
I. Экспозиция: Мусиқа ва тафаккур уйғунлиги
“Мусиқасиз ҳаёт хато бўлар эди” – бу сўзларни айтган Фридрих Ницше фалсафанинг энг қоронғу чуқурликларига шўнғиган, аммо ҳаётнинг мусиқий оҳангларини ҳеч қачон унутмаган файласуф эди. У учун мусиқа шунчаки овоз эмас, балки ҳаётнинг ўзаги бўлган.
Сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз – нега айрим мусиқалар юрагимизга яқин, айримлари эса фикрлашга ундайди? Баъзида сокин пианино товуши онгимизни тиниқлаштиради, баъзан эса тартибсиз жазз оҳанглари ички тартибсизлигимизга мос тушади. Эҳтимол, мусиқани ҳар ким ўз руҳий ҳолатига қараб танлайди. Аммо ажабланарлиси шундаки, энг совуққон, мантиққа таянувчи файласуфлар ҳам шунчаки фикр эмас, балки оҳанглар орқали ўзларини топишга ҳаракат қилишган.
Фалсафа ва мусиқа – бир қарашда қарама-қарши дунёлар. Фалсафа тиниқ фикр, таҳлил ва мантиқни талаб этса, мусиқа ҳис-туйғуларнинг эркин оқимини ифодалайди. Аммо айнан шу зиддият уларни бир-бирига яқинлаштиради. Мусиқа баъзида сўз айта олмаган нарсани ифодалайди, фалсафа эса шу туйғуларни англашга ҳаракат қилади. Мазкур мақолада мусиқани файласуфлар нигоҳи билан кўришга, оҳанглар ортидаги фикр ва ҳисларни идрок этишга ҳаракат қиламиз.
Ушбу мақола соната шаклида, яъни классик мусиқий асар тузилишига ўхшаш тарзда ёзилган. Экспозицияда мавзуни очмоқдамиз, Медитацияда ички дунёга шўнғиймиз, Диалектикада фикрлар тўқнашади, Кодада эса сокин якун оҳанги чалинади. Шу тариқа, “Фалсафа сонатаси”ни бирга тинглаймиз.
II. Медитация: Файласуфлар ва уларнинг мусиқа дунёси
Пифагор: Космосдаги мусиқий тартиб
Қадимги Юнон оролида, милоддан аввалги VI асрда, Пифагор ҳар тонг шогирдларига кунни мусиқа билан бошлашни буюрар эди. Унингча, кун мусиқадан бошланса, онг тиниқроқ ишлайди. У милоддан аввалги 570–495 йилларда яшаган бўлиб, мусиқа ва сонлар орасида махсус тартиб борлигини аниқлаган. Пифагор шуни кашф этдики, баъзи товушлар бир-бири билан айнан рақамлар орқали боғланган.
Бу кашфиёт Пифагорни “Сфералар гармонияси” ғоясига олиб келди – сайёралар ҳаракати ҳам худди торлар каби, маълум мусиқий қонуниятга бўйсунади деган тушунча. Шу тариқа, у мусиқа орқали бутун коинот қандай ишлашини тушунишга ҳаракат қилган, ҳатто сайёралар ҳаракати ҳам яширин бир оҳангда, мувозанатда бўлиб ўтади, деб ҳисоблаган. Унинг бу қарашлари кейинчалик кўплаб файласуфлар ва олимларга илҳом манбайи бўлди.
Фридрих Ницше: Жўшқин руҳдаги мусиқа
Ницше (1844–1900) мусиқани нафақат юракдан севган, балки у билан яшайдиган файласуф эди. Унинг хонасида доимо пианино турган ва кўпинча қайсидир тушунча ёки ғоя уни қийнаганда, клавишлар ортига ўтириб, ўз ҳиссиётларини мусиқада ифода этарди. У нафақат фалсафа билан шуғулланган, балки ўзи ҳам мусиқа яратган ва пианино чалган. Дастлаб у машҳур бастакор Рихард Вагнернинг мухлиси бўлган. Ницше унинг асарларида ҳаётдаги эркинлик ва жўшқинликни кўрарди. Аммо Вагнернинг айрим салбий қарашлари туфайли ундан узоқлашди.
Ницшега кўра, мусиқа ақл билан эмас, юрак билан тушуниладиган ҳақиқатни очиб беради ҳамда инсон қалбининг энг чуқур ҳис-туйғуларини ифода этади. Агар Ницше бугун яшаганида, эҳтимол анъаналарни бузадиган, аммо ҳисларга бой мусиқаларни, масалан, экспериментал рок ёки ноодатий жазз турларини севиб тинглаган бўларди.
