
Хатларнинг ҳаётимизга қачон кириб келганини ҳеч ким аниқ айтолмаса керак. Ҳарқалай, хат ва бунга сабаб бўладиган туйғу одам боласининг ўзи каби қадимий. Фақат мактубларнинг бажарадиган вазифаси, ижтимоий аҳамиятигина давр ёки кишиларнинг ҳаётий талабларига, инсон онгига қараб у ёки бу даражада ўзгариб турган. Масалан, башар ҳаётининг дастлабки даврларида у ҳар хил белги-шакллар кўринишида табиат олдидаги кечинмаларни ифодалайди. Кейинроқ маълумот ташишга ўтади – қабила вакиллари унинг ёрдамида бир-бирини хавфдан огоҳлантириб, ахборот алмашади. Кейинчалик катта-катта давлатлар, салтанатлар ўртасида дипломатик қуролга айланиб, мамлакатлар тақдирини ҳал этади. Ундан кейинроқ санъат ва маданият ходимларининг фикр алмашиш воситаси бўлиб хизмат қилади – маънавий-маърифий, илмий масалаларни ҳал этишда ўзига хос рол бажаради. Ундан ҳам кейинроқ эса ўзи бир санъатга айланади...
Тўғри, юқорида хатларнинг босиб ўтган йўли ҳаддан ошиқ катта одимлар билан санаб ўтилди. Шу туфайли унинг кечмишига оид жуда кўп босқичлар қолиб кетди. Чунки хатнинг турли ашёлардан фойдаланиб жўнатиладиган тури, ҳатто ёзув пайдо бўлишидан олдин ҳам бўлгани ҳақида фактлар бор. Масалан, қадимги Мая қабилалари чилвирга тугун тугиш орқали бир-бирига хабар йўллаган. Бунда тугунлар сони ва қандай тугилганига қараб, маълум сўзларни ифодалаган.
Ҳеродотнинг “Тарих” китобида ҳам ашёлар ёрдамида йўлланган хат ҳақида қизиқ маълумотга кўз тушади. Унга кўра скифлар она заминига бостириб кирган форс шоҳи Дорога қуш, сичқон, бақа ва бешта камон ўқи жўнатади. Доронинг вазири Гобриюн ҳукмдорига жўнатилган буюмлар маъносини шундай тушунтиради: “Скифлар бизга қуш каби кўкка учсангиз ҳам, сичқондай ерни ковлаб кирсангиз ҳам, бақадай ботқоққа қочсангиз ҳам ўткир пайконларимиздан омонлик йўқ демоқчи”.
Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида форс ҳукмдори Доронинг ўзи солиқ тўлашни истамаган Искандарга чавгон, ёғоч тўп ва бир халта кунжут юборганини ўқиймиз. Шунга ўхшаш детал ўзбек эртакларидан бирида ҳам бор. Ўша эртакда шаҳзода маликага уйланиш учун совчи жўнатади. Малика шаҳзодага аввал бирор ҳунарни эгалласин деган талаб қўяди. Сўнг шаҳзода гилам тўқишни ўрганади. Бир куни у қароқчилар қўлига тушиб, зиндонда туриб тўқиган гиламига ўзини қандай топиш мумкинлиги ҳақидаги хабарни тилсимлайди. Тўғри, бу пайтларга келиб ёзув аллақачон кашф этилган бўлиши мумкин. Бироқ қадимда одамларнинг бир-бирига нарса-буюм жўнатгани ва қабул қилувчининг бундан маълум фикрни тушунишининг ўзи мактубнинг ёзув пайдо бўлишидан аввал ҳам бўлганини билдирмайдими?
