзади.

 

Бир оз вақт ўтгач, Малик Ашрафнинг укаси, Малик Музаффар Жалолиддиннинг вафот этган жойига одам юбориб, ундан қолган нарсалар: отини, муҳрини, машҳур қиличини, ва доимий равишда сочлари орасида олиб юрган туморини келтиртиради. Жалолиддиннинг сўнгги лаҳзаларгача ёнида бўлган бир гуруҳ одамлар бу нарсалар султонга тегишли эканлигига гувоҳлик беради. Малик Музаффар, ўлдирилган кишининг Султон Жалолиддин эканлигини тушуниб, унинг суякларини дафн эттиради.

 

Унинг ўлими билан бу мўғуллар Озарбайжон, Ироқ, Онадўли каби ҳудудларга юриш қилиш имконига эга бўлади. Тарихчи Ибн Восилнинг таъбири билан айтганда «ёвга қарши исломнинг сўнгги байроқдори» энди йўқ эди. Ундан кейин то жияни Сайфиддин Қутузгача мўғуллар деярли умуман йирик мағлубиятга учрамайди.

 

Акобир Тоиров

Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

10:05 / 05.05.2025 0 34
Ҳумайро момо

Адабиёт

17:05 / 02.05.2025 0 59
Уч ярим минг йил олдинги “sms”лар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17852
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//