
...Иқлимнинг ўзгаришиданми, ўша кезларда негадир қиш жуда қаттиқ келарди. Қор шу қадар кўп ёғардики, томдан кураб туширилган қорлар ҳовли ва тор кўчаларимизни тўлдириб юборарди, томни кураб, қор уюмлари устига бемалол сакраб тушаверардик.
Шундай чирсиллаган қиш кезларида дадам иссиқ сандалда ўтириб, “Ўткан кунлар”ни ёзарди...
Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” асаридан
ХХ аср тонгида, дунё жаҳон урушига ҳозирланаётган, замин қитъалари хомталош бўлаётган бир қалтис паллада муаззам Тошкентнинг Эшонгузар маҳалласида Қодир бобо ва Жосият биби хонадонида ўн тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келган Абдулла Қодирий ёш йигитлик палласидаёқ машҳур адиб бўлиб танилди.
Ёзувчи жаҳон адабий тафаккури янгиланаётган бир пайтда сўз майдонига кириб келди ва ўз сўзини, ўзбекнинг сўзини айта олди: дунёда олтинчи романчилик мактабига асос солди. Унинг “Ўткан кунлар” романи эълон қилиниб, ўқувчилар орасида машҳур бўлган пайтда, ёзувчи ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган навқирон йигит эди. Мислсиз туғма истеъдоди билан бирга Оллоҳ ато қилган вазмин табиати ва энг муҳим фазилати – юрт ва миллатга катта муҳаббати уни ўзбекнинг биринчи романнависи даражасига кўтарди. Адиб ўзини аввало шу элнинг бир фарзанди, оиланинг кўмакчиси, шермард бир ўғлон деб билади. У ҳаёт дуч қилажак ҳар қандай юмушдан бош бурмайди: дурадгорлик, ғишт териш, сувоқчилик, савдогарга котиблик, боғбонлик каби касбларнинг ҳам моҳир устаси бўлиб улғаяди. Шу сабабли ҳам меҳмон оёғи узилмайдиган, серфайз хонадони доим тўқ ва фаровон эди.
Романнинг туғилишига бевосита гувоҳ бўлган адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий шундай эслайди: “Беш-олти ёш пайтларим. Қиш, рўза эди. Отам эса эрта-ю кеч сандалга қадалиб “Ўткан кунлар”ни ёзарди. Кечқурун нишолда сотувчи амаки кўча бошига келди. Мен эса жуда нишолда егим келгани учун ойимга “Пул беринг, нишолда опкелай” дедим. Ойим “Пул йўқ” деди. “Пулсиз ҳам берар” деган хаёл билан пиёлани кўтариб, нишолдачининг олдига бордим. “Пули қани?” деди амаки. “Йўқ” дедим. Амаки пиёламни қуруқ қайтариб берди. Кўпчиликнинг олдида изза бўлиб, йиғлаб уйга қайтдим ва ойимни койиб бердим. “Нишолда бермади. Адам ҳам нишолда сотса бўлмайдими, ҳадеб ёзаверадими?” дедим алам билан”.
Бу парчада адибнинг ҳаёти ва ижоди нақадар бақамти, уйғун эканини кўриш мумкин.
Қодирий ҳали ҳеч қандай тажриба ва намунага эга бўлмаган миллий адабиёт заминида роман яратди. У бу ишни бажаришда воқеалар ўйлаб топиш, прототипларни кашф этиш, ҳаёт ҳақиқатидан бадиий ҳақиқатга айлантиришда жуда нозиклик, муайян шахслар ва халқнинг нафсониятига эҳтиётлик билан ёндашиш, бир сўз билан айтганда, Худо розилигини биринчи ўринга қўйиб иш кўргани шубҳасиз. Абдулла Қодирий ўз асарини вужудидаги ўзбекнинг қони билан, руҳидаги ўзбекона соф миллий туйғу билан яратди. Шу боис асар аввало халқимизга, сўнг ана шу миллий қудрати сабаб ўзга халқларга ҳам манзур бўлди. “Ўткан кунлар”ни ўқиган ҳар қайси миллат вакили асар марказида энг аввал инсон қалбини, тақдирини кўрди.
Қодирий “Ўткан кунлар”даги ҳаётни ўзбек бўлиб яшаб ўтди, ўзбек бўлиб ёзди, қаҳрамонлари ҳам қон-тани билан, бутун ҳаёти билан ўзбек бўлиб дунёга келди.
Асар ўз давридан буён ўнлаб тилларга таржима қилинган бўлса, тобора қиммати ошиб бораётир. Қодирийнинг бу романидан кейин қанчадан-қанча романлар чиқмади, юзлаб номлар майдонга келди. Бироқ тўнғич романимиз ҳануз дунёвий даражасини, умумбашарий қудратини биринчиликда тутиб келаяпти. Дунё адабиётида ҳар қандай роман билан беллаша оладиган бу асар халқнинг руҳини оммавий тарзда уйғота олгани билан қадрлидир.