Интернет манбаларига кўра дунёдаги энг биринчи ёзма сиёсий мактуб Месопотамия даврига тегишли. У милоддан аввалги XXIV асрда, Лагаш ҳукмдори Энметена томонидан учбурчак сопол парчасига миххат ёзуви билан битилган. Ушбу хат Лагаш ва Умма давлатларининг чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш ҳақида бўлиб, инсон тарихидаги энг биринчи дипломатик мактуб дея баҳоланади. Ундан ҳам олдинги мактаблар бўлиши мумкин, лекин бизгача етиб келган энг қадимги мозий қуши шу. Археологик қазишмалар натижасида топилган мазкур тарихий битик бугунги кунда Британия музейида сақланаётир. Уни Дублиндаги Тринити коллежининг тарих ва гуманитар фанлар профессори Брид Макград ҳамма даврларнинг энг муҳим мактуби деб эътироф этади. Олимнинг фикрича, бу хат нафақат давлатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларга йўл очган, балки одамларни саводли бўлишга ундагани билан ҳам эътиборга молик. Шунингдек, профессор Насимхон Раҳмоновнинг ёзишича, милоддан аввалги III асрда Марказий Осиёда ҳукмдорлик қилган Ботир Тангриқутнинг Хитой маликаси билан ёзишмалари ҳам фанга маълум. Ўша давр туркий тилида улар “билдиргулик” деб аталганини айтади олим.
Дунёнинг қиёфасини ўзгартирган энг муҳим мактублардан яна бирини физик олим Алберт Ейнштайн ёзган. У нацизмга тиш-тирноғи билан қаршилиги сабабли Германияни тарк этгач, Америка президенти Франклин Рузвелтга хат жўнатади. Хатда келажакда атом бомбасининг яратилиш эҳтимоли борлиги ва Германия бу борада иш бошлаганини маълум қилади. Айни пайтда президент вазиятни тўғри баҳолаши учун бу қуролнинг қандай ишга тушиши ва оламшумул хавфини қисқа изоҳлайди.
Нобель мукофоти соҳиби, дунёдаги энг етакчи физиклардан бири Ейнштайннинг президентга ёзган мактуби катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлиши табиий эди. Шу тариқа ядровий қурол ғояси илм-фан тасаввуридан жамоатчилик онгига олиб ўтилади. Германия урушда бу қуролдан фойдаланолмаган, 1943 йилда мамлакатнинг ядро базаси йўқотилган, аммо энди уни яратиш мумкинлиги ва нималарга қодир эканини кўпчилик биларди. Қарабсизки, бир энлик мактуб дунё тарихида атом даврини бошлаб беради. Нисбийлик назариясининг муаллифи 1947 йили Американинг “Newsweek” журналига берган интервьюсида “Ҳитлер атом бомбасини яратишда омади чопмаслигини билганимда, президентга ўша машъум хатни ҳеч қачон ёзмас эдим” деб афсус чеккан. Бу хат ҳозир Франклин Рузвелт номидаги президент музейида турибди.
Хат жўнатиш усулларига келсак, уни югурдак ё чопар орқали жўнатиш ҳаммасидан қадимий. Одамлар хатларни олис масофаларга дастлаб югурдак орқали пиёда, кейинроқ от ёки туядаги чопар билан юборади ва бу усуллар асрлар давомида такомиллашади. Маълумотларга қараганда, илк почтахона милоддан олдинги VI асрда аҳамонийлар Эронида пайдо бўлган. Кейинчалик у қадимги Миср ва Хитой давлатларида мукаммаллаштирилган. XIII асрга келиб, мўғул армияси энг учқур, чапдаст чопарларга эга бўлгани ҳақида фактлар бор. Улар туман, вилоят, қўшни давлатга ўтадиган йўлларда почта бекатларига ўхшаш ём (работ, бекат) ташкил қилишган. Бу ёмлар бир-биридан 20–25 километр узоқликда қурилган ва уларни аскарлар қўриқлаган.
Лекин почта ташкил қилинди деган тушунча бир қадар нисбий бўлиб, шарқда туялар неча минг йиллар давомида хат ташиш билан шуғуллангани, карвонсаройлар почтахона ташкил қилинишидан олдин ҳам хатни жўнатиш-қабул қилиш жойи ҳисобланганини унутмаслик зарур.
