Тутумлари тақлидга қурилган жамиятдан кашфиётчи қуловузлар чиқмайди – Қозоқбой Йўлдош


Сақлаш
15:50 / 01.05.2025 26 0

Саволларга педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой ЙЎЛДОШ жавоб берди.

 

– Устоз, аввало маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз...

 

– Қисқа қилиб айтганда, маънавият одамда эзгу одамийлик сифатлари борлигини кўрсатувчи тушунча. Маънавиятга эга одам ўзига муносиб кўрган нарсани бировга ҳам муносиб кўрадиган, ўзига муносиб кўрмаганни ўзгага ҳам лойиқ кўрмайдиган хислатларга эга бўлади. Шундай сифатларга эга одамлари кўпроқ бўлган жамиятда одамлар бир-бирига мададкор бўлса, маънавиятли кимсалар камчилик жамиятларда одамлар бир-бирига ёв бўлади.

 

– Сиз туманда ёки давлатнинг бошқа бирор идорасида маънавият тарғиботчиси лавозимида ишласангиз қандай услубни йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман, маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?

 

– Афсуски, мен бирор ташкилотдаги маънавият тарғиботчисининг функционал вазифаси нималардан иборат бўлиши кераклигини аниқ билмайман. Лекин ўзбекнинг бир ойдини сифатида ўзимни қай даражададир  маънавиятчи деб биламан. Негаки, Оллоҳнинг марҳамати билан одам бўлиб яратилган ҳар бир киши одамга муносиб яшашга уриниши керак деб ҳисоблайман. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, маънавият тарғиботчиси биринчи навбатда ўзининг вазифаси кўламидаги одамларни яхши билиб олишга уриниши, уларни одамда инсонийлик сифатларини шакллантиришга хизмат қиладиган бадиий асарларга яқинлаштиришга ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, одамийлиги, ахлоқий қиёфаси, амалий тутумлари билан ўзгаларга намуна бўладиган шахслар билан учрашувлар ташкил қилиб, очиқ суҳбатлар уюштириш мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Маънавият вакили ўзига ўхшаган бўлиши керак. Яъни, одамларга эзгу инсоний сифатлар йиғиндиси бўлмиш маънавият тўғрисида сўзлашга ҳар жиҳатдан ҳақли бўлиши зарур.

 

– “Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор”. Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос асли нималардан иборат, уни бугун қандай истифода этаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?

 

– Ўзбек миллатининг бой маънавий меросга эгалиги чин. Бу мерос биринчи навбатда халқимизнинг яхшилик ва ёмонлик борасидаги тасаввурлари, тўхтамлари ва турмуш тарзида намоён бўлади. Илмда халқ педагогикаси деган тушунча бор. Бу педагогиканинг муаллифи номаълум, талаблари ҳам қоғозга ёзиб қўйилмаган. Лекин унга амал қилиш миллат аҳли учун мажбурий. Ёши катталарни ҳурмат қилиш, аёлларга кўмак бериш, атрофдагиларга малол келадиган тутумлардан тийилиш, кўпчиликдан ажралиб қолмасликка уриниш сингари жиҳатлар айнан халқ педагогикаси талаблари натижасида пайдо бўладиган эзгу маънавий сифатлардир.

 

Ўзбекнинг неча асрлик оғзаки ва ёзма адабиётида ҳам кўплаб ана шундай эзгу маънавий сифатлар акс эттирилган. Биргина “Алпомиш” достонидаги ор, “Фарҳод ва Ширин”даги инсонсеварлик ва жўмардлик, “Бобурнома”даги мардоналик ва жасорат, “Ўткан кунлар”даги баланд ички маданият, “Сен етим эмассан”даги меҳрибонлик, “Ўзбекистон” ва “Ўзбегим”даги ғурур ва ифтихор сингари юксак туйғулар миллий меросимизнинг кўлами даражасини билдиради. Бундай бойликларимизнинг саноғига етиб бўлмайди.

 

Гап бу сону саноқсиз бойликдан бугун қандай фойдаланаётганимиз борасида кетганда эса, афсуски, мақтанолмаймиз. Миллий қадриятларга парвосизлик ва лоқайдлик, ўткинчи бегона қадриятларга кўр-кўрона эргашиш оммавий тус олди. Ўтмишдаги асл миллий-маънавий мерос устига қурилмаган ахлоқий қарашлар омонат бўлади. Омонат маънавият эгаларининг эса тафаккури ҳам, туйғулари ҳам қолиплар ичида ва тақлидга мойил бўлади. Тутумлари тақлидга қурилган қўғам (жамият)дан кашфиётчи қуловузлар чиқмайди.

 

Бизда маънавият борасидаги ишлар бир неча ўн йилликлар давомида тадбир ўтказиш билан алмаштириб келинганга ўхшарди. Чинакам маънавий мулоқотлар йўлга қўйилиши керак. Шу боисдан бу кечимдан қониқдим деёлмайман.

 

– Халқимиз сизни аввало катта олим, зукко, эл дардини ўзиники деб билган зиёли деб билади. Адабиётшунос олимнинг битганлари, айтганлари эса барча учун, жумладан, маънавият ходими учун ҳам захира, қувват манбаи. Демак, олим ҳам биринчи ўриндаги маънавиятчи экан-да...

