Шогирдларини “киприкларим” дерди – Миртемир ҳақида қизи хотиралари


Сақлаш
15:05 / 05.05.2025 38 0

Дераза ёнида уч қиз

Узоқ тунда уйқусиз,

Урчуқ йигиришарди

Ҳам суҳбат қуришарди...

 

Шундай қуйма сатрлар билан бошланувчи, ҳар жумласи ёд бўлиб кетган “Шоҳ Салтан ҳақида эртак”ни интиқлик билан кутиб, жон қулоғи билан эшитмаганлар орамизда кам. Болаликнинг орзуларга тўла сеҳрли оламида қувнаб юрганимизда бу эртакни ким ёзгану ўзбек жужуқларига ким таржима қилиб берганини билмаган ҳам бўлсак керак (билмайдиганлар ҳалигача топилади). Лекин мактаб остонасига қадам қўйиб, ҳарф таний бошлаганимизда муаллимимизнинг “Пушкин қаламига мансуб, шоир Миртемир таржимаси” деб эртакни сўзма-сўз ўқитгани ёдимда. Демак, Миртемир шунчалар моҳирона таржима қилган эканки, йиллар ўтса-да эртакдаги сатрлар хотирамиздан ўчмайди. Мақсуд Шайхзода таъриф берганидек, “Ё тавба, шундай зўр таржима бўлибдики, ҳайрон қоласан одам. Пушкин худди ўзбек тилида ёзгандек. Бу иши учун Миртемирга тириклигида ҳайкал қўйилса арзийди” деб ўйлайсиз. Шундай қилиб, Миртемир домланинг ўзи таъкидлаганидай “оддийлардан кўра оддийроқ” умр йўли, улуғвор ижоди билан мактаб давридан таниша бошладик. Кейинроқ адабиётшунос олимлар, шоиру ёзувчилардан Миртемирнинг афсонавий ҳаёт йўли ҳақида эшитдик. Аммо бу билганларимиз камдай эди гўё. У кишининг қизи Гулнора опа билан суҳбатда яна қизиқ-қизиқ маълумотларни билиб олдик.

 

– Мен отамнинг супрақоқдисиман. Беш фарзанд ҳаётда қолганмиз. Отамнинг олдинги оиласидан ҳам Клара исмли бир қизи бўлган. Кичиклигида касалланиб, нобуд бўлган экан. Энг катта опам мендан йигирма ёш катта. Туғилганимда катта опам Тошкент давлат университетидан илмий экспедицияга кетган экан.  Кичик опам эса Тошкент давлат тиббиёт институтида ўқиган. Хуллас, дунёга келган куним тоққа “сингилли бўлдик, опажон” деган телеграмма борган. Хатни ўқиган опам роса йиғлабди. Экспедиция бошлиғи воқеадан хабар топиб, “нонимни олиб қўяди деб йиғлаяпсанми, йиғлама, синглинг ҳали ҳаммаларингга овунчоқ бўлади” деган экан. Бугун ўша йиғлоқи опам саксон беш ёшда.

 

Ҳақиқатан уйдагилар мени еру кўкка ишонмасди. Айниқса, отам жуда эркалатган. Қўшнимизнинг ўғли акамни велосипедда айлантириб келаман деб йиқитиб қўйган, акам нобуд бўлган экан. Балки шундандир, отам-онам мени жуда авайларди. Отамнинг тиззасидан ҳеч тушмасдим. Ҳатто баъзи шогирдлари мени домланинг набираси деб ўйлашган экан. Уйимиз доим отамнинг шогирдлари билан гавжум бўларди. Лекин битта шарт бор – хонадонимизга нимадир кўтариб келиш мумкин эмас. Ким келса, отамдан яширинча мени шоколаду конфетлар билан сийларди. Мен ширинликларни стол тортмасида сақлардим.

 

Отам битта мени эмас, опаларимни ҳам эркалатарди. Қаттиққўллигига қарамай, қизларига эҳтиёткор муомала қиларди. Лекин онам уй ишларига маҳкам турарди. Хамир таомларнинг ҳаммасини ўргатган. Онам мактабни битирибоқ отамга турмушга чиққан. Фарзандларига ҳам, отамга ҳам жуда яхши қарарди. Айниқса, ошқозони бетоблиги боис отамнинг овқатланишига алоҳида эътибор берарди...

 

Адабиётшунос олим Наим Каримовнинг Миртемир ҳақида ёзганларида шундай жумлалар бор: “Эсдаликлар” қуйидаги сўзлар билан бошланган:

 

“1932 йилнинг 7 августи кечаси соат 1 да сиёсий идора томонидан қамоққа олиндим. Уйда онам, синглим, иним, ўртоғим ва қизалоғим қолди. Ўзим ҳеч нарса сезмасдан кетдим”.