Почта тизими ҳақида гап кетганда, каптарларни эсламай илож йўқ. Чунки эски даврнинг энг тезкор чопари айнан у эди. Каптарлар орқали хабар йўллаш усули бундан уч ярим минг йилча аввал Мисрда пайдо бўлган дейишади. Ўз-ўзидан маълумки, каптарлар фақат бугунги “sms”га ўхшаш қисқа хабарлар ташиган. Мисрликлар ундан Нил дарёсидаги тошқинлардан ўз вақтида бохабар бўлиш ва ҳарбий топшириқлар олишда фойдаланган. Кейинроқ бу усул Месопотамия ва Эронга ҳам ёйилади. Аммо юнон ва римликлар патли почталионлардан янада унумли фойдаланиш йўлини топишди. Улар ҳатто Олимпия ўйинларининг натижаларини ҳам шу жониворлар ёрдамида узоқ шаҳарларга етказишар эди. XIV асрда Франция қироли Ҳенрих IV каптарларнинг илк почтахонасини ташкил қилгани ҳақида маълумот бор. Улар кейинроқ Ҳиндистон ва Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам пайдо бўлган.
Шуниси қизиқки, инсон замонавий даврларда ҳам тезкор почтачи сифатида каптарлардан воз кечмади. 1800 йилда ҳам Нью-йорклик журналистлар улардан қисқа хабар ташишда фойдаланган. XX асрга келиб, урушлар даврида – бошқа алоқа усулларини қўллаш имконсиз бир пайтда – у ҳамон ҳарбий соҳанинг яқин дастёри эди. Ҳатто Биринчи жаҳон урушида, яраланганига қарамасдан, британ армиясига душман чизиғи бўйлаб муҳим хабарни етказиб келган каптар Чер Ами[1] жасорати учун медал ва ҳарбий унвон билан тақдирланади.
Хатнинг асар тусига кира бошлаши эса Юнон-Римга бориб тақалади. Юнон файласуфи Платон ва Рим нотиғи Сицерон биринчи бўлиб мактуб шаклидаги рисолалар ёзган. Христианларнинг муқаддас китоби Инжил ва Ҳомернинг “Илиада” достонида ҳам бутун-бутун мактублар учрайди. XIV асрларга келиб, бу шарқда ҳам оммалашади. Адабиётнинг номачилик деган алоҳида йўналиши шаклланадики, бугунги кунда уни эпистоляр жанр деб атаймиз. Жалолиддин Румийнинг “Мактубот”, Носир Хисравнинг “Нома ва рисолалар”, Алишер Навоийнинг “Муншаот” каби асарлари нома жанрининг шарқдаги дастлабки намуналаридир. Аммо уйғониш давридан кейин Европа уни романчиликнинг ҳам алоҳида йўналиши сифатида адабиётга олиб кирди.
Интернетда романчиликнинг бу йўналиши пайдо бўлиши билан боғлиқ қизиқ маълумотга дуч келдим. Маълум бўлишича, 1600-йилларда Англия қироли Чарлз I мамлакат аҳолиси учун почта тизимини жорий қилади. Лекин бу вақтда ўзаро хат ёзишиш фақат қироллик вакиллари ва биров-ярим зодагонларнинг одати эди. Хат-саводли одамларнинг кўпчилиги мактуб ёзиш кўникмасидан бехабар эди. Шунда Лондондаги босмахоналарга хат ёзиш қўлланмаси яратиш топшириғи берилади. Ҳуснихат ила битилган мактубларни йиғишга киришиб кетган нашриёт ходимлари кутилмаганда эпистоляр жанрдаги илк романга тартиб берадилар. Уларни мактуб услубиятидаги ёлғизлик, айни пайтда ўзига бошқа бировнинг нигоҳи билан қараш каби оригинал руҳий манзаралар жалб этган бўлса ажаб эмас.