 

– Мен ўзимни маълум маънода маънавиятчи деб билишимга суҳбатимиз бошида тўхталдим шекилли. Илм шундай нарсаки, уни қидириб топган одамлар учун бор, изламаганлар учун эса йўқ. Демоқчиманки, бирор ойдиннинг айтганлари ва ёзганларига қизиқиб, ўзлаштириб, амал қилганлар учун бир даражада фойда бордир. Аммо ёзганларингни ўқимайдиган, айтганларингни эшитмайдиган ёки эшитиб амал қилмайдиганлар учун бундай ойдиннинг қарашлари йўқ ҳисоби.

 

Шунга қарамай, миллатнинг ҳар бир ойдини битганлари, айтганлари ва тутумлари билан ўзини маънавиятчи ҳисоблаши шарт. Чунки унга миллатнинг илғор вакили сифатида қаралади. Ойдин шахс дунё айвонида фақат ўзи ёки оиласининг эмас, балки бутун этноснинг вакили саналади.

 

– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?

 

– Айтганингиздек, ўзини, ўзлигини таниш ва ундан ғурурланиш – жуда фазилат бўлмаса ҳам барчада бўлиши керак бўлган сифатдир. Бизнинг миллат аҳлида айнан шу сифат камайиб бораётгани ачинарли ва хатарли. Бунинг ачинарли жиҳати: миллий ғурури йўқ кимса ўзини ҳурматга лойиқ бўлмаган одам, миллатини эса иккинчи даражали этнос ҳисоблайди. Хатарли томони: бугунги глобаллашув шароитида ўзга этносларда миллат тўғрисида нотўғри ва салбий тасаввур уйғотади.

 

Ғурурли одам кибрли бўлмайди. Чунки у ўзгаларда ҳам ана шу туйғу бўлиши кераклигини билади ва ҳисобга олади. Бошқа этносларга паст назар билан қараш савиясизликнинг белгисидир. Айни вақтда ҳар қандай сабаб билан ҳам ўзига паст назар билан қараш қуллик психологиясига мойилликдан далолат.

 

– Қозоқбой оға, ўзбекнинг феъли, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарга эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?

 

– Жуда тўғри қараш. Миллатнинг асл руҳий қиёфасига хос хусусиятлар илмий жиҳатдан тадқиқ этилиши керак. Афсуски, бизда ҳали миллий руҳият илми шакллангани йўқ. Биздаги руҳшуносликка доир илмий қарашлар бошқа этносларга тегишли белгилар ҳақидаги илмий ёндашувларнинг таржимаси холос. Чинакам ўзбек руҳияти ҳали чуқур тадқиқ этилгани йўқ. Ўзбек руҳиятига хос қирралар ўлмас бадиий асарлардагина акс этган, холос. Миллий психология миллий қиёфанинг фанний изоҳи дегани. Унда миллат кишисининг тутумлари руҳият жиҳатидан теран ва ишонарли изоҳланиши керак бўлади. Ўзбекнинг илми ҳам, улус вакиллари ҳам шундай илмий тадқиқотга жуда муштоқ.

 

– Бугун халқни, ёшларимизни ортидан эргаштирадиган йўлчи юлдузлар – кумирлар, илғор мутафаккирлар йўқолиб бораяпти деган гапларга тез-тез дуч келаяпмиз. Бу замоннинг талаби-эҳтиёжими ёки тутумлар ўзгардими?

 

– Бугунги ижтимоий ҳолатни мукаммал изоҳлаш жуда қийин деб ўйлайман. Негаки, бутун дунёда бўлганидек, бизнинг миллат аҳлида ҳам шахслашиш жараёни кечмоқда. Яъни, бугунги одам кўпчилик томонидан қабул қилинган ёки жамият ўрнатган талабларга амал қилиб яшашдан кўра ўзига маъқул кўринган ёндашувларга мувофиқ ҳаёт кечиришни истайди. Шу боис олдингидай кимгадир эргашиб умр кечиришга уринмайди.

 

Айни вақтда жамият аҳли ичида асл эзгу маънавий қадрият ташувчиларига эмас, балки арзон шов-шувга маҳлиё бўладиган, шу хил шов-шувлар уйғотувчи кимсаларга эргашишга мойил, мўлжали янглиш кимсалар ҳам анчагина. Олдинлари ақлли, меҳнаткаш, жиддий, билимли шахсиятларга эргашишга уриниларди. Эндиликда қандай йўл билан бўлсин бойликками, машҳурликками эришганларга кўр-кўрона эргашиш кенгроқ ёйилган. Бу санъаткор ва ёзувчи-шоирларнинг бирга ўтказиладиган учрашувларида яққол кўзга ташланади. Кўпчилик истеъдодли шоиру ёзувчиларга эътибор берилмагани ҳолда, бирор сериалдаги иштироки ёхуд бирор қўшиғи билан танилган санъаткорга интилган одамлар жуда кўп бўлади. Шунга қараганда, миллат аҳлининг маънавий қадриятларида муайян ўзгаришлар содир бўлган ва бўлаяпти дейиш ҳам мумкин. Лекин, қандай бўлмасин, илм-маърифатнинг этагини маҳкам тутиш зарурат эканлигини англашимиз керак.

 

Шодмонқул САЛОМ ёзиб олди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.

“Ғурур кибр эмас...” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:05 / 02.05.2025 0 15
Уч ярим минг йил олдинги “sms”лар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17809
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//