 

Шоир қамоққа олингач, унинг оиласи учун ҳам синовли кунлар бошланади. Яна ўша “Эсдаликлар”да битишича:

 

28.IХ.33. Ўтган ҳафта онам олдига бордим. У қаттиқ касал.

Онам олдида, унинг қаршисида жуда уятлиман.

Мен она хизматини қилолмадим!

Бу кун ҳам уйга бордим: Клара касал, у мунгли ва аламли боқадир. Ҳалима Москвада. У ҳою хавас қилиб кетди. Эҳ, сен, шафқатсиз она, кимга ишондинг болани?

 

27.Х.33. Қандай бахтсиз туғилганман: онам оғир хаста, касалхонада шундай оғир аҳволда ётадир. Оҳ, мен қандай чидайман!

Клара 2/Х да ўлди.

Онаси йиғлаб….

 

Бошига тушган синовли кунлар шоирга янада оғирроқ келди. Фарзанд доғи, кетма-кет айрилиқлар... Гулнора опанинг айтишича, отаси қизи Клара ва ўғлининг бехос ўлимидан юрак олдириб қўйган. Кенжатой қизи билан бўлган кутилмаган автоҳалокат шоирни шошириб қўяди...

 

– Ўқишдан пахтага борганимизда кечқурун фалокат бўлиб, мени машина уриб кетган. Ҳушимни йўқотганман. Билмадим қанча ётдим, лекин кўзимни очсам тепамда отам йиғлаб турибди. Отамнинг меҳрининг чегараси йўқ эди. Онам, ака-опаларим ҳам келишган. Отам ўшанда духтирлар билан гаплашиб, мени тезда Тошкентга олиб кетди. Энг кучли духтирларга кўрсатиб оёққа қўйди. Лекин отам даъво қилмади. Ҳатто кичкина акам нобуд бўлганда ҳам даъво қилмаган экан. Орадан йил ўтиб, қувватга кирдим, кейин ўқишимни давом эттирдим. Ўзи аслида араб филологиясига ўқишга топширгандим. Лекин имтиҳондан ўтолмадим. Кейин ўзбек филологиясида ўқидим. Менга у ерда ўқиш ёқиб қолди. Ахир ҳафтасига том-том китоблар ўқирдик. Уйимизда отамнинг каттагина кутубхонаси бор эди. Ўқишга кирганимда отам “қизим, шу ерда ўқийвер, шунча китобни кимга бериб кетаман?” деган.

 

Миртемир домланинг жонкуяр, меҳрибон устоз, донишманд, шу билан бирга содда ва самимий одам бўлганини у кишини таниган-билганлар бот-бот такрорлашади. Ўзига яқин одамлар, шогирдларида бирор муҳтожлик сезса, дарров ёрдам беришга шошган экан. Таржимон, ёзувчи Носир Фозиловнинг устоз ҳақидаги хотираларини ўқир экансиз, бунга амин бўласиз:

 

“Катта йўлга чиққанимизда қандайдир бир машинани тўхтатиб, чиқиб олдик. Машина ишчилар шаҳарчасига қараб зувиллаб борарди. Боя машина эгасига нимадир дегандай бўлувди, мен нима деганини англамадим. Қарасам, машина зувиллаганча Миртемир аканинг уйи олдидан ўтиб кетди. Ҳайрон бўлдим. Қаёққа кетаяпмиз? Бир маҳал машина ҳозирги “Миконд” заводининг олдига бориб тўхтади. Миртемир ака кира ҳақини тўлади. Иккаламиз бошлашиб, кўчанинг нариги томонига ўтдик. Кичкинагина бир мато дўкончаси олдига борганимизда Миртемир ака юр дегандай ишора қилди. Кирдик. Дўкончи билан яхши таниш шекилли, қуюқ сўрашиб кетишди. Пировардида:

 

– Олиб қўйдингизми, мулла? – деб сўради.

 

Дўкончи бошини лиқиллатиб, ичкарига кириб кетди-да, қоғозга ўроғлиқ мато олиб чиқиб, пештахта устига қўйди. Шундоққина қоғознинг очиқ жойидан кўриниб турибди: тўқ кўк жун материал, ўзидан чиққан майда йўлли... Афтидан, чет элдан олиб келинган мато бўлса керак. Ялтирарди. Миртемир ака мени дўкончига кўрсатиб бир нима дегандай бўлди. Сал матога ҳушим кетиб қолган шекилли, ўзимга келдим. Дўкончи менга бошдан-оёқ тикилиб:

 

– Бу болангизга уч метрдан бемалол чиқади, – деди. – Берайми?