Теодор Адорно: Мусиқа орқали фикрлаш
Франкфурт мактабининг етакчи вакили бўлган Адорно (1903–1969) нафақат файласуф, балки классик мусиқа композитори ҳам бўлган. У мусиқа инсонни фақат кўнгилхушлик билан эмас, балки ўйлаш ва жамиятни танқид қилиш билан шуғулланишга ундаши керак деб ҳисоблаган. Айниқса, жазз ва оммабоп мусиқани танқид қилган ҳамда бу мусиқалар одамни пассив тингловчига айлантиришига, реалликдан чалғитишига ишонган.
Адорно ноанъанавий оҳанглардан фойдаланувчи, мураккаб ва тартибсиз туюлса-да, мазмунли мусиқанинг тарафдори эди. Арнолд Счоенберг ёки Албан Берг сингари бастакорларнинг ижодини Адорно қадрларди, чунки улар эски қоидаларни бузиб, янги ифода тилини яратган эдилар. Агар Адорно бугун ҳаётда бўлганида, эҳтимол “Radiohead” ёки “Bjork” каби мусиқий гуруҳларни тинглаган бўларди, чунки улар ҳам мусиқани жамиятдаги чуқур муаммоларни очиб бериш воситаси сифатида ишлатишади.
Шопенгауэр: Мусиқанинг ички ҳақиқатини тинглаш
Шопенгауэр (1788–1860) мусиқани барча санъатлар ичида энг юксаги деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, тасвирий санъат ёки адабиёт воқеликни фақат билвосита акс эттира олса, мусиқа эса ҳаётнинг асл моҳиятини, инсоннинг ички истаклари ва иродасини тўғридан-тўғри ифодалай олади. Яъни, бошқа санъатлар воқеликнинг “ниқоби”ни кўрсатса, мусиқа эса қалбнинг яланғоч ҳақиқатини очишини таъкидларди: “Мусиқа – бу дунёдаги нарсаларнинг оддий инъикоси эмас, балки инсон иродасининг ҳақиқий садосидир”. У мусиқани ақл билан эмас, балки юрак ва руҳ билан идрок этиш керак, деб ҳисоблаган.
Айниқса Моцарт ва Россинининг асарларини қадрлаган, сабаби уларнинг мусиқаси ёрқин, ҳиссиётларга бой ва инсон қалбининг нозик қатламларига таъсир этади. Бу унинг ҳаётга нисбатан пессимист қарашлари билан ажабланарли даражада уйғунлашган. Агар у бугун яшаганида, эҳтимол сокин, ғамгин ва мушоҳадага ундовчи замонавий пост-рок ёки экспериментал мусиқаларни ёқтирган бўларди.
III. Диалектика: Фикрлар оҳанги
Юқорида кўрганимиздек, ҳар бир файласуф мусиқанинг турли жиҳатларига эътибор қаратган: Пифагор унда космик тартибни, Ницше инсон руҳининг жўшқинлигини, Адорно танқидий фикрлаш воситасини, Шопенгауэр эса қалб садосини тинглаган. Энди фалсафа ва мусиқа ўртасидаги мулоқотни янада чуқурроқ ўрганамиз.
Фалсафий мушоҳада воситаси
Баъзи файласуфлар мусиқа шаклларидан нафақат завқланиш, балки фикрларини етказиб бериш учун ҳам фойдаланганлар. Масалан, даниялик файласуф Сёрен Керкегор (1813–1855) ўзининг “Ёхуд/ёки” номли асарини мусиқий шакл – соната тузилишида ёзган. У ўз ғояларини турли характерлар орқали ифода этади, худди кўп овозли (полифоник) мусиқадагидек: бир нечта фикр бир вақтнинг ўзида янграйди, ҳар бири ўз йўли билан ҳақиқатга интилиб боради.
Баъзида мусиқадаги тушунчалар фалсафий ғояларни тушунишга ёрдам беради. Масалан, “Гармония” бир-бирига зид бўлган товушларнинг уйғунлашуви – Гегелнинг “синтез” ғоясига ўхшайди: қарама-қаршиликлар тўқнашганда, янги яхлитлик пайдо бўлади. “Диссонанс” эса зиддият, ички тортишув ёки фикрлар тўқнашувини эслатади. “Ритм” – вақтнинг мунтазам оқими ҳамда вақт фалсафаси билан боғлиқ бўлса, “тембр” – ҳар бир товушнинг ўзига хослиги, нарсаларнинг фарқланиши ва ўзига хослигини билдиради.
