Ҳумайро момо


Сақлаш
10:59 / 05.05.2025 33 0

Урушга кетган эрини умрининг охиригача кутиб, тоқ ўтган момоларимизнинг ўчмас хотираларига бағишлайман!

 

1.

 

− Балогинангни олай, Ашур, ўн кунгина кейин чақирсанг, Гирмон уйингга кеп қўядими?

− Гирмон Масковга кеп қўйди, момо, Масковга кеп қўйгани – уйимга кеп қўйгани.

− Ҳеч бўлмаса, чилласи чиқсин, Ашуржон, кейин нима десанг, майли.

− Гитлир ўғлингизнинг чилласи чиқишини кутиб турадими, момо? Исталин бова чиллангизни тушунадими? Ҳозир ўғлингизни чиқармасангиз, мелиса келиб опкетади.

− Уруш менинг биттагина боламга қараб қоптими, Ашур, инсофинг борми?

− Адолат момонинг боласи иккитамиди? Ё бошида эри бормиди? Раис бобонинг боласи иккитамиди, момо? Аввал чиқарди-ку, ўғлини. Кўпга келган тўй-да, момо, чидаймиз.

− Ҳаҳ, тўйгинанг бошингдан қолсин! Саҳобиддин! Чиқ, болам, нарсаларингни халтага солиб қўйганман. Э, қирғин келсин, шу урушни бошлаганларга!

 

2.

 

− Ҳумайро, мени кечир, тўйни олдинроқ қилсак бўларкан.

− Худонинг айтган куни бўлади-да, момомнинг ўғли, кечир деманг.

− Келин бўлиб, келинлардай яйрашга ҳам улгурмадинг, Ҳумайро?

− Ундай деманг, мен ... бахтлиман, момомнинг ўғли.

− Бахт дейсанми, Ҳумайро? Бир ойгина эрингни тушингда кўргандай бўлиб қолганинг бахтми?

− Шунча қизнинг ичидан менга уйланганингизнинг ўзи менга бахт.

− Мени кут, азизам! Уруш тугасин, кейин бир кун ҳам сени ёлғиз ташлаб, бир ерга кетмайман.

− Кутаман, момомнинг ўғли, кутаман.

− Мен албатта қайтиб келаман, Ҳумайро, биров бир нима деса, ишонма!

− Ишонмайман, момомнинг ўғли, ишонмайман! Сизни ўлгунимча кутаман!

 

3.

 

Прапал дегани нима, начайник, тушунтириб гапиринг-да?

Без вести пропал дегани шуки, жангдан кейин ўғлингиз дом-дараксиз йўқолибди, Машраб бобо.

− Э, шунақаси ҳам бўладими? Бутун бошли одам изсиз йўқолиб қоладими? Ёш бола бўлмаса?

− Жуда эзвордингиз, Машраб бобо, урушда бўлади-да. Окопда кўмилиб кетгандир, немисдан қочиб, ўрмонга кириб кетгандир?

− Оғзингга қараб гапир, начайник, менинг ўғлим қўрқиб қочадиган бола эмас.

− Уруш, Машраб бобо, урушда ҳар нарса бўлади. Энди боринг, бирор маълумот олсам, яна хабар бераман.

Начайник маълумот олмади, шекилли, Машраб бобога бошқа хабар қилмади.

Уруш тугади ҳам-ки, хабар қилмади. Кетганларнинг тирик қолгани қайтиб келди ҳамки, хабар қилмади.

Қирқ тўққизда хабар қилди. Хабар қилмаса, яхши эди:

− Саҳобиддин Машрабов Ватан хоини деб топилиб, сиртдан отувга ҳукм қилинди!

Ҳукм Машраб бобога ўқилган бўлди. Уч кун ўтиб, Машраб бобони дафн қилишди.

Энахон момо ерни муштлаб, Гитлерни қарғади.

Энахон момо юзини юлиб, Сталинни қарғади.

Энахон момо ёқасини йиртиб, урушни қарғади.

Энахон момо қарғаб-қарғаб, йигирма етти кун яшади...

 

4.

 

Ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзи қолди Ҳумайронинг.

Бир сигир, бир бузоқ, тўрт эчки, икки улоқ, битта Олапар билан бир ўзи қолди Ҳумайронинг.

Машраб бобонинг чироғини ёқиб ўтириш биргина Ҳумайрога қолди.

Энахон момонинг урчуғини йигириб ўтириш биргина Ҳумайрога қолди.

Ҳайҳотдай ҳовлида на бир меҳрибон қолди Ҳумайрога, на бир ҳамдард.