 

– Маъқул, беринг, – деди Миртемир ака, – бу мулла болаям бир костюмли бўлиб қолсин”.

 

– Шогирдларини “киприкларим” дерди. Уйимизга тез-тез келиб турадиган шогирдларининг эслашича, отам кийим дўконига кирса, масалан, ўзига туфли олмоқчи бўлса, икки-уч жуфт оларкан. Эртаси куни муҳтожроқ бирор шогирди ёки дўстига “фалончибой, мана буни сиз кийинг, менга кичик келди” деб қўярда-қўймай совға қилиб юборар экан. Бундан ташқари, отам жуда баракали инсон эди. Ҳар куни эрталабдан онам катта қозонда овқат пиширарди. Ахир шу таомдан насибалилар бор эди-да. Уйимиз отамнинг таниш-билишлари-ю шогирдларидан ташқари, аммам, амаким, хола-ю тоғаларимнинг фарзандлари билан гавжум бўларди.

 

Гулнора опа бизга адабиёт дарсликларидан таниш суратлардаги Миртемирнинг ўзгинаси. Содда, самимий, хушчақчақ... Худди ўн йиллик қадрдонлардек гаплашади сиз билан. Суҳбатлашиш асносида ўзингизни ноўнғай сезмайсиз сира.  

 

– Отам булбул шоир эди. Тўра амаким доим айтарди: “Даштда сўфитўрғай деган қуш бўлади. У ҳар баҳорда тўртта тухум қўйиб, бола очади. Полапонлардан бири булбул бўлиб, қолганлари оддий тўрғай бўлади. Ўша булбул – сизнинг отангиз!”

 

Отам ҳовлида сайр қилиб юрганда, кўп кузатардим. Бир одати бор эди – бирор фикр хаёлига келса, дарров ёзиб қўйишга интиларди. Сайр пайти илҳоми келиб қолса, дарров бармоқлари билан ҳавога ёзиб кетарди. Кейин пичирлаб қайтарарди-да, ўша ёзганининг устидан ҳавога чизиб қўярди. Сўнг дарров ижодхонасига кириб ҳаммасини қоғозга туширарди. Отам араб ёзувида ёзган. Қўлёзмаларини деярли ўқий олмасдик. Кейинчалик устоз Наим Каримовнинг отам ҳақида ёзганларидан ўқиб, билиб олганмиз.

 

Отам шеърларида яшаган деб ўйлайман. У кишининг муҳаббатиям, изтиробиям, азобу оғриқлари ҳам шеърларида эди. Ҳар гал мактабдаги ўқувчиларимга отамнинг “Онагинам” шеърини ўқиб берар эканман, кўзларим жиққа ёшга тўларди. Йиғламасдан ўқимасдим бу шеърни... Айниқса мана бу сатрларини...

 

Одам бўлдимми менам?

Ҳа, одам санашар мени элимда.

Сенга қилолмаган хизматим,

Сен деб чеколмаган заҳматим

Жиндак зеҳним, жиндак шеърим,

жиндак ғазалхонлигим,

Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,

жиндак яхшилик ва ёмонлигим

Мени одам санаган элимга бахшида,

жафодийда онагинам!

Элга хизматим сенга хизматим эмасми ахир,

Эл мени фарзандим демасми ахир!

Рози бўл, одам саналай менам...

Дунёга қайтиб келурман,

Лекин бошқа ўғил бўлиб...

 

Бу шеър иложсизликдан қийналган отамнинг ички фарёди, фарзанд армонининг тимсоли! Эсдаликларни варақласангиз отамнинг ёзмишларини ўқийсиз:

 

“5. Х.33. Бу кун Онам ўлган… Она!”

 

“Эсдаликлар”ни яна варақласангиз, Миртемирнинг ёшликдаги ўтли муҳаббати Ҳалима Раҳимова ҳақидаги ёзганларига ҳам кўзингиз тушади. Ушбу муҳаббат тарихи ҳақида Наим Каримов шундай ёзади:

 

“Ҳалима ўша йилларда эндигина санъат бўсағасига қадам қўйган ёш, истеъдодли, Фарғона сойларидек шўх раққоса эди. Миртемир уни чин дилдан севарди. У ҳали бўйдоқ кезларида Ҳалиманинг рақслари тугар-тугамас унга даста-даста гуллар тутар, унга бағишлаб шеърлар ёзар эди. Рафиқасини шундай ўтли туйғулар билан севган шоир 1935 йил январида азоб-уқубатлардан қутулиб, меҳрга зор бўлиб қайтганида, унинг бошқа бир кишига турмушга чиқиб кетганини кўради.