* * *
Атоқли рус олими Евгений Бертелс шундай дейди: “Эрон, турк, араб ёзувчиларининг ҳам кўпгина романлари бор. Лекин уларники услуб жиҳатдан инглиз, француз, немис романчилик мактабларидан унчалик фарқ қилмайди. Уларда тақлидчилик бор. Абдулла Қодирий ҳам кўпгина романчилик мактабларидан истеъфодаланган, уларни чуқур ўрганган бўлиши мумкин. Аммо унда тақлид кўринмайди. Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир. Абдулла Қодирий – улуғ романчи!”.
Романнинг халқчиллиги, ширадор тили, очилмаган қўриқдек дунё учун сирли туюлган Марказий Осиё халқларининг кейинги асрлардаги ҳаётининг ҳаққоний тасвири ёзувчини қисқа муддатда машҳур қилиб юборди. Асар 1920–1930-йилларда ниҳоятда қолоқлашиб қолган жамият кишиларини ҳам бефарқ қолдирмади: дастлаб журналда сонма-сон босилган романнинг давомини ўқувчилар интиқ бўлиб кутарди. Ваҳоланки, ҳамма бирдек саводли эмас эди. Чойхоналарда, гузарларда, турли маросим йиғинларида саводи бор киши ҳурмат-иззат билан давра тўрига ўтказилар ва у киши “Ўткан кунлар”ни ўқир эди. Қолганлар эса тингловчи бўларди.
Роман 1970-йилларгача рус, украин, литва, татар, озарбойжон, қозоқ, тожик, қорақалпоқ, туркман, уйғур, немис тилларига ўгирилган. Роман немисчада “Тошкентлик ошиқ-маъшуқлар” номи билан чоп қилинган.
Муаллифга собиқ шўро мамлакатларининг турли шаҳарларидан минглаб хатлар келган. Шундай хатларнинг биридан олинган ушбу парчани ўқиб кўрсак.
“Мана, қўлимда “Ўткан кунлар”нинг сўнгги саҳифалари... Уни икки кун ўқидим. Тасвирланмиш воқеаларнинг иштирокчисига айландим.
Абдулла Қодирий! Биласизми, китобингизнинг севимли қаҳрамонлари билан жудолашиш мен учун нақадар оғир! Воқеа ўтмишдир, шундай эса-да у менинг юрагимда сира-сира унутилмас таассурот қолдирди ва ишонтириб айтаманки, бу таассурот ҳамма китобхонларда ҳам бирдайдир...” дея бошланган каттагина мактуб 1961 йилнинг 20 августида Украинанинг Львов шаҳри Славацкий кўчаси 6/6-уйда яшовчи Людмила Непомняшая исмли аёлдан Қодирийнинг уйига келган. Людмила ҳам Қодирийнинг кўплаб мухлислари каби унинг қатл этилиб кетганидан бехабар бўлган.
“Ўткан кунлар” халқ ичида шу қадар тез ёйилиб, сингиб кетадики, ёзувчи ҳаётлигидаёқ рўй берган ушбу воқеалар фикримизга исботдир:
Чорсу бозорида Қодирий ўғли билан китоб сотувчисидан араб алифбосидаги “Ўткан кунлар”ни сотиб олади. Саҳҳоф китобни йигирма сўм дейди, Қодирий эса ўн сўмга беринг дейди. Саҳҳоф чол кўнмайди.
– Йўқ, бўлмайди, ука, – дейди чол ёқтирмагандай, китобни олиб жойига қўяркан. – Биласизми, бу китобни “Ўткан кунлар” дейдилар. Отабек, Кумушбибиларни эшитганмисиз? Ўқисангиз йигирма эмас, қирқ сўм ҳам берасиз. Ками йўқ. Пулингиз ёнингизда кетади...
Чол Қодирийнинг ўзини танимайди ҳам.
* * *
Тошкентлик Мансур Афзалов ҳикоя қилади:
– 1936 йилда мен уй қурмоқчи бўлиб, қўқонлик бир кекса устани ишга таклиф қилдим. Уста менга деди: “Юмушингизга бораман, мулла, аммо бир шарт билан: менга Отабек деган китобни ўқиб берсангиз...”. Мен рози бўлдим. Уста қизиқ табиатли киши эди. Яхши кўрган кишисини “Келинг, Отабек” деб чақирарди.
* * *
Бир кечқурун Қодирийни излаб маҳсидўз косиб йигит унинг уйига келади. Ва Қодирийга маҳси совға қилиб кетади. Ёзувчи косибдан бу илтифот сабабини сўраганида у “Кеча тўкма (чойхона)да сизнинг романингизни ўқиб мириқдик. Шунинг раҳматига кўпайлашиб шу маҳсини опкелдик” дейди.