Адабиётшунослар эпистоляр романнинг жанр талабларига мувофиқ илк намуналари сифатида Габриел-Жозеф Гийераг исмли муаллифнинг тўқима образ – роҳиба аёл ишқий хатларидан иборат “Португал мактублари” ва Афра Бен деган ёзувчининг “Дворян ва синглисининг севги мактублари” асарларини айтишади. Бугунги кун китобхони учун ҳам маълум-машҳур эпистоляр романларга эса Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари”, Достоевскийнинг “Бечора одамлар” асарлари мисол бўла олади. Вертер исмли йигитнинг севгилисига ёзган хатларидан иборат биринчи романда пок, таъсирчан қалб билан яшаш қанчалик машаққатли эканини англасангиз, Макар билан Варваранинг ёзишмаларидан ташкил топган иккинчи асарда хатлар ўз даврининг ижтимоий муаммоларини, ҳаёт адолатсизликларини очиб берувчи восита бўлиб хизмат қилганини кўрасиз.
Замонавий ўзбек адабиётида эпистоляр жанрдаги биринчи романни 1998 йилда Абдуқаҳҳор Иброҳимов ёзган. Лекин асар ичида бевосита мактубларга мурожаат қилиш минг йил нарисидаги халқ оғзаки ижоди намуналаридаёқ учрайди. Шулардан бири “Алпомиш” достонидир. Эсингизда бўлса, достонда алпларнинг қистовида қолган Барчин Ҳакимбекка “Олти ойчилик йўлга келдим, қалмоқнинг элига келдим, зўр ёвнинг қўлида қолдим, олти ойга муҳлат олдим, мендан умиди бўлса Алпомиши келсин, бўлмаса, жавобимни берсин” деб хат битиб юборади. Шунингдек, халқ ижодиётининг бошқа намуналари, жумладан гап бошида эслаб ўтганимиз сингари эртакларимизда ҳам хатнинг халоскор ёки илинж сифатида тасвирланганини кўрамиз.
Бироқ хатнинг халоскорга айланиши фақат халқ ижодиётига хос эмас. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Отабекнинг ҳаётини отасидан келган хат сақлаб қолади. Умуман, Қодирий асарида хатлардан жуда унумли фойдаланган. Романга жами 16 та хат киритилган бўлиб, ишга, шахсий ҳаётга, давлат бошқарувига оид бу хатлар қаҳрамонларнинг маънавий оламини ёритиб, асарда ўта муҳим функция бажаради. Сир эмаски, яқин-яқинларгача уйига хат жўнатган аскарлар ўз сўзини “Ушбу ёзган хатим тез етиб маълум ва равшан бўлсинким, ул сўлим фалон қишлоқдаги...” деган анъанавий жумлалар билан бошлар эди. “Ўткан кунлар” романида ҳам хатлар бошланма ва якунга эга. Фақат ёзилган даври маданиятидан келиб чиқиб, улар исломий кўринишда. Қолаверса, бошланма ва якуний қисмлар қаҳрамоннинг руҳий ҳолати билан умумлаштирилади. “Дуойи салом билан”, “Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим” сингари.
Хатларнинг қабул қилиб олувчи ёки жўнатувчининг ўзини харажатга туширадиган турлари ҳам бўлган. “Қорхат” деб номланган улар. Биринчи қор ёғишининг хурсандчилигини ифодалаган бундай хатларда жўнатувчи ўз шартини баён қилган. Хатни олган одам қўлидагининг қорхат эканини кеч тушуниб, берган одамни қувиб етолмаса, ўша шартни бажарган. Етса, ёзилган вазифани бажариш хат эгасининг бўйнида қолган. Шартлар ҳам енгил бўлган: зиёфат уюштириш, қорни кураш, дўппи ё белбоғ олиб бериш сингари. Шундан у қизиқарли ўйин сифатида завқ уйғотган, кўнгилларни яқинлаштирган. Бироқ хатларни фақат муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган, қайноқ кечинмалар, яхши гаплар ташиган дейишимиз хато. Кези келганда у ўта совуқ хабарлар ҳам келтирган. Кириб борган уйига қора кунларнинг, аниқроғи, ўлим мусибатининг дарагини ҳам етказган. Халқ уларни “қора хат” дея атаган.