 

“Мен Миртемирнинг кейинги тақдиридан бехабар эдим. Менга эринг отилиб кетди деб айтишди. Шундан кейин бошқа турмуш қуришга рози бўлдим. Миртемир қайтиб келгач, мен билан қайта турмуш қурмоқчи бўлди. Лекин бунинг иложи йўқ эди. Шундан кейин у “Мени сенинг эринг қаматган” деб менга таъна қилди”, – деб эслаган эди Ҳалима опа”.

 

– Ҳар йили ёзги таътилда Иқонга (Миртемир туғилган қишлоқ – Г.Н.) кетардим. У ёқда менга мазза эди. Амма-ю амакиларимнинг болалари билан ўйнардик. Отам билан тўйларга кўп борардик. У пайтлари тўйлар карнай, сурнай, дутор билан ўтар эди. Бир марта тўйда рақсга тушганимни эслайман. “Гулноз” рақси... Рақсга шу қадар берилиб кетган эканманки, кўзларимни юмиб атрофимда одамлар тўпланганини ҳам кўрмай қолибман. Ҳам жуда кичкина қиз эдим. Кўзимни очсам, қариндошларимиз пул қистиришган, уялиб кетганман. Пулларни обориб артистларга берганман. Отам тўғрида чоллар билан ўтирганди. Шунақанги ёмон қарадики... Кейин онамни чақириб, “нега қизинг рақсга тушди, нега тарбия қилмадинг?” деб роса койиган экан. Шу-шу қайта рақсга тушмадим. Балки отам раққоса бўлишимни истамагандир... Кейинчалик, эсимни таниб отамнинг қалбини тимдалаган жароҳатлар шу билан боғлиқлигини билдим... Оҳ, отам-а...

 

Шоирнинг ўғли Мирза Турсунов отаси ҳақидаги хотираларида шундай ёзади:

 

“Отам қирғиз халқининг “Манас” эпосининг биринчи қисмини моҳирона таржима қилган. Таржима жараёнида уч-тўртта қирғизча сўзнинг маъноси ҳечам чиқавермагач, отам ижодий сафарга отланиб, ўша пайтдаги Қирғизистоннинг пойтахти Фрунзе шаҳрига бориб, қардош шоир, ёзувчилар билан учрашган. Ҳалиги сўзларни уларга кўрсатиб, маъносини сўраса, на бирор шоир, на ёзувчи уларни талқин қилиб бера олган. Қирғиз дўстларидан бири “Домла, бу сўзларнинг талқинини билиш учун “Манас”нинг қабрига бориш керак. Ўша ердаги бахшилар сўзларнинг маъносини айтиб бериши мумкин” деб маслаҳат беради. Бу маслаҳатга амал қилиб, отам бир куни эрталаб чиқиб кетиб, эртаси куни кечга яқин қайтиб келади: ўша сўзларнинг тўғри талқинини билиб олганидан беҳад хурсанд. Бу воқеа кўз олдимда содир бўлгани учун ёдимда қолган. Кўп йиллар ўтиб, отамнинг вафотидан кейин, уйимизга Чингиз Айтматов келиб, баъзи фикрларини изҳор этди. Чингиз оға “Миртемирнинг “Манас” таржимаси шунчалик ажойиб чиққанки, у қайтиб қирғизчага таржима қилинса яхши иш бўлар эди” деганди”.

 

– Отам сўз заргари эди. У таржима қилган асарларни ўқисангиз, буни ўзбек тилида ёзишганми деган хаёл ўтарди. Ҳар бир сўз устида кунлаб ишлаганларини ҳам кўрганмиз. Ана шундай заҳматкаш одам эди у киши. Афсус, отам вафот этганида мен ўн саккиз ёшда эдим. Отам билан ўтган кунларимизни ҳануз қўмсайман. Отам берган меҳрни мен бошқалардан туймадим. У кишининг меҳри қуёш тафтидан ҳам иссиқ эди. Отамнинг:

 

Мен ерга қуёшни кўргали келдим,

Бироқ у кулмаган бўлса ўшал кун,

Куйлагум, куйлагум қуёш ҳақида,

Тароналар тўқиб, солғим садо – ун…

 

деган мисралари бор эди. Ҳақиқатан отам сўнгги нафасигача қуёшга, ёруғликка, эзгуликка талпиниб  яшади!

 

Гулжаҳон НАМОЗОВА

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2025 йил 1-сон.

“Оддийлардан оддийроқ” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

10:05 / 05.05.2025 0 34
Ҳумайро момо

Адабиёт

17:05 / 02.05.2025 0 59
Уч ярим минг йил олдинги “sms”лар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17852
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//