* * *
Абдулла Қодирий матбуотда жуда фаол қатнашган, айниқса, фельетон жанрида баракали ижод қилган. Уч юздан ортиқ фельетон ва мақоласи мавжуд! Шу боис “Фельетонлар қироли” деган лақаб ҳам олган. Аммо унинг публицистикадаги тили романларида сира сезилмайдики, буни атоқли қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов шундай баҳолаган:
“Абдулла Қодирий (Жулқунбой) юксак романлар яратди. Унинг романлари 1920-йилларда гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғи вужудга келгандай пайдо бўлди. Қодирий асарларини Қурмонғози ёки Чайковский куйларини тинглагандай дам олиб, мириқиб, гашт қилиб ўқийсан киши... Гарчи Жулқунбой 1920-йиллар бошида матбуотда газетчи, публицист бўлиб танилган бўлса ҳам, унинг романларида газетчилик, журналчилик тили сира из қолдирмаган. Унинг тили равон, ширали, мусиқий, менимча ҳамма Ўрта Осиё халқларига ҳам таржимонсиз тушунарли. Масалан, биз қозоқлар ҳам Жулқунбой асарларини таржимасиз ҳам бемалол тушунаверамиз”.
* * *
Таниқли тожик ёзувчиси Жалол Икромий шундай эслайди:
“Мен 1930-йиллар бошида Тошкентдаги тожик билим юртида ўқир, бир қозоқ курсдошим билан бир ётоқда турардим. Шунда илк бор “Ўткан кунлар”ни ўқидим. Уни кеча-кундуз берилиб ўқирканман, қозоқ дўстим “Бу китобни мунча берилиб ўқийверасан?” деб бир неча бор ажабланиб сўради. “Тўхта, сен ҳам ўқийсан” деб китобдан бош кўтармадим. Ниҳоят романни тугатиб дўстимга ўқишга тавсия қилдим. У аввалига китобни тилар-тиламас ўқий бошлади, сўнг менга ўхшаб берилиб кетди. Бир кун ётоқда дарс қилиб ўтирардим, дўстим эса “Ўткан кунлар”нинг охирги саҳифаларини ўқирди. Бирдан у сакраб ўрнидан турди ва бориб печканинг оғзини очиб китобни ловуллаб ёнаётган ўтга ташлади. Мен ҳайратланиб “Ҳай, сенга нима бўлди?” дедим. У эса менга қарамай туриб, “Кумуш ўлди!” деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Чала куйган китобни печкадан олиб аранг ўчирдим”.
* * *
Улуғ адиб Ойбек Қодирий ҳақида ушбу сўзларни келтиради:
“Абдулла Қодирий мен техникумда ўқийдиган пайтлардаёқ (1925-йиллар) машҳур ёзувчи, ҳаммамиз қўлдан қўймай ўқийдиган ўзбек адабиётидаги биринчи улкан ва гўзал романнинг автори эди.
Унинг прозаси биринчи навбатда ғоятда ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Қодирийнинг тилидан у халқнинг бой ва ажойиб тилини ғоятда яхши билганлиги яққол сезилади. Унинг романлари ана шундай гўзал тил билан ёзилган. У туғма эпик ёзувчи, кенг кўламдаги мастер, юксак маънодаги реалист санъаткор эди. У ақлий меҳнат кишиларига ҳар маҳал ҳам насиб бўлавермайдиган даражада жисмоний меҳнатга ўч киши эди”.
Ойбекнинг бу эътирофи ўзбек адабиёти тарихида катта бурилиш ясаган “Ўткан кунлар”нинг аҳамияти билан бир пайтда кейинги авлоднинг забардаст вакиллари – Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мухтор Авезов, Жалол Икромий, Чингиз Айтматов, Миркарим Осим каби етук адибларнинг майдонга келишига, яъни адабиётимиз ва қардош халқлар адабиётида янги бир даврни бошлаб берганига ишора ҳамдир.
Мисрлик машҳур адиб Жўржи Зайдонни ўзига устоз санаган Қодирий ўз романи ҳақида шундай дейди: “Улуғ октябр инқилобигача бизнинг халқ турмушдан йироқ афсоналарнигина ўқиб кифояланар эди. Шу афсоналар ўрнини босарли бирон каттароқ реалистик асар яратишга ният қилган эдим. “Ўткан кунлар” романим ўзбек оиласига чуқур сингиб кирди, китобхонларни анави афсоналарни ўқишдан халос этаёзди”.
Қодирий бу сўзлари билан улкан вазифага бел боғлаётганини теран англаганини тушуниш мумкин. Ва бу бурчни зўр иштиёқ ва маҳорат билан адо этолди.
Марказий Осиё, собиқ шўро мамлакатлари халқларининг барчасига бирдек манзур бўлган, барҳаёт боғ каби яшнаб турган “Ўткан кунлар” шу халқларнинг маънавий юксалишида ҳам катта рол ўйнадики, бу ҳам бўлса бир китобнинг куч-қудратини англатади.
Шодмонқул САЛОМ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Мангуликка ўтган кунлар” мақоласи
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