Шундай қилиб, инсониятнинг ҳам шахсий, ҳам ижтимоий ҳаётида муҳим ҳодиса саналган, қарийб уч минг йилдан бери гоҳ у, гоҳ бу кўринишда яшаб келаётган мактублар бугун электрон шаклга ҳам кириб улгурди. Энди уни сония ичида дунёнинг у четидан бу чеккасига жўнатиш имкони бор. Аммо хатлар мазмуни анчайин торайиб, ҳажми ихчамлашган. Асосан иш, ижтимоий соҳа кўмакчисига айланиб, шахсий ҳаётдаги ўрнини бўлак замонавий воситаларга бўшатиб бермоқда. Давр шиддатига хос қисқа ва лўнда “sms”лар хатларнинг ҳозир энг оммалашган ана шундай турларидан бири. Улар бугунги кун одамини ҳам ҳиссий, ҳам жисмоний уринишлардан яхшигина озод қилган, қоғоз мактубларга қараганда, харажатни анча камайтган...
Мактублар инсон ҳаётида пайдо бўлганидан бошлаб ўзида маънавий оламимизни, ҳаёт тарзимизни, онг даражамизни ифодалаб келади. Уларнинг босиб ўтган йўлига қараб инсониятнинг бугунга довур нималарга эришиб, нималарни йўқотганини англаш мумкин. Шунинг учун ҳам хатнинг яна қайтиб бир вақтлар каптар ташиганга ўхшаш қисқа хабарларга айланиши ва улар ўзида фақат маълумот ташиётгани бизни сергакликка чорлаши лозим. Демак, инсон ўзининг руҳий қисмига оид алланарсани бой берди. Нимагадир ишонмай, ниманидир ахтармай қўйди. Бу дунё адабиётининг энг кўп эътироф этилган асарларидаги – “Ёлғизликнинг юз йили”, “Қиёмат” каби – цивилизация олдидаги хавотирни, тасаввуф аҳлининг руҳни ўстириш билан боғлиқ қарашларини ёдимга солади. Ахир одамзотни ғорлардан билак кучи эмас, айнан онги етаклаб чиққанди. Шу онг, шу идрок унга аввалроқ табиатнинг, кейинроқ авлодларнинг олдидаги масъулликни бирма-бир англатганди.
Аристотелнинг доно бир ибораси бор. У мантиқнинг тўғри ишлаш техникасини тушунтирар экан, “Ҳамма одамлар ўлимли бўлса ва Зайд одам бўлса, демак Зайд ҳам ўлимлидир” деб ёзади. Олимнинг назарияси бўйича фикр юритадиган бўлсак, токи одам боласини ғордан айнан онг, идрок етаклаб чиққан экан, унинг орқага қайтиши бизни тағин ғорлар сари етаклайди. Тўғри, у қадимги инсон яшаган, яъни тоғ бағрини ўйиб ясаладиган совуқ ғор бўлмаслиги мумкин. Аммо қорни учун яшаётган, имкон қадар кўпроқ егулик захираларини йиғаётган, муносабатларни манфаат устига қуриб, ҳамма нарсани ўзиники, ўзиники ва фақат ўзиники қилишга уринаётган одамларнинг Ер сайёрасидаги яшаш тарзи ўша ибтидоий ҳаётдан мутлақо фарқ қилмай қолади...
Байрам АЛИ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Сопол қушлар ва “sms”лар” мақоласи
Санъат
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