Машраб бобонинг авлодини давом эттирай деса, момосининг ўғлидан на бир нишона қолди, на бир гумона... Аммо Ҳумайронинг кўнглида умид қолди, Ҳумайронинг кўнглида ишонч қолди.

− Албатта қайтаман, деган момомнинг ўғли, қайтади. Мени кут, деган момомнинг ўғли, кутаман.

Ҳумайро Машраб бобонинг чопонини кийди. Белига Машраб бобонинг белбоғини боғлади. Ҳумайро Машраб бобонинг кетмонини олди. Ҳумайро ер чопди, экин экди, ҳовли суғорди.

Ҳумайро сигир боқди, эчки боқди. Сигирнинг сутини кувига солди, ёғ олди. Қолганини қатиқ қилди, чакки қилди, қурут қилди.

Қишлоқнинг боласи Ҳумайродан қурут олди. Қишлоқнинг боласи Ҳумайронинг сигири берадиган сутни ичди.

Ҳумайро эчки соғди. Эчкининг сути шифо бўлди, эчкининг қатиғи дармон бўлди.

Бир қишлоқнинг боласи Ҳумайрога кўмакчи бўлди. Бир қишлоқнинг боласи Ҳумайрога дастёр бўлди.

− Ҳумайрога қарашинглар, бир ўзи қолиб кетмасин, − деди Адолат момо.

− Ҳумайрога ёрдам беринглар, аёл боши билан сувга чиқмасин, ўв ёш-яланг, ҳовлисини суғориб беринглар, − деди Раис бобо.

− Ҳумайронинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туринглар, ярим коса иссиқни олдин шунга чиқаринглар, − деди Чучук момо.

− Ҳумайронинг эшигидан ҳадеганда ўтаверманглар, бировинг ичкарига ола қараманглар, − деди мулла Сафар бобо жума намозида.

Элчилик экан-да. Элнинг ичидан оласи чиқар экан-да. Тошпўлат элни ухлатиб, Ҳумайронинг деворидан ошибди.

Эл ухлаган билан Олапар ухлармиди? Ҳумайрони номард овчига олдириб қўярмиди? Сонидан узиб олгани ҳам майли, ўнг қўлининг панжаларини ғажиб ташлагани ҳам майли, уйигача қувиб боргани элда овоза бўлди.

− Тошпўлат қишлоқдан чиқиб кетсин!

Раис бобо иккита гапирмаган. Раис бобонинг гапини биров икки қилмаган, биров муҳокама қилмаган.

Тошпўлат қишлоқдан чиқиб кетди.

− Ойрўзи момо, сиз Ҳумайронинг уйига кўчиб ўтинг! Эри келса, бир гап бўлар.

 

5.

 

Ҳумайронинг сигирига барака берди Аллоҳ, Ҳумайронинг эчкисига барака берди.

Ҳумайро сигирини иккита қилмади, эчкисини учта қилмади. Кўпайганини муҳтожларга бериб юбораверди. Пул олмади.

Эҳ-ҳе, муҳтож кўп эди. Бир коса айронга муҳтожлар кўп эди. Битта қурутга зорлар кўп эди. Кунжара еганлар кўп эди, йўнғичқани еб қўйганлар кўп эди.

Тут пишиққа етсак, ўлмаймиз деганлар кўп эди, тут пишиққа етмай ўлганлар удандан-да кўп эди.

Катталар ҳам муҳтож эди. Сигири иккита бўлгани катталар ҳам қўймас эди. Эчкиси учта бўлгани катталар ҳам қўймас эди. Ер солиғи дер эди, сув солиғи дер эди. Мол солиғи дер эди, жон солиғи дер эди. Эрсизлигига бир солиқ, боласизлигига бир солиқ...

Селсовет деган катта бир келганда бузоғига ёпишса, бир келганда эчкисини судрарди.

Ойрўзи момо ҳам ўтиб кетди, Олапар ҳам ўлиб кетди. Ҳумайро ҳам Ҳумайро момо бўлди.

Ҳумайро момонинг сигирлари бир пода бўлди, Ҳумайро момонинг эчкилари бир отар бўлди. Ҳаммаси одамларда бўлди.

Ҳумайро момонинг эшигида сигир-да қолмади, эчки-да қолмади.

Ҳумайро момонинг сигир соққани-да жони қолмади, эчки боққани-да ҳоли қолмади.