Яна бир қизиқ ёндашув, француз файласуфи Владимир Жанкелевичда (1903–1985) бўлган, у мусиқани, айниқса Дебюсси ва Равелнинг тинч ва нафис мусиқий асарларини – фалсафий мушоҳада воситаси сифатида қабул қилган. У Парижда ўтказиладиган концертларда тез-тез қатнашиб, улардан кейин узоқ вақт давомида фикрларга чўмарди. Унинг фикрича, бундай мусиқалар инсонни вақт, туйғулар ва ҳаётий тажрибалар ҳақида чуқур мушоҳада юритишга ундайди.
Сизнинг мусиқий дидингиз
Сиз қандай мусиқани тинглайсиз? Бу оддий саволдек туюлиши мумкин, аммо жавобингиз сизнинг дунёқарашингиз, қадриятларингиз ва ҳаётга бўлган муносабатингиз ҳақида кўп нарсани очиб бериши мумкин. Классик мусиқани ёқтирадиганлар одатда тартиб, аниқлик ва анъаналарни қадрлашади. Масалан, немис композитори Бахнинг мусиқаси сизни ўзига тортса, демак сиз мантиқий фикрлашга мойил бўлишингиз мумкин. Агар Шопен ёки Чайковский каби романтик композиторлар қалбингизга яқин бўлса, сиз учун ҳиссиётлар ва ички кечинмалар мантиқдан устун бўлиши мумкин.
Жазз мусиқаси эркинлик, импровизация ва ўзига хос ифодага асосланади. Шунинг учун бу йўналишни ёқтирадиганлар орасида ҳаётни ҳозирги лаҳзада яшаш, ҳар бир онни чуқур ҳис қилиш, тажрибани шахсий англаш каби фалсафий қарашлар кучли бўлади. Рок мусиқасини танлайдиганлар эса кўпинча индивидуализм, исёнкорлик ва ўз йўлидан боришга интилишади.
Ёки сиз минималистик мусиқа (Пҳилип Гласс, Стеве Реич) мухлиси бўлсангиз, демак сиз соддалик, аниқлик ва ички сокинликни кўпроқ афзал кўрасиз. Ҳаётда ҳам мураккабликдан кўра оддийликни, кўп гапдан кўра мазмунни, шовқиндан кўра сукунатни афзал кўришингиз мумкин.
IV. Кода: Қалблар симфонияси
Тинглаш – бу оддий жараён эмас. У эътибор, очлик ва қизиқишни талаб этадиган санъатдир. Бизнинг тинглаш услубимиз ҳам кўп нарсани очиб беради. Баъзилар мусиқани фақат “орқа фон” сифатида, иш ёки машғулот пайтида тинглашса, бошқалар ҳар бир нотага эътибор бериб, кўзларини юмиб тинглашади. Биринчи ҳолатда, мусиқа восита бўлса, иккинчи ҳолатда у мақсаднинг ўзидир.
Фалсафа бизга дунё ҳақида саволлар беришни ўргатса, мусиқа эса шу саволларга жавоб излаш жараёнида юрагимиздаги ҳис-туйғуларни ифода этишимизга ёрдам беради. Баъзида мусиқа бизнинг ўзимиз била олмаган ички дунёмизни очиб беради, худди Адорно айтганидек, “Мусиқа жамиятнинг англанмаган ҳиссиётларини ифода этади”.
Фалсафа сонатаси якуни
Хулоса қилиб айтганда, севимли мусиқангизни тингланг ва ўзингизга шундай саволларни беринг: “Бу мусиқа менга қандай ҳаётни тасвирламоқда? Унда қандай қадриятлар мужассам? Мен бу дунёда қандай ўрин тутаман?” Эҳтимол, сиз излаётган ҳақиқат айнан севган мусиқангизнинг оҳангида яширингандир.
Пифагордан Адорногача, файласуфлар бизга шуни кўрсатиб беришди: мусиқа шунчаки овоз эмас, балки дунёни билиш, уни ҳис қилиш ва ундаги ўз ўрнимизни топиш воситасидир. Қадимги юнон файласуфлари тасаввур қилган “сфералар гармонияси” бугун ҳам янграмоқда, фақат энди бу гармонияни ҳар биримиз ўз қалбимиздан излашимиз мумкин. Дунёни фалсафий англаймизми ёки мусиқий ҳис қиламизми – булар аслида бир жараённинг икки томонидир.
Дунёни тинглашни, мусиқани эса ўйлашни ўрганинг, ҳамда бу икки жараён қўшилиб кетган лаҳзаларда, эҳтимол сиз ўз фалсафа сонатангизни кашф этарсиз.
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