Ҳумайро момонинг боласи бўлмади, аммо неваралари бир қишлоқ бўлди. Жаласойнинг ҳамма боласи унинг невараси бўлди.

Бир невараси нон олиб кирса, бошқаси овқат олиб кирди. Бир невараси ерини чопиб, экин экса, бошқаси суғориб берди. Бир невараси ўтин олиб келса, бошқаси ёриб берди. Ҳумайро момога иш қолмади, Ҳумайро момога ташвиш қолмади.

Ҳумайро момога биргина юмуш қолди. Юмуши Раис бобонинг невараси дарвоза олдига ўрнатиб берган ўтирғичга ўтириб олиб, момосининг ўғли кетган ёққа кўз тикиб ўтириш бўлди.

− Урушдан кейин туғилганлар ўлиб бораяпти, Саҳобиддин қоптими? Тирик бўлса, келарди-да? Бўлди-да энди, нимасини кутасиз?

− Кутмай нима қилай, Шарапат? Қайнананг ўлган, қайнатангга тегайми?

− Э, йигирмангизда тегмаган, ўттизингизда тегмаган, қирқингизда тегмаган, етмишингизда тегармидингиз? Сизга эр ёқмайди.

− Эр-ку ёқади, аммо ўзимнинг эрим кеп қолса, нима дейман, Шарапат?

− Келмайди. Уруш тугаганига неча замон бўлди. Келса, эллик йилда келарди. Энди аниқ келмайди.

− Келади, Шарапат, келади. Келаман деган-да, Шарапат, келаман деган. Кейин мен ҳам кутаман, деб қўйганман. Кутмасам, икки дунёда бети қора бўлмайманми, Шарапат?

− Унда кутиб ўтираверинг!

− Кутиб ўтирибман-ку, Шарапат, кутиб ўтирмай нима қилаяпман?

 

6.

 

Келди.

Эллик йил деганда келди.

Бир адвокат билан бир нотариус келди. Яна битта ажнабий келди.

Мартабали меҳмонларнинг ташрифидан Ҳумайро момо шошиб қолди. Раис бобони чақиртирди.

− Мундай меҳмонлар билан мен гаплашолмасам, Раис боважон, ўзингиз бир нима денг-да.

− Ҳужжатларни фақатгина Ҳумайро Машрабованинг олдида очаман дейди, − ажнабийнинг сўзларини таржима қилди адвокат. – Момомизга хат ҳам бор экан. Уни ҳам момомизнинг ўзига топширар эмиш.

− Менинг Раис бовадан яширадиган сирим бор эканми? – хатни Раис бобога узатди Ҳумайро момо. – Ўзингиз ўқинг, Раис боважон, ким ёзибди, нима дебди?

Раис бобо кўзойнагини тақди. Қироат билан хат ўқишга тушди:

“Мени кечир, Ҳумайро, мен ваъдамга вафо қилолмадим. Аммо сен аҳдингда турдинг. Мени шунча йил кутдинг, эрга ҳам тегмадинг. Ҳеч кимга билдирмай, сени суриштириб турдим. Отамни кўмдинг, онамни кўмдинг, менинг ўрнимга ҳамма ишни қилдинг. Мол-ҳолимизни ҳам кўпайтирдинг, ҳовлимизни ҳам жаннатдай қилиб қўйдинг. Илоҳи, бу ишларинг учун Аллоҳ сени жаннати билан сийласин! Мени сен ҳам кечир, қишлоқдошларимиз ҳам кечиришсин! Мен сен кутган қаҳрамон бўла олмадим. Урушда асирликка тушиб қолдим. Урушдан кейин қайтиб борай дедим, аммо асирликда бўлганларнинг ҳаммасини хоин деб ҳисоблаб, отиб юборишаётганини, Сибирга жўнатишаётганини эшитиб, қўрқдим. Менинг иккита орденим, тўртта медалим бор. Аммо Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлиб, асирга тушиб қолганларни ҳам кечиришмабди. Шунинг учун аввал Австрияда, кейин Америкада яшадим. Қишлоқда яшадим. Мол-ҳол қилдим. Фермер бўлдим. Бой бўлдим. Мени кечир, уйландим. Иккита ўғлим бор. Бугун улар ҳам фермер. Ҳумайро, бир умр сени унутмадим. Доим сен ҳақингда ўйладим. Ҳамиша фарзандларимга сен ҳақингда гапираман. Ўзбекистонимиз мустақил бўлибди, насиб бўлса, сенинг олдингга бораман. Шу кунларда даволанаяпман, соғайсам, дарҳол йўлга чиқаман. Мабодо бора олмасам, ўғилларим невараларимни олиб боришади. Улар сени қаттиқ ҳурмат қилишади. Бир ойгина хотин бўлган йигирмага ҳам кирмаган қизнинг эллик йил эрини кутишига бу ердагилар ишонишмайди. Фантастика дейишади. Улар сени кўргани боришади. Бу дунёда учрашмасак, жаннатда кўришамиз, Ҳумайро! Сендан рози бўлдим, сен ҳам мендан рози бўл! Момонгнинг ўғли Саҳобиддин”.

Олдин кўзини артди Раис бобо, кейин кўзойнагини.

Ажнабий бир нималар деди, адвокат ўгирди:

− Онахон, эрингиз бандаликни бажо келтирибди, уни Даллас деган жойда дафн этишибди. Зиёратига боришни истасангиз, Америка ҳукумати бориб келишингиз билан боғлиқ барча харажатларни зиммасига олар эмиш.

Ҳумайро момо секин ўрнидан туриб, ичкарига кириб кетди. Ичкаридан унинг йиғлаётгани эшитилди. Ҳумайро момо айтиб-айтиб йиғларди:

− Бор умидим ҳам ўлдими, вой отам?!

− Энди қандай яшайман, вой энам?!

Раис бобо ерга қараб анча ўтирди, ниҳоят, деразага яқин бориб сўзлади:

− Ҳумайро, бандалик-да. Чидайсан-да, Ҳумайро, чидайсан-да. Қисматингда бор экан-да, Ҳумайро, қисматингда бор экан. Энди ташқарига чиқ, меҳмонлар маҳтал бўлиб қолди.

Ҳумайро момо бир белбоққа тугилган нарсаларни кўтариб чиқди.

− Келган меҳмон ўғлимиз эканми?

− Ўғиллари, кечирасиз, ўғилларингиз ёзда келишаркан, бу киши уларнинг адвокати.

− Унда мана буларни ўғилларимизга бериб қўйсин!

Адвокат ажнабий меҳмонга бу сўзларни таржима қилиб, тугунни унга узатди. Меҳмон тугунни очди.

Тугунда яп-янги турган Саҳобиддиннинг Чучук кампир беқасамдан тиккан куёвлик чопони, ургутча дўпписи ва пичоғи бор эди.

Ажнабий уларни авайлаб яна қайта тугди ва машинасига қўйиб келди. Дипломатидаги ҳужжатларни олиб, адвокатга узатди.

− Энди мана бу ҳужжатларга қўл қўйсангиз, онажон!

− Раис боважон, сиз қаранг, булар қанақа ҳужжатлар экан?

− Онахон, эрингиз сизга бир миллион доллар маблағини васият қилиб қолдирибди. Бу бизнинг пулга қанча бўлишини биласизми? Тасаввур ҳам қила олмайсиз, онажон. Эҳ-ҳе, умрингизнинг қолганини маликалардай сайру саёҳатда, кайфу сафода ўтказсангиз ҳам бу пуллар адо бўлмайди. Биронта каттароқ заводми, фабрика очиб юборсангиз ҳам бўлаверади.

 

7.

 

Ҳамма ҳужжатлар расмийлаштирилиб, доллар дегани сўмга алмаштириб келинганида бу пуллар бир машина бўлди.

− Раис бова, бу пулларни Жаласойнинг одамларига бўлиб беринг, − деди Ҳумайро момо. – Доимо менинг ҳолимдан хабар олиб турган ўзингизнинг, Чучук кампирнинг, Адолат момонинг, Ойрўзи момонинг, мулла Сафар бовагинамнинг, Мастура момонинг, Унсин момонинг, Раббим чолнинг, Ислом бобонинг болаларига кўпроқ беринг, қолганини ҳаммага тенг бўлиб беринг! Бир сўми ҳам қолмасин!

Раис бобо худди Ҳумайро момо айтгандай қилди. Бир машина пулдан бир сўм олмади Ҳумайро момо.

Ажнабий Ҳумайро момонинг бу ишига тушунмади. Унинг саволига Ҳумайро момо жавоб берди:

− Булар мени эллик йил боқди. Яна эллик йил яшасам ҳам шулар кунимга ярайди. Буларникига борганимда эса, аниқ биламан, бирор нимани пулга беришмайди. Менга пул керак бўлмайди. Пулни нима қиламан?

 

Каримберди ТЎРАМУРОД

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:05 / 02.05.2025 0 59
Уч ярим минг йил олдинги “sms”лар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17846
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//